Home / Ақоид ва Калом / Маод / Жаннат, дўзах ва амалларнинг тажассумланиши (2)

Жаннат, дўзах ва амалларнинг тажассумланиши (2)

Амалларнинг мужассам ҳолда намоён бўлиши

  Диққатга сазовор бўлган нарса шундан иборатки, Қуръони Каримнинг кўплаб оятларидан маълум бўлишича, қиёмат кунида биз бажарган амалларимиз тирилиб, турли кўринишларда кўзимиз ўнгида намоён бўлади. Ажр-мукофот ато этилиш ва жазоланишнинг энг муҳим ҳиссаларидан

бири амалларнинг мужассам ҳолда намоён бўлмоғидир.

  Зулм қилган золимларнинг амаллари қоп-қора булут шаклида намоён бўлиб, уларнинг атроф-теварагини қамраб олади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан нақл қилинган ҳадиси шарифда айтилишича;

«الظُّلْمُ هُوَ الظُّلُمَاتُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»

  «Зулму зўравонлик қиёмат кунида зулмат ва қоронғиликлардир.» Етимларнинг молларини ноҳақ еганларнинг амаллари эса олов шуълалари бўлиб намоён бўлади:

إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْماً إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَاراً وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيراً

  «Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахга киражаклар.» (Нисо сураси; 10-оят) Имон эса қиёмат кунида нур ва ёруғлик таратиб, мўминларнинг атроф-теварагини ёритади:

يَوْمَ تَرَى الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ يَسْعَى نُورُهُم بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَبِأَيْمَانِهِم بُشْرَاكُمُ الْيَوْمَ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

  «Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрганингиз кунда: «Сизларга бугунги куннинг хушхабари – дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатлардир. Сизлар у жойда абадий қолажаксизлар.» Бу эса, айнан улкан ютуқдир, (дейилади). (Ҳадид сураси; 12-оят).

  Рибохўрлар (судхўрлар) эса ўзларининг қабиҳ ва жирканч амаллари билан жамиятдаги иқтисодга ва унинг мувозанатига путур етказганлари учун ўринларидан тураётганларида ўз мувозанатларини сақлай олмай, гоҳида ерга йиқиладилар ва баъзан эмаклаб юрадилар:

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُواْ إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَن جَاءهُ مَوْعِظَةٌ مِّن رَّبِّهِ فَانتَهَىَ فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

  «Рибони ейдиганлар (судхўр бўлган кимсалар қиёмат куни қабрларидан) фақат шайтон уриб мажнун бўлган кишидек довдираб турадилар. Бунинг сабаби, уларнинг: «Шак-шубҳасиз, олди-сотди ҳам рибога (судхўрликка) ўхшашдир», деб айганларидир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ олди-сотдини ҳалол, рибони (судхўрликни) ҳаром қилган. Демак, кимгаки, Парвардигоридан мавъиза – насиҳат келгач (рибохўрликдан) тўхтаса, унда илгари ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.» (Бақара сураси; 275-оят)

  Чайқовчи ва бахил кимсалар маҳрум, йўқсилларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо қилмай жамлаган мол-мулк ва бойликлари қиёмат куни тавқи лаънат бўлиб, уларнинг бўйинларига илиб қўйилади. Шу даражадаки, улар ўз ўринларидан силжишга ҳам кучлари етмай қолади:

وَلاَ يَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَبْخَلُونَ بِمَا آتَاهُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ هُوَ خَيْراً لَّهُمْ بَلْ هُوَ شَرٌّ لَّهُمْ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُواْ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلِلّهِ مِيرَاثُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

  «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар ҳаргиз бу (қилмишлари)ни ўзлари учун яхшилик, деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу қилмишлари улар учун ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилиб бермаган нарсалари (уларнинг бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.» (Ол-Имрон сураси; 180-оят)

  Бугунги кунда илм-фан тараққий этганлиги натижасида оламда ҳеч бир нарса йўқ бўлмай модда ва қувват (энергия)нинг узлуксиз ва муттасил ҳолда бир турдан иккинчи турга ўтиб ўзгариши айтилади. Бизнинг бу дунёдаги қиладиган амалларимиз ҳам бу иккисидан ташқарида бўлмагани боис ушбу қонуннинг тақозоси бўйича, мангу ва абадий бўлиб қолади, гарчанд уларнинг шакли ва кўриниши ўзгарса-да. Қуръони Каримда қисқа, лўнда ва титратувчи ибора билан қиёмат борасида бундай дейилади:

وَوُضِعَ الْكِتَابُ فَتَرَى الْمُجْرِمِينَ مُشْفِقِينَ مِمَّا فِيهِ وَيَقُولُونَ يَا وَيْلَتَنَا مَالِ هَذَا الْكِتَابِ لَا يُغَادِرُ صَغِيرَةً وَلَا كَبِيرَةً إِلَّا أَحْصَاهَا وَوَجَدُوا مَا عَمِلُوا حَاضِراً وَلَا يَظْلِمُ رَبُّكَ أَحَداً

  «Ва (ҳар бир кишининг) китоби -номаи аъмоли (ўз қўлига) қўйилур. Шунда жинояткорларни ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушган ҳолларида кўрурсиз. Улар: «Ҳолимизга вой! Бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дерлар. Ва (улар) қилган (барча) амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас.» (Каҳф сураси; 49-оят)   Юқоридаги оятнинг «Ва (улар) қилган (барча) амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар» ибораси кўзланган маънони яққол англатади. Инсоннинг бошига тушадиган ҳар қандай мусибат ва балолар унинг қилган амаллари учундир, шунинг учун ояти кариманинг охирида: «Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас.», деб қўшимча қилинади. Қуръони Каримнинг бошқа бир ерида эса қиёматдаги амаллар ҳақида бундай дейилади:

يَوْمَئِذٍ يَصْدُرُ النَّاسُ أَشْتَاتاً لِّيُرَوْا أَعْمَالَهُمْفَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْراً يَرَهُ  وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرّاً يَرَهُ

  «Ўша Кунда одамлар, уларга (номаи) амаллари кўрсатилиши учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқиб келурлар. Демак, кимки дунёда зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат кунида) уни (мужассам ҳолда) кўрур. Ва кимки, зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам (мужассам ҳолда) кўрур.» (Залзала сураси; 6 ,7 ва 8 – оятлар)   Юқоридаги ояти каримада инсон қилган амалларининг ўзини мужассам ва айний ҳолда кўради, деб айтилмоқда (диққат қилинг.)

  Қилган ҳар бир амалимиз, катта ёки кичик, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, албатта сақланиб қолинади ва ҳаргиз йўқ бўлиб кетмайди ва қиёмат куни ҳамма жойда биз билан бирга бўлади. Мана шу ҳақиқатни назарда тутсак, қиладиган ҳар бир ишимизда эҳтиёт бўлиб, ёмонликлар ва ёвузликларга қарши қаттиққўл бўламиз, яхшилик ва эзгуликларни севиб, улар томон интиламиз. Кишини ҳайратга соларлик нарса бугунги кунда кашф ва ихтиро этилган дастгоҳлар бўлиб, ўтган замонда ясалган ашёларнинг ясалиш пайтида чиққан овозларини бизга эшиттира олади. Бу эса қилинган амалларнинг тажассумланишини бу дунёнинг ўзида ҳам кўришимиз мумкинлигини англатади.   Буюк донишмандлардан бирининг ёзишича, ҳозирги кунда ана шундай дастгоҳ ва жиҳозлар ёрдамида икки минг йил бурун яшаб ўтган Мисрлик кўза ясовчиларнинг товуш тўлқинлари эшитиларли даражада акс эттирилди. Зеро, Миср музейларида икки минг йил бундан бурун ясалган кўзалар сақланиб қолинган. Ушбу кўзаларни кўза ясовлар минг йил олдин махсус ғилдираклар ва дастгоҳлар билан ясаётганларида иш жараёнида ўзларидан таратган овозлар тўлқинлари кўзаларнинг танасига ўрнашиб қолган. Бугунги кунда ўша товуш тўлқинларини янгитдан ихтиро этилган дастгоҳлар ёрдамида ўз қулоғимиз билан эшита оладиган даражада қайта тиклаганлар.   Ҳар ҳолда Қуръони Каримда айтилган маод-қайта тирилиш, яхши инсонлар мукофотланишининг ва ёмонлар жазоланишининг абадий, мангулигига оид кўпгина саволларга ҳамон «амалларнинг мужассам ҳолда намоён бўлиши»ни ҳамда бажарадиган ҳар бир амалимиз руҳимизга таъсир қилишини, ушбу таъсир ҳамиша биз билан бирга қолувчи эканини назарга олишимиз билан жавоб бера оламиз.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.