Home / Долзарб мавзулар / Вилояти фақиҳ / Вилояти фақиҳ нима дегани ва ушбу ғоя қайси замонга бориб тақалади?

Вилояти фақиҳ нима дегани ва ушбу ғоя қайси замонга бориб тақалади?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Шубҳасиз, биз мусулмонлар ислом оламида рўй берадиган турли масалаларга дуч келганимизда илоҳий раҳбар ва йўлбошчига муҳтожмиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг йўқликлари ва ул зот ворисларининг ғойиблиги чоғида мусулмонлар раҳбарсиз ва йўлбошчисиз қолишади. Демак, Сарвари олам ва у зотнинг ворислари бўлмаган пайтда ислом умматининг раҳбарсиз қолиши масаласини қандай ҳал қилиш мумкин?

Ушбу саволнинг ечими ислом динида олдиндан ҳадиси шарифларда назарда тутилган бўлиб, Пайғамбаримиз (с.а.о) ва у зотнинг ворилари бўлмаган вақтда ҳам ислом уммати раҳбарсиз қолмаслиги учун «Вилояти фақиҳ» деган назария илгари сурилган. «Вилояти фақиҳ» деб, ислом дини таълимотларида белгиланган барча шарт-шароитларга эга бўлган, илм ва тақво ҳамда сиёсий огоҳлик даражаси жуда ҳам юқори бўлган фақиҳ ва мужтаҳид олимнинг мусулмонлар жамиятига раҳбарлик ва йўлбошчилик қилишига айтилади. Бундай шахсни таниб олиш учун исломда очиқ-ойдин йўл-йўриқлар кўрсатилган. Бинобарин, энг муносиб ва лойиқ фақиҳ ва мужтаҳид олим ислом уммати учун раҳбар этиб сайланади. Шунинг учун бу масала борасида, яъни мусулмонлар жамиятига диний раҳбар танлашда хавотирланишга ўрин йўқдир.

Демак, «Вилояти фақиҳ» бу – пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг ворислари бўлмиш ўн икки имомнинг йўлини давом эттирувчи чуқур асосга эга бўлган буюк тузим бўлиб, мусулмонларга ғайбат асрида[1] раҳбарсиз қолиш мусибатидан нажот беради. Шунинг учун, бутун шарт-шароитларга молик бўлган етукли фақиҳ ва мужтаҳиднинг ислом умматига раҳбарлик қилиши мусулмонлар жамиятининг раҳбарсиз ва йўлбошчисиз ўз ҳолига ташлаб қўйилмаганидан дарак беради.

Бу берган қисқача изоҳимиздан «Вилояти фақиҳ» назарияси ҳақида озгина тушунчага эга бўлгач, энди ушбу назария қачон пайдо бўлгани борасида сўз юритамиз.

Буюк фақиҳ ва аллома Соҳиб Жавоҳир бу ҳақда ёзади:

Айримларнинг «Вилояти фақиҳ» ҳақидаги сўзлари ҳайратланарли, шубҳали ва васвасага солувчидир, гўё улар фиқҳ илмининг таъмини татимаганлар ва унинг масалаларидан бирортасини тушуниб етмаганлар.

Ушбу мавзу борасида илгари суриладиган масалалардан бири шундан иборатки, асосан «Вилояти фақиҳ» назарияси қайси замонга бориб тақалади ва қачондан бошланган?

Вилояти фақиҳ назарияси шиа фиқҳи тарқоқлик ҳолатдан чиқиб, ҳамоҳанг ва уйғун шаклга кириб ва ҳар бир бобга тегишли ҳукмлар ўз муносиб ўринларига қўйилган даврга бориб тақалади.

Ўн бир асрдан буён ўн икки имомлик шиаларнинг фиқҳи ва шариат ҳукмлари турли бобларга бўлиниб, ҳамоҳанг ва уйғун шаклга киритилган. Гарчи «Вилояти фақиҳ» масаласи эътиқодий ва каломий масала бўлса-да, бироқ унинг фиқҳий томони илк кунларданоқ фақиҳ ва мужтаҳидларни фиқҳнинг турли бобларида бунинг тўғрисида илмий баҳслар юритишларига ундаган ва улар «Вилояти фақиҳ» мавзусини хилма-хил масалаларда, жумладан жиҳод, жангда қўлга киритилган ғаниматларни бўлиш, хумс ва закот олиш ҳамда уни тарқатиш, етим болаларга ҳомийлик қилиш, ўз молини тасарруф қилишдан маҳрум ва ғойиб шахснинг моллари ҳукмида, амри маъруф ва наҳйи мункар бобида, шаръий ҳудудларни [шариатда белгиланган жазоларни] жорий этиш ва қасос олиш бобида ҳамда исломнинг мутлақо ҳарбий ҳукмларини амалга ошириш каби бобларда илгари сурганлар.[2]

Шиа фиқҳининг тарихи бўйлаб, ушбу «Вилояти фақиҳ» масаласи узлуксиз ҳолда ислом уламолари ва мужтаҳидларнинг диққат ва эътиборлари марказида бўлиб келган. Асосан «Вилояти фақиҳ» масаласи барча мужтаҳидлар ва фақиҳлар томонидан сўзсиз қабул қилинган ва уларнинг ҳаммаси ушбу назарияни тан олишган. Сўнгги йилларда мазкур «Вилояти фақиҳ» масаласи борасида турли фикрлар юзага келиб, бу ҳақда ушбу савол ва шубҳаланишга олиб келди: Фақиҳ вилоятининг [пешволигининг] ҳисбия ишлар[3] орқали исботланиши шаръий бир вазифа ва мажбурият бўладими? Ёки фақиҳ ва мужтаҳиднинг вилояти [пешволиги] илоҳий бир мансаб ва мақом бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зотнинг барҳақ ворислари бўлмиш маъсум имомларимизнинг ўта юқори даражали вилоятлари мартабасидан нойиб сифатида бўладими?[4]

Шунингдек, ўтган ўн бир аср давомида, яъни ҳижрий қамарий йилининг тўртинчи ёки бешинчи асридан бошлаб, ҳамма мужтаҳид ва фақиҳлар бир сўзни айтиб, вилояти фақиҳни тегишли ишларга ҳомийлик ва бошлиқлик қилиш маъносида тушунганлар ва ушбу ҳомийлик ва бошлиқлик қилиш иши турли ўринларда фарқли бўлади. Шубҳасиз, «Вилояти фақиҳ» масаласи кенг қамровли шаклда ўтмишдаги уламоларнинг фиқҳий китобларида кўзга кўринмайди ва бунинг сабабини ҳам ислом ўлкаларининг ўтмишдаги тарихида юзага келган сиёсий ва ижтимоий шароитда золим ва зўравон ҳокимларнинг ҳукмронлигида ҳамда мужтаҳид ва фақиҳларнинг ҳокимият тузиш шароити муҳайё бўлмагани сабабли бундай масалани кўтариб чиқиш имконияти бўлмаганидан қидирмоқ лозим.[5]

Бундан ташқари, фақиҳ ва мужтаҳидларнинг фикр ва назарлари хилма-хил бўлишига қарамай, улар бутун шарт-шароитларга тамоман эга бўлган мужтаҳид учун вилоят ва раҳбарликнинг бир турини исботлашда бир фикр ва назарга эгадирлар. Сўнгги вақтларда шу мавзуда мужтаҳидларнинг ғайбат асрида [ўн иккинчи имом ҳазрати Маҳдий ғойиблик вақтларида] вилояти фақиҳ ҳокимиятининг доираси ва ваколат чегараси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари бир неча китоб шаклида нашр этилган.[6]

Бу муқаддима билан, буюк шиа аллома ва мужтаҳидларининг тўртинчи асрдан бошлаб, бугунга қадар билдирган фикр ва қарашларини кўриб чиқамиз:

  1. Фақиҳ ва мутакаллимларнинг шайхи бўлмиш Абу Абдуллоҳ Муфид [Шайх муфид номи билан танилган] ҳижрий қамарийнинг тўртинчи ва бешинчи асрида яшаб ўтган ва 413-ҳижрий қамарийда вафот этган буюк аллома ўзининг «Ал-Муқниъа» номли таниқли фиқҳий китобида амри маъруф ва наҳйи мункар бобида шундай ёзади:

«Ислом ҳокимининг вазифаси бўлмиш шариатда белгиланган ҳудудни [шаръий жазоларни] ва исломнинг ҳарбий ҳукмларини жорий этиш ишлари ҳузур асрида, яъни маъсум имомларимиз ҳозир ва нозир бўлган вақтларда, ул зотларнинг қўллари билан ва уларнинг хос ноиблари томонидан амалга оширилади. Ва ғайбат асрида [маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда] эса бу оғир вазифани амалга ошириш шиа алломалари ва мужтаҳидларига топширилган. Токи, имконият ва шароит мавжуд бўлган тақдирда мазкур мажбуриятни амалга ошириш масъулиятини ўз зиммаларига олсинлар».[7]

  1. Шайхут-Тоифа Абу Жаъфар Тусий [Шайх Тусий номи билан машҳур бўлган ва ҳижрий қамарийнинг 460-йилида вафот этган] буюк аллома ўзининг «Ан-Ниҳоя» китобининг «Жиҳод» бобида бу ҳақда ёзади:

«Шариатда белгиланган ҳудудни [шаръий жазоларни] ва исломнинг ҳарбий ҳукмларини жорий этиш ишлари фақат Аллоҳ таоло томонидан тайин этилган ислом ҳокими, яъни Пайғамбаримиз ва маъсум имомларимиз қўллари билан ёки ул зотлар томонидан тайинланган шахс, яъни мужтажид ва фақиҳлар қўли билангина амалга оширилади».[8]

  1. Машҳур фақиҳ ва мужтаҳид Ҳамза ибн Абдул Азиз [Саллор Дейламий номи билан танилган ва ҳижрий қамарийнинг 469-йилида вафот этган] бу хусусда айтади:

«Шариати исломиядаги ҳукмларни халқ орасида ижро этиш ишлари, модомики, ҳақ йўлдан тоймас эканлар, фуқаҳо ва алломаларга топширилган».[9]

  1. Ҳижрий қамарийнинг 598-йилида вафот этган буюк аллома ва мужтаҳид Ибн Идрис Ҳиллий ўз замонида фақиҳ ва мужтаҳидларнинг умумий шаклдаги нойиблиги хусусида энг яхши фикр ва назарни билдирган. Ушбу шиа олими шиаларнинг ҳукумат мутасаддилари ва масъулларига мурожаат қилишларини жоиз бўлмаган амал деб билиб, бу ҳақда ёзади:

«Шиаларнинг бўйнидаги вазифалари фақиҳ ва мужтаҳидларга мурожаат қилиш, хумс ва закот каби ўзларининг молиявий ҳуқуқларини уларга беришдан иборат. Ҳатто улар ўзларини ҳам шариатда белгиланган ҳудудни [шаръий жазоларни] жорий этиш учун, мужтаҳидларнинг ихтиёрига топширсинлар. Мужтаҳидларнинг чиқарган ҳукмидан юз ўгириш жоиз эмас. Зеро, кимки, уларнинг ҳукмидан юз ўгирса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг ҳукмидан юз ўгирган ва тоғут [ҳақ йўлдан оғиб туғён қилган ҳоким] ҳузурига муҳокама учун борган бўлади».[10]

  1. Аллома Ибн Мутаҳҳар Ҳиллий [аллома Ҳиллий номи билан довруғи кетган ва ҳижрий қамарийнинг 771-йилида вафот этган] ўзининг «Қавоидул аҳком» китобининг Жиҳод бобида бу тўғрида ёзади:

«Шариати исломия ҳукмларини ғайбат даврида халқ орасида жорий этиш фақиҳ ва мужтаҳидларнинг вазифасидир. Токи, душман хатаридан омонда бўлган тақдирда ҳукм чиқариб, фатво берсинлар».[11]

  1. Ҳижрий қамарийнинг 940-йилида вафот этган ва Муҳаққиқ Соний [иккинчи татқиқотчи] унвони билан танилган буюк аллома ва мужтаҳид Муҳаққиқ Каракий аллома Ҳиллийнинг «Қавоидул аҳком» китобига ёзган шарҳида алломанинг бу ҳақдаги сўзини қабул қилган ва шунингдек, жумъа намози хусусида битган асарида ҳам ушбу масалани таъкидлаб, шундай ёзган:

«Шиа алломалари ва мужтаҳидлари бир фикр ва назар билан фақиҳ ва мужтаҳид, деб тилга олинган бутун шарт-шароит ва талабларга эга бўлган фақиҳ шахс маъсум имомларимиз тарафидан ноибликка доир барча ишларда ноиб ҳисобланади. Демак, унинг ҳузурига мурожаат қилиш ва унинг чиқарадиган ҳукмларига бўйин эгиш вожиб бўлади».[12]

  1. Ҳижрий қамарийнинг 1245-йилида вафот этган буюк аллома ва мужтаҳид мулло Аҳмад Нароқийнинг эътиқодича:

«Фақиҳ ва мужтаҳид икки нарса устидан вилоят ва пешволик қилиш ҳуқуқига эга:

1. Пайғамбаримиз ва маъсум имомлар вилоят ва пешволик қилган ишларга нисбатан мужтаҳидлар ҳам пешволик ва йўлбошчилик қилиш ҳуқуқига эгалар, илло бирор иш хос бир ҳадис ёки ижмоъ орқали фақиҳ ва мужтаҳиднинг вилоят ва пешволик қилиш доирасидан ташқарига чиқса, у ҳолда ўша иш фақиҳ вилоятидан мустасно бўлади.

2. Фақиҳ ва мужтаҳид халқнинг дин ва дунёсига тааллуқли бўлган ҳамда амалга ошиши зарур бўлган ишлар устидан вилоят ва пешволик қилиш ҳуқуқига эга, хоҳ ўша ишлар ақл идрок қиладиган бўлсин ёки одат тусига кирган бўлсин… »[13]

8. Ҳижрий қамарийнинг 993-йилида вафот этган буюк аллома ва мужтаҳид Мавло Аҳмад Муқаддас Ардабилий фақиҳ ва мужтаҳидга закот тўлаш мустаҳаб экани борасида ёзади:

«Фақиҳ закотнинг тўлаш ўринларини яхшироқ билади. Зеро, халқнинг турли қатламлари фақиҳнинг ҳузурига тўпланишади ва шу боис, у закотга муҳтож бўлган ҳақли шахсни яхшироқ танийди. Фақиҳ ва мужтаҳид маъсум имомнинг вориси ва ўринбосаридир. Дарҳақиқат, унга етган нарса маъсум имомга етган бўлади».[14]

  1. Шайх Муҳаммад Ҳасан Нажафий, «Соҳиби Жавоҳир» номи билан машҳур бўлган ва ҳижрий қамарийнинг 1266-йилида вафот этган буюк аллома ғайбат асрида бутун шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган мужтаҳиднинг вилояти, пешволиги ва умумий ноиблиги барқарор экани хусусида мужтаҳидларнинг иттифоқ назарларини иқтибос келтиргач, айтади:

«Агар мужтаҳидларга оид умумий вилоят ва пешволик бўлмаса, шиаларга тааллуқли бўлган кўпгина ишлар четга сурилади. Шунинг учун, вилояти фақиҳ назарияси диннинг инкор қилиб бўлмас зарурий ва ошкор масалаларидандир. Менинг назаримча, Аллоҳ таоло фақиҳ ва мужтаҳидга «Улул амр» сифатида итоат этишни вожиб қилган, бунга далил фақиҳ ва мужтаҳиднинг ҳокимиятига далолат қилувчи ҳадислар, хусусан, замонамиз пешвоси Имом Маҳдий (алайҳис салом)дан ривоят қилинган ҳадисдир».[15]

«Жавоҳирул калом» номли кўп жилдли ва улкан китобнинг муаллифи Шайх Муҳаммад Ҳасан Нажафий «Вилояти фақиҳ» масаласини шу даражада фиқҳ илмининг асосларига мувофиқ эканини очиқ-равшан ҳолда кўрадики, бу борада ўз назарини қуйдагича билдиради:

«Баъзиларнинг «Вилояти фақиҳ» борасида йўлдан урадиган сўзлари ҳайратли ва ажабланарлидир, гўё улар фиқҳ илмининг таъмини сира ҳам татиб кўрмаганлар ва унинг масалаларидан бирортасини тушуниб етмаганлар».[16]

Шунинг учун, «Соҳиби Жавоҳир»дан кейинги фақиҳ ва мужтаҳидлар ҳам шу асосга таяниб, якдиллик билан «Вилояти фақиҳ»ни умум мусулмонларга оид ишларнинг масъулиятини ўз зиммасига олиш маъносида қабул қилиб, ижтимоий ҳаётни тартибга келтиришга доир масалалар четга суриб ташланмаслиги лозим, деб эътиқод қилганлар.[17]

  1. Буюк аллома ва мужтаҳид Шайх Муртазо Ансорий [ҳижрий қамарийнинг 1281-йилида вафот этган] «Қазо» китобида ёзади:

«Ҳамма шарт-шароит ва талабларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳиднинг шариати исломияга доир ва турли фиқҳий мавзуларга қарата чиқарадиган ҳукми ҳужжат бўлиб, ўз кучига эгадир. Зеро, ҳадисларда келган ҳоким сўзидан мурод, фақиҳнинг барча ишларда ва ҳамма соҳаларда чиқарадиган ҳукмининг нуфузи ва кучи демакдир ва унинг ҳукми фақат муҳокамага оид масалаларга хос эмас».[18]

Агарчи Шайх Ансорий ҳазратлари мужтаҳид вилояти ва пешволигининг доирасини мутлақ ва кенг қамровли деб билмаса-да, бироқ «Вилояти фақиҳ» масаласи шиа мужтаҳидларининг машҳур фатволаридан ва мужтаҳид маъсум имомнинг [Имом Маҳийнинг] нойиблари эканини ошкора баён этади.[19]

  1. Буюк фақиҳ ва мужтаҳид Ҳожи Оғо Ризо Ҳамадоний [ҳижрий қамарийнинг 1322-йилида вафот этган] бу ҳақда айтади:

«Ҳар ҳолда ҳамма шароит ва талабларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳиднинг Имом Маҳдий (алайҳис салом) томонларидан бундай ишларда ноиб эканлиги ошкордир ва ушбу ҳақиқат шиа фақиҳларининг сўзларини кўздан кечириш билан қўллаб қувватланади».[20]

  1. Ҳижрий қамарийнинг 1382-йилида вафот этган буюк мужтаҳид марҳум Оятуллоҳ Буружердийнинг фикрларича, одил мужтаҳид кўпчилик халқ мубтало бўлган муҳим ишларни бажариш учун тайинланган.[21]
  2. Йирик фақиҳ ва мужтаҳид марҳум Оятуллоҳ Хуъий ҳисбия ишлар орқали ва шаръий вазифа сифатида ушбу масъулиятни, яъни ғайбат асрида мусулмонлар жамиятига раҳбарлик қилишни ўз зиммасига олиш ҳуқуқини фақиҳ ва мужтаҳид учун исботлайди.[22]
  3. Барча шарт-шароит ва талабларга тўлиқ эга бўлган асримизнинг буюк фақиҳ ва мужтаҳиди марҳум Имом Хумайний ҳазратлари биринчи бўлиб амалда «Вилояти фақиҳ» назарияси асосида барқарор ва мустаҳкам ислом ҳокимиятини барпо этдилар. У буюк зотнинг эътиқодларига кўра, фақиҳ ва мужтаҳид мутлақ ва кенг қамровли вилоят ва пешволикка эга. Бунинг маъноси маъсум имомнинг зиммасида бўлган барча ҳақ-ҳуқуқлар, ваколатлар ва масъулиятлар ғайбат замонида [маъсум имом кўзлардан ғойиб бўлган вақтда] бутун талаб ва шароитларга тўла-тўкис эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳиднинг зиммасига юкланади, илло хос бир далил ва ҳадис бирор масъулият ва ҳақ-ҳуқуқ фақатгина маъсум имомга тегишли экани ҳақида келтирилса, шунда ўша масъулият ва ҳақ-ҳуқуқ мужтаҳиднинг зиммасидан соқит бўлади. Шу боис, Имом Хумайний ҳазратлари ушбу суҳбатлардан келиб чиқиб айтадилар:

«Баён қилинган нарсадан шу хулосага келамизки, фақиҳ ва мужтаҳидлар маъсум имомлар томонидан у зотлар вилоят ва пешволик қиладиган барча ишларда вилоят ва пешволик қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бирор ўрин ва ҳолатни ушбу умумий қонундан четга чиқариш учун, ўша ўрин маъсум имомга хос эканлигини далил билан қўлга киритмоқ лозим. Демак, ислом ҳукумати яратиш учун Пайғамбаримиз ва маъсум имомларимиз эга бўлган ҳақ-ҳуқуқлар, ваколатлар ва масъулиятларнинг ҳаммаси фақиҳ ва мужтаҳидларга юкланган».[23]

Бинобарин, ҳамма шиа алломалари, фақиҳ ва мужтаҳидлари фиқҳ илмининг турли бобларида шариати исломиянинг ҳукмлари халқ орасида четга суриб қўйилмаслиги ва ушбу ҳукмлар барча замонларда жорий этилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Ҳозирги ғайбат асрида ҳам шариати исломиянинг ҳукмларини жамиятда жорий этиш ишлари [имконият ва куч-қудрат яралганда] бутун шарт-шароит ва талабларга тўлиқ эга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларнинг зиммасидадир.

Фойдаланилган манбалар ва кўрсатгичлар:

[1]. Ислом умматининг ўн иккинчи имоми ва йўлбошчиси бўлмиш ҳазрати Маҳдий (ажжалаллоҳу фаражаҳу)нинг кўзлардан ғойиб бўлган даврга «ғайбат асри» дейилади.

[2]. «Имом Хумайни ва ислом ҳокимияти» [Вилояти фақиҳнинг ўтмиши ва далиллари], Имом Хумайний асарларини тайёрлаш ва нашр этиш муассасасининг нашриёти, 13-бет.

[3]. Жамиятда қарамоқсиз қолган етим болалар ва бева аёлларга ҳомийлик қилиш ҳамда мусулмонлар ўртасида юзага келадиган низо ва келишмовчиликларни муҳокама йўли билан ҳал этиш ва шариатда белгиланган жиноий ҳукмларни жиноятчилар устидан амалга ошириш ишларига «ҳисбия ишлар», деб айтилади.

[4]. Муҳаммад Ҳодий Маърифат, «Вилояти фақиҳ» китоби, Ат-тамҳид номли маданий ишлар муассасасининг нашриёти.

[5]. «Имом Хумайни ва ислом ҳокимияти» [Вилояти фақиҳнинг ўтмиши ва далиллари], Имом Хумайни асарларини тайёрлаш ва нашр этиш муассасасининг нашриёти, 13-бет. Шунингдек. Аҳмад Жаҳон Бузургий, «Вилояти фақиҳнинг тарихий ўтмиши» китоби, Ёшлар фикрининг маркази номли нашриёт, 6-бет.

[6]. «Имом Хумайни ва ислом ҳокимияти», 13-бет.

[7]. Шайх Муфиднинг «Ал-Муқниъа» китоби, 810-бет ва шунингдек, «исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 196-бет «Ал-Ҳудо» номли халқаро нашриёт.

[8]. Шайх Тусий, «Ан-ниҳояту фий мужаррадил фиқҳи вал-фатово», 300-бет.

[9]. Ҳамза ибн Абдул Азиз, «Ал-маросимул алавийя» китоби, 263-бет ва Муҳаммад Ҳодий Маърифат, «Вилояти фақиҳ» китоби, 2-бет.

[10]. Ибн Идрис Ҳиллий, Ас-Сароир китоби, 3-жилд, 537-бет, исломия нашриёти, шунингдек, Аҳмад Жаҳон Бузургий, «Вилояти фақиҳнинг тарихий ўтмиши» китоби, Ёшлар фикрининг маркази нашриёти, 26-бет.

[11]. Муҳаммад Ҳодий Маърифат, «Вилояти фақиҳ» китоби, 3-бет.

[12]. «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 197-бет, «Ал-Ҳудо» номли халқаро нашриёт.

[13]. Мулло Аҳмад Нароқий, «Авоидул айём» китоби, 187-бет ва «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 198-бет.

[14]. Муқаддас Ардабилий, «Мажмаул фоидати вал-бурҳон» китоби, 4-жилд, 205-бет ва «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 197-бет.

[15]. Шайх Муҳаммад Ҳасан Нажафий, «Жавоҳирул калом» китоби, 15-жилд, 421-бет ва «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 200-бет.

[16]. Шайх Муҳаммад Ҳасан Нажафий, «Жавоҳирул калом» китоби, 21-жилд, 328-бет ва Муҳаммад Ҳодий Маърифат, «Вилояти фақиҳ» китоби, 4-бет.

[17]. Муҳаммад Ҳодий Маърифат, «Вилояти фақиҳ» китоби, 4-бет.

[18]. Муҳаммад Ҳодий Маърифат, «Вилояти фақиҳ» китоби, 4-бет.

[19]. Шайх Ансорий, «Қазо» китоби, 159-бет ва «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 201-бет.

[20]. Ҳож Оғо Ризо Ҳамдоний, «Мисбоҳул фақиҳ», китобул хумс, 160-бет ва «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 201-бет.

[21]. «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 202-бет.

[22]. Муҳаммад Ҳодий Маърифат, «Вилояти фақиҳ» китоби, 4-бет.

[23]. Имом Хумайний, Байъ китоби, 2-жилд, 488-бет ва «Исломнинг сиёсий тафаккурига кириш» китоби, мақолалар тўплами, 203-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вилояти фақиҳ назариясига Қуръоний, ҳадисий ва ақлий далиллар

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Маъсум имомларимиз ўзларининг кўпгина ҳадисларида биз шиаларни ҳамма шарт-шароитларга тўлиқ эга бўлган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.