Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а)га байъатнинг янгиланиши

Имом Ҳусайн (а)га байъатнинг янгиланиши

  Азиз ўқувчилар, эртага сафар ойининг 20 – куни жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг вафоли ёронлари шаҳодатининг қирқинчи куни, яъни «Арбаъини Ҳусайний» муносабати билан барча мусулмонларга ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Ошуро кунининг мағриб лаҳзалари, хусумат ва душманчиликларнинг қиличи энг ардоқли ва қадрли инсон Ҳусайн бин Али (алайҳимассалом) нинг муборок бўғизига ботган чоғи, душман энди ҳамма нарса тугади, деган хом хаёлга бориб, шодлик ва сурур ила тантанали базм ўтказа бошлади.

  Мусиқачилар уйин-кулги билан имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг Аҳли-Байти карвонини масхаралаб, мазах қилганча Шом диёригача кузатиб бордилар. Ўшанда орадан 40 кун ўтгач, инсоният тарихидаги бу даҳшатли воқеанинг ҳақиқати ошкор бўлишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди.

  Сафар ойининг 20- куни имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг вафоли ёронлари шаҳодатига 40 кун тўлгач, ул ҳазрат Аҳли-Байтининг ғам-ғуссага ботган шукуҳли асорати тугаб, карвон аҳли иззат-эҳтиром ила Шомдан қайтиб, Карбалога етиб келишди.

  Карбалонинг шер аёли Зайнаб (саломуллоҳиалайҳо), имом Ҳусайн (алайҳис салом) фарзандлари имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ва бошқа асирлар турли суҳбатларида, айниқса, Язид мажлисидаги чиқишларида унинг ғалабаси вақтинчалик эканлигини эслатдилар. Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳиалайҳо) ўз сўзларида маккор душманнинг жиноятларини фош айлаб буюрдилар:

  «Эй Язид! Сен ератрофларини ва само уфқларини биз учун беркитиб қўйганман, деб тасаввур қиласан, шекилли. Бизнинг озод бўлишга ҳеч қандай чорамиз йўқ ва қул каби ҳар томонга судрашга ҳақлисан. Бизни Аллоҳ наздида хору залил, ўзингни эса иззат-эҳтиромли дея тасаввур қилаяпсанми?!

  Эй бобомиз пайғамбар орқали озод қилинганларнинг фарзанди!

  Ҳаёт ҳодисалари мени шу куйга солиб, сен билан сўзлашга мажбур айлаган чоғи ҳам,сени жуда тубан ва олчоқдеб,биламан. Сени огоҳлантирмоқчиман! Кўзлар жиққа ёш, қалблар куйиб кетмоқда! Қанчалик ҳийла-найрангинг бўлса, ишга сол! Аммо Аллоҳга қасам, бизнинг ёдимизни диллардан мавҳ этолмайсан! Сен бизнинг иззат-эҳтиромли мақомимизга ҳеч қачон етолмайсан! Беномуслик доғини ҳеч қачон ювиб ташлолмайсан!»

  Карбало фожеаси бани Умайя ҳукуматига қарши кескин норозилик ҳаракатини вужудга келтирди ва имом Ҳусайн (алайҳис салом) га нисбатан кишиларнинг меҳр-муҳаббати янада ошишига сабаб бўлди. Аммо ўша шароитда имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилобига таҳдид қиладиган энг улкан хавф, бу- умавийларнинг тарғибот воситалари томонидан ушбу муқаддас инқилобнинг бошқача изоҳланиши эди. Янада очиқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ошуро ҳодисаси фақат имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳодатлари билан якун топганида эди, умавийлар Язид ғалаба қилди, деб тарғибот қилар, шунда бу улуғ инқилобнинг мақсад ва вазифалари соя остида қолиб кетиши мумкин эди.

  Аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг фарзандлари имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ва ул зот сингиллари ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳиалайҳо) бу тарихий инқилобнинг асосий мақсадини бутун жозибаси билан халқларнинг қулоғига етказишга оқилона чора-тадбир ила жазм этдилар.

  Улар асирликка тушган лаҳзаларидаёқ, бу ишни бошлаб юбордилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатининг ҳақиқатини баён айлаб, умавийлар ҳукуматининг фисқ-фасодга асосланган моҳиятини фош этдилар. Шу йўл билан, жамиятда уйғониш руҳиятини вужудга келтирдилар. Язидга қарши халқ қўзғолонларига аланга бахш этадиган учқунларни вужудга келтиришди.

  Карбало фожеаси ва имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилобининг 40- куни имом Ҳусайн (алайҳис салом) ул ҳазрат Аҳли-Байти карвони иззат-эҳтиром ила Мадинага қайтар чоғи, ўз шаҳидлари зиёратига бориб, кесилган бошларни баданларга қайтармоқчи бўлишди. Карвон аҳлининг пешвоси имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ва ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳиалайҳо) эдилар. Карвон аҳли Карбалонинг ғамли тупроғида қадам босишарди.

  Ошуро воқеаларини эслаш, фидойи қаҳрамонларни ёдга олиш, уларнинг қалбларида соғинч ҳиссиётини вужудга келтиради. Ривоятга кўра, Арбаъин куни сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёронлари ва саҳобаларидан бири бўлмиш Жобир бин Абдуллоҳ Ансорий (разияллоҳу анҳу) Карбалога етиб келган имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг илк зиёратчиси эди. У шаҳидлар сарвари марқадига етиб келгач, уч маротаба «Аллоҳу акбар» деди ва ҳушдан кетиб, йиқилди. Ҳушига келгач, меҳр-муҳаббат ила зиёратга киришди…

  Бугунги кунда Арбаъин мустамлакачи қудратларни синдириш ва мусулмонлар бирдамлигини намойиш этгувчи ижтимоий-сиёсий сармоядир. Одамлар Арбаъин маросимида ўзларини улкан ислом миллати уммонининг бир қатраси эканликларини ҳис қилишади ва ҳақ йўлида фано бўлиш орзусида эканликларини намойиш этишади. Ироқ ва бошқа мамлакатлардан миллионлаб мусулмонлар пиёда ҳолда Карбалога йўл олишади. Улар шаҳидлар сарвари марқадини меҳр-муҳаббат ила зиёрат айлаб, имом Ҳусайн (алайҳис салом) га қилган байъатларини янгилашади.

  Жаннат ёшларининг саййиди имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг вафоли ёронлари шаҳодатининг қирқинчи куни, яъни «Арбаини Ҳусайний» муносабати билан барча мусулмонларга яна бир маротаба ҳамдардлик изҳор этамиз.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.