Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Фоҳиша аёллар билан вақтинча никоҳ қилиш жоизми?

Фоҳиша аёллар билан вақтинча никоҳ қилиш жоизми?

Қисқа ва лўнда жавоб:

  Фоҳиша аёлларни доимий ёки муваққат никоҳга олиш ҳаром эмас, бироқ турли далилларга кўра, бундай никоҳдан сақланиш инсоннинг диний ва дунёвий фойдасига бўлади.

 Атрофли ва батафсил жавоб:

  Юқоридаги жавобнинг изоҳида шуни айтмоқ лозимки, кўпгина ҳадисларда айнан ушбу савол маъсум имомларимиздан сўралган бўлиб, ул зотлар эса ўрнига қараб, муносиб жавобларни берганлар.

  Аввало, бу борада келган ҳадислар орасидан икки ҳадисни танлаб, уларнинг таржимасини сиз азизларга тақдим этгаймиз, сўнгра эса, мазкур ҳадисларни қисқача таҳлил этиб, масаланинг жавобини ёритиб бергаймиз.

  Биринчи ҳадисда Исҳоқ бин Жарийр айтади: Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳузурларига шарафёб бўлиб, дедим: Бизнинг шаҳримиз Кўфада фасод ва фоҳишаликда танилган бир аёл бор, унинг билан муваққат никоҳ қилсам бўладими? Имом унга жавобан шундай марҳамат қилдилар: «Ўша аёл уйининг эшиги теппасига байроқ илиб қўйганми?»[1] Мен дедим: Бундай қилганида эди, ҳукумат тарафидан қўлга олинарди! Шунда имом дедилар: Унинг билан муваққат никоҳ қилгин. Сўнгра секингина дўстларидан бирининг қулоғига бир нималар дедилар. Кейинчалик мен ўша шахсни кўрганимда, ундан Имом сизга нима дедилар? деб сўрадим.

  У жавобан шундай деди: Имом менга: «Ҳатто агар ўша аёл расман фоҳишалардан бўлса-да, унинг билан муваққат уйланиш гуноҳ бўлмайди, зеро, бундай никоҳ билан ўша аёлни ҳаром амалдан қайтариб, ҳалол ишга чорлаган бўлади»,[2] деб марҳамат қилдилар.

  Бошқа бир ҳадисда Ҳасан ибн Зариф шундай нақл қилади: Биз яшайдиган жойда гўзал бир аёл бор бўлиб, мен унинг билан вақтинча никоҳ қилишни истар эдим. Бироқ у фоҳиша аёл бўлиб, ёт – бегоналар билан ношаръий тарзда жинсий алоқада бўлишдан чекинмасди. Шунинг учун, ундан ёмоним келди, аммо бир муддатдан сўнг, ўзимга: «Маъсум имомларимиз, фоҳиша аёллар билан муваққат никоҳ қилишга изн берганлар – ку», дедим. Негаки, бу иш билан уни ҳаромдан ҳалолга чорлаган бўламан. Ушбу шубҳани бартараф этиш учун, имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) га мактуб ёзиб, ул зотдан маслаҳат сўрадим.

  Имом мактубнинг жавобида шундай буюрдилар: «Фоҳиша аёллар билан уйланишнинг айби йўқ, бироқ шунга қарамай, ўша қўшни аёл билан муваққат никоҳ қилишдан сақлангин. Зеро, у беҳаё ва урушқоқ аёл бўлиб, қўшнинг бўлгани учун, ушбу мавзуни ошкор этиб, сенга ортиқча бош оғриқ келтириб чиқаришидан қўрқаман.»

  Имомнинг ушбу маслаҳатларидан сўнг, мен ўша аёлни муваққат никоҳга олишдан чекиндим, аммо дўстларим ва қўшинларимдан бири, унинг билан вақтинча никоҳ қилди ва бу никоҳ унга муаммо туғдириб, унинг қўлга олиниши ва жазо сифатида кўп маблағ тўлашига сабаб бўлди. Бироқ Аллоҳ таоло имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) баракотлари туфайли мени бу қийинчиликдан қутқазди.[3]

  Фоҳиша аёлларни муваққат никоҳга олиш макруҳ эканлиги хусусида бошқа кўплаб ҳадислар ворид бўлган бўлиб,[4] ушбу ҳадисларда муваққат никоҳ ҳам мўъмина ва покиза аёллар билан амалга оширилиши тавсия этилган.[5]

  Юқорида келтирилган ҳадислар ва шу мавзуда мавжуд бўлган ҳадислардан келиб чиқиб, қуйидаги хулосаларга келамиз:

  1. Ислом динида доимий никоҳ қилиш кўп таъкидланган ва муваққат никоҳ эса, мустасно бир амал, деб уқтирилиб, айшу ишрат ва маишатбозлик воситаси бўлмаслиги ва оилаларнинг бузилишига олиб келмаслиги керак.[6]

  2. Бирор далилларга кўра, муваққат никоҳ қилишга қарор қилинган тақдирда, никоҳ қилинадиган томон иффатли, ҳаёли ва покиза бўлиб, шариат қонунларига, жумладан никоҳ иддасига риоя қиладиганлардан бўлса, жуда ҳам яхши бўлади.

  3. Фоҳиша аёллар билан вақтинча никоҳ қилиш макруҳ амал бўлса – да, бироқ ҳаром эмас. Зеро, бу амал уларнинг ҳеч бўлмаса, шу муддат мобайнида ҳаром ишдан қўл тортишларига сабаб бўлади. Шунга биноан, шиаларнинг ҳеч бир фақиҳ ва мужтаҳиди бундай никоҳнинг ҳаромлигига фатво бермаганлар.

  4. Фоҳиша аёллар билан муваққат никоҳ қилиш кўп ўринларда жисмоний, руҳий ва обрў – эътибор нуқтаи назаридан инсонга зарар етказганлиги боис, бундай никоҳ қилинмаслиги тавсия этилади. Негаки, ҳаммага маълум бўлганидек, ҳар бир ҳалол ва жоиз амал ҳам инсоннинг ижтимоий шаъни ва ўринига тўғри келавермайди. Мисол тариқасида; ахлатларни тўплаб, уларнинг ичидан фойдали моддаларни чиқариш, агарчи ҳалол ва жоиз иш бўлса – да, бироқ жамиятда яшовчи кўплаб шахслар учун муносиб касб бўла олмайди.

  5. Агар бирор шахс юқорида зикр этилган масалаларга қарамай, янада бундай никоҳ қилишга оёқ тираб олса, муҳтамал хатарларнинг олдини олиш учун, эҳтиёт йўлини тутмоқ мақсадга мувофиқдир. Жумладан, бундай никоҳни расмий шаклда ўтказсин ёки ишончли шахсларни шоҳид қилсин.

  Суҳбатимизнинг пировардида айрим мужтаҳидларнинг бу борадаги фатволарини эътиборингизга ҳавола этамиз;

  Савол: Фоҳиша аёлни вақтинча никоҳ қилса бўладими?

  Жавоб: Эҳтиёти вожибга кўра, зино амали билан танилган аёлни қилган гуноҳидан тавба қилишидан олдин, доимий ёки муваққат никоҳга олмоқлик жоиз эмас. Шунга биноан, агар ушбу аёлни тавба қилдирса ёхуд зино амали билан машҳур бўлмаган бўлса, унинг билан никоҳ қилишнинг айби йўқдир.[7]

  Жавоб: Эҳтиёти вожибга биноан, зино қилиши ошкор бўлган аёлни никоҳга олишдан сақланмоқ лозим. Илло мазкур аёлнинг тавба қилгани маълум бўлгач, унинг билан никоҳ қилиш жоиз ва мумкиндир. Агар бирор киши унинг билан зино қилса, сўнгра ушбу аёлнинг тавбасидан кейин, ўша шахснинг ўзи уни ўз никоҳига олмоқчи бўлса, у аёл ҳайз кўргунича сабр қилиб туриши эҳтиёти вожиб саналади. Агар бошқа бирор шахс ўша аёлни тавбасидан сўнг, никоҳига олмоқчи бўлса, у аёл ҳайз кўргунига қадар, кутиб турмоғи эҳтиёти мустаҳаб ҳисобланади.[8]



Манбалар:

[1]. Илгарилари расмий фоҳишалар уйларининг эшиги теппасига белги ва нишона сифатида бир байроқни илиб қўярдилар.

[2]. Шайх Ҳур Омилий, Муҳаммад ибн Ҳасан, «Васоилуш – шиа» китоби, Қум, муассасату Олил Байт нашриёти, нашр этилган йил: 1409 – ҳижрий қамарий йили, 21 – жилд, 29 – бет, 264339 – ҳадис.

[3]. Юқоридаги манба, 21 – жилд, 29 ва 30 – бетлар, 26440 – ҳадис.

[4]. Юқоридаги манба, 27 – бет.

[5]. Юқоридаги манба, 25 – бет.

[6]. Юқоридаги манба, 22 ва 23 – бетлар.

[7]. Оятуллоҳ Систоний, масалалар изоҳи, 2359 – масала.

[8]. Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний, 357 – савол.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.