Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг моҳияти (1)

Имом Ҳусайн (а) ҳаракатларининг моҳияти (1)

 Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Тинчлик ва раҳмат элчиси пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, муҳаррам ойига мўлжалланган «Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳияти» унвонли биринчи мақоламизга эътиборингизни қаратамиз.

   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ислом умматига раҳбарлик ва пешволик қилиш байроғини мусулмонлар турли бидъат ва фитналарга юзма-юз бўлган оғир бир даврда ўз қўлларига олдилар. Ҳар томондан бадбинлик ва нифоқ олови алангаланарди.

  Замона ҳокими Муовия ибн Абу Суфён, имом Али (алайҳис салом) тарафдорлари ва издошларини ўлдириб, шаҳид қиларди. Мисол тариқасида Али (алайҳис салом) ҳазратларининг Ҳужр бин Адий каби бир неча вафодор ёронлари кичик баҳоналар билан Уммавийлар хилофатининг маркази бўлмиш Шом шаҳрига чақириладилар. Улардан мўминлар амири Али (алайҳис салом) ҳазратлари ҳақида нолойиқ гапларни айтиб, ул зотни ҳақоратлаш талаб қилинади. Улар ушбу талабга жавобан:

«Бундай гапларни айтишдан кўра, биз учун шамшир зарбатини тотиш яхшироқдир.»

   Бу гапларни эшитиб, ғазабга келган умавийлар ҳокими Муовия уларни шаҳид қилади. Бу воқеадан сўнг, имом Ҳусайн (алайҳис салом) замона ҳокимига кескин мактуб ёзиб, унда мўминларга нисбатан раво кўрилаётган зулмни қоралаб, Ҳижр бин Адийнинг қатл этилгани учун қатъий эътироз билдирдилар.

   Замона ҳокими Муовия ибн Абу Суфён фақатгина қудрат, бойлик, мол-мулк тўплаш ҳамда ўзлари ва атрофдагиларининг осойишатлиги ҳақида ўйларди, холос. Бу воқелик имом Ҳусайн (алайҳис салом)га нисбат берилган шеърда ҳам ўз аксини топган. Шеърнинг мазмуни қуйидагича:

   «Биз хатолар, қийинчиликлар даври илоҳий ваъдаларни бузиш замонида яшаяпмиз. Эзгулик ва яхшилик кўзлардан пинҳондир. Солиҳлар камситилган ва таҳқирланган, нодонлар эса, ҳукмрон ва иззат-обрўнинг соҳибидир.

   Одамлар орасида наҳйи мункар қилувчи (ёмонликлардан қайтарувчи) киши топилмайди. Озод инсонлар қул, қуллар эса озодалик даъвосини қилишади. Аллоҳнинг мард бандаларига эса таважжуҳ қилинмайди.»

   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг ушбу ҳаракатларидан қудрат ва ҳокимият ҳам, мол-дунё ҳам талаб қилмасдилар. Балки ул ҳазрат ижтимоий адолатни барқарор айлаш ва Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга бел боғлаган эдилар.

  Ул ҳазрат мусулмонларнинг ҳақиқий пешвоси Аллоҳнинг китоби Қуръонга сўзсиз бўйсунадиган, ана шу илоҳий кўрсатма асосида иш юритадиган, жамиятда адолатни ўрнатадиган ҳамда Ҳаққа эргашиб, ўзининг бутун вужудини унга бахш этадиган шахс бўлиши лозимлигини бир неча маротаба таъкидлаб айтган эдилар. Аммо ўша пайтлари ҳокимият, ҳукмдорликни ва дунё мол-мулкини қўлга киритиш ҳамда жамиятда фитна-фасодни авж олдириш воситаси қилиб олган кишиларнинг қўлида эди.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) умавийлар мусулмонларнинг жони, моли, энг муҳими уларнинг руҳи, фикр ва эътиқодларини асир қилганларидан қаттиқ ранжиган эдилар. Ул ҳазрат ўз Парвардигорига қилган муножотларидан бирида, Ундан ҳокимиятга интилиш ҳийлаларидан узоқлаштиришини сўраб, ўз мақсадларини қуйидагича баён этадилар:

  «Эй Аллоҳим, сен огоҳсан, бизнинг мақсадимиз халққа ҳукумат қилиш, ёки дунёнинг арзимас мол-матосини қўлга киритиш учун эмас, балки Сенинг муборак дининг нишоналарини ошкор этиш, Сенинг динингни ислоҳ қилиш учундир. Токим, Сенинг мазлум бандаларинг осойиш топсинлар, фароиз, суннат ва барча ҳукмларингга амал қилсинлар.

  Сиз эса эй одамлар, бизга ёрдам бермасаларинг, золимлар сизларга бундан ҳам кўпроқ жабр-ситам қилишади, Пайғамбарларинг ёққан чироқни ўчиришади.»

   Сарвари коинотнинг нури дийдаси бўлган имом Ҳусайн (алайҳис салом) турли усуллар билан замонанинг зулмкор ва мустабид ҳокимини элнинг кўзи олдида шарманда қилар эдилар. Ул зот ҳукмрон шахсларнинг асл моҳиятини фош этардилар.

   Ул ҳазрат замонанинг адолатсиз сиёсий тузумини халққа намоён этиб, шундай дердилар:

  «Халойиқ, огоҳ бўлинг! Булар Парвардигорларини тарк айлаб, шайтонга эргашишни ўзларига вожиб этишган. Фасод ва аҳлоқсизликни рағбатлантириб, Аллоҳнинг қонунларини унутишган. Расулуллоҳ (с.а.о) хонадонига мансуб бўлган қадриятларни ўзлариники қилиб олишган.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари ҳаж зиёратига мушарраф бўлганларида, мусулмонларни ўзларининг Минодаги  чодирларига йиғиб, халқнинг ҳақни ҳимоя қилмаганларидан койиниб, шундай дедилар:

  «Аллоҳнинг ҳукмларини бажариш – ҳаром ва ҳалолни ажрата биладиган, Унинг омонатларига хиёнат қилмайдиган диннинг амин олимлари зиммасидадир.

  Эй одамлар, Сиз Ҳақдан узоқлашишингиз ва Пайғамбарнинг суннатларига риоя қилишда ихтилофларга йўл қўйишингиз боис, бу манзилат ва мақом сизлардан олинди. Сизлар ўз мансанларингга золимларни ўтқазиб, Аллоҳнинг ишларини уларнинг қўлига топшириб қўйдингиз.

   Эй одамлар, Аллоҳга берилган ваъдаларга амал қилинмаётганини кўриб турибсиз, аммо афсуски, эътироз билдирмайсиз! Ожизлар, мискин-бечоралар, меҳр-шафқатга муҳтож кишилар шаҳарларда зулм-ситамга гирифтор бўлишди. Сизлар уларга раҳм қилмайсиз, ўз масъулиятингизни ҳис қилмайсиз, золимлар билан муроса қилган ҳолда, хотиржам ўтирибсиз.»

  Ҳижрий қамарийнинг 60-йилида Муовия вафотидан кейин унинг аҳлоқсиз ва бузғинчи ўғли Язид халифалик тахтини эгаллаб, Мадина ҳокими Валид бин Утбага имом Ҳусайн (алайҳиссалом)ни чақириб, ул зотдан ўзига байъат олиш топшириғини беради. Ҳусайн бин Али (алайҳис салом) Мадина ҳокимига қатъий эътироз билдириб, шундай дейдилар:

  «Биз нубувватнинг хонадони ва рисолатнинг маъданидирмиз. Бизнинг хонадонимиз самовий фаришталарнинг келиб кетадиган жойи ва Ҳақ раҳматининг нозил бўлиш маконидир. Аллоҳ таоло исломни биздан бошлади ва биз билан унга ривож ва равнақ бахш этади. Аммо Язид майхўр ва гуноҳсиз инсонларнинг қотилидир. У илоҳий қадриятларни назар-писанд қилмайди, ошкора фисқу фужур этади.»

  Язид Мадина ҳокимига; «имом Ҳусайн (алайҳис салом) байъат этмаса, уни қатл этиб, бошини менга юборгин», деб фармон беради.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари байъат ҳақидаги таклифни рад этиш, муборак бошларига улкан балолар келтиришини билиб, аҳли аёлллари ва ёронлари билан Мадинаи Мунавварани тарк этиб, Маккаи Мукаррама сари йўл оладилар. Бу сафар ўлимдан қочиш эмас, балки зиммаларидаги шарафли рисолат ва бурчни бажариш учун эди. Аллоҳ ҳабибининг азиз невараси бу борада одамларга қайта-қайта уқтириб, шундай дердилар:

   «Менинг рисолатим ва бурчим жамиятнинг бутун жабҳаларидаги ишларни ислоҳ қилишдир.»

  Шу билан муҳаррам ойига бағишланган «Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳияти» номли биринчи мақоламизни шу ерда якунлаймиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.