Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Карбало инқилобининг моҳияти

Карбало инқилобининг моҳияти

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

 Ошуро куни башарият тарихида оз сонли худопараст ва ҳақпараст инсонларнинг ўн минглаб жинояткор жангариларга қарши курашиб, мислсиз мардлик, қаҳрамонлик ва фидокорлик намунасини намойиш этган аччиқ фожеали кундир.

  Бугун Карбало даштида рўй берган ва инсоният тарихида абадий қолгувчи муҳим воқеаларнинг юз берган куни. Асосан Карбало инқилобининг моҳияти ҳақни юзага чиқариб ботилни йўқотишдан иборат эди.

  Бу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Фотимаи Заҳро (саламуллоҳу алайҳо) каби онанинг пок этагида, Али ибн Абу Толиб каби отанинг оғушида, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) каби мураббийнинг қўлида тарбия топдилар. Бу тарбия усули Ислом умматига нажот бериш учун ўз ширин жонидан воз кечиш учун эди.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг исломий инқилоби ўша пайтларда номидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган муқаддас Ислом динини қайта тирилтириш учун эди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) замонасида ҳақиқий ислом динидан чекиниш авжига чиққанди. Муовия мусулмон умматига ўзини халифа эълон қилиб, ислом ўлкаларининг тақдирини қўлида тутиб турарди. У дарвоқе, жабр-ситамга асосланган салтанат ташкил этиб, исломнинг азиз чеҳрасини хиралаштирган эди.

  У шариатнинг барча аҳкомлари ва қонун-қоидаларини ўз салтанатини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган даражада ўзгартириб қўйган эди. Унинг ёвуз сиёсатлари натижасида мусулмонлар Қуръони Карим ва Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳадисларида айтилиб таълим берилганидек қўрқмас, довюрак, жасур ва шижоатли кишилар бўлиш ўрнига, қўрқоқ, кўникувчан, муросачи ва зоҳирпараст кимсаларга айланишди. Ҳақни ботилдан, ростни ёлғондан, зиллатни иззатдан ажратиб олиш анчайин қийин муаммога айланганди.

  Илоҳий анбиёлар ҳаракатининг давоми сифатида имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилоблари Ҳақ йўл билан ботил (ноҳақ) йўл ўртасида фарқ қўйишга қаратилган эди. Шу сабабли, шаҳидлар саййиди шундай буюрганлар:

«Мен бобом Расулуллоҳ услубида оёққа турдим.»

  Маълумки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг услублари одамларни огоҳлантириш ва халойиққа илоҳий ҳақиқатларни тушунтириш эди. Шу боис, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз инқилоблари билан уммавийлар исломини ҳақиқий исломдан фарқ қилишини тушунтирмоқчи бўлдилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг инқилобий ҳаракатлари жараёнида Куфа аҳлидан ҳеч ким ёрдамга келмаслигини ва шаҳид бўлиш муқаррар эканлигини билганлари ҳолда, халққа амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, ҳамда уларни ҳидоят этиш ишини давом эттирдилар. Ул ҳазрат ўша лаҳзаларда Куфа халқига мактуб ёзиб, уларни умавийларнинг ёвуз мақсадларидан огоҳлантирдилар.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўша тарихий мактубда ўз имомларига қарши жанг қилиш мақсадида Куфадан чиқиб, Карбалога йўл олган ва бу ёвуз амаллари билан жаннат умидида бўлган гумроҳ кимсаларга бу нопок амалларининг аянчли оқибатини тушунтирдилар. Сўнгги лаҳзаларгача ул ҳазратнинг бутун сайъ-ҳаракатлари одамларни ҳақиқатдан огоҳ этиш, ҳамда умавийлар золим ва ноҳақ пешво эканлигини тушунтиришдан иборат эди.

  Ул ҳазрат мактубни Куфага олиб борадиган элчи шаҳид бўлишини ва Куфа аҳли Имом томонга келмаслигини яхши билардилар. Шунга қарамай, мактуб ёзишни кечиктирмадилар. Зеро, билардилар, ул ҳазратнинг элчиси Имомнинг фикрларини ўз қони билан Куфа халқига етказади ва мактуб орқали тарихда муҳрланиб қолади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди.

  Ошуро куни имом Ҳусайн (алайҳис салом) қаршиларида турган минглаб Язид лашкарига насиҳат қилдилар. Уларни ҳақ йўлга ҳидоят айладилар. Ул ҳазратнинг шунчалик ғамхўрлик ва меҳрибонликларига қарамай, тиш-тирноғигача қуролланган душман лашкари имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг вафоли ёронлари сари ҳужум қилишди. Орадан бир неча соат ўтиб, Аллоҳнинг ҳабиби, ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок неваралари Ҳусайн бин Али (алайҳимас салом) ҳамда ул ҳазратнинг вафоли ёронлари; ёш-қари, ҳатто гўдаклар ҳам ёвуз душман томонидан ваҳшийларча шаҳид қилиндилар.

  Ҳа, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳақ ва ҳақиқат йўлида шаҳид бўлдилар. Аммо ул ҳазратнинг жаҳон аҳлига кўрсатган йўллари ва берган таълимотлари абадий қолди.

  Ушбу таълимот Ислом жамиятининг ижтимоий ва маданий ҳимояти ва ҳидояти йўлида зарур ва фарз бўлган амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан ҳеч қачон ғафлатда қолмасликни уқтиради.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳазратлари шаҳид бўлиш лаҳзаларигача бутун умрлари давомида айни шу қоидага амал қилиб келдилар. Шу сабабли, Ошуро инқилоби бугунгача барқарор ва дунё бўйлаб жуда кўп инсонлар унинг муборак таъсири натижасида бахт-саодат манзили сари ҳаракат қилмоқдалар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.