Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳасан (а.с) / Имом Ҳасан Мужтабо (а.с) шаҳид бўлганликларига бир нигоҳ

Имом Ҳасан Мужтабо (а.с) шаҳид бўлганликларига бир нигоҳ

 Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Бугун Аллоҳнинг расули ва элчиси ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг риҳлат кунлари, шунингдек Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг илк неваралари, ҳазрат Фотима (саломуллоҳу алайҳо) ва ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг тўнғич фарзанди, ўз сабр-қаноат ва жиҳодлари билан, ҳақпарастларнинг яловбардори ва пешвоси бўлган Ҳасан бин Али (алайҳимас салом) нинг шаҳодат кунларидир.

  Бу муносабатлар билан барча мусулмонларга таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) ҳижратнинг учинчи йили, рамазон ойининг 15- куни дунёга келдилар. Ул ҳазрат Аллоҳнинг уч нафар азиз бандаси- Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), ҳазрат Али (алайҳис салом) ва Фотимаи Заҳро (саломуллоҳу алайҳо) нинг меҳр-муҳаббатли оғушларида тарбия топдилар. Келажакда ислом умматига раҳбарлик ва пешволик қилиш учун тадрижий равишда тайёргарлик кўрдилар.

  Аллоҳнинг ҳабиби турли услубларда имом Ҳасан (алайҳис салом) нинг мақом-мартабаларини мусулмонларга тушунтирар эдилар.

  Ривоят қилишларича, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шундай буюрмишлар:

  «Жаннат ёшларининг раҳбарини кўрмоқчи бўлган одам Ҳасан (алайҳис салом) га боқсин

  Бошқа бир ўринда буюрадилар:

  «Ҳасан менинг дунёдаги энг хушбўй гулимдир.»

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ҳасан (алайҳис салом) ва унинг укаси Ҳусейн (алайҳис салом) ҳақида эзгу сўзларни шунчалик кўп айтар эдиларким, айримлар булар оталаридан кўра афзалроқдир, деган гумонга боришарди.

  Аллоҳнинг ҳабиби эса бу масалани шундай шарҳлардилар:

  «Ҳасан ва Ҳусейн дунё ва охиратнинг энг яхшиларидир. Оталарининг мартабаси эса улардан кўра юксакроқдир.»

  Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёронларидан бири ривоят қилади:

  «Расулуллоҳни имом Ҳасанни елкаларига кўтарган ҳолда кўрдим. Ул ҳазрат шу ҳолда буюрардилар:

  «Аллоҳим, мен Ҳасанни яхши кўраман, Сен ҳам уни яхши кўр!»

  Пайғамбар саҳобаларидан бири Абузар Ғифорий ривоят қилади: Расулуллоҳни Ҳасан ибн Алини ўпаётган ва ушбу сўзларни такрорлаётган ҳолда учратдим:

  «Ҳасан, Ҳусейн ва уларнинг зурриётларини яши кўрган кишининг чеҳрасини жаҳаннам олови куйдирмагай!»

  Аллоҳнинг ҳабиби ўз ёронларига имом Ҳасан (алайҳис салом)ни ҳақиқий мўъмин тимсоли таништирар, ёронлари эса Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳеч бир сўзни далилсиз айтмасликларини яхши билишарди.

  Қуръони каримда буюрилганидек,

<وَ مَا يَنطِقُ عَنِ الْهَوَى>

  «Пайғамбар ҳеч қачон ҳавои нафс юзасидан сўзламагай (Нажм сураси, 3-ояти карима)

  Имом Ҳасан (алайҳис салом) ўзларининг баракотли умрлари давомида халойиқни ҳидоят ва тўғри йўл сари етаклашга жиддий эътибор қаратар эдилар. Ул ҳазрат одамлар билан, ҳатто душманлари билан ҳам, шунчалик гўзал ва жозибадор бир тарзда муносабат қилардиларким, одамлар ҳайрат бармоғини тишлаб қолишарди.

  Тарихий китобларда ёзилишича, бир куни имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) отлиқ кетаётганларида шомлик бир киши олдларидан чиқиб, ул ҳазратни ҳақорат қилади. Имом ҳазратлари унинг одоб-аҳлоқ доирасига сиғмайдиган гаплари тугагунча сукут сақлайдилар-да, сўнгра унга боқиб, мулойимлик билан салом берадилар ва табассум ила унга сўз қотадилар:

  «Эй биродар, ўйлашимча, бу ерда ғарибсиз. Бирор-бир кўмак истасангиз, тайёрмиз. Оч бўлсангиз тўйғазамиз, яланғоч бўлсангиз, кийинтирамиз, ҳожатингиз бўлса, хожатингизни раво айлаймиз. Бошқа юртдан ҳайдалган бўлсангиз, сизга паноҳ бергаймиз. Келинг, азиз меҳмонимиз бўлинг.»

  Имом ҳазратларидан бунчалик меҳр-муҳаббатни кутмаган шомлик киши кўнгли тўлиб, йиғлашга тушади-да ва шундай дейди:

  «Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳнинг ер юзидаги халифасисиз. Аллоҳ таоло хилофат ва рисолат мақомини кимга ато айлашини яхши билади. Мен шу лаҳзагача сиз ва отангизнинг ашаддий душмани эдим. Энди англаб етдим, сиз Аллоҳ халқининг энг яхшисидирсиз.»

  Шундай юксак ахлоқли меҳрибон ва жонкуяр имомимиз Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) 50 – ҳижрий қамарий йилининг 28-сафар ойида 47 ёшларида, Муовия ибн Абу Суфён фармони билан, «Жаъда» номли хотинлари, Ашъас ибн Қайснинг қизи томонидан заҳарлантирилиб, шаҳид бўладилар. «Жаъда» бу жиноят ишни Муовиянинг ўғли Язидга хотин бўлиш орзусида амалга оширади ва Муовияга келин бўлишни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг келинлари бўлишдан афзал кўради, аммо унга ета олмайди. Негаки, Муовия «Жаъда»нинг бу ишидан кейин, унга берган ваъдасига вафо қилмай, яъни уни келинликка олмай, сувга ғарқ қилиб юборишга буюради. Оқибат, «Жаъда» ўз орзу-ҳавасига ета олмай, сувга ғарқ бўлиб ўлади.

  Азизлар, имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) шаҳодат кунларига бағишланган суҳбатимиз шу ерда ўз ниҳоясига етди. Шунинг билан, севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатлари ва имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) шаҳодат кунларини яна бир маротаба барча мусулмонларга ҳамдардлик изҳор этамиз.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Расулуллоҳ (с.а.о) риҳлатлари ва имом Ҳасан (а) шаҳодат кунлари

  Индин, сешанба, ҳижрий қамарийнинг 1435-йили, сафар ойининг йигирма саккизинчиси ва милодийнинг 2013- йили 11- …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.