Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг асоси

Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг асоси

Севимли пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, ул ҳазратнинг пок неваралари, жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳодат айёмларига хос «Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг асоси» номли мақоламизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

   Эртага Ҳусайний тосуо кунидир, муҳаррам ойининг 10-куни эса, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок неваралари, жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг вафодор ёронлари Карбало чўлида шаҳид бўлган кундир.

  Бу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Карбало карвонига қўшилган кишининг қалби меҳр-муҳаббат ва илоҳий ишққа лиммолим тўлади. Аллоҳ Расулининг пок невараси Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом) қалбингиз ипини муборак қўлларида тутиб, бизни илоҳий ишқ ва маърифатни идрок айлаш сари етаклаётгандек.

  Исломий инқилобнинг буюк раҳбари оятуллоҳ-ул узмо Хоманаий ҳазратлари имом Ҳусайн (алайҳиссалом)ни башарият аҳли учун намуна бўлган ноёб шахсият деб биладилар.

  Ул ҳазрат дейдилар:

  «Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом) инсоният қадриятлари ичида қуёш каби ярқираб туради. Анбиё, авлиё, имомлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалар ой ва юлдузлар мисоли бўлса, Ҳусайн (алайҳиссалом) қуёш каби порлоқдир.

  Ҳусайн бин Али (алайҳис салом) энг яхши намуна ва ибратдир. Зеро, унда манманлик, шахсий, қавмий ва гуруҳий манфаат йўқ.»

  Оятуллоҳ-ул узмо Хоманаий ҳазратлари нигоҳидан имом Ҳусайн (алайҳис салом) шахсияти серқирра ва жозибалидир. Бу мумтоз шахсиятнинг ҳар бир фазилати ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин. Буюк раҳбар имом Ҳусайн (алайҳис салом) шахсиятининг айрим ўзига хос хусусиятлари ҳақида айтадилар:

  «Агар бу улуғ шахсиятнинг сон-саноқсиз фазилатлари орасидан бирини тилга олмоқчи бўлсак, шулардан бири ихлосдир. Яъни Аллоҳнинг ишларига риоя қилиш ва шахсий, гуруҳий, моддий манфаатларга эътибор қаратмаслик. Ихлоснинг инсон учун ўзининг менлигидан кўра, мақсадларининг амалга ошиши муҳимроқдир.

  Ихлос қутбидан узоқлашганимиз сабабли манманлик. шахсиятпарастлик, шахсий ва гуруҳий манфаат қутбига яқинлашаверамиз. Мутлақ ихлос ҳамда мутлақ ўзбошимчалик орасида улкан майдон мавжуд.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) вужудга келтирган қаҳрамонлик эпосида игнанинг учичалик нохолислик мавжуд эмас. Бу қаҳрамонликнинг бизгача етиб келганига гувоҳсиз ва у абадийдир.»

  Исломий инқилобнинг буюк раҳбари нигоҳидан имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг яна бир ёрқин сифати Аллоҳга ишонч ва Унга таваккул қилишдир. Оятуллоҳ-ул узмо Хоманаий ҳазратлари бу ҳақда дейдилар:

  «Зоҳирбин шахслар бу шуъла Карбало саҳросида сўниб қолгай, деб ҳукм қилишарди. Аммо Аллоҳга ишонч ва имон эса, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзининг ҳақ сўзи ғолиб келишига ишонсин, деб ҳукм қиларди»

  Оятуллоҳ-ул узмо Хоманаий ҳазратлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг шахсиятларини изоҳлаб ёзадилар:

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Куфага йўл олишдан олдин Басра шаҳрининг улуғлари номига алоҳида-алоҳида мактублар ёзиб, ўз мақсадларини баён айладилар. Имом ҳазратлари бу мактубларида шундай ёзган эдилар:

  «Мен бидъатни орадан кўтармоқ ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатларини тирилтирмоқчиман. Зеро, булар суннатни ўлдириб, бидъатни тирилтирмоқчилар. Менга ким эргашса, тўғри йўл менинг йўлимдир!»

  Шунингдек, бошқа мактубларида битганлар:

  «Ислом жамиятининг пешвоси, имоми ва раҳбари фисқу фужур, хиёнат, фасод аҳли бўлмаслиги керак. Балки, Аллоҳнинг Китобига амал қилгувчи киши бўлмоғи лозим. У ботилни бир чеккага суриб, илоҳий тўғри йўлдан адашмаслиги даркор. Пешво ва имом шайтоний ва моддий жозибаларнинг асири бўлолмайди.»

  Имом Ҳусайн (алайҳиссалом)да Аллоҳга ишонч ва таваккул ҳисси бўлмаганида, ўзиларининг 100 нафардан озроқ сипоҳийлари билан душманнинг 30 минг нафарлик қўшинига қарши курашиб, Ошуронинг мангу қаҳрамонлик воқеасини яратолмас эдилар.

  Исломий инқилобнинг буюк раҳбари назарларида имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳодатининг ёрқин қирраларидан бири сабрдир. Ул ҳазрат бу ҳақда айтадилар:

  «Зулм ва гумроҳликнинг пешвоси бўлган Язид имом Ҳусайн (алайҳиссалом)ни ўзининг ёлғон ва зулм асосига қурилган ҳукуматига таслим бўлишга мажбур айламоқчи бўлди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатлари ана шундан бошланди.»

  Исломий инқилобнинг буюк раҳбари фикрларича, ўша куни ахлоқий фазилат ва разиллик орасидаги маънавий курашда ғолиб келган, ақлни жаҳлнинг устидан музаффар айлаган кишилар жуда озчиликни ташкил этарди. Аммо уларнинг шон-шарафи, майдонидаги сабр-тоқати ва жасоратлари сабабли тарих давомида минглаб кишилар бу улкан дарсдан сабоқ олишади.

  Расулулоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок неваралари имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг шаҳодатларига аталган «имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг асоси» унвонли мақоламиз шу ерда ўз ниҳоясига етди. Барча мўмин-мусулмонларга бу қайғули муносабат билан ҳамдардлик билдирамиз.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.