Home / Исломда оила / Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (5)

Ислом нуқтаи назаридан оиланинг ўрни (5)

Исломнинг илк чоғларида аёлларнинг ҳуқуқи, имтиёз ва мавқеи шунчалик юксалган эдики, баъзан аёллар ислом ҳукуматининг ишларига ва дастуриламалларига мудохала қилишар эди. Аҳли суннат ва шиа уламолари ўз манбаларида ёзиб қолдирган қуйидаги тарихий ҳодиса ушбу ҳақиқатга ёрқин далилдир:

  Бир кун иккинчи xалифа Умар ибн Хаттоб минбарга чиқиб, тўпланган улкан жамиятга қараб шундай деди: «Кимки, 500 дирҳамдан ортиқ пулни бирор аёлга маҳр қилиб берса, унинг ортиқ қисмини (суннат бўлган маҳрдан ортиқчасини) мусодара қилиб, Байтулмол[1]га қайтаргайман!»

  У ерда иштирок этган аёллардан бири Умарга эътироз билдириб деди: «Сизнинг бу амрингиз Аллоҳнинг ҳукмига зид ва қаршидир! Зеро, Аллоҳ таолобу ҳақда буюради:

<وَإِنْ أَرَدْتُمُ اسْتِبْدَالَ زَوْجٍ مَكَانَ زَوْجٍ وَآتَيْتُمْ إِحْدَاهُنَّ قِنْطَارًا فَلا تَأْخُذُوا مِنْهُ شَيْئًا أَتَأْخُذُونَهُ بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا>

  «Ва агар хотин ўрнига бошқа хотинни алмаштирмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд молу дунёни [маҳр қилиб] берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг. Уни бўҳтон ва катта гуноҳ ҳолида оласизми?» (Нисо сураси, 20-оят) Қандайига сиз суннат бўлган маҳрдан ортиқчасини жоиз деб, билган Аллоҳнинг қонунига хилоф равишда фармон чиқармоқдасиз?

  Умар ўз хатосини тушуниб шундай деди: «Эркак хатога йўл қўйди, аёл эса ҳақиқатни айтди.»[2] Бу тарихий ҳодиса ва шунга ўхшаш воқеаларни хотин-қизларнинг исломдан олдинги ачинарли ва аянчли ҳолатлари билан таққосласак, ислом қанчалик аёлларни юксак мавқега кўтариб, уларнинг мустақил шахсиятларига эътибор қаратганини яхши фаҳмлаб оламиз. Бир аёл киши xалифанинг чиқарган фармонига нисбатан эътироз билдириб, халифани тўпланган оламон ҳузурида ўз хатосини тан олишига ва Аллоҳ қонунларига зид бўлган қарорини бекор этишига мажбур этади.

  Ҳа, ислом дини эркакларни аёллар устидан эгалик қилиш даражасидан пастга туширди, аёлларни асорат ва қулликдан қутқазиб, уларни юқори даражага кўтарди ҳамда инсонийлик мартабасида эркаклар ва аёллар баробар эканликларини тасдиқлади.

  Ислом дини эркаклар ва аёллар ўртасида асл инсонийликда ва ушбу аслга дахлдор ҳуқуқларда тасдиқлаган баробарлик фитрий ва табиий баробарликдан иборатдир. Аммо бу иккала тоифанинг моҳиятида ва турмушдаги вазифаларида мутлақ баробарлик эса фақат хаёл оламида мумкиндир, бироқ ташқи оламда зинҳор амалга ошмайди.

  Ислом қонун чиқаришда инсониятнинг табиий ва фитрий эҳтиёжларини ҳамиша назарга олади. Шу сабабдан ҳам, ислом аёл билан эркакнинг ўртасидаги баробарлик инсоний табиат ва фитратга мувофиқ ва уйғун келса, ўша ўринларда улар ўртасидаги баробарликни тасдиқ этади ва шунингдек, бу иккаласининг ўртасидаги тафовут инсоний табиат ва фитратга муносиб бўлган ўринларда уларнинг ўртасида фарқ қўйган.

  586-йилда Францияда диний кенгаш аёллар ҳақида баҳслашув ва музокаралар олиб боргач, шундай бир қарор чиқарганди: «Аёллар инсондирлар, аммо эркакларга xизмат этмоқ учун яратилганлар.»

  Сўнгги асрга қадар маданиятли Оврўпо ўлкалари қонунларида аёллар эгаликка оид бўлган барча ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум этилгандилар. Англияда 1850-йилда қабул қилинган қонунга биноан, аёллар мамлакат фуқароси саналмайдилар ва ҳеч бир эгалик ҳуқуқига молик эмасдилар. Ҳатто ўз эгниларидаги кийимларига ҳам, эга эмасдилар! Саккизинчи Ҳенрининг Англияда чиқарган фармонига биноан, «аёлларга муқаддас китобни ўқимоқ тақиқлаган эди!!»[3]

  1882-йилда Британияда қабул қилинган янги бир қонунга биноан, аёллар ўтмишда «мисли» кўрилмаган ҳуқуқ ва имтиёзни қўлга киритадилар. Мазкур қонунда айтилишича, аёллар ўзлари топган пулни ўз майл ва хоҳишлари билан истаганларидек сарфлай оладилар ва уни эрларининг қўлига топширишга мажбур эмаслар!

  Аммо ислом дини 14 аср бундан бурун аёл кишининг xусусий эгалик ҳуқуқини ва мол-мулк соҳиби бўлишини ва эркак кишининг назорати ва бошлиқлиғи остида бўлмай туриб, аёл кишининг иқтисодий жиҳатдан мустақиллигини эълон этганди. Ислом дини аёл кишига ҳақ берган бўлиб, у тижорат, касб, совға-инъом ва шуларга ўхшаш йўллар билан қўлга киритган мол-мулк ва бойликларини эрига боғлиқ бўлмаган ҳолда истаган ўринларда сарф-харажат қилишда озод ва мустақилдир. Ҳақиқатан ҳам, ушбу қонун ислом дини учун ифтиxор саналади.

<لِلرِّجَالِ نَصِيبٌ مِمَّا اكْتَسَبُوا وَلِلنِّسَاءِ نَصِيبٌ مِمَّا اكْتَسَبْنَ>

  «Эркакларга ўз касб этганларидан насиба бордир, аёлларга ўз касб этганларидан насиба бордир.» (Нисо сураси, 32-оят)

  Эгаликка оид ҳуқуқлардан ташқари, ислом дини аёл кишининг ҳаётида ўта муҳим ва қалтис бўлган оила қуриш масаласида ҳам, аёл кишининг шахсияти, мустақиллиги ва озодлигини таъминлаб, унга бу борада тўлиқ ҳуқуқ берган ва у ўзи хоҳлаган, маъқуллаган эркакни танлай олади. Ислом нуқтаи назаридан аёл кишининг розилиги бўлмаса, уни ҳеч ким хос бир эркакка тегишга мажбурлай олмайди.

  Оврўпо хотин-қизлари бир неча вақт олдин босим ва сиқув ўтказиш таъсирида қўлга киритган ҳуқуқ ва имтиёзларни ислом асрлар бурун ҳеч бир босим ва сиқувсиз аёллар жамиятига бахш этди. Айтган суҳбатимизга биноан, аёл кишига алоқадор бирор масала йўқки, ислом қонунлари уни энг яxши шаклда ҳал этмаган бўлсин.

  Афсуски, бугунги кунда кўпгина Шарқ ўлкаларида аёлларнинг ҳуқуқлари керакли шаклда таъмин қилинмайди. Бу муаммо эса, ислом қонун-қоидаларининг ва ислом тузумининг камчилиги ва айб-нуқсонидан эмас, балки ушбу ўлкаларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий вазиятидан келиб чиққан ва шунингдек, мусулмонлар жамиятига ноислом давлат тузуми ҳукмронлик қилаётгани сабабли юзага келган. Шу боис, мусулмон ўлкаларида аёллар ҳуқуқларининг топталанишида ислом дини эмас, бу давлатларнинг ва ҳукуматларнинг ўзлари айбдордирлар.

  Иқтисодий қийинчиликлар ва оммавий қашшоқликлар шарқ аёлларининг оғир вазиятга тушишларига сабаб бўлган омиллардандир. Бундай ўлкаларда ижтимоий зулм, адолатсизлик ва ноҳақликлар одамларнинг бир қисми ноз-неъмат ичида яшашларига ва буюк бир қисми эса, бахти қаролик, йўқсиллик ва очликда яшашларига сабаб бўлган. Ушбу зулм, адолатсизлик ва ҳалокатли қашшоқлик эркаклардан қаршилик кўрсатиш ва чидаш кучини олиб қўйган. Шунинг учун, ночор ҳолда ўзининг яшайдиган атроф-муҳити ва жамиятидан ғазабланиш ва аразлаш ҳолатини юрагига тугиб, уни сўндириш учун гина-кудурат ва ғазаб заҳарини ўз оиласида хотини ва болаларининг жонига сочади.

  Бундай шароит оила муҳитига ҳам таъсир этади ва ундан энг кўп азият чекканлар эса аёллар бўладилар. Улар ўз шаръий ҳуқуқларидан фойдалана олмай, эркакларнинг ўз ҳаддидан ошишларининг олдини ололмайдилар ва аёллар бундай ҳолда эрларидан ажрашишга дучор бўлишдан қўрқадилар ва ҳатто аёлнинг қавм-қариндошлари ҳам уни ўз ҳимоя ва қарамоқларига ололмайдилар.


Қўлланилган адабиётлар:

[1]. Бутун мусулмонларга тегишли бўлган мол-мулк ва хазина.
[2]. Ал-Ғадир, 6-жилд, 95 дан 98-бетларгача.
[3]. Ислом динининг ҳақиқати, 231-бет.
Share

Check Also

Эркакларча яшаяпмизми? (1-қисм)

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Келинг, Мардларча Яшайлик, Эй биродар! Оила ва ҳаётга оид айрим муаммоларни фақат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.