Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайннинг вафодор ёри бўлмиш Зуҳар ибн Қайннинг Карбалодаги фидокорлиги

Имом Ҳусайннинг вафодор ёри бўлмиш Зуҳар ибн Қайннинг Карбалодаги фидокорлиги

   Муҳаррам ойига аталган «Имом Ҳусайннинг вафодор ёри бўлмиш Зуҳар ибн Қайннинг Карбалодаги фидокорлиги» номли мақоламизни ҳақиқат изловчиси бўлган азиз ўқувчиларга тақдим этамиз.

   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг муҳим хусусиятларидан яна бири шуки, улар Карбалода жиҳодни ирфон ва маънавият билан уйғунлаштиришган эди. Уруш ва қудрат кўрсатиш вақтларида инсон кибр ва такаббурликка берилиб, Аллоҳни унутиб қўяди. Жанг майдонида одамларнинг кўпчилиги турли йўллар билан бўлса-да, фақат душманни енгиш ҳақида ўйлашади. Уруш майдонларида одамлар томонидан номардликлар жуда кўп рўй беради. Аммо Карбало иқилобида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёронлари гўзал ахлоқ ва маънавиятга эга бўлганликлари боис, ҳақиқий мард ва жанговарларга хос бўлган хислатларни ўзларидан кўрсатишади. Инсоний ва ахлоқий бурчга эга бўлган Имом ёронларининг қаҳрамонликлари беназир эди. Аллоҳга бўлган ишқ ва муҳаббат имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг бор вужудларини қамраб олганди, ҳақ ва ботилнинг ўртасидаги ушбу курашда уларга қўшимча куч-қудрат бахш этарди. Шаҳодатга яқинлашиш улар учун Аллоҳга яқинлашиш эди ва ушбу висол иштиёғи уларга катта сабру бардош берарди.

   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг ўзлари ҳам, энг қийин ва қалтис ҳолларда, Аллоҳ зикри билан таскин топардилар ва ушбу йўл билан ором топишни оила аъзолари ва ёронларига ҳам ўргатган эдилар. Ҳаётларининг сўнги лаҳзаларида ҳам, Парвардигорларига қилган муножотлари имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг руҳий ва ирфоний ҳолатларининг давоми эди.

   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларининг қалбида Аллоҳнинг зикри чироқ мисоли доимо ёруғ ёниб турарди. Шунинг учун, умидсизлик, шубҳалар, ҳою ҳавас ва нафсоний истакларга асир бўлишлар улардан узоқлашган эди.

   Карбало даштида имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёронлари ўзларининг дуо ва ибодатлари билан урушни обидлар ва ошиқлар жиҳодига айлантиришди. Ошуро кунини буюк қаҳрамонлик достонига айлантирган омил ҳам, имом ёронларининг ошиқлик билан шаҳид бўлишлари эди. Ҳозир эса ушбу қаҳрамонларнинг бири ҳақидаги воқеани сиз азизларга айтиб берамиз. Олтмиш ёшли Зуҳайр бин Қайн Бажалий сўз устаси ва хатиб эди. Унинг ёшлиги Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом) билан ўтган эди. Улар Мадина кўчаларида биргаликда ўйнаб, дўст бўлиб ўсишган эди. Аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом) Мадинадан ҳижрат қилаётган вақт, ул ҳазратга Зуҳайр ҳамроҳлик қилмайди. Зуҳайрда имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг карвонига қўшилиш ёки Язидга ҳамроҳлик қилиш фикри йўқ эди. Аммо Ҳусайн ибн Али (алайҳис салом)нинг ҳижратлари ва ул ҳазратнинг оёққа туришлари борасидаги ўйлар унга тинчлик бермасди. Шу боис, имом Ҳусайн (алайҳис салом) карвони Мадина шаҳридан чиққан пайт, Зуҳайр ҳам оиласи ва шериклари билан йўлга чиқади.

   Имом карвони йўлнинг бирон жойида чодир қуриб, дам олишса, Зуҳайр ҳам ундан узоқроқ бўлган жойда тўхтарди ва Имом карвони йўлга тушса, у ҳам соядек унга эргашиб борарди.

  Кунлар ўтиб борарди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг карвони бир минтақага етиб боришидан олдинроқ, у ерга Зуҳайрнинг карвони етиб борганди. Имом чодирларни кўришлари биланоқ сўрайдилар: «Булар кимга тегишлидир?»

  «Зуҳайрга тегишли», деб жавоб беришади. Имом буюрадилар: «Ким менинг хабаримни унга етказади?» Ёронларидан бири хизматга тайёр эканлигини айтади. Имом айтадилар: «Аллоҳ сенга хайрли ажр-мукофот ато этсин. Менинг саломимни Зуҳайрга етказиб, унга Фотиманинг ўғли сени ҳамроҳликка чорлаётганини айт.»

   Ушбу хабарни эшитган Зуҳайр қалбида тўфон мавж ура бошлаган эди гўё.

  У шак-шубҳаларни бартараф этиб, имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ҳамроҳ бўлиш ва ёки бўлмаслик тўғрисида қарор қабул қилиши лозим эди. Ушбу ўйлар билан фикри банд бўлиб турган бир вақтда хотини унга айтади:

  «Отаси, туринг, Фотиманинг ўғли сизни чақирганлар. Ул ҳазратнинг олдиларига боринг ва сўзларига қулоқ тутинг. Агар сизни қониқтирмаса, узр сўраб қайтиб келинг.»

  Бу сўзлар Зуҳайрни бирданига уйғотиб юборгандек туюлди. Умр йўлдошининг сўзлари унинг қалбини ларзага солган эди. Зуҳайр секин ўрнидан туриб, имом Ҳусайн (алайҳис салом) томон йўл олади. Ҳали чодирга етмасдан Имомнинг ўзилари ташқарига чиқадилар. Ул ҳазрат қучоқ очиб, гўё бир йилдан бери кўрмаган дўстлари билан мулоқот қилаётгандек эдилар. Улар кўришадилар. Имомнинг нигоҳи Зуҳайрнинг совуган вужудига иссиқлик бахш этади. Энди у барча шак-шубҳаларини четга суриб, Имомга ҳамроҳ бўлишга қатъий қарор қилганди. Зуҳайр хотинининг олдига қайтади. Жонида қандайдир ҳис-туйғу жўш ураётганди. Зуҳайр хотинига қараб дейди: «Мен Ҳусайнга ҳамроҳ бўламан. Менинг вужудимда унга ҳамроҳ бўлиш иштиёғи мавж урмоқда. Сен менинг вафодор ва азиз умр йўлдошимсан. Сенинг сабринг мақтовга лойиқдир. Бироқ менинг олдимда хатарли сафарбор. Сен мени тарк этишинг мумкин.»

   Унинг хотини ҳайрат билан Зуҳайрга боқиб дейди: «Ахир, мен ўзим сизни Фотиманинг ўғлига ҳамроҳ бўлишингизни хоҳладим. Мен ҳам сизлар билан бораман.»

  Бир соатдан кейин, Зуҳайр ва унинг хотини ҳам, имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг карвонига келиб қўшилишади.

  Ҳижрий қамарийнинг 61-йили, Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни эди. Кун ботаётган пайт Умар бин Саъд аскарларидан бир гуруҳ Шамир бошчилигида имом Ҳусайн (алайҳис салом) чодирлари томон келишаётганди. Зуҳайр, Аббос бин Али ва яна ўн саккиз нафар ҳамроҳлигида уларнинг йўлларини тўсишади. Аббос бин Али улардан сўрайди: «Нима учун бу ерга келдиларинг?»

  Улар жавоб беришади: «Биз Куфа ҳокими Убайдуллоҳнинг фармонини олиб келдик. Ё таслим бўлинглар, ёки урушинглар

   Аббос бу хабарни имом Ҳусайн (алайҳис салом)га етказиш учун, ул ҳазратнинг ҳузурига боради. Зуҳайр фурсатдан фойдаланиб, уларга хитоб қилиб айтади:

   «Худодан қўрқинглар! Мен хайрхоҳлик юзасидан сизни насиҳат қиляпман. Яна пок одамларни ўлдиришда золимларга ёрдам берувчи кишилардан бўлмангиз!»

   Улар Зуҳайрни ёмонлаб, унга айтишади: «Зуҳайр, сен олдин бу хонадонгаҳамроҳ эмасдинг»

  Зуҳайр уларга жавобан айтади: «Энди ким томонда эканлигимни билган бўлсаларинг керак. Мен Ҳусайннинг издошиман. Мен сизларга ўхшаб, унга мактуб ёзиб, Куфага таклиф этмадим ва аҳдимни ҳам бузганим йўқ. Аммо мен ҳақиқатни англадим ва Ҳусайнга ҳамроҳ бўлиш бахти менга насиб этди.»

   Ошуро кечаси имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз ёронларини атрофларига тўплаб, уларга қолиш ва кетиш ўз ихтиёрларида эканликларини баён этиб, ўз байъатларини уларнинг бўйнидан кўтарганликларини эълон қиладилар. Аммо Имомнинг ёронлари ушбу сўзларни эшитиб, кўзларидан ёш оққан ҳолда, улар Карбалода қолишни танлашади. Бу борада ҳар ким ўрнидан туриб, ўз фикрини самимий ишқ ва муҳаббат ҳисси билан баён этади.

   Охирда эса Зуҳайр ушбу сўзларни у ерда тўпланганларга айтади:

   «Аллоҳга қасам, мен агар ўлсам ва яна тирилсам ва ҳатто буҳолат минг маротаба такрорланса-да, имом  Ҳусайн (алайҳис салом)дан ажралмайман ва ул ҳазратдан ҳар қанақа зулм ва балоларни даф этишга тайёрман. Эй Ҳусайн, мен сизнинг армонларингиз йўлида сизга ва ўлимга ҳамроҳлик қиламан.»

  Ҳижрий қамарийнинг 61- йили, ўнинчи муҳаррамнинг тонги эди. Уруш бошланди. имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг айрим ёронларидан тўкилаётган қонлар Карбалонинг ёнаётган ерини янада кўпроқ доғдор қиларди.

  Шу вақт Зуҳайр имом Ҳусайн (алайҳис салом)дан рухсат олиб, душман қўшини олдига бориб сўз бошлайди:

  «Эй халойиқ, Ҳусайн пайғамбарингиз фарзандидир. У ҳидоят чироғидир. Қоронғуликдан юз ўгириб, ёруғлик томонига ўтингиз! Эртага пайғамбарга нима деб, жавоб берасизлар? Аввал меҳмонни таклиф этиб, сўнгра унга қарши қилич кўтариш мардлик эмас!»

   Шу вақт, Шамир унга шундай жавоб беради: «Зуҳайр, овозингни ўчир! Сени ўлим кутмоқда!»

   Зуҳайр унга дейди: «Мени ўлим билан қўрқитмоқчимисан? Худо ҳаққи, сизлар билан уятда яшашдан кўра, Ҳусайн билан ўлиш минг бор яхшироқдир.»

   Душман қўшинлари унга уч тарафдан ҳужум бошлашди. Аммо у довюраклик билан уларга қаршилик кўрсатарди. Туш пайтида имом Ҳусайн (алайҳис салом) намоз ўқишни бошлайдилар. Зуҳайр ва Саъид бин Абдуллоҳ душман ўқлари қаршисида тирик қалқон бўлиб туришарди. Зуҳайр яраланган бўлса-да, Имомнинг намоз ўқиб олишига имкон яратиб беради. Намоздан кейин, Зуҳайр яна жанг майдонига қайтади. Душман аскарлари унга яқинлашишга журъат қилишмасди. Ниҳоят узоқдан душман аскарларининг ёмғирдек отилаётган ўқлари Зуҳайр танасини тешик-тешик қилиб юборади. У ерга йиқилади. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) келиб, уни қучоқлаб оладилар. Зуҳайр имом Ҳусайн (алайҳис салом) оғушларида жон беради. Имом қўлларини Зуҳайрнинг пешонасига қўйиб, шундай дуо қиладилар: «Аллоҳ сени раҳмат қилсин ва қотилларингни лаънат қилсин!»

  Муҳаррам ойига мўлжалланган «Имом Ҳусайннинг вафодор ёри бўлмиш Зуҳар ибн Қайннинг Карбалодаги фидокорлиги» унвонли мақоламиз шу ерда ўз ниҳоясига етди.

{mp3}zuhayr-qayn{/mp3}

fayl o`lchami: 4.47 MB

yuklab oling

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.