Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Бақара сурасининг 1-6 оятлари тафсири

Бақара сурасининг 1-6 оятлари тафсири

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Борлиқ ато этувчи ва раҳмли Аллоҳ номи ила [бошлайман]

  Қуръони Каримни энг катта ва иккинчи сураси «Бақара» деб, номланган. Бу ном қўйилганидан мурод, сурада зирк этилган Бани Исроил сигирининг қиссасидир.

Ушбу сура ўзига хос таркибга эга ва инсоннинг диққат-эътиборини жалб этувчи ҳарфлар билан бошланган.

Дастлаб, Бақара сурасининг 1- ояти таржима ва тафсирига бел боғлаймиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

الم ﴿١﴾

   «Борлиқ ато этувчи ва раҳмли Аллоҳ номи ила [бошлайман]. Алиф Лом Мим.»

  Қуръони Каримнинг 29 та сураси бу ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган; Баъзилар «Ҳуруфул муқаттаот» кесик ҳарфлар десалар, бошқалар «Ҳуруфул ҳижои» алифбо ҳарфлари дейдилар, учинчи гуруҳ эса, «Фавотуҳус сувар» сураларни очувчилар, деб назар билдиришган. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: «Бу Аллоҳ билан Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўрталаридаги сир», дейдилар. Бошқалари эса, уларга ўзларича маъно қўйганлар.

  Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ таоло гўёки мўъжиза бўлган Ўз китобини ана шу алифбо ҳарфлари ва одамлар учун номаълум бўлган сўз ва таркиботлар билан нозил қилган. Энди Қуръонни мўъжиза эмаслигини даъво қилувчилар, агар рост гапираётган бўлишса, ана шу алифбо ҳарфларидан ҳам сўзлар расолиги ва равонлиги, ҳам маъно –мазмун жиҳатидан мислсиз бўлган Қуръон каби бирор китобни ёзишсин–чи!- демоқчи бўлган. Ҳа азизлар, бу Аллоҳ таолонинг қудратидирки, алифбо ҳарфларидан ўта чуқур мазмунли китобни тузган. Инсон эса ундаги сураларга ўхшаш бирор сурани келтира олишдан ҳам ожиздир.

Энди Бақара сурасидаги 2 – оятнинг таржима ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

<ذَلِکَ الکِتَبُ لاَ رَیْبَ فِیهِ هُدىً لِّلْمُتَّقِینَ>

  «Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир.»

  Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг бир сифати «тақводорларга ҳидоятдир» Ҳидоят – мақсадга эриштирувчи лутф билан йўл кўрсатишдир. Тақводорлар эса, азоб-уқубатга элтувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки, Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.

  Бу оятдан биринчидан, Қуръондаги ҳар бир калом устувор ва мустаҳкам эканлиги, чунки, ҳакиму доно Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлганини;

  Иккинчидан, Қуръон башариятни ҳидоят этувчи китоб эканлигини;

  Учинчидан, Қуръон ҳақиқатларини қабул қилишга руҳу жонларимиз шай бўлган ҳолдагина унинг нурини қалбларимизда мунаввар эта олишмизни ўрганиб оламиз.

  Энди эса, Бақара сурасининг 3 чи ва 4 – оятлари таржимаси ҳамда тафсирини сиз азизлар билан биргаликда кўриб чиқамиз:

<الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَوةَ وَمِمَّا رَزَقْنَهُمْ يُنفِقُونَ/ وَالَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِمَآ أُنزِلَ إِلَيْكَ وَمَآ أُنْزِلَ مِن قَبْلِكَ وَبِالْأَخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ>

  «Улар ғайбга имон келтирадиган, намозни тўла-тўкис ўқийдиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган шахслардир. Ва улар Сенга нозил қилинган нарсага ва Сендан олдин туширилган нарсага имон келтирадиган ва охиратга аниқ ишонадиганлардир.»

  Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси келтирилган: Муфасирларнинг тафсирида: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, юборган китобларига, пайғамбарларига, маъсум имомларга, қиёмат кунига, жаннат ва дўзахга, Унинг мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир», деб биринчи сифат айтилган. Иккинчиси; «намоз ўқирлар». Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандаларга қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Учинчиси – «Биз уларга берган ризқдан инфоқ-эҳсон қилурлар». Мўъмин-мусулмоннинг, тақводор одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқдир, ўзи яратган ёки пайдо қилган нарса эмас. Шунинг учун ҳам, тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож ва йўқсил биродарларига инфоқ-эҳсон қилади. «Садақа» сўзининг тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб, садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи ётади. «Нафақа ва инфоқ» ўзи умумий бир сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа ва инфоқ-эҳсон каби маъноларни англатади.

  Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат, Муҳаммад Мустафо аллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган барча самовий китобларга иймон келтиришдир. Бу нарса, ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда мавжуд эмас. Чунки, ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳ томонидан нозил этилган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради ва ушбу китобларнинг меросхўри саналади.

  Бу оятлардан биринчидан, борлиқ олам фақатгина модда оламидан иборат эмаслигини, балки кўзимизга кўринмайдиган ҳақиқатлар ва ғайб олами борлигини, ҳамда ақлимиз ва қалбимиз уларнинг борлигига гувоҳлик беришини;

  Иккинчидан, иймон амалдан жудо эмаслиги ва мўъмин амал аҳлидан эканлигини, албатта амал Аллоҳ таоло буюрганидек бўлиши лозимлигини;

  Учинчидан, намоз ҳар бир мўъмин ва мусулмон ишининг муқаддимаси эканлигини;

  Тўртинчидан, барча пайғамбарларда ягона мақсад бўлгани, шунинг учун, барча самовий китобларга иймон келтириш лозимлигини;

  Ва бешинчидан эса, ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтириши ва ушбу китобларнинг вориси ва меросхўри саналишини ўрганиб оламиз.

Мақоламиз сўнггида Бақара сурасининг 5 чи ва 6 – оятлари таржимаси ҳамда тафсирига диққатингизни жалб этамиз:

<أُوْلَئِكَ عَلَى هُدًى مِّن رَّبِّهِمْ وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ/ إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ سَوآءٌ عَلَيْهِمْ ءَأَنذَرْتَهُمْ أَمْ لَمْ تُنذِرْهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ>

  «Ана ўшалар парвардигорлари томонидан бўлган ҳидоятдан [баҳраманд]дирлар ва уларнинг ўзигина нажот топувчилардир. Чиндан, кофир бўлганларни эса хоҳ огоҳлантиргин, хоҳ огоҳлантирмагин, уларга баробардир, [ҳар ҳолда] имон келтирмайдилар.»

  Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.

  Ушбу оят қалби пок ва тақводор бандаларнинг оқибати нажот топиш эканлигини баён этади, улар илоҳий ҳидоят ёғдусида такомил топадилар. Нажот дегани, бу – нафсоний ҳою ҳавасларлардан қутулиш ва инсонда ахлоқий уйғунлик вужудга келмоғидир. Араб тилида деҳқонни фаллоҳ дейишади. Чунки, у ўз меҳнатлари билан тупроқ остидан уруғ униб чиқишининг шароитини муҳайё этади.

  Нажот бу- инсон камолотининг энг юксак босқичидир. Зеро, Қуръони Карим оятларига биноан, борлиқ башар учун яратилган, башар эса ибодат учун, ибодат эса тақвога етишмоқ учундир. Бу ояти карима «тақводорлар нажотга эришадилар» деб, уқтирмоқ.

  Тақводорлар ва қалблари пок инсонлардан кейин, оятнинг давомида кофирлар таништирилади. Улар шунчалик ўжар ва қайсар бўлиб қолишганки, ҳақ сўз уларга таъсир кўрсата олмайди ҳамда улар унга иймон келтиришмайди.

  Куфр араб тилида яшириш, бекитиш ва кўрмасликка олишдир. Куфрони неъмат ҳам, неъматдан кўз юмиб ўтиш ва ношукрлик қилиш маъносини англатади. Кофир бу ҳақни оёқ ости қилиб, уни тан олмайдиган кишидир.

  Агар Аллоҳ таоло ирода қилганида, ҳамма одамлар иймон келтиришга мажбур бўлишар эди, аммо мажбурий иймоннинг ҳеч қандай қадр – қиймати ва фойдаси бўлмайди ва Аллоҳ таоло инсон ўз хоҳиши ҳамда ихтиёри билан иймон келтиришини ирода қилган.

  Бу оятлардан биринчидан, саодат ва хушбахтликка етишнинг йўли илоҳий ҳидоятни қабул қилиш эканлигини;

  Иккинчидан, нажотга саъй – ҳаракатсиз етишиб бўлмаслиги, бу нарса ҳам илму иймон ва ҳам эзгу амал ва солиҳликни талаб қилишини;

  Учинчидан, агар бандалар ҳақни қабул қилишмаса, пайғамбарларнинг даъвати ҳам таъсирсиз эканлигини;

  Тўртинчидан эса, агарчи кофирлар иймон келтирмасликларини билсак–да, аммо биз ўз вазифамизга амал қилган ҳолда уларни ҳақ йўлга даъват этишимиз зарурлигини ўрганиб оламиз.  2014-02-26.  00:49:52

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.