Таблиғ ояти

  Моида сурасининг қуйидаги оятига эътиборингизни жалб этамиз:

<يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ وَإِن لَّمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ وَاللّهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ إِنَّ اللّهَ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ>

  «Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарсани (одамларга) етказинг! Агар (бу ишни) қилмасангиз, Унинг рисолатини (пайғамбарлик вазифасини) охирига етказмаган бўлурсиз.

Аллоҳ Сизни одамлар (нинг муҳтамал хатари ва зарари)дан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай.» (Одамларнинг душманликларидан қўрқманг, Аллоҳ ўзи ҳимоя қилувчидир. Борди-ю, эълон қилмасангиз, рисолат-пайғамбарликни охирига етказмаган бўлурсиз.) (Моида сураси; 67-оят)

  Оятнинг таҳдид оҳангидан муҳим ва оғир бир иш ва маъмурият ҳақида суҳбат кетаётганлигини ҳамда бу оғир маъмурият Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг зиммаларига юкланганлигини тушуниш мумкин. Зеро, агар бу маъмурият амалга оширилмаса, Пайғамбаримиз шунча йиллик чеккан азоблари ва машаққатлари бефойда бўлиб қолар эди. Шу боис, маълум бир хавотирланишлар ул ҳазратни ҳар томондан қамраб олган эди. Бу шундай хабар эдики, уни одамларга етказиш осон иш эмас эди. Негаки, бир тоифа мусулмонлар ушбу хабарни эшитишлари билан ошкора қаршилик кўрсатишлари мумкин эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ушбу маъмуриятни етказиш-ларини таъкидлаган ҳолда буюради ва ул ҳазратга муҳтамал хавф-хатарлар ва хавотирланишлар баробарида ишонч бағишлайди.

  Аниқки, бу муҳим масала ширк ва тавҳид ёки яҳуд ва мунофиқлар каби душманларга қарши курашиш ҳақида эмас эди, негаки, ўша вақтга қадар, яъни Моида сураси нозил бўлган пайтда бу масала бутунлай ҳал бўлган эди.

  Ислом динининг оддий ва содда аҳкомини етказиш ҳам бу қадар хавотирланиш ва аҳамиятга эга эмас эди. Зероки, юқоридаги оятнинг маъносига қараганда ушбу масаланинг аҳамияти рисолат ва пайғамбарликка тенг ва баробар келадиган бўлиб, уни етказмаслик пайғамбарлик вазифаси ва ҳаққини адо этмаслик билан баробар бўлади. Айтган сўзларимизни инобатга олган ҳолда мана шу ўта муҳим масала Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг халифа ва ворисларини тайин этишдан бошқа нарса бўла оладими? Алалхусус ушбу ояти карима Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаётларининг охирларида нозил бўлганини ва халифалик масаласи пайғамбарликка монанд ва уйғун эканлигини назарга олсак, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг набийлик ва расуллик мартабаларининг давоми бўлмиш халифалик ва ўринбосарликдан ўзга масала бўлиши мумкинми?

  Бунга илова, яна бу ҳақда кўплаб ҳадислар Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг кўпгина саҳобалари тарафидан нақл қилинганини ҳисобга олсак, ҳеч бир шак-шубҳага ўрин қолмайди. Жумладан; Зайд бин Арқам, Абу Саид Худрий, Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий, Абу Ҳурайра, Ҳузайфа ва Абдуллоҳ ибн Масъудларни санаб ўтишимиз мумкин. Ушбу ҳадислардан баъзилари ўн бир санад ва услубда бизга етиб келган бўлиб тафсирчи, ҳадисчи ва тарихчи олимлардан иборат аҳли суннат уламоларидан буюк бир гуруҳ мазкур ҳадисларни нақл қилиб, юқоридаги ояти карима Ғадир кунида ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг халифа ва пешволиклари ҳақида нозил бўлганини таъкидлашган.[1]

Демак, жуда кўп сондаги ҳадисларга асосан, юқоридаги ояти карима ҳажжатул видо (сўнгги видолашув ҳажи)дан қайтиб келаётганда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га «Ғадир Хум»[2] номли маконда ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг хилофат ва имоматлари ҳақида нозил бўлган.

Биз «Ғадир» ҳақидаги воқеани Аллоҳнинг изну иродаси билан, «ҳадислар ва суннат» ҳақида баҳслашганимизда айтиб ўтамиз. Бу ерда фақат шу нарсани эслатиб ўтамизки, юқоридаги ояти карима сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) муборак умрларининг охирида сўнгги ҳаждан қайтиб келаётганларида ҳаммага Али (алайҳис салом)ни расмий равишда ўзларидан кейинги халифа ва раҳбар сифатида таништириб тайинлашга маъмур этилганлик-ларига очиқ далилдир.


[1]. Бу борада чуқурроқ маълумот олиш учун «Иҳқоқул Ҳақ», «Ал-Ғадир», «Ал-Мурожиот» ва «Далоилус сидқ» китобларига мурожаат қилишингиз мумкин.

[2]. «Ғадир» сўзи арабчада кўл маъносини англатади. «Ғадир Хум»нинг маъноси Хум номли кўл бўлиб, ҳожилар ҳаж сафаридан қайтаётганда ўша ерда тўхтаб дам олишган.

Share

Check Also

Qur’оn va imоmat

  Qur’оn bu biz musulmоnlarning buyuk samоviy va ilоhiy kitоbimiz bo`lib, har taraflama hidоyatga bоshlоvchi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.