Home / Долзарб мавзулар / Олимлар ҳаёти ва ижоди / Аллома Ҳиллийнинг Султон ҳузурида сунний олимлар билан баҳслашуви

Аллома Ҳиллийнинг Султон ҳузурида сунний олимлар билан баҳслашуви

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

index1254 Аллома Ҳиллий (раҳматуллоҳ алайҳ) жаҳонда донғи таралган, овозаси бутун ислом ўлкаларига етиб кетган бир улуғ зот эди. Ул буюк алломанинг асридаги яшаган ҳукмдор, мўғул подшоҳларидан бири бўлмиш Султон Муҳаммад Улжойту эди. У 703-ҳижрий қамарий йилидан 716-қамарий йилига қадар, Эрон заминида мўғуллар забт этган ерларда ҳукм сурарди.

  Улжойту 706-қамарий йилида Абҳур номли сўлим бир диёрда «Султония» шаҳрини таъсис этади. Ушбу ердан Абҳур ва Занжондаги кичик дарё оқарди. Мазкур шаҳарни қуриш ўн йил давом этиб, 713-қамарий йилида улкан бир шаҳар жуда гўзал бинолари билан барпо этилади. Улжойту у маконда ўзи учун бир сарой қуриб, Бағдоддаги «Мустансирийя» мадрасасига ўхшаган йирик бир мадрасага асос солади ва ҳар ёқдан мударрислар ва ислом уламоларини даъват этади.

  Тарихда ёзилишича, Султон Улжойту кунлардан бирида хотинларидан бирига дарғазаб бўлиб, уни бир мажлисда уч талоқ қилади ва тез орада ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, саройдаги сунний мазҳаб уламоларидан бундай талоқнинг ҳукмини сўрайди ва хотинини қайтариб олиш чорасини излай бошлайди. Сунний уламолари Султонга жавобан: «Бу аёл сизга завжа бўла олмайди! Бунинг эса ягона чораси шундаки, сиздан бошқа бир муҳаллил (ҳалол қилувчи) киши ушбу аёл билан уйланиб, унинг билан яшаб, сўнгра талоқ қилгач, сиз уни яна хотинликка ололасиз дея жавоб беришди.» Султон бу сўздан қаттиқ ранжиб, наҳот бир чора йўқлигини улардан сўрайди. Улар эса бундан бошқа илож йўқ, дея жавоб қайтаришади.

  Шунда Султоннинг вазирларидан бири деди: Ироқнинг Ҳилла номли шаҳрида фақиҳ ва мужтаҳид бўлиб, ушбу талоқнинг ботил ва нотўғри эканига фатво беради. Вазир таклиф киритган фақиҳ ва мужтаҳид, Аллома Ҳиллий эди. Шу боис, Султон Улжойту Ҳилла шаҳрига чопар йўллаб, Алломани ҳукумат марказига олиб келишни буюрди. Ҳарчанд Аллома Ҳиллийнинг Эронга қилган сафарининг замони аниқ ва муайян бўлмаса-да, эҳтимол, 705-қамарий йилидан кейинги пайтларга тўғри келади.

   Аллома Ҳиллий Эронга келганиданоқ, Султоннинг ташкил этган биринчи йиғилишида иштирок этиб, шоҳона мажлис бўлишига эътибор бермай, илмий баҳслар билан саволларга аниқ ва мустаҳкам жавоблар бера бошлаган аллома, тўрт мазҳабдаги аҳли суннат уламоларини ўз назарини қабул қилишга мажбур этади ва Султоннинг ўз хотинига берган талоқи хусусида шундай дейди:

  «Қилинган талоқ ботил ва нотўғридир, чунки, талоқ беришнинг шарти риоя қилинмаган. Зеро, талоқ қилишнинг асосий шарти, икки одил шоҳиднинг талоқ мажлисида ҳозир бўлиб, қатнашишидир ва бу шарт талоқ бераётиб амалга ошмаган».

  Султон Улжойту Аллома Ҳиллийнинг берган фатвосидан қувониб, Алломанинг илмий баҳслашувидаги қудратидан, ҳозир жавоб ва чуқур маълумотга эга эканидан ҳамда ўз назарини исботлашда ойдин далилларга таяниб, шижоат билан қилган баҳслашувидан таъсирланиб, унда шиа фиқҳига нисбатан кучли иштиёқ уйғонди.

  Султон Муҳаммад Улжойтунинг ҳузурида Аллома Ҳиллий билан аҳли суннатнинг тўрт мазҳабига мансуб уламолар ўртасида бўлиб ўтган илмий баҳслашувларни эътиборингизга тақдим этамиз:

  Кунлардан бирида Султон Муҳаммад Улжойту ўз хотинига ғазаб қилиб, бир мажлисда уни уч талоқ қилди. Сўнгра зудлик билан ўз кирдикоридан пушаймон бўлди. Шунинг учун Аҳли суннат уломаларини йиғиб, ушбу муаммони ҳал қилиш учун уларнинг назарларини сўради.

  Уларнинг ҳаммаси: «Ҳеч қандай чора йўқ, илло Сиздан бошқа бирор муҳаллил (ҳалол қилувчи) шахс уни ўз никоҳига олиб, у билан яшайди. Ўша муҳаллил аёлни талоқ қилгач, Сиз яна уни ўзингизга хотин қилиб ололасиз», деб жавоб беришди.

  Султон Муҳаммад Улжойту деди: «Бу иш менга жуда оғирдир, бироқ сизлар ҳар бир масалада хилма-хил назарга эга бўлиб, ўзаро ихтилофдасиз ва турли масалаларда турлича назарга эгасиз. Ушбу масалада бошқа фатво ва назарингиз йўқми?»

  Улар: «Йўқ» дея жавоб қайтаришди. Вазирларидан бири гўё шиа мазҳабидан бўлиб, Султонга шундай дейди: Ироқнинг Ҳилла шаҳрида бир олим  бўлиб, у бундай талоқни ботил ва нотўғри деб, билади. Султон ҳазратлари ўша олимни чақиртирсалар яхши бўларди, шояд у ушбу муаммони ҳал қилар.

  Аҳли суннат уламолари дедилар: Сиз айтаётган олим ботил ва нотўғри мазҳабдадир, улар рофизий, ақлсиз ва тентак одамлар бўлиб, бундай калтафаҳм ва фаросатсиз шахсни ҳузурга қабул қилиш асло Султонга тўғри келмайди.

  Султон деди: Ўша олимни ҳузуримга чақириш фойдадан холи эмас.

  Аллома Ҳиллий Султоннинг ҳузурига чақиртирилгач, у буюк зотнинг келишидан олдин, аҳли суннатнинг тўрт мазҳабидан бўлган уламолар Султоннинг наздида ҳозир эдилар.

  Аллома Ҳиллий мажлисга кираётиб, ҳеч бир қўрқув ва воҳимага тушмай, ўз чориғини қўлга олиб, йиғилган оламон орасига кириб борди-ю, баланд овоз билан: «Ассалому алайкум» деди. Сўнгра эса, тўғри Султон томон бориб, унинг ёнида ўтирди.

  Бу саҳнани кўрган мажлисдаги сунний мазҳаб уламолари: «Биз сизга шиалар фаросатсиз ва ақлсиз одамлар, деб айтмаганмидик?» дейишди.

  Султон деди: Унинг ўзидан бундай хатти-ҳаракати тўғрисида сўрангиз.

  Улар Алломадан: «Нега Султонга эгилиб, унинг ҳузурига киришнинг ўзига хос одобига риоя қилмадинг?» дея, сўрашди.

  Аллома уларга жавобан деди: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамма султонлардан устун ва афзал эди, шунга қарамай, ҳеч ким ул зотга эгилмади (сажда қилмади), балки фақат ул ҳазратга салом берардилар. Аллоҳ таоло ҳам Ўз Китобида бу ҳақда шундай буюрган:

<فَإذا دَخَلْتُمْ بُيوتاً فَسَلِّمُوا عَلَي أَنفُسِكُمْ تَحِيَّةً مِنْ عِنْدِ اللهِ مُبَارَكَةً طَيِّبَةً>

  «Демак, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак ва покиза саломни беринглар» (Нур сураси, 61-оят) Бундан ташқари, биз ва сизларнинг иттифоқи назаримизга кўра, Аллоҳдан ўзгага сажда қилиш ҳаромдир.

  Яна ундан сўрадилар: «Нимага ҳурматсизларча, Султон ёнида ўтирдинг?»

  Аллома шундай жавоб қайтарди: «Чунки, ўтириш учун бошқа жой йўқ эди ва бошқа томондан эса, Султон ва ғайриСултон бир-бирлари билан баробардирлар. Шунинг учун Султонга ҳурматсизлик қилмадим».

  Алломадан сўрадилар: Нега чориғингни ўзинг билан мажлисга олиб келдинг? Бирор бир ақлли инсон Султоннинг ҳузурида шундай қилармиди?

  Аллома бу саволга жавобан деди: «Абу Ҳанифа Расулуллоҳнинг чориқларини ўғирлаганидек, ҳанафийлар ҳам менинг чориғимни ўғирлашларидан қўрқдим».

  Ногаҳон ҳанафийлар ғазабга келиб, фарёд этишди: «Пайғамбар билан Абу Ҳанифанинг яшаган замони орасида анча вақт ўтган. Абу Ҳанифа қаерда-ю, Пайғамбар замонлари қаерда? Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафот этганларидан юз йил ўтгач, Абу Ҳанифа таваллуд топган».

  Аллома деди: Узр, янглишдим, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг чориқларини ўғирлаган шахс Шофеий бўлса керак. Бу гал шофеийлар ғазабланиб: «Шофеий Абу Ҳанифанинг вафот этган куни дунёга келган ва Расулуллоҳ вафот этганларидан икки юз йил ўтгач, Шофеий таваллуд топган» дейишди.

  Аллома деди: «Шояд, бу Моликнинг ишидур». Шунда моликийлар ҳам ҳанафийлар ва шофеийлар сингари эътироз билдириб, бу нарсани инкор қилишди.

  Шунда Аллома деди: «Демак, шубҳасиз, ўғри Аҳмад ибн Ҳанбал экан-да.» Ҳанбалийлар ҳам бу нарсани инкор этиб, ёлғонга чиқаришди.

  Шу пайт Аллома Ҳиллий Султонга юзланиб, деди:

  «Эй Султон жаноблари, мана кўрдингизми, бу тўрт аҳли суннат мазҳаби бошлиқларининг ҳеч бири, Расулуллоҳнинг ҳаётлик чоғларида ва ҳатто ул зотнинг саҳобалари замонида бўлмаганлар. Демак, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмад ибн Ҳанбалларни мужтаҳид ва мазҳабларнинг раиси ва бошлиғи этиб танлаш уларнинг бидъатларидан бўлиб, агар мабодо, мажлисдаги уламолардан бирортаси мазкур тўрт шахсдан афзал ва аълам (олимроқ) бўлса ҳам, бу тўрт нафарнинг фатвосига мухолиф ва зид равишда бирор фавто беришига ижозат беришмайди ва бунга йўл қўйишмайди».

  Суҳбатнинг шу ерида, Султон Муҳаммад Улжойту аҳли суннат уламоларига юзланиб, улардан сўради: «Чиндан ҳам, тўрт мазҳаб бошлиқларининг ҳеч бири Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул зот саҳобаларининг замонларида бўлмаганларми?»

  Аҳли суннат уламоларининг ҳаммаси: «Йўқ бўлмаганлар», деб жавоб қайтаришди.

  Шунда Аллома Ҳиллий деди: «Аммо биз шиалар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг жони, биродари, амаки ўғлиси ва ҳақиқий вориси бўлмиш Амирал мўъминин Алига эргашиб, ул зотнинг изидан борамиз».

  Аллома Ҳиллийнинг мазҳаби ҳақ эканини пайқаб қолган Султон ундан сўради: «Мен қилган талоқ борасида шианинг назари нима?»

  Аллома деди: «Султон ҳазратлари талоқни уч мажлисда ва икки одил шахс ҳузурида жорий этганларми?»

  Султон: «Йўқ» деб, жавоб берди.

  Аллома деди: Бу ҳолда Султон амалга оширган талоқлари ботил ва нотўғридир. Зеро, Султоннинг қилган талоғи, тўғри ва саҳиҳ талоқ қилинишнинг шароитига эга эмас.

  Шу вақт Султон, Аллома Ҳиллийнинг шарофати билан ҳақ мазҳабни қабул қилиш тавфиғига шарафёб бўлади ҳамда ўз ҳукумати ва нуфузи остидаги имом хатиблар ва шаҳар ҳокимларига хабар йўллаб бундан сўнг, ўн икки маъсум имомлар номи билан хутба ўқиш ва маъсум имомлар номига олтин тангалар босиб чиқаришга ҳамда ул муқаддас зотларнинг исмларини масжидлар ва зирёратгоҳларга ёзиб қўйишга буюради ва шу хусусида фармон чиқаради.[1]

  Султон Улжойту Аҳли-Байт мазҳабини танлаб шиа бўлгач, Султон Муҳаммад Худобанда номи билан машҳур бўлди. У шиа бўлиши биланоқ, Аҳли-Байт мазҳаби бутун Эрон бўйлаб тарқала бошлайди ва расмий мазҳаб сифатида кўпчиликни ташкил этган Аҳли суннатга мансуб мусулмонлар томонидан қабул қилинади ва Эроннинг ҳамма шаҳарларида ўн икки маъсум ва пок имомларнинг исмлари бутун масжидлар ва зиёратгоҳларга битиб қўйилади.

   Буюк аллома, фақиҳ ва мужтаҳид бўлмиш Аллома Ҳиллий, шарофатли умрларининг ўндан бирини Эрон заминида ўтказиб, Аҳли-Байт илмларини ўша юртда кенг кўламда ёйиб, кўплаб етукли шогирд ва уламолар тарбияладилар ва бу қисқа муддат ичида Ислом оламига ўзларидан ўта арзирли ва катта хизмат кўрсатдилар.

  Аллома Ҳиллий Султонийя шаҳрида ҳам, ёки Эроннинг бошқа шаҳарларига қилган сафарларида ҳам узлуксиз Султон Муҳаммад Худобанда билан бирга эдилар.

  Аллома Ҳиллий Аҳли суннат уламолари билан баҳслашиш ва дарс бериш билан биргаликда фиқҳий, каломий ва ақидавий китобларни битишга бел боғлаганлар. Ул зот имомат ва раҳбарлик борасида Минҳожул кирома номли арзигулик китобни Султон Муҳаммад Худобанда учун ёзадилар ва бу китоб ўша замонда ислом улкаларининг ҳар томонига ёйилади.

  Аллома Ҳиллий бир даҳа (ўн йил) маориф соҳасида тинимсиз фаолият юритиб, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларининг муҳаббати, вилояти (пешволиги) ва раҳбарлигини мўғулларнинг Эрондаги ҳукмронлик қиладиган бутун ҳудудларига кенг кўламда ёйиб, 716-ҳижрий қамарий йили, Султон Муҳаммад Худобанда вафот этгандан сўнг, ўз диёрлари бўлмиш Ироқнинг Ҳилла шаҳрига қайтадилар ва у ерда тадрис ва таълиф ишлари билан машғул бўлиб, умрларининг охиригача шиаларнинг мужтаҳиди сифатида уларга раҳбарлик қилиш масъулиятини ўз зиммаларига оладилар.


[1]. Равазотул жаннот, 2-жилд, 279-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Cамарқанддаги Хожа Аҳрор Валий зиёратгоҳи

Хожа Ахрор Валий ўз даврида 25-30 йил мобайнида Марказий Осиёдаги халқларни бирлаштириш, сиёсатчиларнинг бошини қовуштириш …

One comment

  1. Ajoyib katta raxmat

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.