Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳодий (а.с) / Имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ҳақида (2)

Имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ҳақида (2)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг мужассима оқимига қарши курашлари

  «Мужассима» номи билан танилган тоифа аъзолари Аллоҳга жисмонийликни тўнкашганди. Уларнинг диний билим ва маълумотлари ўта саёз бўлиб, оддий кўзлар билан кўриб бўладиган нарсалардан ташқари борлиқ мавжудотларни кўриш ва тасаввур қилишдан ақллар ожизлик қиладилар деб эътиқод қилардилар.

Шу сабабдан, моддий оламдан ташқари, барча ҳақиқатларни инкор қилишарди ёхуд уларга жисмоний сурат беришарди. Бу гуруҳнинг содда тасаввурот ва ақидаларидан хабардор бўлган имом Ҳодий (алайҳис салом), уларга бир мактуб йўллаб, унда уларнинг соғлом ақл доирасига сиғмайдиган қарашларини инкор этадилар. Имом Ҳодий ҳазратлари; инсон оддий кўзлари билан фақатгина ўзига ўхшаган моддий- жисмоний нарсаларни кўра олишини таъкидлаб, шундай ёзадилар:

  «Пок Парвардигорда ҳеч қанақа ҳудуд ва чегара йўқ, ҳеч қачон бўлмаган. У мислсиз, ҳеч ўхшаши йўқ ва эшитгувчи ва билгувчидир.»

Имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг ғоявий чуқур қарашлари

  Пайғамбаримиз хонадонлари аҳли фаолиятларининг устувор йўналишларидан бири мусулмонлар жамиятида пешволик ва раҳбарлик қилиш эди. Имом Ҳодий (алайҳис салом) даврларида Аҳли-Байтнинг ғоявий таълимотига қарши қаратилган курашлар, ўтган замонларга қараганда кўпроқ авж олганди. Шу боис, ушбу масала фавқулодда аҳамият касб этганди. Аббосийларнинг мустабид ҳукумати томонидан ўрнатилган қаттиқ назорат ва чеклашлар имом Ҳодий ҳазратлари учун кураш ва фаолият майдонини ниҳоятда тор қилган эди. Лекин шунга қарамасдан имом Ҳодий (алайҳис салом) Аҳли-Байт мавқеини ўрнатиш ва мустаҳакамлаш мақсадида, «Зиёрати жомеаи кабира» номи билан машҳур бўлган ҳужжатли мактубни ёзадилар.

   Имом ушбу мактубда Пайғамбарнинг Аҳли-Байтларини илм маъдани ва булоғи сифатида тасвирлайдилар. «Зиёрати жомеаи кабира» тамоман фасоҳат ва балоғат ила ёзилган бўлиб, энг таъсирли илоҳий эътиқод дарсларининг тўпламидир. Ушбу асар Аҳли-Байтни юксак даражада таниттириб, ислом жамиятини ҳидоят қилишда ҳамда мусулмон умматининг бирдамлиги, якдиллигини мустаҳкамлашда ўта муҳим аҳамият касб этади. Ушбу бебаҳо меросдан бир парча келтирамиз:

  «Ҳидоятчи имомларга; зулматнинг чароғлари, тақво байроқдорлари, ақл соҳиблари ва хирад эгаларига салом бўлсин. Салом бўлсин сизларга, ҳақ раҳматининг маъданлари ва илоҳий илм -маърифат хазиналари. Сизлар Аллоҳни азамат билан ёд этдингиз ва Унинг шону буюклигини мадҳ этдингиз. Аллоҳнинг зикрини қилдингиз ва ваъдаи мисоқини барқарор тутдингиз. Сизлар халқни ҳикмат ва мавъиза (панд-насиҳат) далили билан даъват қилдингиз ва Ҳақ йўлига чорладингиз. Динда устувор туриб, Аллоҳни шод этдингиз ва илоҳий пайғамбарларнинг барча ҳикматларини тасдиқладингиз.»

  Шу услубда, имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг самовий дин бўлмиш исломга ёт-бегона ақидаларга қарши мардонавор курашлари, исломнинг покизалигини сақлаб қолди ва шунинг билан, мавжуд ғоявий хавф-хатарлар таҳдидидан ислом умматини маълум даражада нажот бердилар.

  Имом ҳазратлари томонидан узоқни кўзлаб ташкил қилинган Ваколат ва Ниёбат (ноиблик) махфий ташкилоти ул ҳазрат шаҳид бўлганларидан сўнг, ислом жамиятини нобуд этувчи ҳужумдан муайян даражада муҳофаза этди. Ушбу махфий тузилма, ҳазратнинг элчи ва вакиллари орқали Аҳли-Байтнинг мусулмонлар билан алоқа ва боғлиқликлари барқарор қолишини таъминлади. Халқни ҳақ йўлга ҳидоят қилишда муҳим ўрин эгаллади. Имом жаҳоннинг турли минтақаларида яшайдиган издошлари билан алоқада бўлишлари учун имконият яратди.

  Азиз ўқувчилар, имом Ҳодий (алайҳис салом)нинг ҳаётлари ҳақидаги мақоламизни ул ҳазратнинг ҳикматли сўзлари билан тугатамиз:

  «Одамлар дунёда бойлик ва сарватлари туфайли шуҳрат қозонишади, аммо охиратда амалларига яраша мукофот олишади».

  «Яхшиликдан кўра яхши ишлар қилиш яхшироқдир, чиройли сўздан унинг айтувчиси гўзалроқдир, илмдан илмли киши афзалроқдир, ёмонликдан ёмон қилувчи, яъни унинг омили ёмонроқдир ва даҳшатдан кўра, уни олиб келувчи даҳшатлироқдир».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.