Home / Шариат қонунлари / Талоқ / Исломда талоқ ва ажрашиш (3)

Исломда талоқ ва ажрашиш (3)

  Ислом қонунларида эркакнинг аёлдан нафратланганида никоҳнинг бузилиши назарда тутилгани каби, аёлнинг эридан нафратланиши ҳам инобатга олинган.

Демак, агар аёл киши ўзида эрига қарши нафратланиш ҳисси уйғонса, ва эри билан бирга яшаш у учун чидаб бўлмайдиган даражага етиб борса, ўз маҳрини бағишлаши ёки қўшимча бирор нарса эрига бериши билан, талоқ қилиш ва ажралиш учун эрининг розилигини қўлга киритади ва аёл киши бу борада ўз талабини илгари суриш ҳуқуқига моликдир.

<وَلا يَحِلُّ لَكُمْ أَنْ تَأْخُذُوا مِمَّا آتَيْتُمُوهُنَّ شَيْئًا إِلا أَنْ يَخَافَا أَلا يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلا يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِمَا فِيمَا افْتَدَتْ بِهِ تِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ فَلا تَعْتَدُوهَا وَمَنْ يَتَعَدَّ حُدُودَ اللَّهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ>

  «[Эй эркаклар!] уларга [аёлларингизга] берган нарсангиздан [уларнинг маҳрларидан] бирор нарсани қайтариб олишингиз сизларга ҳалол бўлмайди. Магар эр-хотин Аллоҳнинг [оилавий турмуш тўғрисидаги] қонун-қоидаларини адо қила олмасликларидан қўрқсалар [бу ҳолатда мумкиндир.] Демак, агар уларнинг [эр-хотиннинг] Аллоҳнинг қонун-қоидаларини адо қила олмасликларидан қўрқсангиз, у ҳолда хотин эрига бирор нарсани эваз қилиб беришида икковларига гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг [белгилаб қўйган] қонун-чегараларидир. Улардан тажовуз қилиб ўтмангиз! Кимки, Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир.»(Бақара сураси, 229-оят)

  Кўриниб турибдики, ислом дини аёл кишининг қалбий истаклари ва ҳис-туйғуларига хос эътибор қаратиб, бундай ўринларда аёлнинг нафратли ва қайғули ҳаётдан қутилиши учун йўл кўрсатиб, унинг ҳуқуқларининг тўла-тўкис ҳимояланишини тамомила таъмин этади. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида шундай бир ҳодиса рўй берганди. Ибн Аббос айтади:

  «Собит ибн Қайснинг умр йўлдоши Жамила бир кун паришон ва безовта ҳолда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига келиб деди: «Эй Расулуллоҳ! Бу кундан эътиборан, мен Собит билан бирга бир лаҳза ҳам яшашга рози эмасман. Бундан сўнг, мен ва у бир ёстиққа бош қўя олмаймиз ва унинг билан бирга оилавий турмуш кечира олмайман.

  Сўнгра қўшимча қилиб деди: Албатта, унинг имонидан, одоб-ахлоқ ва юриш-туришидан шикоятим йўқдир ва бу масалаларга кўра, ундан ажралмоқчи эмасман. Аммо унинг билан бирга яшашни давом эттирсам, кофирлик ва динсизликка дучор бўлишдан қўрқаман ва мусулмонликдан кейин ҳақиқатга хилоф йўлга киришдан хавотирланаман.

  Ундан нафратланишимнинг сабаби ҳам шундаки, бир куни ўтирган чодиримнинг этагини кўтардим, шунда кўзим бир гуруҳ эркаклар билан келаётган эримга тушди. Бу гуруҳга диққат билан боқдим, уларнинг ичида юзи ҳаммадан хуникроқ, қорароқ ва калта бўйли шаменинг эрим эди. Бу вазиятни кўргач, қалбимнинг тубида унга нисбатан нафратланиш ҳисси менда пайдо бўлди ва менинг назаримда унинг юзи ёқимсиз ва хуник бўлиб кўринди. Шунинг учун ҳам, мен Собит билан бирга яшашга ўзимни сира рози қила олмаяпман.»

  Ислом динининг пешвоси сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу сўзларни тинглаганларидан сўнг, Жамилага ўгит ва насиҳат бера бошладилар. Лекин панд ва насиҳат ҳеч бир фойда бермади. Шунда ул ҳазрат Собит ибн Қайсни ҳузурларига чақиртириб, можарони унга айтиб бердилар. Собит ўз умр йўлдоши Жамилага ҳаддидан ортиқ кўнгил қўйган бўлишига қарамай, маҳр деб Жамилага берган боғни қайтариб олиш билан, уни талоқ қилишга рози бўлди ва оқибат Жамила шу орқали эри Собитдан хулъий талоқ олди.[1]

  Айрим мавридлар ажрашиш учун эркак кишининг талоқ қилишига эҳтиёж туғилмайди. Балки аёл баъзан ислом маҳкамасига мурожаат қилиш билан, баъзида эса мурожаат қилмасдан никоҳни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Масалан, эркак ёки аёлдан ҳар қайси руҳий хасталикка чалиниб, ақлини қўлдан бериб қўйса (телба ва мажнунликка дучор бўлса), ҳар икки тараф айни савияда никоҳни бекор қилмоқ силоҳиятига эга бўлади.[2]

  Эркакнинг жинсий масалаларда ожизлиги ҳам (жинсий майл ва иштиёқнинг бўлмаслиги) аёлга никоҳни бузмоқ ҳаққини беради. Шунингдек, мажбурлаб, ёқтирмаган шахсга узатиш ва мажбурий ҳолда хоҳламаганга уйлатириш ҳам никоҳни бекор қилишга сабаб бўла олади. Бир тоифа исломшунос фақиҳлар бошқа ўринларда ҳам никоҳнинг бекор қилинишига сабаб бўладиган омилларнинг борлигини айтганлар.

  Шак-шубҳасиз, Ғарб жамиятларидаги улкан дард, бу- оила пойдеворининг силкиниши ва ажрашишларнинг ҳаддан ортиқ кўпайишидир. Бунинг асосий сабаби ҳам, юзлаб асрлар давомида бутхона (черков)нинг талоқ ва ажрашишга мутлақо ижозат бермаслиги эди. Насроний динида талоқ ва ажрашиш ноўрин ва нодуруст деб, қабул қилиниб, унинг қатъий тарзда тақиқлангани натижасида оврўпо давлатлари талоқ ва ажрашишни расман қабул қилиб, унга ижозат бермоққа мажбур бўлдилар.

  Масалан: Франциядда насроний динига кўра, 1789-йилнинг октябрида инқилоб бўлишдан бурун талоқ қилиш ва ажрашиш тақиқланган эди. Бироқ 1804- йилда халқнинг босими натижасида «янги маданий ҳуқуқлар» қонуни лойиҳаси тасдиқланаётганида талоқ ва ажрашиш қонуний, деб эълон қилинди. Аммо ушбу қонун ўз кучига эга бўлган ўн икки йил давомида талоқ ва ажрашишларнинг сони суръат билан ошиб кетди ва шу боис, яна бир карра бутхона руҳонийларининг тазйиқи остида 1816-йили талоқ қилиш қонуни бекор қилиниб, «жисмоний ажрашиш» қонуни қабул қилинди. Бироқ халқнинг қайтадан қистовга олиши таъсирида давлат мажбур бўлиб, 1884-йилда эр-хотин учун муайян маҳдудликлар билан талоқ ва ажрашиш тўғрисида қонун қабул қилди.

  Қуйидаги ўринларда эр ва хотин талоқ ва ажрашиш ҳуқуқига эгадирлар:

  1. Аёл ёки эркак бирор жиноий иш содир этиб, қонун бўйича остда кўрсатилган жазоларнинг бирортасига маҳкум этилганда: Ўлим жазоси, умрбод қамоққа олинмоқ, сургин қилинмоқ, ижтимоий ҳуқуқлардан маҳрум этилмоқ ва оғир ишлар билан вақтинча қамоққа олинмоқ;

  2. Эр ёки хотиннинг бирортаси зино қилганда; Аммо аёл киши яшаб турган жойида унинг эри зино қилган тақдирда хотин талоқ олиш ва ажралиш ҳуқуқига эга бўлади.



[1]. Мажмаул баён, 1-жилд, 167-бет.

[2]. Германия ва Шветцария каби айрим оврўпо ўлкаларида ҳам телбалик ва мажнунлик ҳолатида эр-хотинга талоқ ва ажрашиш ҳуқуқи берилади, деб қабул қилинган, аммо Франция сингари баъзи оврўпо давлатларида эса, эр ва хотиндан бирортаси телбаликка мубтало бўлиб қолса, бу ҳолда уларнинг ҳеч бири талоқ қилиш ва ажрашиш ҳуқуқига эга эмас, балки ўзининг телба ва мажнун умр йўлдошига эҳтиёт бўлиб, унга қарамоғи лозим бўлади. Шубҳасиз, бу ҳукм мажбурий бўлиб, гоҳида чидаб бўлмас даражага етиб боради. Бироқ ислом дини бундай ҳолда эр-хотинни мажбур этмай, телба ва мажнун умр йўлдошини эҳтиёт тутиб, унга қарашиш билан, никоҳни бекор қилиш ўртасида озод ва эркин қўяди.

Share

Check Also

Исломда талоқ ва ажрашиш (1)

  Илк навбатда шуни билмоқ лозимки, ажрашиш, талоқ ва эр-хотинлик риштасини узмоқ ғайритабиий ва яратилиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.