Home / Ақоид ва Калом / Маод / Қайта тирилишни шу дунёнинг ўзида бир неча марта кўрганмиз

Қайта тирилишни шу дунёнинг ўзида бир неча марта кўрганмиз

  Қуръоннинг ушбу ҳақиқатга гувоҳлик беришича, бутпараст мушриклар ва шунингдек бошқа кофирлар нафақат Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) яшаган асрда, балки бошқа асрларда ҳам маод ва ўлимдан сўнг қайта тирилиш ҳақида эшитишганида таажжубланиб, қўрқувга тушишар эди. Ҳатто уларга бу хабарни етказган кишини мажнун ва телба деб айтишар эди:

 <وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا هَلْ نَدُلُّكُمْ عَلَى رَجُلٍ يُنَبِّئُكُمْ إِذَا مُزِّقْتُمْ كُلَّ مُمَزَّقٍ إِنَّكُمْ لَفِي خَلْقٍ جَدِيدٍ! أَفْتَرَى عَلَى اللَّهِ كَذِبًا أَم بِهِ جِنَّةٌبَلِ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ فِي الْعَذَابِ وَالضَّلَالِ الْبَعِيدِ>

 «Кофир бўлган кимсалар дерлар: «Сизларга (чириб) титилиб бўлакбўлак бўлиб кетган вақтингизда, албатта, сизлар яна янгитдан яратилурсизлар!», деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми?! У Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқидими ёки жинни бўлиб қолдими?! дедилар. Йўқ! Охиратга имон келтирмайдиган кимсаларнинг ўзлари азобда ва йироқ залолатдадирлар.» (Сабаъ сураси; 7 ва 8-оятлар).

    Ҳа, мушриклар ўша даврда нодонлик ва жоҳиллик оқибатида ўлимдан кейинги охират оламига ва мурдаларнинг қайта тирилишига эътиқод қилиб ишонишни телбалик ва мажнунлик ёки Аллоҳга ёлғон тўқиш деб билар ва жонсиз нарсага қайтадан ҳаёт ато этилишига ишонишни тентаклик ва телбалик деб ҳисоблар эдилар.

  Бироқ қизиғи шундаки, Қуръони Карим бундай тафаккур ва ғояни рад этиш учун турли далил-исботлар келтириб, ҳар кимнинг ақли етадиган қилиб охират ҳақида тушунча ва таълимот берган. Шу боис, ҳам оддий инсонлар, ҳам буюк донишмандлар ундан истифода эта оладилар, ҳар ким ўз фикр юритиш қобилиятига қараб.

  Гарчи Қуръони Каримнинг бу борадаги барча далил-исботларини баён этиш учун мустақил китоб битмоқ даркор бўлса-да, аммо улардан айримларини шу ўринда зикр қиламиз:

  1. Қуръон уларга уқтиради: Сизлар кўп маротаба ўз кўзларингиз билан кундалик ҳаётингизда маод ва қайта тирилиш саҳналарини кўргансиз ва қай тарзда мавжудот-лар ўлиб, қайта тирилганини кузатгансиз, яна ҳам маод ва қайта тирилиш борасида иккиланиб, шак-шубҳа қилурмисиз?!

<وَاللَّهُ الَّذِي أَرْسَلَ الرِّيَاحَ فَتُثِيرُ سَحَاباً فَسُقْنَاهُ إِلَى بَلَدٍ مَّيِّتٍ فَأَحْيَيْنَا بِهِ الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا كَذَلِكَ النُّشُورُ>

  «Аллоҳ шамолларни юбориб, булутни қўзғатгач, Бизуни «ўлик» шаҳарга ҳайдаб, убилан «ўлган» ерни «тирилтирдик». Қиёматда қайтатирилиш ҳам шу тарздадир.» (Фотир сураси; 9-оят)

  Агар қиш фаслида табиат чеҳрасига назар соладиган бўлсак, атроф-муҳит худди ўз ҳаётини қўлдан берганга ўхшайди. Дарахтлар батамом яланғоч, уларда гул-чаман, ғунча ва мева кўринмайди ва ҳаракатсиз қуруқ бир ёғочга айланган, тоғ ва адирлар бағрида ҳам ҳаётнинг жўшқин жараёнини кўриб бўлмайди.

  Лекин баҳор келиши биланоқ ҳаво мулойимлашади, ёмғирнинг ҳаётбахш қатралари ёғади ва ўзи билан ҳаёт келтиргандек баногоҳ бутун табиатда жўшқинлик пайдо бўлади. Ўсимлик-гиёҳлар уна бошлайди, дарахтлар куртак чиқаради, гул-ғунча ва чаманлар кўкара бошлайди ҳамда қуш ва парандалар дарахтлар шохига қўниб сайрай бошлайдилар. Хуллас, табиат қайта тирилиб, маҳшар барпо бўлгандек бўлади!

  Агар ўлимдан кейинги қайта тирилиш бемаъни бўлганда эди, биз ҳар йили табиатнинг ўлиб тирилишини мушоҳада қилмаган бўлар эдик. Агар ўлимдан сўнг қайта тирилиш ғайримумкин, амри маҳол ва телбалик бўлганда эди, ушбу ҳақиқат сезиларли суратда кўз ўнгимизда такрорланмаган бўлар эди.

  Одамларнинг ўлгандан сўнг қайта тирилиши билан ўлган ернинг қайта тирилиши орасида нима фарқ бор?

  2. Гоҳида Қуръони Карим ишонмайдиганларни илк яратилиш ҳақида фикрлашга чорлаб, яратилишнинг дастлабки босқичини уларга эслатади ва чириган бир бўлак суякни қўлига олиб, Ислом пайғамбарининг ҳузурларига келиб бақирган ҳолда: «Эй Муҳаммад! ким бу чириб кетган суякни қайта тирилтиришга қодир? Менга айт, ким бу ишни қила олади?!» деб айтган, маод ва қайта тирилишни рад этиш учун қатъий далил қўлга киритдим, деб ўйлаган кўчманчи ва бадавий бир араб кишига қарата Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи 33ва олиҳи васаллам) га буюруқ бериб дейди:

<قُلْ يُحْيِيهَا الَّذِي أَنشَأَهَا أَوَّلَ مَرَّةٍ وَهُوَ بِكُلِّ خَلْقٍ عَلِيمٌ>

  (Эй Бизнинг Расулимиз уларга) айтинг: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур ва У ҳар бир яратилган нарсани билгувчидир.» (Ёсин сураси; 79-оят).

 

  Ахир йўқдан бор қилиб яратиш билан қайта тирилтириш ўртасида нима фарқ бор экан?!

  Шунинг учун бошқа оятда қисқа ва ўта маъноли битта жумла билан жавоб берилади:

<کَمَا بَدَأْنَا أَوَّلَ خَلْقٍ نُّعِيدُهُ>

  «Бошида қандай яратган бўлсак, худди шундай ҳолга қайтарурмиз» (Анбиё сураси;104-оят).

  3. Қуръон гоҳида Худонинг кенг осмон ва ерни яратишдаги буюк яратувчилик қудратини эслатиш билан қайта тирилиш ва қайта ҳаёт яратиш ҳақида тушунтиради:

<أَوَلَيْسَ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالأرْضَ بِقَادِرٍ عَلَى أَنْ يَخْلُقَ مِثْلَهُمْ بَلَى وَهُوَ الْخَلَّاقُ الْعَلِيمُ . إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ>

  «Осмонлару ер (каби ўта буюк сайёралар)ни яратган Зот уларга ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта қодирдир) У ўта яратгувчи, ўта билгувчи Зотдир.»

  «Қачон бирор нарсани (яратишни) ирода қилса, Унинг иши фақат: «Бўл» демоқликдир, холос. Шунда, у ҳам вужудга келур.» (Шундай буюк қудрат Соҳиби учун инсонларни қайтадан ҳаётга қайтариш осон ишдир.)(Ёсин сураси; 81 ва 82-оятлар).

  Маод ва қайта тирилиш масаласида шак-шубҳага борганлар сатҳий ва юзаки фикр юритувчи шахслар бўлиб, уларнинг фикрлаш доираси яшайдиган тор ва тубан атроф-муҳитларидан четга чиқмас эди. Акс ҳолда қайтадан қайтариш илк дафъа яратишдан кўра осонроқ эканини ва ўликларни қайта тирилтириш ва уларга қайта ҳаёт яратиш осмонлару ерни яратган Тангрининг қудрати баробарида оғир ва қийин эмаслигини яхши тушуниб етардилар.

  4. Қуръон баъзида «энергия»нинг алмашиш қонунини уларга тасвирлаб, ушбу масаладан қайта тирилишни исботлайди:

<الَّذِي جَعَلَ لَكُم مِّنَ الشَّجَرِ الْأَخْضَرِ نَاراً فَإِذَا أَنتُم مِّنْهُ تُوقِدُونَ>

  «У зот сизларга ям-яшил дарахтдан олов пайдо қилиб қўйган. Энди эса, сиз ундан олов ёқмоқдасиз.» (Сувнинг ёнида олов шўъласини пайдо қилган Аллоҳ таоло ўлимдан сўнг қайта ҳаёт яратишга қодир экани шубҳасиздир.) (Ёсин сураси; 80-оят)

  Агар-ки Қуръоннинг юқоридаги ажойиб оятига диққат билан назар солиб, замонамизнинг илму фанидан мадад олсак жуда қизиқ натижага эришамиз: Дарахт ўсаётганида қуёшнинг нури ва иссиқлигидан фойдаланиб, уни ўзига сингдиради ҳамда ушбу энергия ва қувват бир неча йиллар давомида дарахтда захираланиб қолади. Биз дарахт ўзига олган ёруғлик ва иссиқлик энергияларини сарф қилиб бўлган ва бу қувват йўқ бўлиб кетган, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, биз ўтинни ёққанимизда ана шу энергия оловда иссиқлик ва ёруғлик бўлиб қайтади ва янгитдан ҳаёт либосини ўз танига кияди. Қайта тирилиш ҳам ана шундай энергия алмашишига ўхшайди.

  Ўн йиллаб ўзида ёруғлик ва иссиқликни захира қилиб қўйган оддий бир ёғоч бир зумда оловда ёниб, жамлаган ҳамма энергиясини ташқарига берадиган қилиб яратган қодир Аллоҳ наҳотки, инсонни қайта тирилтиришга ожиз бўлса-я?![1]

  Ҳар ҳолда кўрганимиздек Қурони Карим нақадар мустаҳкам мантиқ ва ойдин исбот-далиллар билан маод ва қайта тирилиш масаласида шак-шубҳага борган, ҳаттоки, охиратга ишонишни телбалик ва тентаклик деб билган шахсларга қатъий жавоб бериб, турли усуллар билан маод ва қайта тирилиш мумкинлигини ёрқин тарзда исботлайди. Биз бу дарсда фақат бу мавзуга оид бир неча масалаларни кўриб чиқдик, холос.


[1]. Диққатга сазовор бўлган масала шундан иборатки, илмий нуқтаи назардан фақат яшил дарахтларгина қуёш нури баробарида углевод газларини ютиб парчалайди ва углеродни ўзида сақлаб қолиб, кислородни чиқаради ва шунингдек, қуёш энергиясини ҳам унинг билан бирга захира қилиб қўяди.
Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.