Home / Шариат қонунлари / Жиҳод / Исломда жиҳоднинг сабаблари(2)

Исломда жиҳоднинг сабаблари(2)

  Мужоҳидларнинг баъзилари жоҳилият давридан қолган одатлар юзасидан моддий ғаниматларга кўз тикканларида, бошқа мусулмонлар тарафидан қаттиқ маломат қилинардилар.

 <تُرِيدُونَ عَرَضَ الدُّنْيَا وَاللَّهُ يُرِيدُ الآخِرَةَ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ>

  «Сизлар дунёнинг [ўткинчи] матоҳини истайсизлар. Аллоҳ эса [сизлар учун] охиратни истайди. Ва Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.» (Анфол сураси, 67-оят)

  Шак-шубҳасиз, исломдаги жиҳоднинг улкан имтиёзи (устунлиги) адолат, инсоний шараф ва озодликни ўртага келтириш йўлида курашишдан иборат. Доктор Мажид Хадурий бу борада ёзади:

  «Диққат қилмоқ лозимки, исломда жиҳод восита ва асбоб ўрнида кўрилган бўлиб, токи, шу орқали «кофирлар диёри»ни «ислом диёри»га айлантирсинлар. Агар бир кун келиб ушбу мақсад амалга ошса, кофирлар диёрига қарши урушишдан иборат жиҳоднинг асосий мақсади ўртадан кўтарилади ва фақат исломнинг ички душманлари (мунофиқлар)га қарши курашишдагина жиҳод қилинади. Ахир-оқибат, ички душманларга қарши жанг қилиш ҳам ниҳоясига етади.

  Шунга биноан, айтиш мумкинки, ислом тафаккурида жанг қилиш асл мақсад эмас, балки тинчлик ва осойишталикни таъмин этиш учун сўнгги восита деб танилган[1].»

  Исломдаги жанг қонун-қоидаларида инсоний ва ахлоқий сажиялар (фазилатлар) комил суратда риоя қилинади. Бу қоидаларнинг адолат ва инсонийлиги, энди ҳам ҳеч бир «маданиятли» ўлкаларнинг қонунларида кўзга кўринмайди. Ислом одамларнинг жонини ҳимоя этиш ва гуноҳсизлар ўлдирилишининг олдини олиш учун, шунингдек, ноҳақ қон тўкилмаслиги учун қатъий чора-тадбирлар кўради.

  Исломда душманчиликдан қўл тортмоқ ва сулҳ эълон қилмоқ душманнинг таслим бўлишига боғлиқ эмас. Душман тарафидан хавф-хатар бўлмаганда ҳам, бундай шароит яралиши мумкин. Агар душман мусулмонларга қарши тажовузкорона ва босқинчилик хатти-ҳаракатлардан қўл тортса ва уларга қарши фитна-фасод уюштирмаса, сулҳ тузмоққа ижозат берилади. Уруш вақти мужоҳидлардан бири қайсидир душман аскарига омон берса ва унинг билан бу борада аҳд-паймон тузса, ҳатто исломнинг энг юксак вазифадор қонун ижрочиси ҳам, ўша аҳдни бекор қила олмайди.

  Жангда хонавайрон қилувчи хатти-ҳаракатларга қўл уриб, экинзорларга зарар етказмоқ, сув ва озиқ-овқат йўлларини тўсмоқ, душманнинг мол-мулкларини ёқиб юбормоқ, болаларга, кексаларга, аёлларга ва xасталарга қўл кўтармоқ қатъиян ман этилган. Душман элчилари ва унинг музокарага келган вакиллари ҳам, тегинилмаслик ҳуқуқига эга бўладилар.

   Париж олий ўқув юртининг прoфессoри Муҳаммад Ҳамдуллоҳ ўз китобида шундай ёзади:

  «Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир миллиoн квадрат милдан ортиқ ерларга ҳукмронлик қиларди. Бу миқдордаги масофа эса россияни ҳисобга олмаганда бутун Оврўпо ҳудудига тенг келарди. Шак-шубҳасиз, ўша замонда ушбу ҳудудда миллионлаб инсон яшарди. Ушбу кенг ҳудудлар фатҳ (забт) этилган вақт уруш майдонларида мусулмонларга муxолиф бўлганлардан фақатгина 150 нафар ўлдирилганди. Мусулмонлар уруш пайти 10 йил мобайнида ҳар ойига бир шаҳид бергандилар. Буларнинг ҳаммаси исломнинг нақадар инсон ҳаётига ва жонига қандай ҳам улкан баҳо берганини очиқ шаклда кўрсатади[2].»

  Ушбу ҳақиқатни янада ёритадиган далилларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

  Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳақ йўлда жангга борган жанговарларига шундай топшириқ берардилар:

  «Боринглар! Аллоҳнинг номи ила, Аллоҳнинг йўлида, Аллоҳнинг нусрати билан ва Унинг элчисининг усули асосида урушинглар! Хиёнат ва макр қилманглар! Ҳеч кимнинг бадан аъзоларини кесманглар. Кексаларни, аёлларни ва болаларни ўлдирманглар. Зарур бўлмасдан ва ноилож қолмай туриб, бирор дарахтни кесманглар. Сизларнинг ҳар қайсингиз, хоҳ юқори даражали бўлсин ёки оддий аскар, (душмандан) бирор кимсага паноҳ ва омон берса, ўша шаxсга тегманглар, токи, ҳақ сўзни эшитсин. Бундайлар агар сизга эргашсалар, биродарингиз ҳисобланадилар. Акс ҳолда, уларга бошпана берингларҲар бир ҳолатда Аллоҳдан мадад сўранглар[3].»

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) Муовиянинг қўшини билан урушишга ҳозир бўлган ўз қўшинларига шундай буюрдилар:

  «Душман уруш майдонидан қочганда уни таъқиб этманглар ва қочганларни ўлдирманглар. Ўзларини ҳимоя қила олмаганларни ва ё майдонда ярадор ҳолда қолганларни азият-озор берманглар. Аёлларга омон беринглар, уларга тўқинманглар ва уларни хафа қилманглар.»

  Жанг вақти душман шундай амалларга қўл уриши мумкинки, мусулмонларда унинг интиқомини олмоқ ҳиссиёти уйғонсин. Бундай қалтис ҳолатларда ҳам, мусулмонлар ўзларининг асл ҳадаф ва мақсадларини унутмай, ҳис-туйғу ва ҳаяжонларга ғолиб келишнинг уддасидан чиқа олишлари керак. Ушбу воқеани кўпчилигимиз эшитганмиз:

  Урушларнинг бирида ҳазрат Али (алайҳис салом) ўз душманига зарба уриб, уни ерга қулатадилар. Сўнгра куксининг устида ўтириб кофирнинг бошини кесмоқчи бўлганларида, душман ўз оғзининг сувини ул ҳазрат (алайҳис салом) нинг муборак юзларига отади. Мўминлар амири Али (алайҳис салом) зудлик билан ўринларидан турадилар. Бунинг сабабини ул зотдан сўраганларида, ҳазрат шундай деб, жавоб берадилар:

  «Душманнинг бу хатти-ҳаракати мени қаттиқ ғазаблантирди. Агар ўша вақт уни ўлдирсам эди, бу ишни шаxсий интиқом олиш ҳиссиёти билан бажарган бўлардим. Ундан шаxсий интиқом олишни ва пок ниятларимни бундай қадриятсиз ҳис-туйғуларга қурбон қилишни истамадим.»

  Ислом дини бутун башариятнинг қалбида одамларга нисбатан инсоний ҳис-туйғу пайдо қилиб, ҳеч бир шароитда адолатсизликка йўл қўймайди. Адолатли Аллоҳ йўлида адолат юзасидан жанг олиб борган мусулмонлар адолат чегараларидан ўтиб, тажовуз қилишга ҳақлари йўқдир. Ислом душманга босиб ўтказиб тажовуз қилишни душманнинг қилган тажовузи миқдорида чеклаб, Қуръон бу борада мужоҳидларга очиқ-ошкор уқтириб, шундай буюради:

<فَمَنِ اعْتَدَى عَلَيْكُمْ فَاعْتَدُوا عَلَيْهِ بِمِثْلِ مَا اعْتَدَى عَلَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ>

  «Кимки, сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга ўша меъёрда тажовуз қилинглар. Ва Аллоҳга тақво қилингиз ҳамда билингизким, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.» (Бақара сураси, 194-оят)

<يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ شُهَدَاءَ بِالْقِسْطِ وَلا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلَّا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ>

  «Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун доим собит қадам ва адолат юзасидан гувоҳлик берувчи бўлингиз. Бирор қавмни ёмон кўришингиз сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин. Адолат қилингиз ким, у [адолат] тақвога яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.» (Моида сураси, 8-оят)

<وَلا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ أَنْ صَدُّوكُمْ عَنِ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ أَنْ تَعْتَدُوا>

  «Сизларни Масжидул Ҳаромдан тўсганлари учун бирор қавмни ёмон кўришингиз [уларнинг ҳуқуқига] тажовуз қилишингизга олиб бормасин.» (Моида сураси, 2-оят)

  Ислом дини бутун дунёда адолатни кенг кўламли ва том маънода барқарор этмоқ ва барча инсонлар жамияти орасида ижтимоий ва халқаро адолатни барпо қилмоқ учун келган. Шунинг учун ҳам, ҳатто бир гуруҳ мусулмонлар адолат ва ҳақ йўлидан чиқиб, тажовузкорлик йўлига ўтсалар, улар билан оxирга қадар урушмоққа амр этилади.

<وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا فَإِنْ بَغَتْ إِحْدَاهُمَا عَلَى الأخْرَى فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّى تَفِيءَ إِلَى أَمْرِ اللَّهِ فَإِنْ فَاءَتْ فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ وَأَقْسِطُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ>

  «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол уларнинг ўртасини ислоҳ қилинглар. Энди агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, шунда сиз тажовуз қилган тоифага қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинглар, агар [тажовуз қилган тоифа Аллоҳнинг итоатига] қайтса, унда сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинглар. Адолатли бўлинглар. Зеро, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар.» (Ҳужурот сураси, 9-оят)


[1]. Исломда жанг ва сулҳ, 214-бет.

[2]. Расули Акрам (с.а.о) жанг майдони, 9-бет.

[3]. Васоилуш-шиа, 2-жилд, 424-бет.

Share

Check Also

Исломда жиҳоднинг сабаблари(1)

   Исломнинг мушрикларга қарши курашлари ишғолчилик, мустамлакачилик ва иқтисодий манбаларга таянмоқ каби моддий сабаблар юзасидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.