Home / Ақоид ва Калом / Маод / Маод-қайта тирилиш ва яратилиш ҳикмати

Маод-қайта тирилиш ва яратилиш ҳикмати

 Кўпчилик одамлар: «Аллоҳ бизни нима учун яратган?» деб сўрайдилар. Гоҳида эса олдинроққа силжиб: «Ўзи бу кенг ва улкан жаҳоннинг яратилиш ҳикмати нимадир?» дейишади. Боғбон дарахтни мева учун экади ва деҳқон ерни маҳсулот олиш учун ағдариб, уруғ сепади. «Буюк жаҳонни яратувчи Боғбон нима мақсадда бизларни яратган?»

   Магар яратувчи Тангрининг камчилиги ва нуқсони бормикан, то яратиш билан уни бартараф этсин? Бу ҳолда У муҳтож ва ҳожатманд бўлиб қолади, ваҳоланки, ҳожатмандлик Парвардигорнинг мақом ва мартабасига ва Унинг чексиз ва бепоён Зот эканлигига тўғри ва уйғун келмайди. Чиндан ҳам ҳар нарсадан беҳожат зот бўлмиш Аллоҳ нима учун махлуқотларни яратади, ахир Унинг ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ-ку?

  Ушбу саволлар устида жуда узоқ баҳслашиб, жавоб беришимиз мумкин. Бироқ биз лўнда ва мухтасар қилиб ўзимизнинг ёрқин жавобимизни айтиб ўтмоқчимиз:

  Бизнинг энг биринчи айбимиз ва хатомиз шуки, биз Худонинг сифатларини ўзимиз билан таққослаймиз. Биз маҳдуд ва чекланган мавжудот бўлганимиз боис ҳар бир ишни маълум бир камчилик ва норасоликни бартараф этиш учун бажарамиз. Бошқа таъбир билан айтганда; Ўзимиз бирор иш кўришимиздан мақсад бирор эҳтиёжи-мизни бартараф этмоқликдир. Чунончи, таҳсил оламиз ва шунинг билан илмга бўлган эҳтиёжимизни қондирамиз. Ишлаб даромад касб этамиз ва шу орқали молиявий муҳтожликни бартараф қиламиз, тозалик ва гигийена қоидаларига риоя қиламиз ва бу билан соғлик-саломатликка бўлган эҳтиёжимизни таминлаймиз.

  Аммо ҳар жиҳатдан бениҳоят ва чексиз зот (мавжуд) бўлган Аллоҳ таолонинг бажарадиган ишидаги ва яратишдаги мақсадини эса Унинг вужудидан ташқарида изламоқ лозим. У бирор нарсани Ўзининг фойдаси учун эмас, балки бандаларига «яхшилик қилиш» ва «марҳамат кўрсатиш» мақсадида яратади.

  Уни ёлқин ва бепоён бир қуёшга ўхшатишимиз мумкинки, ҳеч кимга ҳожатманд бўлмай ва нур олмай туриб, ҳаммага нур сочади, то бутун мавжудот Унинг вужудининг нуридан баҳраманд бўлсинлар. Унинг чексиз ва файз таратувчи Зотининг тақозоси бутун мавжудотларни камолот йўлида олдинга силжитишдир. Демак, Аллоҳ бандаларини такомил топтириш учун яратган.

  Бизни йўқдан бор қилиб яратишнинг ўзи камолот сари қўйилган бир муҳим қадамдир. Пайғамбарларни йўлламоқ, самовий китобларни нозил қилмоқ ҳамда қонун-қоидалар ва дастуриламалларни тайин этмоқ, буларнинг ҳаммаси бизнинг такомил топишимиз учун асос ва поғоналар ҳисобланади.

  •  Бу оламни буюк бир олигоҳ десак, биз бу олигоҳнинг талабалари бўламиз;
  •  Бу дунё тайёр бир экинзор бўлса, биз бу экинзорнинг деҳқонларимиз;
  •  Бу дунё фойда келтирувчи тижорат маскани бўлса, биз бу тижорат масканининг тижоратчиларимиз.[1]

  Биз қандайига башариятни яратишдан ҳеч бир мақсад кўзда тутилмаган, деб айта оламиз? Ҳолбуки, атроф-теварагимиздаги зарра ва майда мавжудотларга диққат билан назар солсак, уларнинг ҳар бири муайян мақсад узра яратилганини яққол кўрамиз.

  Бизнинг ҳайратланарли танамизда ҳеч бир аъзо йўқки, бирор муайян мақсад учун яратилмаган бўлсин, ҳатто кўзимизнинг киприклари ва оёғимиз кафтининг чуқурлиги муайян мақсад асосида яратилган!

  Шундай экан, қандайига ана шу аъзоларимизнинг тўплами ва танамизнинг тузилиши учун муайян мақсад кўзда тутилган бўлса-ю, аммо бутун вужудимиздан иборат ўзимиз бемақсад яратилган бўлсак?

  Энди ўз вужудимиздан ташқарига чиқиб, кенг ва улкан оламга назар ташласак, ҳар бир махлуқотнинг маълум мақсадга эга эканини кўрамиз. Қуёшнинг ёритиши ва иситишидан, ёмғирнинг ёғишидан, ҳавонинг махсус бирикмадан ташкил топганидан ва… лардан муайян мақсадлар кўзланган бўлса-ю, аммо ана шу насаларнинг мажмуи бўлмиш бу йирик жаҳон мақсадсиз яратилган бўла оладими?!

  Аслида бу кенг оламнинг замирида гўё катта бир жадвал сўнгги мақсад нима эканлигини кўрсатиш учун ёзиб осиб қўйилгандек, лекин баъзида унинг катталигидан бир қарашда нималигини илғай олмаймиз. Унда бундай деб ёзилган: «Тарбияланиш ва такомил топиш»

 Тарбияланиш ва такомил топиш

  Энди нима мақсадда яратилганимиз билан қисқача танишиб чиққанимиздан сўнг бу ерда шундай савол туғилади: «Бу неча кунлик ўткинчи дунёда бутун машаққат, қийинчилик ва мушкулотлар билан умргузарон-лик қилиш бизнинг яратилишимиздан кўзланган мақсад бўла оладими?»

  Фараз қилинг, бу дунёда олтмиш йил умр кўрсам, ризқ-рўзимни топай деб эртадан кечгача қаттиқ тиришсам ва кечқурун толиққан ва ҳорғин ҳолда уйга қайтиб келсам ва бунинг натижаси умрим давомида бир неча минг тонна овқат еб, сув ичсам ва бутун машаққат ва қийинчилик билан уй-жойга эга бўлсам-у, кейин буларнинг барчасини шу дунёга қўйиб, ўзим оламдан ўтсам. Хўш агар фақат шунинг учунгина яратилган бўлсам, аслида дард ва азият-озорга тўлган умрим яратилишга арзийдими?

  Мабодо агар бирор муҳандис ҳашаматли бир бинони биёбоннинг ўртасида барпо қилса ва уни қуриб битказишда саъй-ҳаракат қилиб, бутун имкониятларни унда яратса, сўнгра ўша муҳандисдан «бу бинони қуришдан мақсадинг нима?» деб сўралганда «бу бинони қуришдан кўзлаган мақсадим бинонинг умри давомида маълум бир йўловчи бу йўлдан ўтаётганида унда бир соат дам олиши учундир!» деб жавоб берса, ҳамма ундан таажжубланиб: «Шунча машаққат билан фақат бир йўловчи бир соатга дам олиши учун бундай дабдабали бинони қурдингми? бу мақсад учун бундай катта ишни қилиш ярамайди-ку!»- деб сўришмайдими?

  Шунга кўра, маод-қайта тирилишга ва нариги дунёга эътиқод қилмайдиганлар учун бу дунёда яшамоқ беҳуда ва пуч бўлиб кўринади. Бу дунёда ҳаёт кечирмоқ беҳуда ва бемақсаддир, деган гап моддиюнларнинг орасида кўп учрайди. Ҳатто баъзан улардан айрим шахслар ўз жонларига суиқасд қилишади, негаки, бундай моддий, такрорий ва мақсадсиз ҳаётдан чарчашган.

  Ҳаётга маъно-мазмун ва умид бахшида этиб, уни маъноли ва ҳикматли қилиб кўрсатувчи нарса бу охиратга ва ўлимдан кейинги ҳаётга имон ва ишончдир. Бу дунёнинг ҳаёти эса охират олами учун муқаддима ва кириш ҳисобланади, холос. Бу ҳолда дунёдаги ҳаётда юз берадиган машаққат ва қийинчиликларга бардош бериш ва бу дунёда қилинадиган саъй-ҳаракатларнинг барчаси фақат охиратдаги мангу ҳаётга эришиш учунгина амалга оширилади, холос.

  Бу ўринда бундан олдин ҳам қизиқарли бўлмиш эмбрион мисолини келтирган эдик. Онанинг қорнидаги гўдакнинг етарли миқдорда ақл-идроки бўлганида ва унга: «Бу ерда сен бошдан кечираётган қисқа муддатли ҳаётдан сўнг ҳеч қандай яшаш хабари йўқ», деб айтилганида эди, шак-шубҳасиз, у ўз ҳаётига эътироз билдириб: «Нима учун мен бу тор муҳитда қамалиб, қон ютиб, қийналиб яшашим керак экан? Нимага энди қўл-оёғим боғлиқ ҳолда бир бурчакда ҳаёт кечиришим керак ва бундан сўнг ҳаёт йўқ экан? Яратувчи Тангри таолонинг мени бундай яратишдан нима мақсади бор экан?!», деб айтган бўларди. Аммо агар уни ишонтириб: «Сен бу ерда фақат бир неча ойгина яшайсан ва бу неча ой ўткинчи бўлиб, сен яшаётган бу муҳитга қараганда узоқ муддат давом этадиган кенг, ёруғ, шукуҳли ва турли туман неъматларга эга бўлган оламга чиқишинг учун ҳозирлик кўрмоқдасан, холос», деб унга хабар берсак, у ҳолда эмбрион ўзи яшаётган муҳитига кўникиб, унинг она қорнидаги даври муайян мақсад ва маъно-мафҳумга эга эканлигини ва шу боис, сабр қилиб келажакдаги ҳаёт умиди билан яшаши кераклигини англаб олади.

  Қуръонда бу ҳақда бундай дейилади:

<وَلَقَدْ عَلِمْتُمُ النَّشْأَةَ الْأُولَى فَلَوْلَا تَذكَّرُونَ>

  «Дарвоқе, сизлар дастлабки яратилишни билдингизку! Демак, (бу яратилишдан сўнг яна янгитдан охират олами борлиги ҳақида) эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Воқеа сураси; 62-оят).

   Хуллас калом, бу дунё бутун вужуди билан жар солиб, нариги дунё ва охират диёри борлиги ҳақида хабар бераётир, акс ҳолда бу дунё беҳуда, пуч ва бемаъни бўлар эди:

Ушбу хабарни Қуръони Каримнинг тилидан эшитсак, мақсадга мувофиқ бўлади:

<أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثاً وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ>

  «Наҳотки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдик-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмассиз?!» (Мўминун сураси; 115-оят). Ушбу ояти каримада: «Қуръон тилида Аллоҳнинг ҳузурига қайтарилиш деб айтилган маод ва қайта тирилиш бўлмаганида эди, инсоннинг яратилиши беҳудалик ва бемаъниликка тенг ва баробар бўларди», деб уқтирилмоқда.

  Юритган суҳбатимиздан келиб чиқиб шу хулосага келамиз: Яратилиш ҳикматининг айтишига биноан, бу дунёдан сўнг нариги дунё ва охират диёри мавжуд бўлмоғи даркор ва асосан бу моддий дунёнинг ҳаётига маъно ва мазмун бағишлайдиган муҳим омил бу – охират диёри ва ундаги ҳисоб-китобнинг мавжудлигига инонмоқдир.


[1]. Юқоридаги иборалар ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг Наҳжул балоғадаги қисор (қисқа) калималарининг ва ушбу машҳур ҳадиснинг«الدُّنيا مزرعة الآخرة » мазмунидир.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.