Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳодий (а.с) / Имом Ҳодий (а) таваллудлари борасида

Имом Ҳодий (а) таваллудлари борасида

  Ислом дини пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг таваллуд кунларига бағишланган махсус мақоламизни сизга тақдим этамиз.

Азизлар, бу кун Аҳли-Байт самосининг порлоқ юлдузларидан бири, жаҳл ва иймонсизлик тунини чароғон айлаб, ҳидоят қилувчи,

яъни Ҳодий исмини олган имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг таваллуд кунларидир. Бу қутлуғ айём билан барча мусулмонларни муборакбод этамиз.

  Ҳазрат имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг номлари Али бўлиб, ул зотнинг машҳур лақаблари Ҳодий, Нақийдир.

  Оталари: Имом Жавод (алайҳис салом), волидаи муҳтарамаларининг номлари эса Самона хонимдир. Ул ҳазрат ҳижрийнинг 212- йили, 15-зилҳижжа ойида, Мадинаи Мунавварада таваллуд топдилар.

  Имом Ҳодий (алайҳис салом) 33 йил имомлик ва пешволик қиладилар. Ул ҳазрат Аллоҳ йўлида ислом динини тарғиб қилишлари ва адолатхоҳликлари сабабли, ўша даврнинг золим ҳукмронлари томонидан бир неча маротаба зиндонга ташланадилар ҳамда кўплаб руҳий ва жисмоний азобларни бошдан кечирадилар. Оқибат, ҳижрий қамарийнинг 254-йили, ражаб ойининг 3-куни, 42 ёшларида Сомирро шаҳрида Аббосийларнинг ўн учинчи халифаси Ал-Муътаззу биллоҳнинг буйруғи билан заҳарлантирилиб, ул зоти пок шаҳид қилинадилар. Ул зотнинг муборак зиёратгоҳлари Ироқ ўлкасидаги Сомирро шаҳридадир.

  Имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг ўзига хос тадбирларидан бири- Аҳли-Байт издошлари орасида доимий алоқани мустаҳкамлаш учун, турли шаҳар ва минтақаларга ўз ноибларини юборишларидир. Бу чора-тадбир натижасида ислом оламидаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланди.

  Имом Алиян Нақий (алайҳис салом) нинг имомлик даврларида турли мафкуравий мактаблар ривожланиб, ақида жабҳасида турли парокандалик ва тарқоқликлар вуджудга келган эди. Ўша пайтлар янги ғоялар ва турли ақидавий ва фалсафий қарашлар юзага келган хос бир давр эди. Мавжуд ҳокимият ҳам, бу вазиятдан ўз сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун фойдаланарди.

  Бу макр-ҳийлаларга қарши курашган имом Ҳодий (алайҳис салом) Аҳли-Байтнинг илмий- мафкуравий мактабига асос солдилар. Бу мактаб кейинги асрларда ҳам, ислом жамиятининг мафкуравий ва сиёсий эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этди.

  Имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг кейинги авлодлар учун қолдирган арзирли мерослардан бири- комил инсон ва инсоният камолини ўзида тўкис мужассам айлаган «Зиёрати жомеаи кабира» дуосидир. Бу улуғ дуода мусулмон уммати учун тавҳид (якка худолик) фалсафаси ва исломий маданият юксак даражада таълим берилади.

  «Зиёрати жомеаи кабира» дуосида маъсум ва мутаҳҳар имомлар турли жилваларда васф қилинадилар. Натижада зиёратчи инсон имомларнинг аён ёки ноаён муборак сифат ва фазилатларини англаб етиш имкониятига эга бўлади. Бу олий мазмунли дуода имомларнинг Аллоҳ билан алоқаси ва ислом арконларини бажаришдаги мавқеи ҳақида ишоратлар мавжуд.

  «Зиёрати жомеаи кабира» тўпламида имом Алиян Нақий (алайҳис салом) имомларни ҳидоят пешволари, зулумотларни ёритувчи чироқлар, заковат аҳли, одамлар паноҳ тортадиган суянчиқ ва ер аҳли учун Аллоҳнинг ҳужжатлари сифатида таниттирадилар. Шунингдек, уларни Аллоҳни таниш нишоналари ва Аллоҳ ҳикматларининг кони, Аллоҳ китобини онгларида олиб юрувчи бандалар сифатида васф этадилар.

  Ушбу чуқур мазмунли дуода келтирилишича, Аллоҳ имомларни нур сифатида яратиб, бу оламга Ўзининг номи доимий равишда зикр этилиши учун юборди. Аллоҳ таоло имом ва пешво орқали одамларни ҳалокат гирдобидан ва дўзах оловидан қутқаради. Уларга издошлик қилганлар саодат ва нажот йўлини топишади.

  Азизлар! Сизларни имом Ҳодий (алайҳис салом) таваллуд кунлари билан яна бир маротаба табриклаб, «Зиёрати жомеаи кабира» дуосидан қуйидаги жумлаларни ўқиш билан суҳбатимизни якунлаймиз:

 Зиёратчи инсон Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтидан бўлган имомга юзланиб дейди:

  «Аллоҳни ва сизни гувоҳ келтириб айтаманким, сизга ва сиз иймон келтирган нарсаларга иймон келтирдим. Сизнинг душманингиз билан душман, сизнинг дўстингиз ва дўстларингизнинг дўстидирман. Сиз билан сулҳ ҳолатида бўлганлар билан осойишталикда, сиз билан жангда бўлганлар билан жангдадирман.»

  Азизлар, сиз имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг таваллуд кунларига бағишланган махсус суҳбатимизни тингладингиз. Хайр, меҳрибон Аллоҳнинг паноҳида омон бўлинг.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.