Home / Қурони Карим / Қуръон тафсири / Бақара сураси / Бақара сурасининг 16-18 оятлари тафсири

Бақара сурасининг 16-18 оятлари тафсири

  Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

  Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, Бақара сурасининг 16- ояти таржимаси ва тафсирига киришамиз:

 <أُوْلَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُاْ الضَّلَلَةَ بِالْهُدَى فَمَا رَبِحَت تِّجرَتُهُمْ وَمَا كَانُواْ مُهْتَدِينَ>

  «Ана ўшалар, залолатни ҳидоят баробарида сотиб олганлардир. Шу боис, тижоратлари фойда бермади ҳамда улар ҳидоят ]йўлини[ топганлар бўлмадилар.»

  Биз яшаётган дунё бир бозордир ва бу дунёда шундай бир тижоратчилармизки, барча бойликларимиз, яъни умр, ёшлик, ақл-заковат, илм, қудрат ва Аллоҳ томонидан берилган ҳамма неъматларни сотишга мажбурмиз. Бу бозорда бир гуруҳ инсонлар фойда топиб саодатманд бўлсалар, бошқа бир гуруҳ инсонлар эса, касодга учраб, зиён кўрадилар. Булар фойда топа олмасликлари билан бирга, ўзларининг асл бойликларидан ҳам маҳрум бўладилар. Улар муз сотувчисига ўхшайдилар, яъни агар музларини сотмасалар ҳам, фойда кўролмайдилар, негаки музлари эриб кетади, яъни фойда кўрмасликларидан ташқари асл сарватларидан ҳам айриладилар.

  Қуръон бир неча ўринларда инсоннинг яхши ва ёмон ишларини тижоратга ташбиҳ қилган. Саф сурасининг 10 ва 11 -оятларида иймон ва жиҳодни фойдали тижорат деб, шундай баён этади:

< يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا هَلْ أَدُلُّكُمْ عَلَى تِجَارَةٍ تُنْجِيكُمْ مِنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ (١٠) تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ بِأَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ>

  «Эй иймон келтирганлар, сизларни дардли азобдан қутқарадиган тижорат йўлига бошқарайми?  [Ўша тижорат шуки,] Аллоҳ ва Унинг расулига иймон келтирурсизлар ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилурсизлар. Мана шу ишларингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун энг яхши ишдир.»

  Юқоридаги Бақара сурасининг оятида мунофиқлар тўғри йўлни сотиб, эвазига гумроҳлик сотиб олган сотувчилар деб, айтилган.

  Бу оятдан мақсад шуки, ҳатто илоҳий истедодга эга бўлган одамлар ҳам нифоқ ва гуноҳга одат қилиб, ўша истеъдодни бой берганлар, зеро, мунофиқларга берилган ҳидоятлар сотиш учун, ёки ўзларига зиллат ва хорлик сотиб олиш учун берилмаган. Бундай инсонлар ушбу тижоратда ҳеч қандай фойда кўрмадилар ва ўзларининг қабиҳ мақсадларига ҳам етишолмадилар. Ислом кундан кунга ривож топиб борди ва улар янада расво бўлдилар.

  Бу оятдан оладиган дарсларимиз:

  1. Фақат моли дунё ва фойдани ўйламаслигимиз лозим, балки кўришимиз керакки, жону дилимизни сотиб, нимани қўлга киритамиз? Бу тижоратнинг ҳосили нимадир? – саодатми ё ки гумроҳликми?

  2. Ҳидоят ё залолат амалимизнинг ҳосилидир. Аллоҳнинг хоҳиши ёки мажбурияти эмас, бу ўз кирдикорларимизнинг натижасидир.

  3. Нифоқнинг охири фақатгина гумроҳлик ва зарардир. Агар иймон инсонни саодатга етказса, нифоқ аксинча ҳалокат ва разолатга етказади.

  Бақара сурасининг 17- ояти таржимаси ҳамда тафсири билан танишамиз:

<مَثَلُهُمْ كَمَثَلِ الَّذِى اسْتَوْقَدَ نَاراً فَلَمَّآ أَضَآءَتْ مَا حَوْلَهُ ذَهَبَ اللَّهُ بِنُورِهِمْ وَتَرَكَهُمْ فِى ظُلُمَتٍ لَّا يُبْصِرُونَ>

  «Уларнинг мисоли бир олов ёққан киши кабидир. Ва [энди олов] уларнинг атрофини ёритганида Аллоҳ нурларини кетказиб, уларни қоронғу зулматлар ичра [ҳеч бир нарсани] кўрмайдиган ҳолда қолдирди.»

  Ўтган оятларда мунофиқларнинг рафтор ва кирдорлари ҳақида бир қанча сўзлар айтилди. Бу оят эса, уларни қоронғу бир чўлда олов ёққан кишига ўхшатиб, айтади: Мунофиқлар иймонининг нури оловнинг заиф нурига ўхшайди ва бу олов кул ва тутунга тўладир. Уларнинг иймонлари давомсиз бир ёруғлик беради ва ичи эса куфрга тўладир.

  Бу нур ҳам Аллоҳ таоло томонидан ҳадя этилган, аммо аста -секинлик билан таассублар таъсирида заифлашиб, ёруғлигини йўқота бошлайди ва улар зулмат ва қоронғуликда қолиб кетадилар. Мунофиқлар нифоқ йўлини танлаб, ҳам «Нор» аҳли, яъни куффор (кофирлар)ни ва ҳам «Нур» аҳли яъни мўъминларни ўзларидан рози қилиб, икковидан баҳрасиз бўлмайман, деб ўйлайдилар, аммо умр майдони, қоронғу бир саҳро бўлиб, ундан ўтиш учун олов шўъласи эмас, балки Илоҳий нур лозим. Зеро, ҳодисалар тўфони ҳар қандай заиф шўълани ўчириб, инсонни зулмат ичида қолдиради.

  Бу оятдан қўйидаги дарсларни оламиз:

 1. Мунофиқнинг нури олов нури каби заиф ва давомсиздир.

 2. Мунофиқнинг вужуди олов ёқиш ва фитна туғдириш манбаидир.

 3. Мунофиқ «Нур»га етишиш учун «Нор»дан фойдаланади ва бу нор, яъни олов шўъласи куйдирувчи ҳамда тутун билан кулдан иборатдир.

 4. Оқибат, Аллоҳ мунофиқни расволикка йўлиқтиради ва ўша заиф нурни ҳам ундан олади.

 5. Мунофиқнинг келажаги қоронғудир ва нажотдан ҳеч қандай умиди қолмайди.

 6. Нифоқ ва иккиюзламачилик зийраклик, сергаклик ёки ҳушёрлик нишонаси эмас, балки зулмат ва ҳалокат нишонасидир.

 Мақоламиз сўнггида Бақара сурасининг 18-ояти таржима ҳамда тафсири билан танишамиз:

<صُمٌّ بُكْمٌ عُمْىٌ فَهُمْ لَا يَرْجِعُونَ>

  [Улар Аллоҳнинг ҳақ каломини эшитишдан] кар, [ҳақ сўзни айтишда] гунг, [Аллоҳнинг оят-нишоналарини кўришдан ожиз бўлган] кўрлардир ва улар [куфрдан қўл тортиб, ҳидоят йўлига] қайтмаслар.»

  Мунофиқ бошқа инсонлар каби кўз, қулоқ ва тилга эга бўлса ҳам, унинг кўзи ҳақиқатни кўришга, қулоғи ҳақиқатни эшитишга қодир эмас ва унинг тили ҳам ҳақ сўзни айтишга ҳозир эмас.

  Қуръон уларни дарк этиш, фаҳмлаш ва баён қилиш қобилиятига эга бўлмаган инсонлар, деб таништирган.

  Бунга илова, бошқа бир оятда ҳам мунофиққа нисбатан, «Ло яшъурун» (Фаҳм-шуурсиз), «Ло Яъламун» (Нодон), «Ло юбсирун» (Кўра олмайдиган), «Яъмаҳун» (кўр) каби таъбирлар ишлатилган.

  Таассуб ва асоссиз тақлидлар оқибатида инсоннинг фаҳмлаш ва дарк этиш қобилияти сусаяди.

  Мунофиқнинг ичидаги куфр унинг кўзи, қулоқ ва тилини шундай заифлаштирадиким, у ҳақиқатни дарк эта олмайди. Юқоридаги оятда айтилишича, нурнинг кетиши билан, улар кўриш имконини йўқотадилар. Аммо бу оятда айтиладики, улар нафақат кўриш, балки эшитиш ва ҳақиқатни сўзлаш қобилиятидан ҳам маҳрум бўладилар. Ва натижада зулматда қоладилар. Улар тутган йўллларидан қайтишга имконлари бўлмай қолади.   2014-03-02.    17:07:04

Share

Check Also

Муборак Бақара сурасининг 79 ва 84 – оятлари тафсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Ассалому алейкум азиз ўқувчилар. Барчангизга қувончли, файзли ва омадли дамларни тилаган ҳолда, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.