Home / slider / Расулуллоҳнинг юксак таълимотларига эҳтиёжимиз (2)

Расулуллоҳнинг юксак таълимотларига эҳтиёжимиз (2)

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ўзиги хос хусусиятларидан яна бири шул эдиким, ул ҳазрат ҳар қандай жангга киришишдан олдин душманларни ягона қодир Аллоҳ ва исломга таслим бўлишга чорлар эдилар.

Зеро, Аллоҳ ҳабибининг асосий мақсади ислоҳ ва ҳидоят эди. Ушбу мақсадга тинч-тотув йўл билан эришишнинг имкони бўлган чоғларда ҳеч қачон қўлга қурол олишга даъват қилмас, ҳеч қачон урушмас эдилар. Коинот сарварининг назарида душманлар ҳам инсон, аммо у бечоралар гумроҳ инсонлар эдилар. Уларнинг гина-кудурат сақлаб, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва муқаддас ислом динига азият-озор етказганларига қарамай, ул ҳазрат уларнинг ҳидоят топишлари учун ҳаракат қилар эдилар. Мисол тариқасида бир жангдан олдин, Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) яҳудийларни бозорларида жамлаб, буюрдилар:

 «Эй яҳудийлар гуруҳи! Аллоҳдан қўрқингиз, токим, қурайш қабиласи гирифтор бўлган бало-азобга мубтало бўлмангиз. Ислом келтиринг, нажот топасиз. Биласиз, мен Аллоҳнинг расулиман, бу нарсани ўз китобларингизда ўқигансиз.»

  Хайбар жангида ҳам, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қўшин ихтиёрини ҳазрат Али (алайҳиссалом) га топшириш пайти насиҳат қилдилар: «Уларга яқинлашгунча оҳиста ҳаракат қил. Сўнгра уларни исломга даъват қил ва Аллоҳ уларга вожиб айлаган ҳуқуқларни тушунтир.Аллоҳга қасам, бордию, ҳатто улардан бир нафар сенинг қўлингда ҳидоят топиб, иймон келтирса, барча қизил туялар сеники бўлганидан кўра афзалдир.»

  Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳеч кимга исломни мажбуран қабул қилдирмаганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз расулини одамларга нажот келтирувчи ва уларни барча кишанлардан озод этгувчи сифатида таърифлайди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз даъватларини инсонларнинг майл-хоҳишлари асосида амалга оширар эдилар, зеро, шайтоний ҳийла-найранглар кишанлари ва моддий маҳдудиятлардан озод қилиш воситаси бўлган динни мажбуран қабул қилдириб бўлмайди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) услублари исломни эркин танлаб, озод қабул қилиш услуби эди. Ул ҳазрат ҳеч қачон бошқа илоҳий дин вакилларининг ўз диний вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қилмаганлар. Насроний ва яҳудийлар ўз диний вазифаларини бажаришда озод эдилар ва улардан бирор нафари ҳам, мажбурий ҳолатда исломни қабул этмаганди.

  Аллоҳнинг ҳабиби (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонидан эркин суҳбат ва муросаю мадора фазосини муҳайё этадиган услублардан бири ул ҳазратнинг танқидни қабул қилиш қобилиятлари эди. Ул ҳазрат мухолиф кишиларнинг нуқтаи назарини босиқлик билан тинглар, ҳеч қачон ғазабланмас эдилар. Бошқаларнинг танқидий нуқтаи назари, ҳатто мухолиф фикрларини баён этишларига ҳам шароит яратар эдилар.

  Ислом пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг муборак сийратларидан яна бир қирраси асҳоб ва ёронлари билан доимий равишда маслаҳатлашиш эди. Аллоҳнинг ҳабиби улардан маслаҳат сўраётганини кўрган мусулмонлар ўзларига нисбатан иззат- ҳурмат кўрсатилаётганидан чексиз қувонишарди. Бу нарса диннинг тарғиботи ва одамларни унга жалб қилишда жуда-жуда муҳим омил ҳисобланарди. Ул ҳазрат кўп мавридларда ёронларининг берган маслаҳатлари асосида амал қилардилар. Бу нарса пайғамбаримизнинг якравлик ва ўз сўзини ўтказишга сира мойил эмасликларидан далолатдир.

  Коинот сарвари халойиқни Аллоҳ йўлига даъват қилиш билан бирга, давлат бошлиқлари ва буюк империяларнинг императорларини ҳам исломга чақирар эдилар. Бу икки ишга ҳам жиддий эътибор қаратардилар. Зеро, бу йўлларнинг биридан ғафлат қилинган чоғи яхши натижаларга эришиш амри маҳолдир. Шу сабабли, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинада ислом ҳокимияти асосларини мустаҳкамлагач, замонанинг энг машҳур ва таъсирчан ҳокимларига мактублар йўлладилар. Бу мактубларда замона ҳокимлари исломга даъват этилганди ва бу иш умумий шаклда муваффақиятли тадбир эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг мактубларини кўздан кечирган киши мисли кўрилмаган ҳайратланарли ингичка масалаларга дуч келади.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг барча мактублари «Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим» билан бошланган. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига шундай таълим берган эди. Ул ҳазрат ҳам «бисмиллаҳ…»сиз бошланган ҳар қандай иш чала бўлиб қолишини таъкидлар эдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳукмдор ва императорларга ёзган мактубларида бисмиллаҳдан сўнг, Аллоҳнинг муборак номини келтирар ва мактуб Аллоҳнинг расули Муҳаммаддан эканлигини эслатар эдилар. Бу ўзларини улуғлаш эмас, балки нубувват ва рисолат мақоми эҳтиромини намойиш этиш эди. Тарихда келтирилишича, Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг мактублари Эрон ва Рим императорларига етиб борганида, улар ўзларидан олдин Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг номи келтирилганини кўриб, жуда ғазабландилар. Тарихчиларнинг ёзишича, Эрон шоҳи Касро Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мактубларини майда-майда қилиб, йиртиб ташлади.

  Рим Қайсарининг амакиваччаси ҳам, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мактубларини қайсарга ўқиб бериш чоғи мазмунидан огоҳ бўлиб, уни йиртиб ташламоқчи бўлди, Аммо қайсар уни бу ишдан қайтарди.

  Ул ҳазрат ҳокимларга ёзган мактубларида «бисмиллаҳ» билан бошлаб, ўзларининг муборак исмларидан сўнг, мактубни олувчи кишининг исмини келтирар, айримларида эса, ҳатто уларни улуғловчи «Ҳабашанинг улуғи», ёхуд «қавмнинг улуғи» каби сифатларни ҳам ёзар эдилар.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг замона ҳокимларига ёзган мактублари балоғат ва фасоҳатнинг энг олий услубида битилган. Уларда Аллоҳ ҳабибининг муросаю мадора ҳақидаги энг юксак ҳикматлари ўз аксини топган.

  Муқаддас ислом дининг чарақлаган қуёши, пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таваллуд айёмлари ҳамда «ваҳдат ҳафтаси» сиз азизларга яна бир маротаба муборак бўлсин.

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.