Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Ҳамд сураси / Ҳамд сурасининг 5-7 оятлари тафсири

Ҳамд сурасининг 5-7 оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

  Ҳамд сурасининг 5 – ояти таржимаси ва тафсирини эътиборингизга ҳавола этамиз:

<إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ>

  «Ёлғиз сенгагина ибодат қиламиз ва ёлғиз сендангина ёрдам сўраймиз.»

   «Иййака наъбуду» «Фақат сенинг айтганингни қиламиз» маъносини англатади. Бу эса, банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваъдадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин. «Иййака настаъийн» ҳам, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш маъносини англатади.

  Бу оятда Аллоҳ таолога хитоб этиб, айтамизки, «фақат Сенга сиғинамиз ва Сендангина нусрат сўраймиз.»

  Олдинги суҳбатимизда Аллоҳ таолони баъзи бир сифатларини танидик ва билиб олдикки, У Раҳмон ва Раҳим, Раббул оламин ва жазо кунининг Эгасидир. Бундан ташқари, бизларга бериб қўйган ҳисобсиз неъматлари учун, Унга шукрона ва мақтовлар айтиб, «Алҳамдулиллоҳи Роббил оламийн», деймиз. Энди эса, Унинг даргоҳига юзланиб, ожизлик ва заифлигимизни изҳор этган ҳолда, «биз фақат Сенинг бандангмиз ва Сенинг амру фармонингдан бўлак, ҳеч бир кишининг амр-фармони баробарида тиз чўкмаймиз», – деймиз.

  Бу оятлардан биринчидан, барча ишларда оламларнинг яратувчиси ва эгаси ўлароқ, Аллоҳ таолога таваккул қилиш ҳамда таслим бўлиш лозимлигини;

  Иккинчидан эса, мўъмин киши ҳар бир намозда фақат Аллоҳнинг бандасиман деса, кибру ҳаво ва ўжарликдан мутлақо йироқлашишини ўрганиб оламиз.

  Энди Ҳамд сурасининг 6 – ояти таржимаси ҳамда тафсиририни биргаликда кўриб чиқамиз:

<اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ>

  «Бизни тўғри йўлга бошлагин.»

  «Ҳидоятга бошлаш» луғатда бирор нарса сари лутф ва марҳамат билан йўллашга айтилади.

  Инсоннинг ҳаёти учун турли йўллар мавжуд бўлиб, у бу йўлларни ўзининг шахсий талаблари ва эҳтиёжларига асосан аниқлайди. Жамият ва одамлар борадиган йўл; аждодлар ва оталар ўз турмушларига уйғун келган йўлдан, тоғутлар ва золим ҳокимлар одамларга белгилаб қўядиган йўл ва бошқалардан иборат. Бу орада шунча йўллар бўла туриб ҳам, инсон тўғри ва ёруғ йўлни топиш учун, йўлбошчига муҳтожми? – деган савол туғилади. Аллоҳ таоло пайғамбарлар ва самовий китобларни айнан ана шу йўл кўрсатиш ва одамларни ҳидоят этиш учун юборган. Шунинг учун, ҳар бир намозда Аллоҳ таолонинг Ўзидан тўғри йўлга ҳидоят этишини сўраймиз. Тўғри йўл васат, яъни ўрта йўлдир, тўғри йўл барча ишларда мўътадил бўлмоқ, яъни ҳар қандай ғулув (ҳаддидан ошиш) ёки бўшашиш ва кучсизланишдан узоқлашмоқдир.

  Сўзимиз сўнггида Ҳамд сурасининг 7 – ояти таржимаси ҳамда тафсирини тақдим этамиз:

<صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّآلِّينَ>

  «Ўзинг неъмат берган зотларнинг йўлига ]бошлагин[, ғазабга дучор бўлганларнинг эмас ва адашганларнинг ҳам эмас.»

  «Неъмат берилганлар»дан мурод – Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалардир. «Ғазабга дучор бўлганлар»дан мурод – яҳудийлардир. Яҳудийларнинг ғазабга дучор бўлишларининг сабаблари кўп, жумладан, анбиёларни ўлдиришлари, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилмасликлари ва ҳоказо. Лекин энг катта сабаб –билганига амал қилмасликдир. Аллоҳ уларга илм берган, улар эса била туриб илмга амал қилмаганлар. «Адашганлар»дан мурод – насронийлар. Насороларнинг «адашганлар» тоифасидан бўлиши ҳам бир қанча сабабларга кўрадир. Энг асосийси –улар мақсадга эришиш йўлида Аллоҳ кўрсатган йўлни эмас, ўзлари топган йўлни танлаганлар.

  Демак, оятнинг маъноси: «Эй Аллоҳ, бизни ўтган анбиё-ю авлиёларинг ва азиз бандаларинг йўлига бошлагин, яҳудий ва насронийлар йўлига бошламагин», деганидир. «Намозни ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандамга Мендан нима сўраса, бераман. Агар у (банда) «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн» деса, Аллоҳ таоло: «Бандам менга ҳамд-шукр айтди», дейди. Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса, Аллоҳ: «Бандам менга сано-мақтов айтди», дейди. Банда: «Малики явмиддийн», деса, Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», дейди. Банда: «Иййака наъбуду ва иййака настаъийн», деса, Аллоҳ: «Бу Мен билан бандам орасидаги аҳд, бандамга нима сўраса, бераман», дейди. Агар банда: «Иҳдинас сиротал мустақим, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзуби алайҳим валаззооллийн», деса, Аллоҳ: «Бу бандамга хос, бандамга сўраганини бердим», дейди.

  Бу оятдан биринчидан, тўғри йўлни танлашда Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 69 – оятида таништирганидек, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ инсонларни ўзимиз учун ўрнак ва намуна қилиб олишимиз лозимлигини;

  Иккинчидан эса, Аллоҳ таолодан инсонга етадиган ҳар бир нарса неъмат эканлигини, аммо илоҳий қаҳру ғазабни ўзимизнинг нолойиқ ва ножўя ишларимиз билан қўлга киритишимизни ўрганиб оламиз.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.