Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а)нинг Ошуро кунидаги фидокорликлари

Имом Ҳусайн (а)нинг Ошуро кунидаги фидокорликлари

 Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг неваралари ҳазрат имом Ҳусайн (алайҳис салом) Карбало тупроғида қарор топишлари билан, бутун Карбало замини бирдан ўзгарди, осмон қон рангига бўялди, тўфон турди, бутун минтақани қоронғилик қоплади. Осмон ғазабли, замин шармсор, ҳаво бўғиқ, малоикалар гирён эдилар.

  Лекин ҳазрат имом Ҳусайн (алайҳис салом) лабларидаги жилва гўё Худо йўлида жонини фидо қилишидан рози ва шод эканликларини англатарди.

  Душманлар том маънода нобаробар ва номардона жангга тайёр эдилар. Ҳатто ҳазрат Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом) чодирлари жойлашган маконга борадиган сувни ҳам, боғлаган эдилар. Раҳм-шафқатсиз дунёпарастлар ҳужумни бошлаш учун энг кичик ишорани кутардилар ва дақиқаларни сабрсизлик билан санардилар. Лекин имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг масъулият ҳиссиёти ва муҳаббати энг кичик фурсатдан ҳам, ҳидоят учун фойдаланишни ғанимат деб, билардилар. Ул ҳазрат кўп маротаба ўзларини таништириб, тутган йўлларининг тўғрилигини уқтириб айтардилар:

   «Халоиқ менинг сўзларимга қулоқ тутинг, жанг қилиш ва қон тўкишга шошилманг… »

   Ул ҳазрат Куфаликлардан бирига шундай дейдилар:

  «Билингларки, агар бизнинг мулоқотимиз Мадинада бўлиб ўтганда эди, уйимиздаги Жаброилнинг оёқ изини ва бобом Расулуллоҳга илоҳий ваҳий келтирган маконни кўрсатардим. Эй Куфалик биродар, бизнинг уйимиз илм қарор топган макондир. Шундай экан, булар (яъни язидийлар) ошно ва доно бўлар экану,биз жоҳил ва ноошно эканмиз!»

(Басоир-ул даражот ва Усул ал-Кофи китобидан олинди.)

  Ошурода инсоннинг юксаклиги ва унинг олий мақоми ёрқин кўзга ташланади. Чунки, Худо инсонни ўз халифаси ва кароматли мавжудот қилиб яратган ва шундай жонзотни яратгани учун Ўзини мақтаган. Ўз ҳаётини имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаёти билан боғлаган кишилар чексиз қадр ва манзалатга сазовор бўлганлар бўлиб, Аллоҳнинг Ўзи уларга харидор бўлади. Аллоҳ таоло «Тавба» сурасининг 111-оятида бу ҳақда буюради:

<إِنَّ اللَّهَ اشْتَرَى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنْفُسَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ بِأَنَّ لَهُمُ الْجَنَّةَ يُقَاتِلُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَيَقْتُلُونَ وَيُقْتَلُونَ وَعْدًا عَلَيْهِ حَقًّا فِي التَّوْرَاةِ وَالإنْجِيلِ وَالْقُرْآنِ وَمَنْ أَوْفَى بِعَهْدِهِ مِنَ اللَّهِ فَاسْتَبْشِرُوا بِبَيْعِكُمُ الَّذِي بَايَعْتُمْ بِهِ وَذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ>

   «Албатта Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарида сотиб олди – улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шод бўлаверинг. Ана шунинг ўзи улкан ютуқдир.»

  Ошуро ҳақнинг ботилга қарши, қадр-қимматларнинг пастлик ва разилликларга қарши доимий жангнинг ойинасидир. Шу сабабли, бу воқеа тарих ва жамиятларда сақланиб қолиб, ибрат намунаси сифатида Аллоҳнинг бандалари ва эркпарастлар хотирасида қолган. Бутун борлиқ Ҳақ ошиқлари ва ботил тарафдорларининг шавқли жангини кўриб турарди ва бу жонфидоликлар ва иззат соҳиби бўлмиш Аллоҳ таоло одамни яратгани учун Уни танқид қилган фаришталарга Бақара сурасининг 33-оятида буюрганидек;

<قَالَ أَلَمْ أَقُلْ لَكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالأرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنْتُمْ تَكْتُمُونَ>

   «Сизларга, Мен Еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан демаганмидим?» деб айтиш учун фаришталари билан бу буюк жангни назорат қиларди.

  Қайғули Карбало воқеасида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Худога бўлган ишқи ва фидоийлигидан таъсирланган фаришталар ўзларининг эътирозларидан шармсор бўлдилар ва яна бир маротаба Бақара сурасининг 32-оятида айтилган:

<قَالُوا سُبْحَانَكَ لا عِلْمَ لَنَا إِلا مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ>

   «Эй пок Парвардигоро, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз, холос. Албатта Сен Ўзинг илму ҳикмат соҳибисан» сўзларини таъкидладилар.

   Ёронлар ҳаммалари шаҳид бўлганларида ва имом Ҳусайн (алайҳис салом) душман билан юзма-юз ҳолда бир ўзлари яккаю ёлғиз қолганларида, ҳар томондан ўқлар ва найзалар ул зотга отиларди. Шу вақт, ул ҳазрат қиличларини қўлларига олдилар-да, у ориятсиз номардларга ҳужум қилдилар. Душманлардан кўплари имом Ҳусайн (алайҳис салом) қиличларидан ўтказилиб ҳалокатга учрадилар ёки бўлмаса қочишга тушдилар. Имом уларга дедилар:

  «Қаерга қочасизлар? Нега қочасизлар? Қандай инсонсизлар? Тўхтасам, ҳужум қиласизлар. Лекин ҳужум қилсам, қочасизлар. Ҳур ва озод бўлинглар.»

  Имом вужудида иззат-юксаклик, азамат, улуғворлик ва фидокорлик намоён бўлди, гўё Али (алайҳис салом) диловарлик билан жанг қилаётганларидек, ул зотнинг буюклиги душманларни ваҳимага солганди. Ул ҳазрат ҳар гал жанг майдонига чиққанларида: «ўлдирилиш шармсорликни қабул қилишдан афзалдир» дердилар. Душманларнинг қуршов доираси танглашиб бораверарди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) қуршовда қолганларидан сўнг, шундай дедилар:

  «Яҳудийлар Худонинг фарзанди борлигини иддао қилган вақт, Худо яҳудийлардан ғазабланди. Насронийлар учхудоликка эътиқод қилган вақтлари, Худо насронийлардан ғазабланди. Оташпарастлар қуёш ва ойга сиғинганларида, Аллоҳ оташпарастлардан ғазабланди. Ва яна бир қавм (яъни язидийлар) Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ўғлини ўлдириш учун бирлашганларида, Худо бу қавмдан ғазабланди. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳ номи билан қасамёд қилиб айтаманки, қоним тўкилиб Худоимнинг дидорига етсам ҳам, мен язидийларнинг бирор бир истакларига ижобий жавоб бермагайман.»

  Оғир ярадорлик ва қаттиқ сувсизлик имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни ҳолсизлантириб, оғир аҳволга келтирди. Ногаҳон ул ҳазратнинг пешоналарига бир тош отилди. Шунда ул зотнинг пешаналаридан қон келди. Қонни кўйлари билан артмоқчи бўлганларида, уч қирралик ўқ имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг нуроний қалбларига санчилди ва ул зот ерга қуладилар. Куннинг ярмидан бирон соат ўтган эди ва Имом ҳазратлари ўзларининг шаҳодатлари билан борлиқнинг энг гўзал қасидасини куйладилар.

  Кўплаб кишилар асосан тирик қолиш учун саъй-ҳаракат қиладиган шароитда, илоҳий фалсафани чуқурроқ англаш даражасига етиш мақсадида ўз жонларини фидо қилиш учун тайёр кишилар ҳам мавжуддир. Улар ўз қарашлари ва динлари йўлида шаҳид бўлишни афзал деб, биладилар. Дунёвий боғлиқликлардан озод бўлиш руҳияти шаҳодатталаблик деб, аталади. Ошуро куни имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг шаҳодатталаб жилваси эди. Ул ҳазрат ўзлари бу майдоннинг пешқадами ва ибрат намунаси эдилар.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ошуро кунидаги дуоларидан бирида шундай дердилар:

  «Худоё, сенга итоат ва муҳаббат йўлида 70 минг маротаба шаҳид бўлиб, қайта тирилишни хоҳлайман, айниқса менинг ўлдирилишим динни ғолиб қилиб, сенинг фармонингга итоат этишнинг қайта жонлантирилишига ва шариат номусининг тикланишига кўмак қиладиган бўлса.»

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Макка шаҳридан чиқишлари чоғи бир хутбада Худо йўлидаги ўлимнинг гўзаллиги ҳақида сўзладилар, шаҳодатни орзу қилган кишилардан иззатли ҳаёт касб этиш учун ўзларига ҳамроҳлик қилишларини хоҳладилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг сўзлари ва рафторлари ҳам, шаҳодат талаблик руҳиятига тўла эди. Улар ўз ишқ ва муҳаббатларини Худо йўлида шаҳид бўлиш, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фарзандини ҳимоялаш ва золимларга қарши кураш билан ифодалардилар ва имомга қарата шундай айтадилар:

  «Сизга ёрдам беришимиз учун бизларни қадрлаган ва Сиз билан ўлдирилишимиз учун бизларга шарофат ато этган Аллоҳга шукроналар бўлсин.»

  Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг ўғли, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг жиянлари Қосим Худо йўлида ўлишни асалдан ҳам ширинроқ деб, атади. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳам ёронларининг вафодорликлари учун уларни шарафладилар. Ул ҳазрат сингиллари ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ёронларнинг садоқатида шубҳаланганлигини ҳис қилиб, унга шундай марҳамат қиладилар:

   «Аллоҳ номи билан қасамёд этаманки, буларни синаб имтиҳон қилганман. Булар ўлимга тайёр шаҳодат-талаблардир…»

   Шунда ул ҳазратлар сўзларининг давомида ўз ёронлари ҳақида айтадилар:

«إنّی لا أَعْلَمُ أصْحَاباً خَیْرا ً مِنکُمْ وَ لَا أهْلَ بَیْتٍ أَفْضَلَ و أَبَرَّ وَ أَوْصَلَ مِنْ أَهْلِ بَیْتِی»

   «Мен сиз ёронларимдан яхшироқ ёрни билмайман ва Аҳли-Байтимдан ҳам афзал ва яхшироқ хонадонни танимайман.»

  Ислом маданиятида шаҳодат халқлар ҳаётининг кафолати ва иймон мустаҳкамлигининг манбаидир. Шу боис, жамиятда ҳақ ва адолатни ўрнатиш учун доимий равишда қурбон келтириш ва жонфидоликка катта эҳтиёж сезилади. Шаҳид ва бошқалар ўртасидаги фарқ шундаки, у энг муҳим сармоя, яъни ўзининг жонини, жамият ҳаёти учун фидо қилади. Бундай кишини ижтимоий эзгулик қилган киши билан қиёслаб бўлмайди. Шаҳид жонини бахш этиши ва ўзини фидо қилиши билан бошқалар озод ва огоҳ бўлишлари учун муҳитнинг соғломлиги ва эзгу ишларнинг амалга оширилишига шароит яратади. Шу сабабли, ҳамма инсонлар шаҳидлар олдида қарздордирлар. Ривоятларда айтилишича, Қиёмат куни илоҳий пайғамбарлар шаҳидларнинг ёнига етиб келганларида уларга ҳурмат юзасидан отларидан тушадилар.

  Шаҳодат (шаҳид бўлиш)нинг энг муҳим натижаси жамиятнинг ёруғлик ва сафога етишидир. Жамиятларнинг зулм, ноҳақлик, ҳуқуқларнинг оёқ ости қилиниши ва адолатсизлик натижасида зулмат ва таназзулга учрашини, қўрқув ва даҳшатнинг халқлар устидан ҳукм суришини биламиз. Лекин Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом) каби шахсиятлар ўз шаҳодатлари билан жамият йўналишини ўзгартирган пайтда, жамиятда басират, нуроният ва ҳаракат шакллана бошлайди. Ҳазрат имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг шаҳодатталабликлари билан жамиятда ҳукм сурган асирлик ва ҳақорат ҳиссини йўқ қилдилар, ислом жамиятига шахсият ва иззат бағишладилар ва инсонларнинг йўлини ёритувчи чироқ сифатида хизмат қилдилар.

  Кунлардан бирида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бузруквор неваралари олтинчи пешвоимиз имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) бемор бўлдилар. Ёронларидан бирига Карбалода ул зотнинг шифо топишлари учун дуо қилишни сўрадилар. Ўша ёрлари ҳайрон қолиб, сўради: – Сиз Худонинг ҳужжатисиз ва дуоингиз ижобат бўлади. Нега ўзингиз шифо учун дуо қилмайсиз? Шунда имом Жаъфари Содиқ (алайҳис салом) табассум қилиб дедилар:

إنَّ اللهَ جَعَلَ الإِمَامَةَ فِی نَسْلِهِ وَالشِّفَاءَ فِی تُرْبَتِهِ وَ إِجَابَةَ الدُّعَاءِ عِندَ قَبْرِهِ

  «Нима дединг? Аллоҳ таоло имомат ва пешволикни ул зотнинг наслида ва шифони унинг турбатида (тупроғида) ва дуонинг ижобат бўлишини Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қабри ёнида қилиб қўйди.»

  Шу услубда ҳижрий қамарийнинг 61- йилида имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ошуро воқеасида ҳамма аср ва замонларда инсонларга ҳокимларнинг зулм ва ситамига қарши туришлари ва курашишлари кераклигини ўргатдилар. Ҳатто агар Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун бел боғлаган кишилар кураш олиб бориш учун керакли куч-қудрат ва имкониятларга эга бўлмасалар ҳам, қаттиқ қаршилик кўрсатиш ва шаҳодатни танлаш билан жамиятга уйғониш, ривожланиш, ҳаёт ва шодлик бағишласинлар. Бунинг билан, шаҳидларнинг ўзлари ҳам, абадий ҳаётга эришадилар.

  Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 154-оятида ҳақ йўлда шаҳид бўлганлар ҳақида шундай айтади:

<وَلا تَقُولُوا لِمَنْ يُقْتَلُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتٌ بَلْ أَحْيَاءٌ وَلَكِنْ لا تَشْعُرُونَ>

  «Ва Аллоҳ йўлида қатл этилган шаҳидлар ҳақида: «Булар ўликлар», демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар.»

   Бундай даҳшатли Карбало фожеаси Ислом оламида фақатгина бир марта юз берди. Бу даҳшатли фожеанинг ҳақиқий моҳиятини тўла-тўкис тушуниш биз каби ожиз бандалар учун мумкин эмас. Ушбу ҳақиқатни тушуна олганимизда эди, кўз ёш ўрнига қон йиғлаган бўлардик ва бу мусибатнинг нақадар оғир эканига бардош бера олмай, бу фоний оламни тарк этган бўлардик.

أَلَا لَعْنَةُ اللَّـهِ عَلَى الظَّالِمِينَ

«Огоҳ бўлингизким, золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» (Ҳуд сураси, 18-оят)

وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ

«Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билурлар» (Шуаро сураси, 227-оят)

 NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.