Home / Исломда оила / Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (2)

Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (2)

  Эр иқтисодий масалаларга ва оиланинг моддий жиҳатдан таъминлашга жавобгар ва масъулдир. Аёл эса болаларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг тарбияси билан шуғулланиб катта қилиш ва оила юмушларини тартибга келтириш ишларини ўзининг асл вазифаси сифатида зиммасига олади.

  Ислом дини аёлларга ўз фитрий вазифаларини бажаришга тавсия этади ва уларнинг ҳуқуқлари топталанишига ижозат бермайди. Динимиз аёлнинг ҳам уйда, ҳамда уйдан ташқарида оғир ишлар билан ҳаддан ортиқ машғул бўлишини қабул қилмайди.

  Албатта, ислом аёлнинг уйдан ташқарида ишлашига зарур ҳолларда ижозат беради. Аммо ҳам шахсий ҳамда ижтимоий ишларда аёлнинг ёд-бегона эркаклар билан бирга ишлаши ва фаолият кўрсатиши имкон қадар чекланиши лозимлигини таъкидлайди. Негаки, эркак ва аёлнинг жамиятда айш-ишрат ва нафсоний ҳою ҳавас асосида ҳозир бўлишлари, аёлларнинг қўзғатувчи ва фасод тарқатувчи ҳолатда жамият орасида кўриниб, эркаклар билан алоқада бўлишлари фасод ва бузғунликлар келтириб чиқаришдан бошқа натижа бермагай.

  Шубҳасиз, ҳар ташкилот ва қурилма муайян бир бошлиққа эҳтиёжи бўлганидек, оила ва уй ҳам ўзича бир ташкилот бўлгани учун, унинг ҳам маъсулиятини зиммасига олган бир раҳбар бўлимоғи лозимдир. Акс ҳолда, бошлиқсиз ташкилот тартибсизлик ва анархияга дучор бўлади ва натижада маҳв бўлиб ўртадан кўтарилади. Шунинг учун ҳам, оиланинг бошчилигини эркакка ва ё аёлнинг бирортасига топширмоқ лозимдир. Энди улардан қайси бири бу вазифага ҳақлироқдир? Албатта, бу ташкилотнинг маъсулиятини қабул этмоққа, фарзандларга қарашни ўз зиммасига олмоққа, йўлбошчилик вазифасини шарафли ўташга ва оилани бошқаришнинг оғир юкига бардош беришга эркак аёлдан кўра ҳақлироқдир. Эркак оилада юз берадиган тартибсизликнинг олдини олишни аёлдан кўра, яхшироқ уддалай олади. Аёлнинг фитратида меҳрибонлик ва маҳаббат ўта чуқур илдизга эгадир. Фақат эркак киши ўз табиатига биноан, ҳис-туйғу ва руҳий кечинмадан кўра, ақлга кўпроқ тобе бўлади.

  Ушбу масала исботланган бўлиб, аёл кўпинча ҳис-туйғу ва руҳий кечинмаларга тобедир ва аёл киши руҳий нуқтаи назардан шундай яратилганки, ҳис-туйғу унинг табиатида чуқурроқ ва шиддатлироқдир. Шу даражадаки, улар эркакларга қараганда жуда тез ҳис-туйғу ва ҳаяжонга бериладилар. Ҳолбуки, эркак зоти яратилиш нуқтаи назаридан кўпроқ ақлга тобедир.

  Шунинг учун ҳам, «фикр» масъулият қабул қилишда «ҳис-туйғу»дан кўра, муносиброқдир. Шунга биноан, ислом эркакни оилага бошлиқлик қилиш учун танлаган.[1] Бу эса оилада аёл билан маслаҳатлашмоқ, ҳамкорлик қилмоқ ва бир-бирларини тушуниб яшашга нисбатан зиддият яратмайди. Бундан эркак ўзи хоҳлаганидек қайсарлик ва ўзбошимчалик қилиб, истибдод ва зўравонлик йўли билан оилани бошқара олади, деган хулосага келиб бўлмайди. Ислом эркакни оила бошлиғи этиб тайинласа ҳам, аёлга қарши куч ишлатишни номаъқул бир иш деб билиб, ундан қайтаради.

<وَلا تَعْضُلُوهُنَّ لِتَذْهَبُوا بِبَعْضِ مَا آتَيْتُمُوهُنَّ إِلَّا أَنْ يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُبَيِّنَةٍ وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا>

  «[Аёллар] очиқ бузуқлик қилмасалар, берган нарса [маҳр]ларингизнинг бир қисмини қайтариб олиш мақсадида уларни зўрлик-ла ушлаб турманг. Улар билан [аёллар билан] хушмуомала бўлиб, яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, балким ўша сизлар ёқтирмаган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўп яхшиликларни қилиб қўйгандир.» (Нисо сураси, 19-оят)

  Тўғрики, эркак оиланинг масъули ва бошлиғидир. Аммо аёл ҳам, уй ичида мустақил ўринга эга бўлиб, уй ва рўзғор ишларини тартибга солиб, болалар тарбиясининг масъулиятини ўз зиммасига олимоғи лозимдир. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда буюрмишлар:

«الرَّجل راعٍ علي أهل بيته و هو مسؤولٌ عنهم فالمرأة راعيةٌ علي أهل بيت بعلها و ولده و هي مسؤولةٌ عنهم.»

  «Эркак киши оиланинг бошлиғи ва масъулидир, эрига, уй ичига, ва болаларга қарашиш ва уларнинг масъулияти эса, аёлнинг зиммасидадир.»[2]

  Бизнинг асримизда эр-хотин муносабатлари ва оила тузумининг шунчалик тебранувчан бўлиб заифланиши, ажрашишлар сонининг кўпайиши ҳамда энг аҳамиятсиз ва кичик ҳодисалар туфайли оилаларнинг қулаши, никоҳ ва оила қуришнинг масъулиятига эътиборсизлик қилиш оқибатида юз беради. Негаки, бундай унашишлар хом хаёллар ва болаларча ўйлаш натижасида амалга ошади.

  Кўп шаxслар уйланиш масалаларида самимият ва ҳамкорлик, аёл билан эркакнинг xусусиятлари бир-бирига муносиб ва уйғун келиши ёки келмаслигини инобатга олмайдилар, оила қураётганда энг кўп бойлик, шаҳват ва зоҳирий гўзалликларга эътибор қаратадилар. Маънавий ва руҳий масалаларга аҳамият берилмагани учун янгича қурилган оила ҳаёти тез кунларда силкинади, турли-туман xусусиятли эр-хотин орасидаги зиддиятлар кун сайин ортиб бориб чуқурлашади. Агар оилада тартибсизлик ва масъулиятсизлик ҳукм сурадиган бўлса, бундай оила тез бир вақтда қулайди. Ислом оилада бундай муносабатларни қатъий шаклда рад этиб, оиланинг ташкил этилиши моддий бойлик, шаҳват ва зоҳирий гўзалликларга асосланган бўлмаслиги керак, деб уқтиради. Уйланиш ва оила қуриш имон, иффат, руҳий покизалик ва ахлоқий фазилатларга таянган ҳолда шаклланса ва оила исломий қонун-қоидалар асосида идора қилинса, юқорида айтиб ўтилган номаъқул ҳоллар ҳеч вақт юзага келмайди.

  Ислом пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

«من تزوَّج امرأةً لا يتزوَّجُها إلَّا لجمالها لم ير فيها ما يُحِبُّ و من تزوَّجها لمالها لا يتزوَّجُها إِلَّا له وَکَّلهُ الله إليه فعلیکم بذاتِ الدِّين»

  «Кимки, бирор аёл билан фақат унинг гўзаллиги учун уйланса, хоҳлаган ва излаган нарсасини ушбу аёлда топа олмагай. Кимки, бирор аёл билан фақатгина унинг бойлиги учун уйланса, Аллоҳ таолоуни ўз ҳолига қўйиб қўяди. Шунга биноан, (оила қуриш учун) имонли ва диндор хотинларни танлангиз.»[3]

  Ислом таълимотида келган ҳадисларда инсонлар уйланмоққа ва оила қурмоққа тарғиб қилинадилар ва

«ما بُنِيَ بناءٌ فِي الإِسلامِ أحَبُّ إِلَي الله عَزَّوجَلَّ مِنَ التَّزويج»

  «Ҳеч бир уй-кошона уйланишдан кўра севимлироқ эмаслиги айтилади.»[4] Ушбу ҳадисларда асоссиз ва номаъқул баҳоналар билан оила қурмаган шаxслар кескин шаклда танқид қилинадилар ва жинсий майлни йўлдан оғдириб, бузишга олиб келадиган ҳар қандай узр-баҳона қораланади.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрадилар:

«مِن سُنَّتي التَّزويج فمن رغب عن سُنَّتِي فلیس مِنِّي»

  «Уйланмоқ ва оила қурмоқ менинг суннатим ва тутган йўлимдандир. Кимки, будин ва услубдан юз угирса, у мендан эмасдир.»[5]

  Ислом нуқтаи назаридан олчоқ, ахлоқсиз, руҳий фазилатларга эга бўлмаган, диний ва ахлоқий тарбия кўрмаган ҳамда шариатга риоя қилмаган шахслар билан оила қурмоқ тўғри деб, қабул қилинмайди. Ислом Пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу борада буюрадилар:

عن رسول الله (ص) أيُّها النَّاس! إيَّاکُم و خَضْرَاءَ الدِّمَن، قيل يا رسولَ الله (ص) و ما خضْراءَ الدِّمَن؟ قال: المرْأةُ الْحَسْنَاءُ في مِنبَتِ السُّوءِ

  «Булғанган ва ифлосланган ботқоқликлар ва туриб қолган сувларнинг атрофида ўсадиган ям-яшил ўсимликлар ва гуллар билан уйланишдан сақланинглар.»

Шунда ул ҳазратдан сўрадилар: «Ифлос ва булғанчиқ ботқоқлик атрофидаги ям-яшил ўсимликлар нимадир?»

  Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Тарбиясиз ва имонсиз оилада униб-ўсган гўзал аёллар[6]» деб, жавоб берадилар.

  Табиийки, ахлоқий ва диний қонун-қоидаларга риоя қилмаганлар оиланинг бахт-саодат ва иқболини таъмин эта олмайдилар. Бундай уйланишдан юзага келган фарзандлар ҳам, нафсоний ҳою ҳавас ва айш-ишратга берилаган разил ва тубан шахслар бўлиб, руҳий хотиржамлик ва осудаликка эга бўла олмайдилар. Шунинг учун ҳам, ислом ҳар икки тарафнинг бахт-содатини таъминлаш мақсадида уйланаётганда юксак ахлоқий ва диний хусусиятларга молик бўлишга xос эътибор қаратади, нопок ва бузғунчи наслнинг яралишига сабаб бўладиган тубан ва имонсиз оилалардан уйланиб, турмуш қуришдан қайтаради.


[1]. Франциянинг янги қонунининг 213-моддаси ҳам, ушбу масалани очиқлайди: Оилага бошлиқлик қилиш эркакнинг зиммасидадир.

[2]. Варом мажмуи, 1-жилд, 6-бет.

[3]. Васоилуш-шиа, 14-жилд, 31-бет.

[4]. Маллаа яҳзуруҳу ал-фақиҳ, 409-бет ва Васоилуш-шиа, 14-жилд, 3-бет.

[5]. Сафинатул Биҳор, 1-жилд, 561-бет.

[6]. Васоилуш-шиа, никоҳ китоби, 14- жилд, 7-боб, 29-бет ва Ат-Таҳзиб, 2-жилд, 227-бет.

Share

Check Also

Эркакларча яшаяпмизми? (1-қисм)

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Келинг, Мардларча Яшайлик, Эй биродар! Оила ва ҳаётга оид айрим муаммоларни фақат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.