Home / Ақоид ва Калом / Маод / Жисмоний ва руҳий маод-қайта тирилиш (1)

Жисмоний ва руҳий маод-қайта тирилиш (1)

  Қиёмат кунида юз берадиган маод ва қайта тирилиш ҳақида сўраладиган муҳим саволлардан бири қуйидагидан иборат: «Маод ва қайта тирилиш фақатгина руҳий шаклда рўй берадими ёки инсоннинг бадани ва жисми ҳам нариги оламга қайтариладими?» Бошқа таъбир билан айтганда;

«Инсон айнан бу дунёдаги бадани ва руҳи билан охират оламида фақат юқорироқ ва юксакроқ даражада ўзининг янги ҳаётини давом эттирадими ёки бошқа такомиллашган бадан ва руҳга эга бўладими?»

  Олдинги бир гуруҳ файласуфларнинг эътиқод қилишича, инсон нариги дунёда фақат руҳан қайта тирилади, маод ва қайта тирилиш руҳий шаклда амалга ошади ва улар инсоннинг баданини улов деб билиб, фақат бу дунёдагина инсон билан бирга бўлиб, унинг учун хизмат қилади ва инсон ўлгандан сўнг баданга эҳтиёж сезмай, уни тарк этади ва арвоҳлар оламига ошиқади, деб уқтирганлар.

  Аммо ислом оламининг йирик уламоларининг ва ҳозирги кўплаб файласуфларининг эътиқодларича, маод ва қайта тирилиш инсоннинг ҳар иккала қисмига, яъни ҳам «моддий» ва «жисмоний» қисмига ҳам «руҳий» қисмига тегишли бўлиб, қиёмат кунида инсоннинг жисми ва руҳи биргаликда қайтарилади. Гарчанд инсон бадани ўлганидан кейин тупроқ остида чириб ва тупроқнинг таркибий қисмига айланиб, ер остида тарқалиб, йўқ бўлиб кетса-да, бироқ ҳар нарсага қодир ва ҳар нарсадан хабардор ва олим бўлган Аллоҳ таоло ерга тарқалиб кетган ҳар бир майда заррачаларни қайтадан жамлаб, уларга янгитдан ҳаёт бағишлайди. Бу масалани «жисмоний маод», яъни бадан ва тананинг қайта тирилиши, деб таъбирлашади.

Зеро, руҳнинг қиёмат кунида қайтарилишини қатъий билиб, баҳслашув бадан ва тананинг қайтарилиши ҳақида бораётгани учун қиёмат кунидаги қайта тирилиш деганда асосан «жисмоний маод», яъни жисмоний қайта тирилиш назарда тутилади.

  Ҳар ҳолда Қуръони каримда маод ва қайта тирилиш ҳақида бир талай ва турли хил оятлар келган бўлиб, уларнинг ҳаммасида «жисмоний маод» ҳақида сўз юритилиб, ушбу масала таъкидланган.

Жисмоний маоднинг Қуроний далиллари

  Олдинги дарсларнинг бирида айтиб ўтганимиздек, бир кўчманчи ва бадавий араб киши сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳузурларига келиб, чириб кетган суякни ул ҳазратга кўрсатиб: «Ким буни қайтадан тирилтиришга қодир?» – деб сўради. Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳнинг амри фармонига биноан, унга жавобан шундай: «Илк дафъа йўқдан бор қилиб яратган, еру осмонларни пайдо қилган ва яшил дарахтдан олов чиқарган Зот, яъни Аллоҳ таоло чириб кетган суякни қайта тирилтиради», деб марҳамат қилдилар. Бу борада Ёсин сурасининг сўнгги оятларида айтилган. Қуръони Каримнинг бошқа оятларида эса бундай дейилади:

 خُشَّعًا أَبْصَارُهُمْ يَخْرُجُونَ مِنَ الأجْدَاثِ كَأَنَّهُمْ جَرَادٌ مُنْتَشِرٌ

  «Улар қабрлардан кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда худди ёйилган чигирткага ўхшаб чиқиб келурлар.» (Қамар сураси, 7-оят)

وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَإِذَا هُمْ مِنَ الأجْدَاثِ إِلَى رَبِّهِمْ يَنْسِلُونَ

  «Ва (қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрлардан Парвардигорлари томон шошилиб чиқурлар.» (Ёсин сураси; 51-оят).

  Ҳаммамизга маълумки, қабрлар тупроққа айланган жасадларнинг жойидир, руҳларнинг эмас. Асосан маод ва қайта тирилишни инкор қилувчиларни ҳайратга соларли жойи шунда эди ва шу боис, улар: «Қандайига биз тупроққа айланиб, ер остида тарқалиб, йўқ бўлиб кетганимиздан сўнг қайтадан ҳаётга қайтарилар эканмиз?», деб сўрар эдилар.

وَقَالُوا أَئِذَا ضَلَلْنَا فِي الأرْضِ أَئِنَّا لَفِي خَلْقٍ جَدِيدٍ بَلْ هُمْ بِلِقَاءِ رَبِّهِمْ كَافِرُونَ

  «Улар: «Биз ер остида йўқ бўлиб кетгач, ҳақиқатан ҳам яна янгитдан яралурмизми?!» дерлар. Йўқ! Улар Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир.» (Сажда сураси, 10-оят)

  Қуръони Карим уларга жавобан: «Илк дафъа мавжудотларни йўқдан бор қилиб яратган қудратли Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтиришга ва янгитдан яратишга қодирдир», деб айтади:

أَوَلَمْ يَرَوْا كَيْفَ يُبْدِئُ اللَّهُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ إِنَّ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ

  «Ахир улар Аллоҳ қандайига мавжудотни илк бор йўқдан яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) уни (ўша яратган мавжудотини) яна қайтаришини ўйлаб кўрмадиларми?! Албатта, бу Аллоҳга осондир.» (Анкабут сураси, 19-оят) Бир жоҳил араб бу борада шундай дерди:

أَيَعِدُكُمْ أَنَّكُمْ إِذَا مِتُّمْ وَكُنْتُمْ تُرَابًا وَعِظَامًا أَنَّكُم مُّخْرَجُونَ

  «У сизларга ўлиб, тупроқ ва суякларга айланган вақтингизда албатта, (қабрларингиздан) чиқарилгувчидирсиз, деб ваъда қилмоқдами?!» (Мўминун сураси, 35-оят)

  Қуръони Каримнинг юқоридаги оятлари ва таъбирлари ҳамда бошқа оятлардан очиқ-ёруғ тарзда аён бўлишича, Ислом пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар ерда «жисмоний маод»ни илгари сурар эдилар ва шу жиҳатдан калтабин мушриклар таажжубланишар эди. Кўриб чиққанимиздек Қуръони Карим гиёҳ-ўсимликлар ва шуларга ўхшаш нарсаларда кўзга ташланадиган «жисмоний маод»дан бир неча намуналар келтириб, илк бор яратишни ва Аллоҳнинг қудратини шоҳид қилиб келтиради.   Бинобарин, ўзини мусулмон деб билган ва озгина бўлса-да, Қуръон таълимотидан огоҳ бўлган шахс «жисмоний маод»ни инкор эта олмайди. Негаки, Қуръон нуқтаи назаридан «жисмоний маод»ни инкор қилмоқ асл маод ва қайта тирилишни инкор қилиш билан баробардир.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.