Home / Аҳли-Байт / Имом Зайнул-обидин (а.с) / Имом Зайнул Обидин (а) Карбало инқилобининг давомчиси

Имом Зайнул Обидин (а) Карбало инқилобининг давомчиси

 Эртага ҳижрий қамарий ҳисоби билан муҳаррам ойининг 12-кунида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ҳазратларининг шаҳид бўлган кунларидир.

  Бу қайғули муносабат билан барча мусулмонларга ҳамдардлик изҳор этамиз

ва «Имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) Карбало инқилобининг давомчиси» унвонли суҳбатимизнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ҳижрий қамарийнинг 61-йили муҳаррам ойида содир бўлган даҳшатли воқеалар ва қон тўкишларда илоҳий тақдир асосида белгиланишига биноан, имом Ҳусайн (алайҳиc салом) нинг фарзандлари имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) тирик қолдилар, чунки, ҳазрат касалликлари туфайли уруш майдонига чиқолмаган эдилар.

  Бир инқилобни амалга ошириш ва уни вужудга келтиришдан кўра, гоҳида уни эъзозлаб сақлаб қолиш жуда қийин, қалтис ва масъулиятлидир. Бундай инқилобларни амалга ошириш учун устувор руҳия, имон, огоҳлик ва маърифатга эҳтиёж туғилади. Ушбу заруратни эътиборга олган ҳолда имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) ўзларининг 35 йил давомида имомат ва пешволикни зиммаларига олган даврларида ҳушёрлик ва сергаклик билан ўз оталари имом Ҳусайн (алайҳиc салом) юзага келтирган инқилобларини бошқариш ва раҳбарлигини олий даражада бажардилар. Имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) имоматни зиммаларига олган вақтда ислом жамияти ўзининг мушкул ва оғир даврини бошидан ўтказарди ва барча диний қадриятлар Умавийлар ташаббуси билан йўққа чиқарилган эди. Пайт пойлаш, адолатсизлик ва дунё бойлигига берилиш ушбу даврнинг машҳур хусусиятларидан ҳисобланарди.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) нинг имомат даврларида ислом жамияти фикрий ва ақидавий залворга дуч келган эди. Халқ Аҳли-Байт (алайҳимуссалом) нинг мактабларидан узоқлашган эди. Имом Зайнул Обидиннинг имомат даврлари ислом динининг энг жиддий ва оғир даврлари ҳисобланади, чунки, Язид ва унинг ўринбосарларига ўхшаган ҳукмдорлар исломий жамият ҳукуматини бошқарар эдилар. Уларнинг ҳеч бири фазилат ва инсонийликдан баҳра олмаган эдилар. Имом Зайнул Обидин (алайҳиссалом) ўз умрларининг иккинчи яримини шундай бир муҳитда ўтказдилар. Бундай муҳитда агар кимда-ким, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалам) Аҳли-Байтининг номини тилга олса, унга қарши жиддий ва қаттиқ муомала қилинарди ва халқ эса пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалам) нинг фарзандларидан узоқлашишга саъй-ҳаракат қилардилар.

   Бошқа томондан эса, исломий футуҳот (ғалаба қозонишлар)нинг кенгайиши, турли маданиятга эга бўлган миллат ва элларнинг ислом жамиятига қўшилишларига боис бўлди. Ушбу масалалар оқибатида имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) ўта оғир бир шароитда ўзларининг ҳидоятга чорлайдиган фикрлари билан, ислом дини ҳаётини янгилаш ва унинг фикрий тизимини ўзгартириш учун саъй-ҳаракат қилишга мажбур бўлдилар. Имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) мусулмонларга диннинг ҳақиқий маъно-мафҳумини тушунтириш ва ислом динининг асл ғоя ва ақидаларини халқнинг жон ва онгларида жой беришга ҳаракат қилдилар. Шу тартибда имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) нинг Умавий золим ҳукуматига қарши курашиш услублари Аҳли-Байт (алайҳимуссалом) нинг илм ва маърифатларини тарқатишдан иборат эди. Тарих гувоҳлик беришича, имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) масжидларини билим олиш масканига айлантириб, у ерда фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом (ақоид), ирфон ва ахлоқнинг турли мавзулари хусусида илмий баҳсларни ташкил этардилар. Мана шу тарзда Аҳли-Байт (алайҳимуссалом) ёронлари ва дўстларининг миқдори кўпая бошлади ва кейинги йилларда имом Боқир ва имом Содиқ (алайҳимассалом) ларнинг кенг кўламли ғоявий ва фикрий фаолиятларига замин яратди.

  Шу тартибда имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) ўз имомат ва пешволик даврларида устуворлик ва қатият билан Ошуро ҳодисаси вужудга келган кунларидан бошлаб то кейинги йилларгача турли равиш ва услублар билан Умавийлар ҳукуматига қарши курашдилар. Ул ҳазрат Карбало воқеасидан сўнг, таъсирчан хутба ўқишлари орқали фикрий ва маданий фаолиятларини бошладилар ва ўзларининг оғир ва мушкул масъулиятларини амалга оширдилар. Ушбу йиллар давомида имом Зайнул Обидин (алайҳиc салом) ҳазратлари ҳақиқатнинг жоҳиллик устидан ғалаба қилиши учун жиддий тарзда кураш олиб бордилар. Имом Зайнул Обидин (алайҳиссалом) ҳазратларининг давомли фаолиятлари натижасида фикрий ва маданий соҳаларда халқнинг огоҳлиги ва маърифати ортиб борарди ва Умавийларнинг ҳақиқий моҳиятлари жамоатчилик фикри олдида ойдинлашарди.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) падари бузрукворларини шаҳид қилганлар фақат Язид ва унинг қонхўр лашкаригина эмаслигини яхши билардилар.

  Бу даврга келиб, ислом ўлкаларининг сиёсий вазияти анчайин нозиклашганди. Жоҳил кимсалар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг Аҳли-Байтини сиёсий саҳнадан четлаштириб, подшоҳлик тузумини аввалги жоҳилият давридаги ҳолатга қайтаришга ҳаракат қилишарди.

  Буни яхши билган имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) жамиятни тинч-тотувлик билан ҳидоят сари бошлаш мақсадида дуо ва муножотлар орқали маънавий инқилобга асос солдилар.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ўз дуоларида инсонлар фитратида яширин бўлган художўйлик ҳиссини уйғотишга эътибор қаратадилар. Ана шу ҳис инсоннинг ҳулқ-атворини ўзгартириб, уни камолот сари ҳидоят этиши муқарар. Художўй инсон исён, гуноҳ ва зулм-ситамдан парҳез қилади. Художўй инсон замона тўфонлари қаршисида ўз жони ва руҳини ҳимоя қила олади.

  Ҳасад, ғаразгўйлик, мансабпарастлик, кибр, ғурур каби ножўя хислатлар инсон руҳиятига доимий равишда босим ўтказади. Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) бу нолойиқ хислатларга қарши курашиш усулларини таклиф қиладилар.

  Мисол тариқасида, одамизотга хос хусусиятлардан бири унинг дунёга кўнгил қўйишидир. Имом ҳазратлари ўз таълимотларида дастлаб инсонга етказадиган дунё ва унинг ҳою ҳавасларининг зиёнларини баён этиб, уни танқид қиладилар. Сўнгра эса, «Парвардигоро, дунёни менинг учун ибодат ва бандалик қилиш маконига айлантир», дея илтижо қиладилар.

  Ул ҳазратнинг маънавий таълимотлари йиғиндиси бўлган «Саҳифаи Сажжодия» китобида дуолар тўпламининг 47-дуосида буюрадилар:

  «Парвардигоро, сенинг наздингда мавжуд бўлган саодатдан мени қайтаргувчи, сенга яқинлашишдан мени ғафлатга бошловчи тубан дунёнинг муҳаббатини қалбимдан кўтар.»

  Инсон табиатан шундай мавжудотким, бир нарсага кўпрок эътибор қаратса, бошқа амалдан ғафлатда қолади. Бу хусусият кўп холатларда унинг тўғри йўлдан адашишлари, ҳатто ҳалокатига сабаб бўлади.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) ҳаётнинг турли саҳналаридаги 35 йиллик кураш ва саъй-ҳаракатларидан кейин, Валид ибн Абдулмалик томонидан заҳарланганликлари сабабли шаҳодатга етиб, руҳлари қудсий оламга шитоб айлайди.

  Ул ҳазратнинг пок қабрлари Мадинадаги Бақиъ қабристонида жойлашган.

  Қадрли тингловчилар, имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) нинг шаҳодат топган кунларига бағишланган махсус эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Буюк Парвардигорнинг паноҳида бўлинг.

Share

Check Also

Имом Сажжоднинг ўзлари билан аҳмоқона муомалада бўлганларга муносабатлари

Диний раҳнамоларнинг ҳаётлари  биз учун шараф, эзгулик, олижаноблик ва инсонийлик дарсидир. Уларнинг маънавий сифатлари улар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.