Home / Шариат қонунлари / Талоқ / Исломда талоқ ва ажрашиш (2)

Исломда талоқ ва ажрашиш (2)

  Дарҳақиқат, эркакларнинг баъзи вақтларда аёлларга нисбатан уйғонган ёқтирмаслик ва нафрат ўтини ўчириш ва эркакларнинг қалбидаги безовталик ҳиссиётига барҳам бериш учун, Қуръон эркакларни ёқтирмаган нарсага нисбатан сабрли ва чидамли бўлишга ва оила ўчоғини ҳимоялашга чақириб, дейди:

Эркаклар ёқтирмаган ўз хотинларини талоқ қилиб тарк этишлари уларнинг фойдасига эмас, зеро, мазкур аёлларда эрлари учун хайр-баракот бўлиши мумкин, аммо улар бу хайр-баракотдан ғофил бўлиб, уни оддий вақтларда кўра олмайдилар. Шу боис, улар ёқтирмаган нарсада Аллоҳ таоло уларга маълум бўлмаган хайр-баракот даричасини очган бўлади.

  Қуръони Карим бошқа тарафдан эса, аёлларга бундай тавсия этади:

<وَإِنِ امْرَأَةٌ خَافَتْ مِنْ بَعْلِهَا نُشُوزًا أَوْ إِعْرَاضًا فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِمَا أَنْ يُصْلِحَا بَيْنَهُمَا صُلْحًا وَالصُّلْحُ خَيْرٌ>

  «Агар бир аёл ўз эри тарафидан (унга нисбатан) кўнгилсизлик ёхуд юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, у ҳолда икковлари ўзаро бир сулҳга келишиб олишса, уларга ҳеч бир гуноҳ йўқдир. Чунки, сулҳ (ва ярашиш, талоқ ва ажрашишдан кўра) яхшироқдир.» (Нисо сураси, 128-оят)

  Ислом пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) талоқ ва ажрашишни маломат қилиб, турли иборалар билан уни ёвуз ишлардан деб уқтирганлар. Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз ҳадисларида бу борада шундай буюрадилар:

«أيما امرأة سألت زوجها الطلاق من غير بأس فحرام عليها رائحة الجنة»

  «Зарурат тақозо қилмасдан ўз эридан талоқ ва ажралишни талаб этган ҳар бир аёлга жаннатнинг ҳиди ҳаромдир (Аллоҳуни Ўз раҳмати ва марҳаматидан маҳрум этгай[1].»

«تزوّجوا و لا تطلّقوا فإنَّ الطلاق يهتزُّ منه العرش»

  «Уйланинг ва оила қуринг, аммо ажралманг! Чунки, талоқ ва ажрашиш Аллоҳнинг аршини ларзага солади[2].»

  Ислом дини эркак кишига ажрашиш ва талоқ қилиш иxтиёрини берган бўлса-да, аммo бу ҳуқуқни суиистеъмол этишни тақиқлайди. Муқаддас шариатимизда ажрашиш ва талоқ қилиш қонун-қоидалари шундай бир шаклдаки, ажрашиш ва талоқларнинг сони ортиб боришининг олдини олади. Мазкур тартиб-қоидалар эркак кишини истаган вақтида талоқ қилишини ёки аёл кишига азият-озор бериш ва унга нисбатан зулму зўравонлик кўрсатиш мақсадида талоқ қилишини чеклаб, бу хусусда маълум шарт-шароитларни тайин этади ва шунингдек, агар талоқ ва ажрашиш қатъиян аёл кишининг йўлдан оғиб, бузилиб кетишига ёки фисқу фасодга йўлиқишига олиб келадиган бўлса, бундай ҳолда ислом талоқ қилишни эркак кишига тақиқлайди. Ислом дини талоқ қилиш учун бир қатор шарт-шароит, тартиб-қоидалар ва тўсиқларни баён этиш билан талоқнинг олдини олишни ёки уни озайтиришни истайди.

  Ислом дини эр ва хотин орасидаги иxтилоф ва келишмовчиликларни талоқ ва ажрашишга етиб бормай туриб, ҳал этиш учун «оила маҳкамаси»ни илгари суради. Бундай маҳкамани ташкиллаштириш исломнинг ташаббус-ларидан бири бўлиб, оилавий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади ва оилани қулашдан сақлайди. Ғарб ўлкаларида эса, бугунга қадар ажрашиш арафасида бўлган оилаларнинг муаммосини бартараф этиш ва бир-бирларини тушунишларини юзага келтирмоқ мақсадида бундай таъсирли ва фойдали услубга эришилмаган.

  Ушбу оила маҳкамасида эр ва хотин тарафидан уларнинг уруғ-аймоғидан бўлган ҳакамлик шароитига эга икки нафар жонкуяр ва хайрхоҳ шахслар тайинланадилар. Улар эр ва хотин орасидаги иxтилофлар ва безовталикларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганиб чиқиб, эр ва хотиннинг ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилишга ва уларни яраштиришга киришадилар. Иккала ҳакам эр ва хотиннинг оила аъзосидан бўлганлари боис, уларнинг ички ишлари ва сир-асрорларига қўшила оладилар ва улар эр-хотинга самимий маслаҳатлар берадилар. Ўзларининг энг яқин қариндошларидан бундай маслаҳатли сўзларни эшитган эркак ва аёл уни зудлик билан қабул этадилар. Эр ва хотин ўз сирларини уларнинг олдида очганликларидан шаримсорлик ва ноқулайлик ҳис қилмайдилар.

  Иккала ҳакам оиладаги низо ва келишмовчиликларнинг омилларини ўрганиб чиққач, самимийлик, жонкуярлик ва меҳрибонлик билан, низо ва ихтилоф ўтини ўчириш учун тиришиб фаолият кўрсатадилар ҳамда эр ва хотинни сабрли ва кечиримли бўлишга чақирадилар. Шак-шубҳасиз, ушбу маҳкама аъзолари эркак ва аёлнинг назарида ҳурмат-иззатга сазовор, жонкуяр ва буткул ишончли инсонлар бўлганлари учун, кўп ўринларда уларнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазалари эр-хотин томонидан қабул қилинади ва оила маҳкамаларининг хайрхоҳларча қилган саъй-ҳаракатлари аксар ҳолларда эр-хотинлар орасидаги низо ва ихтилофларни бартараф этиб, сулҳ яратишга олиб келади.

<وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا>

  «Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эрнинг уруғ-аймоғидан бир (инсофли) ҳакам ва аёлнинг уруғ-аймоғидан бир (инсофли) ҳакам (тайин этиб, уларнинг ёнига) юборинг. Агар бу икки воситачи ҳакам (эр-хотинни яраштириб) ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасида иноқ-иттифоқлик яратади. Аллоҳ (ҳар нарсани) билувчи ва (ҳар нарсадан) хабардордир.» (Нисо сураси, 35-оят)

  Эр-хотин ўртасидаги ихтилоф ва келишмовчилик жуда чуқур ва илдизли бўлиб, улар орасида сулҳ ва иноқ-иттифоқлик яратмоқ асло мумкин бўлмай, бу борада қилинадиган саъй-ҳаракатлар фойда ва натижа бермаса, унда талоқ ва ажрашиш масаласи юзага келади.

  Тажрибада исботланишича, умумий маҳкамаларнинг оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш учун кўрсатган фаолиятлари эса, кўп вақтларда эр-хотин ўртасидаги алоқанинг кескинлашишига олиб келиб, аксар ҳолларда уларни талоқ ва ажрашиш сари етаклайди ва оқибат, ажрашиш қонунлаштирилиш билан натижаланади. Зеро, мазкур маҳкамаларнинг вазифаси ишни қуруқ ва букилмас қонун доирасидан кўриб чиқиш бўлиб, эр-хотиндан иборат икки тарафнинг келтирган ҳужжат ва далилларига асосланиб, уларнинг қайси бирининг далили ва ҳужжати қониқарлироқ бўлса, қонунга мувофиқ ўшанинг фойдасига қарор чиқарадилар. Аммо ушбу маҳкамаларда зинҳор низо ва ихтилоф ўтини ўчириш ва эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар ва тортишувлар келтириб чиқарадиган омилларга барҳам бериш мақсадида қистовга олинмайди.

  Бошқа томондан эса, умумий маҳкамаларда ёт ва ажнабий шахслар ҳузурида ўз иддаосини исботлаш учун оиланинг сир-асрорларини фош этиш ҳар иккала тарафнинг ҳис-туйғуси жароҳатланишига сабаб бўлади ва уларнинг ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззати ва шахсиятига путур етказади ва натижада улар ўртасидаги келишмовчилик янада чуқурлашиб, талоқ ва ажрашишга олиб келади.

  Талоқ қилиш вақтида икки одил шаxснинг шоҳидлиги ҳам асосий шартлардан биридир.

<وَأَشْهِدُوا ذَوَيْ عَدْلٍ مِنْكُمْ>

  «Талоқ қилаётганда ўзингиздан бўлган икки одил кишини шоҳид қилинглар» (Талоқ сураси, 2-оят)

  Демак, талоқ қилаётганда икки одил шоҳид бўлмаса, бундай талоқ ботилдир. Шоҳидлар иштирокининг фойдаларидан бири ҳам шундаки, бир-бирларидан ажрашиш даражасига етиб борган эр-хотин орасида юзага келган ихтилоф ва келишмовчиликларни бартараф этиб, уларни яраштиришга мойил эканликларини билдириб, бу йўлда тиришадилар. Низо ва тортишувларни ўртадан кўтариш учун, икки шоҳиднинг панд-насиҳатлари баъзан яxши натижа бериб, қулаш арафасида бўлган оиланинг қайта тикланишига ва эр-хотин ўртасидаги гина-кудуратга барҳам беришда сўнги йўл ўлароқ, энг яхши восита бўлиб хизмат қилади.

  Аммо талоқ қилгандан сўнг, аёлнинг иддаси ичида унга қайтиш учун ҳеч бир қайд-шарт тайинланмаган ва бу борадаги масала талоққа қараганда мутлақо тескаридир. Зеро, ислом динининг назари бўйича, эр-хотинлик алоқаси ўрнатилишида ҳеч қандай кечиктириш ва тўсиқ олдинга чиқмаслиги керак, ислом ажрашиш ва талоқнинг олдини олиш ҳамда улфат ва иттифоқ-иноқлик вужудга келтириш учун турли енгилликлар яратган.



[1]. Ал-Мустадрак, 15-жилд, 280-бет.

[2]. Васоилуш-шиа, 15-жилд, 268-бет.

Share

Check Also

Исломда талоқ ва ажрашиш (1)

  Илк навбатда шуни билмоқ лозимки, ажрашиш, талоқ ва эр-хотинлик риштасини узмоқ ғайритабиий ва яратилиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.