Home / Қурони Карим / Қуръон ва Аҳли-Байт / Қуръон имоматни Аллоҳ тарафидан деб билади

Қуръон имоматни Аллоҳ тарафидан деб билади

Олдинги баҳсларда бут синдирувчи ва қаҳрамон бўлмиш ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) қиссаларини кўриб чиққан эдик. Қуръони Карим ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) нинг имомат ва пешволик мартабасига эришишларини расул ва набийлик мақомига ноил бўлгач оғир ва қийин имтиҳон ва синовлардан яхши ўтганларидан сўнг деб уқтиради,

яъни ул зот расул ва набий бўлганларидан сўнг буюк ва оғир имтиҳон ва синовлардан олий ва шарафли ўтганларидан кейин имомлик мартабасига кўтарилган эдилар. Қуръон бу ҳақда шундай дейди:

وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَاماً قَالَ وَمِن ذُرِّيَّتِي قَالَ لاَ يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ

  «Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, у уларни мукаммал ва батамом адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Мен албатта, сени одамларга имом (пешво) қилгувчидирман» – деди. (Иброҳим) «Зурриётимдан ҳамми? (зурриётимдан ҳам бундай улуғ ва юксак мақомга эришишларини истайман)» – деб сўради. (Аллоҳ) айтди: «Золимлар Менинг аҳдимга ҳаргиз эриша олмаслар. (сенинг зурриётинг орасидаги золим кимсалар Менинг имомат аҳдимга эриша олмаслар.)». (Бақара сураси; 124-оят)
  Турли Қуръоний ва тарихий хужжатларнинг гувоҳлик беришича, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) Бобул бутпарастларига қарши курашиш, Шом диёрига ҳижрат қилиш, Каъба уйини қурмоқ ҳамда ўз ўғиллари ҳазрат Исмоил (алайҳис салом) ни қурбонгоҳга элтиб қурбон қилиш ишларини ўта мукаммал ва шарафли бажарганларидан сўнг бу мартабага эришдилар.
  Набийлик ва расуллик мақоми Худо тарафидан тайинланадиган бўлса, халқни ҳар томонлама бошқариш ва раҳнамолик қилиш бўлган раҳбарликнинг энг такомил топган чўққиси ҳисобланмиш имомлик ва пешволик мартабаси ҳам Аллоҳ тарафидан тайинланишга сазовор-роқдир ва бу юксак масъулият одамлар сайлаши билан аниқланиши мумкин эмасдир.
Қуръон имомат мақоми тайин этилиши борасида шундай дейди: إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَاماً «Мен сени одамларга имом (пешво) қилувчиман», яъни Аллоҳнинг ўзи ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом)ни имом ва пешво қилиб танлади. Ва шунингдек, Қуръоннинг Анбиё сурасида Аллоҳнинг буюк пайғамбарлари ҳақида уларнинг имом ва пешво қилинганликлари айтилади:

وَوَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ نَافِلَةً وَكُلّاً جَعَلْنَا صَالِحِينَ (72)‏ وَجَعَلْنَاهُمْ أَئِمَّةً يَهْدُونَ بِأَمْرِنَا وَأَوْحَيْنَا إِلَيْهِمْ فِعْلَ الْخَيْرَاتِ وَإِقَامَ الصَّلَاةِ وَإِيتَاء الزَّكَاةِ وَكَانُوا لَنَا عَابِدِينَ

  «Биз (Иброҳимга) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам (набира қилиб) қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилар қилдик.» (Анбиё сураси; 72-оят.)
  Ва уларни Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят этадиган имомлар ва пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўла адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизгагина ибодат қилувчи бўлдилар.» (Анбиё сураси;73-оят).
  Юқорида келтирилганимиз оятлардан ва уларга ўхшашлардан маълум бўлишича, имомлик ва пешволик мартабаси фақат Аллоҳ таоло тарафидан тайин этилиши лозим.
  Бундан ташқари, ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) имом ва пешво бўлганликлари ҳақидаги ояти кариманинг давомида ул зот ўз насллари ва зурриётларидан бўлган айрим инсонларнинг ҳам ушбу юксак мартабага ноил бўлиш-ларини Тангри таолодан сўрайдилар. Аллоҳ таоло ҳазрат Иброҳим (алайҳис салом) га жавобан шундай буюради: لاَ يَنَالُ عَهْدِي الظَّالِمِينَ «Золимлар Менинг аҳдимга ҳаргиз эриша олмаслар.», Яъни сенинг дуо ва тилагинг Аллоҳнинг даргоҳига мустажоб бўлди. Аммо сенинг зурриётинг орасидаги гуноҳ ва зулмга йўл қўйган кимсалар Менинг имомат аҳдимга (бу юксак ва юқори мақомга) эриша олмаслар. Демак, бу мартаба ва мақом зулм қилмаганларга ато этилиши айтилади. Бу ерда зулм дейилганда турли хил гуноҳ назарда тутилиб, имом ҳар қандай гуноҳлардан пок ва маъсум эканлигига ишора этилади.
  Луғатда ва шунингдек, Қуръон мантиғида золим сўзининг маъноси кенг қамровли бўлиб, бутун гуноҳларни хоҳ ошкор ширк бўлсин хоҳ махфий ва яширин ширк бўлсин ёки ўзига ва бошқаларга раво кўрадиган ҳар қандай зулм-ситам бўлишидан қатъий назар, ҳаммасини ўз ичига олади ва бу ҳақиқатни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким тўлиқ била олмаслигини назарда тутган ҳолда шу хулосага келамизки, имомлик ва халифалик мартабасини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина танлай олади. Негаки, фақат Унинг Ўзигина инсонларнинг ниятидан ва уларнинг ботинидан хабардордир.

Share

Check Also

Qur’оn va imоmat

  Qur’оn bu biz musulmоnlarning buyuk samоviy va ilоhiy kitоbimiz bo`lib, har taraflama hidоyatga bоshlоvchi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.