Home / Ислом тарихи / Мубоҳала куни исломнинг ҳақлиги намоён бўлди

Мубоҳала куни исломнинг ҳақлиги намоён бўлди

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Зулҳижжа ойининг 24-кунида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва Нажрон насронийлари ўртасида бўлган мубоҳала санаси ҳисобланади. Ушбу азиз кунда ислом дини бор ҳақиқати билан куфр ва ширк қаршисида тура олди ҳамда Аллоҳнинг сўнгги Расули ва ул зотнинг Аҳли-Байтлари қалбларидаги бор иймонлари билан ушбу майдонда зафар қозондилар.

Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) исломга даъват этишни кенг йўлга қўйиш учун дунёнинг кўплаб подшоҳлари, сиёсий раҳбарлари ва диний пешволарига мактублар ёзиб йўллардилар.

Ҳақиқий тавҳид, яъни якка худоликка даъват этувчи ушбу мактублардан бири Арабистон ярим оролининг жанубида яшовчи Нажрон насронийларига ҳам юборилди. Насроний уламолар муқаддас китобда Хотамуланбиё (пайғамбарларнинг сўнггиси) борасида ўқиган эдилар ва ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га доир ҳақиқатларни аниқлаш учун ўзларининг энг доно ва билимдон бўлган раис ва улуғларини Аллоҳнинг сўнгги Пайғамбари билан музокара ўтказиш учун ул ҳазратнинг олдиларига юборишди.

Нажрон, Ҳижоз билан Яман орасидаги бир шаҳар эди. Улар ҳаммаси бўлиб, олтмиш нафар отлиқдан иборат бўлган ҳолда йўлга тушишди. Улардан йигирма беш киши буюклар ҳисобланарди. Улардан учтаси ҳаммасидан ҳам катталари эди. Улар ўз бошлиқларини «Абдулмасиҳ», яъни Исо Масиҳнинг қули деб атардилар. Улар орасида Абулҳорис бин Алқама исмли бир шахс уларнинг энг кучли олими эди. У охир замон Пайғамбарининг белги ва аломатларини Инжилда ўқиган эди. Бироқ мавқеи ва шуҳратини севганлигидан мусулмон бўлолмай юрганди. Чунки, у илми билан машҳур бўлиб, қайсарлардан[1] икром ва эҳтиром кўрарди ҳамда бир неча бутхона (черков)ларда буйруқ берарди. Улар Мадинага келиб, аср намозидан сўнг Масжидга кирдилар. Уларнинг устиларида безакли папаларнинг кийимлари бор эди.

Шу вақтнинг ўзида уларнинг ҳам намоз вақти кириб қолиб, улар ҳам Масжиди шарифда намоз ўқишга турдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам мусулмонларга: «Қўйинг, тегманг, намоз ўқисинлар», деб марҳамат қилдилар. Улар намозларини шарққа қараб ўқидилар. Уларнинг катталаридан уч нафари сўз очди. Улар ўз сўзларининг орасида ҳазрат Исо (алайҳис салом)нинг исми келганда, уни баъзида Аллоҳ, баъзан Аллоҳнинг ўғли ва гоҳида эса уч Тангиридан бири деб айтардилар. Исо пайғамбарни Худо дейишларига унинг беморларга шифо бериб, ўликларни тирилтиришини сабаб қилиб кўрсатардилар. Уни ғайбдан хабар беради, лойдан қуш ясаб унга пуфласа учиб кетарди, дердилар.

Исо пайғамбарни Худонинг ўғли, дейишларига унинг отасининг муайян ва аниқ бўлмаганлигини сабаб қилиб келтирардилар. Уч Тангиридан бири бўлишига эса Аллоҳнинг кўпликда «Биз қилдик, Биз яратдик» сингари сўзларини сабаб қилиб кўрсатишга уринардилар. Агар Аллоҳ ягона бўлганида эди, У «Мен қилдим, Мен яратдим», – деган бўларди, дейишарди.

Сарвари коинот Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларни ҳақиқий тавҳид ва яккахудолик дини бўлмиш ислом динига даъват қилдилар. Бир неча ояти карималарни уларга ўқидилар. Аммо улар иймонга келмадилар. Улар: «биз сендан олдин иймон келтирганмиз», деб жавоб қайтардилар. Уларнинг қайсарлигини ва ҳақиқатни инкор қилишганини кўрган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга жавобан: «Ёлғон сўзлаяпсиз! Аллоҳнинг ўғли бор, деганнинг иймони бўлмайди», деб марҳамат қилдилар. Шунда улар: Исо Аллоҳнинг ўғли бўлмаса, у ҳолда унинг отаси ким? дедилар.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу саволга жавобан шундай марҳамат қилдилар:

– Биласизларми, Аллоҳ таоло ҳеч замон ўлмайди ва ҳар бир нарсани борлиқда тутиб турган Унинг Ўзидир. Исо (алайҳис салом) эса йўқ эди ва такрор йўқ бўлади.

– Улар: ҳа шундай, буни биламиз, дедилар.

– Расулуллоҳ: отасига ўхшамаган ҳеч бир бола йўқлигини билмайсизми?

– Улар: ҳар бир бола отасига ўхшайди. Қўй боласи қўйга ўхшайди.

– Расулуллоҳ: Билмайсизми, Раббимиз ҳар нарсани яратади, ўстиради, озиқлантиради. Ваҳоланки, Исо (алайҳис салом) буларнинг бирини ҳам қилмасди?!

– Улар: ҳа тўғри, у буларни қилмасди.

– Расулуллоҳ: Раббимиз, Исо (алайҳис салом)ни Ўзи истаганидек яратмадими?

– Улар: ҳа, шундай яратди.

– Расулуллоҳ: Исо (алайҳис салом)нинг онаси бор эди. У бошқа болалар каби дунёга келди. Улар каби озиқланди. У еярди, ичарди, зарарли моддаларни ўзидан узоқлаштирарди. Буларни ҳам биласизлар, шундай эмасми?

– Улар: ҳа, биламиз, дейишди.

– Расулуллоҳ: у ҳолда Исо (алайҳис салом) қандайига сиз айтгандек бўла олади?

Улар бирор нарса дейишга сўз топа олмай тўхтаб қолдилар. Бироқ бир оздан сўнг, улар: эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), Сен Исонинг «Аллоҳ калимаси ва Ундан бир руҳ» эканлигини айтмайсанми?», дейишди.

– Расулуллоҳ: ҳа, тўғри деб марҳамат қилдилар.

– Улар: эҳ, шу ҳам бизга етарли, деб ўжарликда давом этдилар.

Шунинг учун, Аллоҳ таоло Сарвари оламга уларни мубоҳалага, яъни «айтадиган сўзлари ва эътиқодлари тўғри бўлса, Аллоҳдан қарши томонга азоб юборишини ва агар сўзлари ва эътиқодлари ёлғон бўлса, ўзларига Аллоҳдан азоб юборишини сўрашга, бир сўз билан айтганда, Аллоҳдан ёлғон сўзловчига азоб юборишини сўрашга» чақиришни амр қилди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам менга ишонмаётган бўлсангиз, келинглар, сизлар билан мубоҳала қилайлик, дедилар. Яъни «Қайси биримиз ноҳақ бўлсак, ёлғончи бўлсак, Аллоҳ таоло уни лаънат қилиб унга азоб юборсин, деб сўрайлик!», – дедилар. Аллоҳ таолонинг ушбу фармони Оли Имрон сурасининг олтмиш биринчи ояти каримасида қуйидагича баён қилинган:

فَمَنْ حَاجَّكَ فِيهِ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَكَ مِنَ الْعِلْمِ فَقُلْ تَعَالَوْا نَدْعُ أَبْنَاءَنَا وَأَبْنَاءَكُمْ وَنِسَاءَنَا وَنِسَاءَكُمْ وَأَنْفُسَنَا وَأَنْفُسَكُمْ ثُمَّ نَبْتَهِلْ فَنَجْعَلْ لَعْنَةَ اللَّهِ عَلَى الْكَاذِبِينَ

«Энди сизга келган илмдан кейин, (насронийлардан) кимда-ким сиз билан у ҳақида тортишса (ундай кимсаларга:) «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирайлик-да, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўрайлик», деб айтинг» (Оли Имрон сураси/ 61-оят).

Нажрон насронийлари мубоҳала қилишдан олдин шундай деб маслаҳатлашадилар:

«Пайғамбар мубоҳала майдонига катта жамоа ва баланд садолар билан келса ҳам, орқага чекинмаймиз ва мубоҳала қиламиз».

Аммо улар кутилмаган бир ҳолат билан юзма-юз бўлишади.

Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир қўлларида неваралари Ҳусайнни кўтариб, бошқа қўллари билан Ҳасан невараларини қўлидан тутиб келардилар. Сарвари олам билан биргаликда ҳазрат Али (алайҳис салом) ва Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ҳам йўл олиб келардилар. Ушбу ҳолда Пайғамбаримиз ҳамроҳларига шундай буюрадилар:

«Мен нима деб дуо қилсам, сизлар фақат ОМИН дейсизлар».

Насронийлар вакиларининг ичида «Саййид» деб аталган Шарҳобил исмли бир киши уларни йиғиб олиб: «Унинг пайғамбар эканлиги ҳар нарсасидан кўриниб турибди. У ўзининг энг азизларини мубоҳала қилиш учун олиб келган. У билан мубоҳала қилиб биз ҳам, биздан кейинги келадиган насронийлар ҳам Аллоҳнинг азобига дучор бўлиб, ундан зинҳор қутула олмагаймиз. Шак-шубҳасиз, бир балога учраймиз», – деди у.

Шунда улар мубоҳала қилишдан ортга чекиниб: «Эй Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), биз Сендан розимиз. Нима хоҳласанг берамиз. Асҳобингдан бир амийн (ишончли) кишини бизга қўшиб юбор, берадиганларимизни унга берайлик», – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) улар билан сулҳ тузиб, уларга жизя[2] тайин этдилар.

Уларнинг жизяси ҳар йили икки минг либос беришдан иборат эди. Кейимларнинг бир мингтаси Ражаб ойида, қолган бир мингги эса Сафар ойида берилиши керак эди. Ҳар либосга қирқ дирҳам [135 грамм кумуш] ҳам қўшиб берилиши керак эди. Уларнинг бошлиқлари Абдулмасиҳ ва Саййидлари Шарҳобил кейинчалик исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хизматларида бўлиш билан шарафландилар.

Ушбу воқеадан яққол маълум бўладики, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин ислом уммати орасида ҳаммадан афзал ва устун бўлганлар, ул зотнинг Аҳли-Байтлари бўлмиш ҳазрат Али, ҳазрат Фотима, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн (алайҳим салавотуллоҳ)лардир. Зеро, Сарвари олам Нажрон насронийлари билан мубоҳала қилишга Аллоҳ таолонинг фармони билан Унинг даргоҳида энг азиз, юксак ва шарафли бўлган кишиларнигина олиб келдилар. Бундан маълум бўладики, фақат уларгина Пайғамбаримиздан сўнг ислом умматига раҳбарлик ва раҳнамолик қилиш ҳуқуқига эгадирлар ва қолган мусулмонлар эса уларга эргашмоқлари зарур.

Шуни таъкидламоқ лозимки, агар Сарвари оламнинг юқорида зикр қилинган Аҳли-Байтларидан ҳам афзалроқ ва юксакроқ бирор кимса бўлганида, шубҳасиз, уни мубоҳалага олиб келган бўлар эдилар. Ушбу маъно юқоридаги Қуръон оятидан очиқ-ошкор ҳолда маълумдир.

Ниҳоят, тарихий манбаларни ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келамизки, Аҳли суннатнинг аксарият тарихчи олимларининг иттифоқи назарига кўра, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мубоҳала чоғида хонадонларининг энг азиз ва энг суюкли кишиларини ўзлари билан бирга олиб келдилар ва бу воқеага оилаларидан ёки саҳобаларидан бошқа ҳеч кимни қўшмаганлар. Бу эса Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг назарида Пайғамбар хонадонларининг аҳли кимлардан иборат эканлигини ҳамда Қуръонда Сарвари оламнинг яқинларига нисбатан эътиборли ва муҳаббатли бўлиш керак деганда кимларни ўз ичига олганини ошкора баён этади.

Бундан ташқари, Аллоҳ таоло юқоридаги «Мубоҳала» оятида ҳазрат Али (алайҳис салом)ни Сарвари оламнинг «ўзлари» ёки «жонлари»[3] деб атаган ва бу эса ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг энг юқори фазилатларидан бўлиб, мўминлар амири ҳазрат Али (алайҳис салом) барча саҳобалардан кўра афзал ва устун эканликларига ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кейин фақат ҳазрат Алигина инсонларга йўлбошчилик ва раҳбарлик қилишга ҳақли эканликларига очиқ-ойдин далилдир[4].

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Насронийлар подшосига «Қайсар» деб ном берилган.

[2]. Ислом ҳокимияти паноҳида яшайдиган кофирларга тўлаш зарур бўлган маълум бир тўловга шарити исломия таъбири билан «ЖИЗЯ» дейилади.

[3]. Араб тилидаги أَنْفُس نَفْسٌ сўзини ўзбек тилига ўгирганда, «ўзи» ёки «жони» деган маъноларни англатади. Ҳар иккаласи ҳам тўғри таржима ҳисобланади.

[4]. Мубоҳала воқеасини ўз китобларида келтирган Аҳли суннат олимлари қуйидагилардан иборат:

  1. Ибн Ҳишом, «Ас-сийратун набавийяҳ», Байрут, Даарул-маърифаҳ, 1-жилд, 583-бет.
  2. Балозирий, «Футуҳул-Булдон», 3-жилд, 71-бет.
  3. Абу Абдиллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Ас-соллиҳий Ашшомий, «Субулул ҳудо вар-рошаад фий сийрати хойрил ибод», Байрут – Ливан, Даарул кутубил илмийяҳ, 1414-ҳижрий қамарий, 1993-милодий йили, 6-жилд, 415, 418 ва 419-бетлар.
  4. Ибн Асийр Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», 7-жилд, 359-бет.
  5. Ибн Холдун, «Тариху Ибн Холдун», Байрут – Даарул фикр, 1408-ҳижрий қамарий, 1-жилд, 478-бет.
  6. Тақиюддин Аҳмад ибн Али Ал-Миқризий, «Имтоъул Асмоъ», Байрут – Даарул кутубил илмийяҳ, 1420-ҳижрий қамарий, 2-жилд, 59 ва 95-бетлар.
  7. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Тарихул ислом ва вафаётил машоҳийр вал-аълом», 2-жилд, 695-бет.
  8. Абулҳасан Али ибн Ҳусайн ал-Масъудий, аш-Шофеий, «Ат-Танбийҳ вал-Ишроф», Байрут – Дорул маърифаҳ, 1404-ҳижрий йили, 253-бет.
  9. Ёқут Ҳаммуий «Муъжамул Булдон», Байрут – Даару Содир, 1995-ҳижрий қамарий, 5-жилд, 268-бет.
  10. Ибн Жавзий, «Ал-Мунтазим фий тарихил умами вал-мулук», Байрут – Даарул кутубил илмийяҳ, 1412-ҳижрий қамарий, 4-жилд, 3-бет.
  11. Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», 5-жилд, 52-бет.
  12. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», 1-жилд, 573-бет.
  13. Абул Фараж Али ибн Бурҳониддин Ал-Ҳалабий, «Ас-Сийратул ҳалабия», 3-жилд, 299-бет.
  14. Абу Бакр Байҳақий, «Далоилун-нубувваҳ ва маърифату аҳволи соҳибиш-шарийъаҳ», 5-жилд, 385-бет.
  15. Яъқубий, «Тарихул Яъқубий», Муассасатул аъламий лил-матбуот нашрида; 2-жилд, 82-бет, Даару содир нашрида эса 1-жилд, 449-бет.
  16. Ибн Саъд, «Ат-табақотул кубро», 5-жилд, 61-бет, 1-жилд, 267-бет ва шунингдек, 7-жилд, 339-бет.
  17. Абу Саъд Абдул Малик бин Муҳаммад бин Иброҳим Харгуший Нишопурий, «Шарафун-Набиййи», Макка – Даарул башаарил-ислаамийяҳ, 1424-ҳижрий қамарий,144-бет.
  18. Ибн Қутайбаҳ, Ад-Дийнаварий, «Ал-имомату вас-сиёсаҳ», 1-жилд, 208-бет.
  19. Ибн Асийр, Жазарий «Усудул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ», Даарул фикр нашрида 3-жилд, 602-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Фаришталарга устозлик қилган зотлар ҳақида

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)нинг асҳобларидан бўлмиш Муфаззал бир куни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.