Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Адолатни барпо этмоқ- Пайғамбаримизнинг асосий мақсадлари (2)

Адолатни барпо этмоқ- Пайғамбаримизнинг асосий мақсадлари (2)

  Қуръони Каримда кўп маротаба ва турли таъбирлар билан адл ва адолатга ишора қилингани ва ушбу масаланинг ўта муҳим ва нозиклиги таъкидланганини баён қилган эдик.

  Эслатиб ўтамиз, илоҳий китоб Қуръони Каримда адолат сўзи 29 маротаба келтирилган.

Қуръоний таълимотларга кўра, адолат барча инсонлар учун ва ҳар замон ва маконда Аллоҳнинг умумий фармонидир ҳамда душман ва бегона билан муносабат қилинаётган вақтда ҳам ушбу қонунга бўйсуниш лозим.

  Аллоҳ таоло Пайғамбарларни юборишдан мақсад, адолатни барқарорлаштириш эканлиги борасида Ҳадид сурасининг 25 оятида буюрган:

<لَقَدْ أَرْسَلْنا رُسُلَنا بِالْبَيِّناتِ وَ أَنْزَلْنا مَعَهُمُ الْكِتابَ وَ الْميزانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ وَ أَنْزَلْنَا الْحَديدَ فيهِ بَأْسٌ شَديدٌ وَ مَنافِعُ لِلنَّاسِ وَ لِيَعْلَمَ اللَّهُ مَنْ يَنْصُرُهُ وَ رُسُلَهُ بِالْغَيْبِ إِنَّ اللَّهَ قَوِيٌّ عَزيزٌ>

  «Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан (нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб, ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик – унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким, Ўзига ва Пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир.»

  Ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Пайғамбарларига юбордим деяётган равшан, очиқ-ойдин нарсалар – мўъжизалар, шариат аҳкомлари, оятлар бўлиши мумкин. Ушбу оят нози бўлган вақтидаёқ мусулмонларни темирга эътибор беришга, ундан самарали фойдаланишга даъват қилган эди. Темирнинг одамлар учун манфаатини санаб тугатиб бўлмайди. Оятнинг охиридаги жумласида бир-икки нозик маъно бор. Жумладан, темирдан ясалган асбобларни ишлатиб, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига ёрдам берувчиларни билиши учун, деган ишора бор. Маълумки, Аллоҳ илмининг чегараси йўқ – ҳамма нарсани рўй беришидан аввал билиб туради. Лекин бу оятдаги «билиши»ни юзага чиқариши, халойиққа билдириши деб, тушунмоқ керак. Шунингдек, «ғойибона» сўз ҳам, Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарларини кўрмасдан туриб, уларнинг динига ёрдам беринглар, деб шарҳланади.

  Демак, Аллоҳ томонидан Пайғамбарларни юборишдан муҳим мақсад адолатни барқарорлаштирмоқ бўлган. Адолатни барқарорлаштирмоқ инсонларнинг фитрий бир хоҳишлари эканлиги боис, инсон жамияти аввалдан то ҳозирги вақтгача зулмсиз, камситишсиз ва адолатли кунларни орзу қилади.

  Бундан 1400 йил аввал, яъни милодий еттинчи асрнинг бошларида Арабистон ярим ороли ичкарисидан чиққан нидо дунё аҳлини ўзига жалб қилди. Ушбу нидо Исломнинг буюк пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг нидолари эди.

  Ул ҳазрат одамларни Ягона Аллоҳга сиғинишга ҳамда тинчлик, адолат ва биродарликка чорлаб, аммо зулм ва ёвузликлардан ҳазар қилишни буюрдилар.

  Ўша вақтда жаҳон энг қоронғу бўлган асрда қарор топган эди. Аҳоли қатламлари ўртасида ихтилофлар ошиб кетиб, ирқчилик иллатлари авжига чиққан эди ва жамиятларда улкан жудолик ва муаммоларни юзага келтирган эди. Ушбу қалтис шароитда Исломнинг азиз Пайғамбари (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) адолатхоҳлик чақириқлари билан зулм ва ёмонликларга қарши курашишни бошлайдилар ва кўплаб одамларни ул ҳазрат ўзларига эргаштира оладилар.

  Зеро, у зотнинг чақириқлари инсонларнинг фитрий хоҳишларига мос тушган эди. Ул ҳазратнинг нидолари ҳақиқатан ҳам Ислом таълимотларининг гавҳари эди ҳамда олам аҳлини таассуб, зулм ва камситишлардан узоқда бўлишларига қаратилган эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳнинг энг охирги элчиси сифатида адолатни қарор топиши учун юборилган эдилар. Бу борада Қуръони Каримдаги Шўро сурасининг ўн бешинчи ояти каримасида буюрилган:

<فَلِذَالِكَ فَادْعُ وَ اسْتَقِمْ كَمَا أُمِرْتَ وَ لَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ وَ قُلْ ءَامَنتُ بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ مِن كِتَابٍ وَ أُمِرْتُ لِأَعْدِلَ بَيْنَكُمُ اللَّهُ رَبُّنَا وَ رَبُّكُمْ لَنَا أَعْمَالُنَا وَ لَكُمْ أَعْمَالُكُمْ  لَا حُجَّةَ بَيْنَنَا وَ بَيْنَكُمُ اللَّهُ يَجْمَعُ بَيْنَنَا وَ إِلَيْهِ الْمَصِير>

  «Бас, (эй Муҳаммад), мана шунинг учун (яъни аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун — сиз ўз умматингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани сингари тўғри йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга имон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга амр этилдим. Аллоҳ Парвардигоримиз ва Парвардигорингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирор жанжал йўқдир.» Аллоҳ (Қиёмат кунида) барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир.»

  Аллоҳ таоло барча диндорлар ва мўъминларга ҳам адолатни барпо қилишга буюрган. Бу борада Қуръони Каримнинг Нисо сураси 135- оятида буюрилган:

<يَأَيُهَّا الَّذِينَ ءَامَنُواْ كُونُواْ قَوَّامِينَ بِالْقِسْطِ شُهَدَاءَ لِلَّهِ وَ لَوْ عَلىَ أَنفُسِكُمْ أَوِ الْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ إِن يَكُنْ غَنِيًّا أَوْ فَقِيرًا فَاللَّهُ أَوْلىَ‏ بِهِمَا فَلَا تَتَّبِعُواْ الْهَوَى أَن تَعْدِلُواْ وَ إِن تَلْوُاْ أَوْ تُعْرِضُواْ فَإِنَّ اللَّهَ كاَنَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا>

  «Эй мўминлар, адолат билан тургувчи (шунингдек), ўзларининг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик бергувчи бўлинглар! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Демак, адолат қилмасдан ҳою-ҳавасга эргашиб кетманглар! Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир.»

  Бу оят Пайғамбаримиз ҳақларида нозил бўлган. Бир бой киши билан бир камбағал киши у кишининг олдиларига хусуматлашиб келишди. Ул зот камбағал тарафида бўлдилар. Камбағал одам бой одамга зулм қилмайди, деб ўйладилар. Лекин Аллоҳ бой билан камбағал ўртасида адолатни барпо қилишга буюриб, ушбу оятни «…У (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир.» Оятигача нозил қилди.   2014-03-03.   00:54:26

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.