Home / Аҳли-Байт / Имом Ризо (а.с) / Хуросон ғариби бўлмиш имом Ризо (а)нинг ҳаётларидан қисқача намуналар

Хуросон ғариби бўлмиш имом Ризо (а)нинг ҳаётларидан қисқача намуналар

  Ислом дини пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига ва ул зотнинг Аҳли Байтларига салому салавот йўллаб, Аллоҳ хабибининг невараларидан бири, ислом оламининг ёрқин юлдузи имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратларининг жўшқин ҳаёт ва фаолиятларига бағишланган мақоламизни ҳузурингизга тақдим этамиз.

  Азизлар! Ўтган мақоламизда ислом уламолари ўз китобларида ёзиб қолдирган имом Ризо (алайҳис салом) нинг каромотлари ҳақида тўхталиб, имом Ризо (алайҳис салом) нинг улуғ шахсиятлари ислом донишмандларини бу буюк инсоннинг маънавий олами ҳақида арзирли фикрлар билдириб, ҳайратланарли ишларини эътироф этишга мажбур этган. Бу эътирофлар Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок хонадони вакили бўлмиш имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратларининг Аллоҳ наздидаги юксак мартабаларидан далолат беради, деб айтган эдик. Бугун имом Ризо (алайҳис салом) нинг маноқиб ва каромотлари ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз.

  Ушбу мавзуни баён қилишимиздан олдин шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, имом таъбири муқаддас Ислом таълимотида ўта аҳамиятли ҳисобланади. Бу истилоҳ мусулмон уммати тасаввурида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўринбосарларини жонлантиради. Имомлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан сўнг Исломнинг музаффар байроғини қўлга олиб, Аллоҳнинг халқини ҳидоят сари чорлаганлар. Улар элга илмий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий раҳбарлик масъулиятини ўз зиммаларига олишган.

  Донишмандларнинг тадқиқотлари бўйича, биринчи маротаба «Имом» истилоҳи ҳижрий-қамарийнинг тўртинчи асрида имом Ризо (алайҳиссалом) ҳазратларига нисбатан ишлатилган. Бу ҳақда «Асботал васфия» китоби гувоҳлик берилган.

  Диний таълимотда улкан ҳурмат-эҳтиром нишонаси бўлган «Имом» истилоҳини қўллаш ҳар кимга ҳам лойиқ кўрилмасди, албатта. Бу арзирли сифатни имом Ризо (алайҳис салом) га ул ҳазратнинг чексиз билим ҳамда ҳайратланарли зуҳд ва тақволари учун беришган.

  Имом Ризо (алайҳис салом) ҳазратларидан сўнг олий инсоний сифатлар билан безанган диннинг улуғ донишмандларини ҳам имом деб атайдиган бўлишди.

  Ислом оламининг машҳур олими Ибн Асир ёзади: «Абул Ҳасан Али бин Мусо Ар-Ризо Ризо сифати билан машҳур бўлиб, ҳисобсиз фазилатларга эгадирлар.»

  Улуғ мутафаккирнинг бу эътирофи «Татматаҳ жомиъал усул» китобида келтирилган бўлиб, юзлаб донишмандлар бу дурдона фикрларни ўз асарларида иқтибос сифатида ишлатишган.

  Ислом оламидаги улуғ мутафаккирлардан бири Талҳа Шофеъий имом Ризо (алайҳис салом) ҳақидаги ўз эҳтиромини қуйидагича изҳор айлаган:

  «Имом ҳазратларининг заковатлари юксак, сифатлари олий, ахлоқлари Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ахлоқларидан, юриш-туришлари арабий, аслияти ҳошимий хонадонидан, улуғвор асл-насаби набавий, ҳар не улуғворлик сифати мавжуд бўлса, имом Ризо (алайҳис салом) ундан ҳам улуғроқ. Эзгу хислатлари «Матолиб ал-суаал» китобида қанчалик таърифланган бўлса, ҳазрат бу таърифларнинг барчасидан устундирлар.»

  Ислом оламидаги таниқли шахсиятлардан яна бири Жувайний Хуросоний ўзининг улкан китобидан бир қисмини имом Али бин Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) ҳаёти, фазилатлари, маноқиб ва каромотларига бағишлаган. Ушбу олим имом ҳазратларининг маноқиб ва кароматларини «Фароидус симтайн» китобида баён этиб, саккизинчи имом ҳазрат Али бин Мусо Ризо (алайҳис салом) нинг ўзига хос хусусиятлари, олий ахлоқ ва юксак одоблари, ошкора каромат ва нуроний сифатларидан қисман айтиб ўтади.

  Исломнинг улуғ донишмандларидан яна бири Асъад Ёфаъий ўзининг «Мароҳ алжинон» китобида ёзади: «Абул Ҳасан Али бин Мусо олий қадр ва улуғвор имом, поклар ва карам аҳли сулоласидан, шиаларнинг 12 пешво ва имомларидан биридир. Имомия мазҳабининг асослари бу машҳур имом тафаккурлари билан мустаҳкамланди. Ул ҳазрат маноқиб ва фазоил соҳибидирлар.»

 Шерозий исмли машҳур адиб ва мутафаккир эса ўзининг «Равзатул аҳбоб» китобида шундай деб ёзади:

  «Али бин Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) халқ билан ўзларининг тилида сўзлашар, барча тилларда сўзлаган пайтлари нутқлари ўша тил соҳибларидан кўра, силлиқ, равон ва гўзалроқ эди. Нурли марқадлари дунёнинг барча ўлкаларидан келадиган муштоқларнинг зиёратгоҳидир.»

  «Ал-фусулул муҳиммаҳ» китобининг соҳиби Ибн Саббоғ моликий имом Ризо (алайҳис салом) ҳақида шундай ёзади: «Али ибн Мусо Ар-Ризо (алайҳис салом) нинг хислатлари бир маромда сафга тизилган ҳарбийларни эслатади. Фазилатларининг бири-биридан устун, бири-биридан гўзалдир. Ул ҳазратнинг юксак аҳлоқ ва эзгу хислатлари хайратланарли даражада улуғдир. Имом Ризо (алайҳис салом) ўз дўстлари учун бахт-саодат келтирувчи саъд юлдузи кабидир.»

  «Равзатул сафо» нодир тарихий китобнинг муаллифи Бурҳониддин саккизинчи имом фазилатлари ҳақида ёзади: «Имом Ризо (алайҳис салом) нинг маноқиб ва кароматлари ҳақида жуда кўп ривоятлар мавжуд. Бу улуғ пешвонинг азамат ва буюклигидан далолат берувчи ҳадисларда келтирилган таъриф ва тавсифлар мени ҳайратга солди.»

Share

Check Also

Имом Ризо (алайҳис салом)нинг ҳаёт йўллари

Пайғамбаримиз сарвари олам ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотга нозил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.