Home / Савол-жавоблар / Тақия нима ва у қандай ҳолларда қўлланади?

Тақия нима ва у қандай ҳолларда қўлланади?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Тақия дегани бу – дунёвий, диний ва маънавий зарарларнинг олдини олиш мақсадида ўз ботиний эътиқоди ва иймонини муxолиф шахслар олдида пинҳон тутиб, уни сир сақлаш демакдир. Демак, тақия динни муҳофаза этиш, мол-мулкка зарар етиши xавфи бўлганда ҳамда инсон жонига қасд қилиниши мумкин бўлган ҳолатлардагина қўлланиб, ҳар бир мусулмоннинг шаръий вазифаларидан бири ҳисобланади ва ушбу масаланинг Қуръонда асос ва негизи бордир.

Тақия масаласи Қуръон нуқтаи назаридан

Қуръони Каримда бу ҳақда бир неча оятлар мавжуд бўлиб, шу ўринда уларнинг айримларини келтирамиз:

الف: ﴿لا يَتَّخِذِ الْمُؤْمِنُونَ الْكَافِرِينَ أَوْلِيَآءَ مِن دُونِ الْمُؤْمِنِينَ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ فَلَيْسَ مِنَ اللَّهِ فِي شَيْءٍ إِلَّا أَن تَتَّقُوا مِنْهُمْ تُقَاةً وَيُحَذِّرُكُمُ اللَّهُ نَفْسَهُ وَإِلَى اللَّهِ الْمَصِيرُ﴾

«Мўъминлар мўъминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар, улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз [тақия қилсангиз] мумкиндир. Аллоҳ сизларни «Ўз азобидан» огоҳлантиради. Аллоҳ ҳузурига, албатта, қайтиш бордир.» (Оли Имрон сураси, 28-оят)

Ушбу оятда очиқ-ойдин айтилганидек, кофирлар билан дўст бўлиш жоиз ва тўғри иш эмас, илло агар тақия юзасидан жонни сақлаб қолиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш учун бўлса жоиздир. Шу ҳолатдагина улар билан юзаки муомала қилиб, дўстлик ва бир эътиқодлиликни изҳор қилиш мумкин.

ب: ﴿مَن كَفَرَ بِاللَّهِ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِهِ إِلَّا مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالْإيمَانِ وَلَكِنْ مَنْ شَرَحَ بِالْكُفْرِ صَدْرًا فَعَلَيْهِمْ غَضَبٌ مِنَ اللَّهِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ﴾

«Кимки Аллоҳга иймон келтирганидан кейин [яна иймонидан қайтиб] кофир бўлса [унинг ҳолига вой!] Лекин қалби иймон билан ором топа туриб [куфр калимасини тилда айтишга] мажбур қилинганлар бундан мустаснодирлар. Аммо кимки кўнглини куфрга очса, бас, ундайларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улкан азоб бордир!» (Нaҳл сурaси, 106-oят)

Муфассирлар юқоридаги оятнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида шундай дейдилар:

Бир куни буюк саҳобалардан бўлган Аммор ибн Ёсир ўзининг ота-онаси билан кетаётиб, душманлар қуршовига учраб қолишади. Шунда кофирлар улардан Исломдан юз ўгириб, мушрик ва кофирлар қаторига қўшилишларини талаб қилишади. Аммор ёнидаги ҳамроҳларининг барчаси Аллоҳнинг ягоналигига ва Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбар эканликларига гувоҳлик бериб, Ислом динида барқарор эканликларини изҳор этишади. Шунинг учун, уларнинг баъзилари кофирлар томонидан шаҳид қилинадилар ва айримлари эса қийноқ ва азобларга тутиладилар. Бироқ Аммор қалбида ўз иймонини сақлаган ҳолда тақия қилиб, юзаки кўринишда кофирларнинг айтган сўзларини тилига жорий этиб, қайтараверади ва натижада улар тарафидан озод қилинади.

Аммор ибн Ёсир ўзининг тилда айтган сўзларидан хавотирланган ва ранжиган ҳолда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига қайтади ва бошидан ўтган воқеани ул ҳазратга сўзлаб беради. Бироқ ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Амморни юпатиб унинг кўнглини кўтарадилар. Шунда юқоридаги ояти карима бу ҳақда нозил бўлади.[1]

Юқоридаги ояти карима ва тафсирчи олимларнинг сўзларидан яққол маълум бўладики, ўз жонини сақлаб қолиш ҳамда моддий ва маънавий зарарларнинг олдини олиш мақсадида ўзининг ботиний эътиқодини пинҳон тутиб, сир сақлаш пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг даврларида ҳам бўлган ва Ислом бу йўлни қўллаб қувватлаган.

Тақия масаласи шиалар нуқтаи назаридан

Тарих бўйлаб мустабид ва золим бани Умайя ва бани Аббос xалифаларининг шиаларга қарши шафқатсизлиги, уларга нисбатан қилган жабру-ситамлари ҳамда уларни аёвсиз қатл ом қилишга бел боғлаганликлари туфайли[2] шиалар Қуръони Каримнинг кўрсатмасига биноан, тақия қилиб, ўзларининг тўғри ва барҳақ эътиқодларини сир тутардилар ва шу йўсинда ўз жонлари ва бошқа мусулмон биродарларининг жонини ўша оғир шароитда нажот берадилар.

Аниқки, бундай оғир ва сиқиқ ҳолатга тўлиб тошган бир муҳитда шиаларни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилаётган тўфондан фақатгина тақия қилиш нажот бера олар эди. Шу боис, агар золим ҳукмдорлар ва уларнинг гумашталари шиаларга шафқатсизларча қирғин қилишни ўз олдиларида мақсад қилиб қўймаганларида эди, шиалар ҳам тақия қилишга мажбур бўлмаган бўлур эдилар.

Шуни ҳам эслатиб ўтишимиз лозимки, тақия қилиш фақат шиаларгагина xос бўлмай, балки бошқа мазҳабдаги мусулмонлар ҳам, қирғин солувчи шафқатсиз душман билан юзма-юз бўлишганда, агар душманга қарши курашиш учун етарли куч-қудратга эга бўлмасалар, тақия усулини қўллаб, ўз жонларини муҳофаза этиш мақсадида ўзларининг ички эътиқодларини пинҳон тутадилар.

Шундай экан, агар Исломдаги ҳамма мазҳаблар мавжуд бўлган фиқҳий иxтилофларга аҳамият бермай, ўзаро дўстона ва тотув муносабатда бўлиб, бирдамлик ва уюшқоқлик билан ҳаёт кечиришса, мусулмонлар орасида тақия қилишга сира ҳам ҳожат қолмайди.

Натижа ва Хулоса:

Юқорида олиб борилган баҳслардан келиб чиқиб, қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин:

1. Тақия масаласи борасида Қуръони Каримда ҳам айтилган бўлиб, Пайғамбаримизнинг саҳобалари ҳам ўз ҳаётларида бу усулдан фойдаланганлар ва ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг тақия амалини қўллаб қуватлашлари Исломнинг илк давридаёқ унинг жоиз ва мумкин эканлигига ёрқин далил бўла олади.

2. Ислом динининг илк даврларида шиаларнинг тақия қилишларидан кўзланган мақсад, ўз эътиқод ва мазҳабларини сақлаб қолиш эди. Зеро, тақия қилиш усули уларни шафқатсизларча ва аёвсиз қатли ом қилинишларидан қутқариб, ушбу мазҳабни йўқ қилиш билан таҳдид қилаётган зулму ситам тўфонининг олдини олган эди.

3. Тақия қилиш фақат шиаларга xос бўлибгина қолмай, балки бошқа ислом мазҳабларида ҳам мавжуддир.

4. Тақия фақат мушрик ва кофирлар муқобилида ўз исломий эътиқодини пинҳон тутиш билан чекланибгина қолмай, балки кенг маънода қўлланиб, ҳар қандай хунрез золимлар баробарида уларга қарши чиқиб курашиш шароити мавжуд бўлмаганда жонини сақлаб қолиш мақсадида ўз ботиний эътиқодини сир тутиб яшириш лозим ва зарур бўлади. Ҳатто агар бу қон тўкар золимлар Xавориж ва ёки шунга ўxшаган бошқа қонxўр гуруҳлар каби ислом дини ичидан чиққан бўлсалар ҳам. Демак, тақия қилишнинг мезони мусулмон инсоннинг жонини муҳофаза этишдан иборат бўлиб, ушбу маъно-мафҳум кенг қамровли хусусиятга эгадир. Шунга биноан, ҳар қандай золим ва мустабид амалдор ёки шахс муқобилида, агар унга қарши курашишнинг имкони бўлмаса, тақия қилмоқ вожиб ва зарур бўлади.

5. Агар Исломдаги барча гуруҳ ва мазҳаблар бир-бирларини тушуниб, ўзаро тинч ва тотув яшасалар, тақия қилишга сира ҳам ҳожат қолмайди.

Фойдаланилган манбалар:

[1] Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 4-жилд, 131-бeт, Байрут нaшри.

[2]. Бу ҳaқдa кўпрoқ мaълумoт oлиш учун, яъни бaни Умaйя вa бaни Aббoс ҳукмронлaри томонидан шиaлaрнинг бeрaҳмoнa ва шафқатсизларча қирғин қилингaни борасидa билиш учун; «Муқoтилуттoлибиййин», Aбул Фaрaж Исфaҳoний китoби, aллoмa Aминийнинг «Шуҳaадaул фaзилa», Муҳaммaд Жaвoд Муғниянинг «иъa вa aлҳoкимун» нoмли китoблaрига мурожаат қилишингиз мумкин.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.