Home / Долзарб мавзулар / Вилояти фақиҳ / Вилояти фақиҳ назариясига Қуръоний, ҳадисий ва ақлий далиллар

Вилояти фақиҳ назариясига Қуръоний, ҳадисий ва ақлий далиллар

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Маъсум имомларимиз ўзларининг кўпгина ҳадисларида биз шиаларни ҳамма шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳид томон йўналтирганлар. Шу боис, агар биз шиалар имомларимизнинг кўрсатган йўлларига ва айтган буйруқларига бўйсунмоқчи бўлсак, ўз замонамиздаги бутун шарт-шароитларга эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳиднинг буйруқларига бўйин эгмоғимиз лозим бўлади.

Вилояти фақиҳ тушунчаси борасида бериладиган саволлардан бири шундан иборат:
«Вилояти фақиҳ назариясига қандай Қуръоний, ҳадисий ва ақлий далиллар мавжуд?»
Шуни айтмоқ жоизки, «Вилояти фақиҳ» тушунчаси ҳақ ва тўғри эканлигини турли далиллар билан, жумладан Қуръоний, ҳадисий ва ақлий йўллар билан исботлаш мумкин ва биз бу ерда шу нарсани мухтасар шаклда кўриб чиқамиз.

Бутун шарт-шароитларга эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидга итоат қилишга оид ояти карима:

Бу борада кўпинча илгари сурилган ояти карима қуйидагидан иборат:

﴿يَأَيُهَّا الَّذِينَ ءَامَنُواْ أَطِیعُواْ اللهَ وَأَطِیعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِی الْأَمْرِ مِنکُمْ﴾

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилингиз, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган иш эгаларига [бошлиқларга] итоат этингиз». (Нисо сураси, 59-оят).

Ушбу ояти каримани далил сифатида келтирадиганлар фақиҳ ва мужтаҳид шахсни أُوْلِی الأَمْرِ иш эгалари, бошлиқлар ва йўлбошчилар сирасидан деб билиб, унга итоат этишни вожиб деб уқтирганлар.
Ушбу ояти кариманинг тафсирида келган ҳадисларда очиқ-ойдин шаклда маъсум имомларимиз бошлиқлар ва иш эгаларининг айний намунаси деб таништирилганлар ва мазкур оятнинг мазмунига биноан, уларга итоат қилмоқ вожибдир. Шу боис, ушбу ояти карима «Вилояти фақиҳ» тушунчасини исботлаш учун мустаҳкам далил ҳисобланмайди.

Бироқ мазкур ояти каримани қуйидагича далил қилиб келтира оламиз:
Маъсум имомларимиз أُوْلِی الأَمْرِ бошлиқлар, йўлбошчилар ва иш эгалари бўлиб, уларга итоат этиш шак-шубҳасиз, вожибдир. Демак, агар маъсум имом менинг фалончи вакилимга итоат қилинглар, деб буюрса, маъсум имомнинг вакилига итоат қилмоқлик, айнан маъсум имомга итоат этиш бўлади, акс ҳолда ушбу вакилга қарши чиқмоқ айнан маъсум имомга қарши чиқиш ҳисобланади. Негаки, маъсум имом мазкур вакилга итоат қилишни буюрган.

Шунга биноан, маъсум имомларимиз ўз ҳадислари билан, биз шиаларни бутун шарт-шароит ва талабларга эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳид томон йўналтирганлар. Шунинг учун, агар маъсум имомларимизнинг кўрсатган йўлларига ва айтган буйруқларига итоат қилмоқчи бўлсак, замонамизнинг ҳамма шарт-шароитларга эга валий ва йўлбошчи бўлган фақиҳ ва мужтаҳиднинг кўрсатган йўлига ва айтган буйруғига итоат қилишимиз вожиб бўлади. Ушбу изоҳимизда мазкур ояти карима восита билан, [тўғридан тўғри эмас] бутун шарт-шароитларга эга бўлган валий ва йўлбошчи мужтаҳидга итоат қилиш вожиб эканлигига далолат қилади.
Вилояти фақиҳ тушунчаси ҳақидаги ҳадислар:

Маъсум имомларимиздан «Вилояти фақиҳ» ҳақида йигирмага яқин ҳадис ривоят қилинган бўлиб, биз ушбу мақоламизда улардан фақат икки ҳадисни келтирамиз;

1. Умар ибн Ҳанзала айтади:

عن عمر بن حنظلة: قال سألت أبا عبْد اللَّهِ (عليه السلام) عنْ رجلین من أصحابنا بینهما منازعة فی دَین أو میراث فتحاکما إلى السلطان وَ إلى القضاة أیحلّ ذلِكَ؟

قال: مَنْ تَحاکَمَ إلَیْهِمْ، فی حَقٍّ أَوْ باطِلٍ، فَإنَّما تَحاکَمَ إلَى الطّاغُوتِ وَما یُحْکَمُ لَهُ، فَإنّما یَأْخُذُهُ سُحْتاً وإنْ کانَ حَقّاً ثابِتاً لَهُ؛ لَأَنّهُ أَخَذَهُ بِحُکْمِ الطّاغُوتِ وَما أَمَرَ اللَّهُ أَنْ یُکْفَرَ بِهِ. قالَ اللَّهُ تَعالى: یُریدوُنَ أَنْ یَتَحاکَمُوا إلَى الطّاغُوتِ وَقَدْ أُمِروُا انْ یَکْفُرُوا بِهِ.

قلتُ: فكیفَ یصنعان؟

قال: انظروا إلی مَنْ کانَ مِنْکُمْ مِمَّنْ قَدْ رَوى حَدیثَنا وَنَظَرَ فِی حَلالِنا وَحَرامِنا وَعَرَف أَحکامَنا، فَلْیَرْضَوْا بِهِ حَکَمًا، فإنّی قَدْ جَعَلْتُهُ عَلَیْکُمْ حاکِمًا. فإذا حكم بحكمنا فلم یُقبل منه، فإنّما بحكم الله قَدِ استُخِفَّ، وعلینا رُدَّ، والرادُّ علینا الرادُّ علی الله، وهو علی حدّ الشرك بالله»

Мен Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан сўрадим: Бизнинг ёру-дўстларимиздан [шиалардан] икки киши қарз ва мерос масалаларида келиша олмай, муҳокама учун шаҳарнинг ҳокими ёки қозиси ёнига борадилар. Уларнинг бу иши тўғри ва жоизми?

Ул ҳазрат дедилар: «Кимки, бирор иш юзасидан, хоҳ у иш тўғри ёки нотўғри бўлсин, уларнинг [ўша ҳоким ёки қозиларнинг] ёнига борса, дарҳақиқат, тоғутнинг [ҳақдан чиқиб, ўз ҳаддидан ошган кимсанинг] ёнига муҳокама учун борган ҳисобланади. Агар улар унинг тўғрисида бирор ҳукм чиқаришса, агарчи ўша ҳукм унинг аниқ ҳаққини ундириб берса-да, бироқ ҳаром молни олган бўлади. Зеро, ўша молни тоғутнинг чиқарган ҳукмига биноан, қўлга киритган. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг амрига биноан, тоғутга нисбатан кофир бўлмоқлик лозимдир. Аллоҳ таоло бу борада буюради: «[Айрим кишилар] тоғутдан ҳукм сўраб боришни истайдилар. Ҳолбуки, улар унга [тоғутга] куфр келтиришга буюрилганлар» (Нисо сураси, 60-оят)». 

Шунда мен: «Улар қандай йўлни тутсинлар?», дедим.

Ул зот дедилар: «Ўз ораларингиздан Биз [имомлар]нинг ҳадисларимизни ривоят қиладиган, Биз баён қилган ҳалол ва ҳаромга назар соладиган [ҳалол ва ҳаромни чуқур биладиган] ва Бизнинг аҳкомларимизни яхши тушунадиган шахснинг йўлбошчилигига рози бўлиб, уни тан олингиз. Шубҳасиз, мен бундай шахсни сизларга ҳоким қилиб тайинладим. Демак, агар у бизнинг ҳукмимиз бўйича ҳукм қилса ва ундан ушбу ҳукм қабул қилинмаса, шубҳасиз, Аллоҳнинг ҳукмига енгил қаралган ва биз имомларга рад жавоб берилган бўлур. Бизларни рад этган эса Аллоҳ таолони рад этган бўлур ва бу эса Аллоҳга ширк келтириш даражасидадир».

Ушбу ҳадисдан яққол кўриниб турибдики, олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бутун шарт-шароит ва талабларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидни вилоят, пешволик, йўлбошчилик ва раҳбарлик мартабасига тайинлаганлар.

2. Ўн иккинчи пешвоимиз ва сарваримиз Имом Маҳдий (Аллоҳ таоло ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) томонларидан охирги хос ноиблари Али ибн Муҳаммад Самурийга содир этилган мактуб:

Имом Маҳдий (алайҳис салом) ўз хос ноибларининг тўртинчиси бўлмиш Али ибн Муҳаммад Самурий вафот этишига олти кун қолганда, унга мактуб йўллаб, уни оламдан ўтиш вақти яқинлашганидан хабардор қиладилар ва хос ноиблардан сўнг шиаларга кимлар раҳбарлик ва йўлбошчилик қилишини умумий шаклда шундай деб баён этадилар:

«وأمَّا الْحَوَادِثُ الْوَاقِعَةُ فَارْجِعُوا فِیهَا إِلَیٰ رُوَاةِ حَدِیثِنَا فَإِنَّهُمْ حُجَّتِی عَلَیْکُمْ وأَنَا حُجَّةُ اللهِ عَلَیْهِمْ»

«Юз берадиган ҳодиса-воқеаларда бизларнинг ҳадисларимизни ривоят қиладиган ровийларга [фақиҳ ва мужтаҳидларга] мурожаат қилинглар. Зеро, улар менинг сизларга бўлган ҳужжатимдир ва Мен эса Аллоҳнинг уларга бўлган ҳужжатиман».

Ушбу ҳадиси шарифда замонамиз Пешвоси ва Сарвари бўлган Имом Маҳдий (алайҳис салом) ғайбат замонида [яъни маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда] мусулмонларга фақиҳ ва мужтаҳидларга юзланишни ва уларни умумий шаклда маъсум имомнинг нойиблари сифатида барча ишларда валий, бошлиқ ва раҳбар қилиб олишни буюрганлар.

Вилояти фақиҳ назариясига ақлий далил

Вилояти фақиҳ назариясини исботлашда ақлий далилга келадиган бўлсак, ушбу далил олти муқаддимага асосланган бўлиб, ушбу мақаддималар асосида ақл ислом жамиятида фақиҳ ва мужтаҳиднинг ҳоким ва раҳбар бўлишига ҳукм қилади.

1. Ҳузур замонида [маъсум имом ҳамманинг кўз ўнгида ҳозир ва нозир бўлган вақтда] ислом умматига раҳнамолик ва йўлбошчилик қилиш маъсум имомнинг зиммасидадир ва шубҳасиз, бошқаларнинг ҳокимияти эса Аллоҳ таоло, Унинг йўллаган пайғамбари ва пайғамбарнинг барҳақ ворислари бўлмиш маъсум имомларнинг ҳокимиятини тортиб олиш ҳисобланади.

2. Аллоҳ таолонинг қонун чиқаришдаги ҳокимлигининг тақозоси бўйича, ҳукумат ва бошқарув ғайбат асрида [маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда] ҳам шариати исломиянинг ҳукмлари, қонун-қоида ва қарорларини амалга оширишда хизмат қилмоғи лозим ва бу ҳукмлар таътил қилинмаслиги керак. Зероки, ақлнинг зарурий ва қатъий тақозосига биноан, ислом динида баён этилган аҳкомлар ва қонун-қоидалар барча замонлар ва маконларда жорий этилиши лозим.

3. Шак-шубҳасиз, шариати исломиянинг ҳукмлари ва қонун-қоидалари жорий этилиши учун қарор қабул қиладиган давлат ташкил этишга эҳтиёж сезилади. Негаки, ислом динининг қонун-қоидаларини фақат қудратли давлат тузими орқалигина амалга ошириш мумкин.

4. Ҳокимият тузумида буйруқ ва қарор чиқаришга эҳтиёж сезилиши табиий ҳолдир, яъни ислом динининг қонун-қоидаларини жамиятда жорий этиш давлатнинг чиқарадиган қарорига боғлиқ ва шунинг учун қарор қабул қиладиган давлат тузуми шариати исломия томонидан тасдиқланмоғи зарур.

5. Ислом ҳукумати эканлигининг меъёр ва мезони унинг қабул қиладиган қарорлари исломий шаклда бўлгани сабабли, ақл ошкора ҳукм қиладики, бундай ҳукумат бошида ислом динини чуқур биладиган шахснинг бўлмоғи зарур.

6. Маъсумлик даражасига эга бўлмаган ҳар бир шахс ҳукумат тузиш ҳуқуқига эга эмас, илло маъсум инсон тарафидан ҳокимият қуришга нойиб қилинган бўлса, шундагина бу ҳуқуқга эга бўлади. Ҳокимият тузиш иши раҳбарсиз ва бошлиқсиз амалга оша олмаслигини назарга олсак, маъсум имом тарафидан ҳукумат ташкил этишга нойиб бўла оладиган шахс исломни ўта чуқур биладиган, имомга энг яқин ва ҳою ҳавасга берилмаган энг покиза инсон бўлмоғи лозим бўлади.

Ушбу муқаддималардан келиб чиқиб шундай хулосага келамиз: Ақл исломдаги аҳкомлар ва қонун-қоидаларни жорий этиш учун ҳукумат ташкил этиш зарурлигини англаб қуйидагича ҳукм чиқаради:
Маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган пайтда ислом ҳукмлари ва қонун-қоидаларини жорий этиш учун, ҳукумат тузиш зарурлигини ва исломни ўта чуқур англаб етган шахс маъсум имом томонидан нойиб ва вакил бўлиб, ҳукумат қуриши лозим ва зарур эканини назарга олиб, ғайбат асрида ҳам ислом ҳукумати ташкил этилиши керак, деб таъкидлайди.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вилояти фақиҳ нима дегани ва ушбу ғоя қайси замонга бориб тақалади?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Жавоб: Шубҳасиз, биз мусулмонлар ислом оламида рўй берадиган турли масалаларга дуч келганимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.