Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Обис бин Аби Шабиб Шокирийнинг Карбалодаги фидокорлиги

Обис бин Аби Шабиб Шокирийнинг Карбалодаги фидокорлиги

  Севимли пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, ул ҳазратнинг пок неваралари, жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг шаҳодат айёмларига бағишланган «Обис бин Аби Шабиб Шокирийнинг Карбалодаги фидокорлиги» номли махсус суҳбатимизнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатини маълум ва машҳур қилган жиҳатларидан яна бири Имом ва ул ҳазрат ёронларининг руҳияти ҳамда пок фитратлари эди. Ошуро кунида улардаги Аллоҳга таваккул қилиш, сабр, фидойилик ва шижоат каби олий хислатлар ёрқин намоён бўлади. Етмиш икки нафардан иборат гуруҳни бир неча мингдан иборат қўшинга қарши тургани, ушбу гуруҳдаги шахсларнинг беқиёс шижоати ва жасурлигидан далолат беради. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг шижоати; ғурур, ўзбошимчалик ва шунчаки ҳис-ҳаяжонга берилиш эмас эди, балки басират ва маърифат билан ҳамроҳ эди. Айтишларича, улар ўз қавмлари ўртасида жасурлик, довюраклик ва қиличбозликда ном чиқарган шахслар эдилар. Бироқ Карбало даштида уларнинг шижоати фақат душман қаршисида туриш эмас эди, балки ушбу жасурлик уларнинг эътиқодларида ҳам, кўпроқ кўзга ташланарди. Имом ёронларининг ҳар бири жанг пайтида турли сўзлар билан нидо қилиб, душманларни ҳақ йўлга даъват этишарди ва ушбу йўлда қурбон бўлишда ҳеч нарсадан қўрқмасликларини баён этишарди. Сон-саноқсиз душман рўпарасида ва ўқ ёмғири ёғаётган бир вақтда бу каби сўзларни айтиш ҳар бир кишидан улкан жасорат талаб этади. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул зотнинг ёронлари илоҳий қадриятлар ва пок эътиқодга содиқ бўлганликлари боис, уларнинг шижоатлари баробарида қўрқув ҳеч қанақа маъно касб этмасди. Шунинг учун улар ўлимга тик боришарди.

  Ошуро кунида имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазрат ёронларининг жанг майдонидаги шижоати, ҳатто, душман бошлиқларини ҳам, ҳайратга солган эди. Душман сардорларидан бири имомнинг вафодор ва ботир ёронлари борасида шундай деган эди: «Улар ҳам қўлларида қилич тутган ҳолда бизга ташланишарди. Улар ғазабланган арслондек бизнинг отлиқларимизга ташланиб, қўрқмасдан ўлим томон боришарди.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳамда ул ҳазрат ёронларининг шижоати ва жасурлигини кўриб, Аҳқоф сурасининг ўн учинчи ва ўн тўртинчи оятлари беихтиёр ёдингизга келади:

<إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا فَلا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلا هُمْ يَحْزَنُونَ. أُولَئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ خَالِدِينَ فِيهَا جَزَاءً بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ>

  «Албатта«Парвардигоримиз Аллоҳдир», деган, сўнгра (тўғри йўлда) устиворва мустаҳкам бўлган зотлар учун хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар.Ана ўшаларгина жаннат эгалари бўлиб, у жойда мангу қолурлар. (Бу) улар қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.»

  Ошуро кунидаги жангда мислсиз қаҳрамонлик кўрсатган довюракларнинг бири, Обис бин Абу Шабиб Шокирий эди. Етмиш беш ёшли Обис Қуръонни ёддан биларди, у Али (алайҳис салом) нинг асҳобларидан эди. Обис жуда сўзга уста киши бўлиб, халқ ўртасида жасурликда ном чиқарган ва Бани Шокир қабиласидан эди. Бани Шокир қабиласи жанговарлик маҳоратлари ва жасурликда шуҳрат қозонганди. У имом Ҳусайн (алайҳис салом) ни Куфага даъват этган шахслардан бири эди. Обис имомнинг вакили Муслим ибн Ақилнинг мактубини ҳам, имом Ҳусайн (алайҳис салом)га етказган эди. Ушбу мактубни олгандан кейин, имом Ҳусайн (алайҳис салом) сафарга тайёргарлик кўрган эдилар. Обис ҳам Имомнинг карвонига ҳамроҳ бўлади. Минглаб куфаликлар имом Ҳусайн (алайҳис салом) га байъат қилиш ва аҳду паймон боғлаш учун тайёр бўлган бўлса-да, аммо Обиснинг кўнгли нимадандир хавотир оларди. Зеро, у куфаликларнинг ўтмишларини ва аҳдларига вафо қилмасликларини яхши биларди. Куфа аҳли олдин ҳам, ҳазрати Али (алайҳис салом) ва имом Ҳасан (алайҳис салом) билан ҳам, аҳдларини бузишганди. Шу нарса Обисни хавотирга солганди.

  Ошуро кечасида имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг энг яқин дўсти Ҳабиб ибн Мазоҳир шундай дейди: «Эртага жонбозлик ва бошни тик тутиш кунидир!»

  Ушбу сўзлардан сўнг, Обис бин Абу Шабиб Шокирий табассум билан деди: «Эртага кекса ёшлиларнинг қандай қаҳрамонлик кўрсатишларини кўрамиз.» Тонг отди. Обис одоб юзасидан имомнинг ҳузурларига бориб, жанг майдонига чиқиш учун изн сўрайди. У ҳар вақт имом Ҳусайн (алайҳис салом) ни нуроний чеҳрасини кўрганида, қалбида оромлик ва осудалик ҳисси уйғониб, бораётган йўлига нисбатан эътиқоди янада кўпроқ мустаҳкамланарди. Обис ўз имоми ва пешвоси билан охирги бор дийдорлашаётганини биларди. У имом Ҳусайн (алайҳис салом) билан узоқроқ қолишни жуда хоҳларди, аммо илож қанча.

  Жанг майдонига отланиши лозим эди. Обис дилидаги сўзларни шундай баён этади: «Эй Або Абдуллоҳ! Ушбу замон ва маконда мен учун сиз энг азиз ва қадрлисиз! Сиздан зулм ва ситамни даф қилиш учун жонимдан ҳам қимматроқ нарса бўлганида, сиз учун дариғ тутмасдим. Эй Або Абдуллоҳ, билгингким, мен сиз ва падари бузрукворингиз тутган йўлга ҳамиша содиқман.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Обисга жанг майдонига бориш учун рухсат берадилар.

  Обис қиличини қинидан чиқариб, жанг майдонига отланади. Душман қўшинидан бўлган сардорлардан бири дарҳол уни танийди ва шерикларига бақириб: «У билан ҳеч ким курашмасин. Акс ҳолда омон қолмайди» дейди.

  Обис душманларга хитоб айлади: «Мен билан урушадиган бирор бир мард борми?!»

  Душман унга яқинлашиш учун ҳамон журъат қилмасди. Умар Саъд ушбу ҳолатдан жазавага тушиб, бақиради: «Уни тошбўрон қилинглар!»

  Обис томон ўқ ва тош ёмғир каби ёға бошлайди. Аммо у улкан жасурлик ва довюраклик билан душманга ташланади. Жанг давомида Обис, ҳатто, жанг либоси ва бош кийимини ечиб, душманга қарши ҳужумини давом эттиради.

Ҳамма ҳайратда қолган. Обис ўн нафарга яқин душманни ер тишлатиб, яшин сингари душман жанчгчиларига ташланади.

Аммо душманнинг қўшини уни ҳар тарафдан қамраб олиб, унга янада яқинроқ келарди. Бир кекса ёшли одам шунчалик шижоат ва чаққонлик билан урушишини ҳеч ким кутмаган эди.

  Ниҳоят Обисга отилган ўқлар уни ерга йиқитишади. Унинг ерга йиқилиши биланоқ, душман аскарлари унинг баданига қилич ва найзаларини тиқишади. Шу ҳолатда имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг вафодор ёронларидан бири бўлган Обис ҳақ йўлда шаҳид бўлади.

  Аллоҳнинг саломи ва раҳмати Обисга бўлсин.

  Азиз ва муҳтарам тингловчилар, «Обис бин Абу Шабиб Шокирийнинг Карбалодаги фидокорлиги» унвонли туркум махсус суҳбатимизнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Биз эса сизлар билан хайрлашамиз. Омон бўлинг!

 

{mp3}obis-abushabib{/mp3}

fayl o`lchami: 3.04 MB

yuklab oling

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.