Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Бақара сурасининг 7-12 оятлари тафсири

Бақара сурасининг 7-12 оятлари тафсири

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Борлиқ ато этувчи ва раҳмли Аллоҳ номи ила [бошлайман]

  Бақара сурасининг 7 ва 8 – оятларининг таржима ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

<خَتَمَ اللَّهُ عَلَى‏ قُلُوبِهِمْ وَعَلَى سَمْعِهِمْ وَعَلَى‏ أَبْصَرِهِمْ غِشَوَةٌ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِیمٌ/ وَمِنَ النَّاسِ مَن یَقُولُ ءَامَنَّا بِاللَّهِ وَبِالْیَوِمِ الْآخِرِ وَمَا هُم بِمُؤْمِنِینَ>

   «Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир. Ва Одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўъмин эмаслар».

  Кофирларда ақл, кўз ва қулоқ бўлса-да, аммо уларнинг тубан ишлари, ўжарлик ва ҳаддан ошишликлари уларнинг кўз олдиларига шундай бир пардани вужудга келтирганки, улар ҳақиқатни англаш, кўриш ва эшитиш қудратини қўлдан бой беришган. Бу эса Аллоҳ таоло бу дунёда улар учун муқаррар этган жазодир. Бироқ қиёматда уларни улкан азоблар кутмоқда.

  Бақара сурасининг аввалидан бу ергача тўртта оят мўминларни ва иккита оят эса кофирларни таништирди. Саккизинчи оят ва ундан кейинги ўн учта оят одамларнинг учинчи тоифасини таништиради. Улар на биринчи тоифанинг на иккинчи тоифанинг жасоратига эгалар. Уларнинг қалбларида иймон йўқ, бироқ тилларида иймонлари йўқлигини ҳамда кофир эканликларини айтишолмайди. Улар қўрқоқ мунофиқлар бўлиб, ички куфрларини ёширишади ва юзаки кўринишда Исломни даъво қилишади.

  Бу оятлардан, биринчидан кимки, ҳақни англаб, уни хаспўшлашга уринса, Аллоҳ таоло ҳам унинг кўзини ҳақни кўришдан ожиз қолдиришини;

  Иккинчидан, инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарса, бу – унинг тўғри ақл – идрокли эканлигини, аммо кофир бундай имтиёздан маҳрум бўлиб қолишини ўрганиб оламиз.

Энди Бақара сурасининг 9 ва 10-оятлари таржимаси ҳамда тафсирини тақдим этамиз:

<یُخَادِعُونَ اللَّهَ وَالَّذِینَ ءَامَنُواْ وَمَا یَخْدَعُونَ إِلَّا أَنْفُسَهُمْ وَمَا یَشْعُرُونَ/ فِى قُلُوبِهِم مَّرَضٌ فَزَادَهُمْ اللَّهُ مَرَضًا وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِیمٌ بِمَا کَانُواْ یَکْذِبُونَ>

  «Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки, фақат ўзларинигина алдайдилар, холос ва [буни] англамайдилар Уларнинг қалбларида беморлик бор. Аллоҳ беморликларини [янада]зиёда қилди ва улар учун ёлғон сўзлаганлари боис аламли азоб бор».

  Мунофиқлар ўзларини ўта доно ва сергак деб ўйлаб, иймонимиз бор дейиш билан, Худони ва мўъминларни алдаб, мусулмонларнинг имтиёзларидан баҳраманд бўла оламиз, – деб гумон қилишади. Улар пайт пойлаб, исломга зарба уриш ниятида Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва мўминларни алдашади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларнинг ички куфридан огоҳдир ва мунофиқликларини билади ҳамда вақти келиб шармандаларини чиқаради ҳамда уларнинг тубан башараларини мўминларга фош этади.

  Мунофиқлик барча инсонларнинг руҳи ва қалбини таҳдид қилувчи ўта хавфли касалликлардан биридир. Соғлом инсон бир юзли бўлади ҳамда унинг жисми ва руҳи ўртасида тўлиқ ҳамоҳанглик ва уйғунлик бор. Дилидаги бор нарсани тилида айтади ва ахлоқи тафаккурига яқиндир. Аммо мунофиқда бундай хусусият йўқ ва у бу хусусиятларни мунофиқлик касаллигига чалиниш билан йўқотган.

  Бу оятлардан, биринчидан мунофиқлик алдамчилик эканлиги, шунинг учун, баъзи бир кишиларнинг ташқи кўринишига алданиб қолмаслик лозимлигини;

  Иккинчидан эса, мунофиқлик руҳий беморлик эканлиги, мунофиқ шахс эса бу хавфли хасталикка чалингани учун, бошқаларни алдайман деб, энг аввало ўзини алдашини ўрганиб оламиз.

  Энди эса Бақара сурасининг 11 ва 12-оятлари таржимаси ҳамда тафсири билан танишамиз:

<وَإِذَا قِیلَ لَهُمْ لا تُفْسِدُواْ فِى الْأَرْضِ قَالُواْ إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ/ أَلَآ إِنَّهُمْ هُمُ الْمِفْسِدُونَ وَلَکِن لَّا یَشْعُرُونَ>

  «Ва уларга: «Ер юзида фасод-бузғунчилик қилманглар», дейилганда, улар: «Шубҳасиз, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, ҳақиқатан, уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин улар [буни] англамайдилар».

  Мунофиқлик хавфли ва юқумли касалликдир. Агар унинг олди олинмаса, жуда тезлик билан жамиятдаги кўплаб одамлар бу хасталикка чалиниб қолишади. Хушомадгўйлик, риёкорлик, иккиюзламачилик жамиятни фасод ва бузғунчиликка булғайди.

  Мунофиқни ўзи диний дастурларга амал қилмаслиги боис, мўъминлар ҳам ўзидек бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун, доимо Аллоҳнинг амрларини ҳақоратлаб, масхара қилади ҳамда одамларни ўз вазифаларини бажаришдан қайтаради.

  Бу оятлардан биринчидан, мунофиқликни таъсири фақат шахсий эмаслиги, балки бутун жамиятга сингишининг хавфи борлигини;

  Иккинчидан, мунофиқликни аломатларидан бири, улар ўзларини бошқалардан устун қўйишларини;

  Учинчидан, мўъминлар мунофиқларнинг юзаки кўринишда чиройли, аммо аслини олганда ҳеч нарсасиз кимсалар эканидан огоҳ бўлиб, уларга алданиб қолмасликка ҳаракат қилишлари зарурлигини ўрганиб оламиз. 2014-02-26.  01:03:19

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.