Home / Савол-жавоблар / Нега Пайғамбаримиз (с.а.о) бир неча аёлларни ўз никоҳларига олганлар?

Нега Пайғамбаримиз (с.а.о) бир неча аёлларни ўз никоҳларига олганлар?

 БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўп сонли ва турли хотинлар билан уйлаганликларининг сабаби ўз замоналаридаги бир қатор ижтимоий, сиёсий ва маданий муаммоларни бартараф этиш эди.

Зеро, ҳаммамизга маълумки, Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Исломга даъват қила бошлаганларида, якка-ю ёлғиз эдилар. Бир неча муддат мобайнида фақат озгина миқдорда шахслардан ташқари ҳеч ким ул зотга иймон келтирмади ва ул ҳазрат ўша замон асри ва муҳитидаги арабларнинг асоссиз хурофа ва одат тусига айланган эътиқодларга қарши оёққа турдилар ва бутун бутпарастлик ва худосизликка қарши чиқа бошладилар. Ўша муҳитнинг барча қабила ва элатлари ул зотга қарши бирлашишлари табиий ҳол эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) барча воситалар ва имкониятлардан фойдаланиб, душманларнинг номуборак бирлашувларини синдиришлари керак эди. Ушбу воситалардан бири турли қабилалардан уйланиш билан қариндошчилик алоқасини яратиш эди. Зеро, жоҳилият давридаги арабларнинг орасида энг мустаҳкам робита ва алоқа – бу уруғ-аймоқлик ва қариндошчилик алоқаси эди ва чунки, қабилалар ҳар доим куёвини ўзларидан деб билишарди. Куёвни ҳимоя қилишни ўзларига фарз деб билиб, уни яккаю танҳо ва ҳимоячисиз қолдиришни гуноҳ деб ҳисоблашар эди.

Тарихда келтирилган маълумотлардан маълум бўлишича, Савари олам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мустаҳкамроқ ижтимоий ва сиёсий мавқе эгаллаш, арабларнинг йирик қабилалари билан уруғ-аймоқлик алоқасини яратиш, уларнинг Исломни кенг ёйилишига тўсқинлик қилмасликлари, Исломнинг ички сиёсатини муҳофаза этиш ҳамда турли-туман араб қабилаларининг Исломни қабул қилишлари учун замин ва шароит яратиш мақсадида, уларнинг айримларидан уйланишга қарор қилдилар. Ушбу мақсадни амалга ошириш йўлида;

  • Бани Тамим қабиласидан бўлган Абу Бакрнинг қизи Оишага,
  • Бани Удай қабиласидан бўлган Умарнинг қизи Ҳафсага,
  • Бани Умайя қабиласидан бўлган Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабибага,
  • Бани Махзум қабиласидан бўлган Умму Саламага,
  • Бани Асад қабиласидан бўлган Савдага,
  • Бани Ҳилол қабиласидан бўлган Маймунага,
  • Бани Исроил қабиласидан бўлган Сафийяга уйланиб, ушбу қабилалар билан қариндошчилик алоқасини юзага келтирдилар. Айтиб ўтганимиздек, уйланиш орқали яқин бўлиш жоҳилият давридаги арабларнинг маданиятида энг муҳим ва мустаҳкам ижтимоий алоқа ҳисобланарди.

Уруш, қон тўкиш, ғорат ва қароқчилик ривожланган муҳитда, тарихчи олим Ибн Халдуннинг айтишича, уруш, қон тўкиш, ғорат ва қароқчилик уларнинг иккинчи хислатига айланган бир пайтда,[1] уйланиш масаласи уруш-низолар ва қон тўкишларнинг олдини олувчи ҳамда бирлашиш ва улфатлашишни юзага келтирувчи омил саналарди. Шунинг учун, ул зот бошқалардан кўра кўпроқ адоват ва душманлик кўрсатган бани Умайя каби Қурайшнинг буюк қабилаларидан ва шунингдек, бани Исроил қабилаларидан уйланадилар. Аммо душманчилик хатари бўлмаган Ансор қабилаларидан мутлақо уйланмайдилар.

Христиан ёзувчиси Гиоргио бу ҳақда ёзади:

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Абу Суфённинг куёви бўлиб Қурайшнинг ўзига бўлган адоватини камайтириш мақсадида Умму Ҳабибага уйланди. Натижада Пайғамбар Умавийлар сулоласи, Абу Суфённинг хотини Ҳинд ва ўзининг бошқа қонли душманлари билан қариндош бўлди ва Умму Ҳабиба Макка оилаларига ислом динини тарғиб қилишда жуда таъсирли омил бўлди».[2]

Жоҳилият давридаги араблар бутун мутаассиблик ва қайсарликларига қарамай, уларда мардоналик хислатлари ҳам бор эди. Масалан: Бутлар номи билан қасамёд этганларида унга амал қилардилар ва бирор шахсга бошпана берсалар, бор кучлари ва қабилалари билан уни ҳимоя қилардилар. Улар икки гуруҳ билан урушишни ўзларига ор ва уят деб билардилар; бири ўз қабиладошлари бўлса, иккинчиси эса уруғ-аймоғлари эди. Ўша замондаги ижтимоий маданият тақозосига биноан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уйланиш орқали бир неча йирик қабилалар билан қариндошлик алоқасини ташкил этдилар ва шу йўл билан Ислом динини кучайтириб, унинг иқтидорини оширдилар.

Савари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг айрим уйланишлари адоват ва душманчиликни озайтириш ёки айрим қабила бошлиқларининг ҳамда мутаассиб ва қайсар қабилаларнинг муҳаббатини жалб этиб, дўстлик алоқасини тиклаш мақсадида амалга оширилган.

Маълумки, ул зот ёшлигининг энг қизғин вақти бўлган 25 ёшларида Қурайш қабиласининг Асад тоифасидан бўлган Хадича бинти Хувайлид номли аёлга уйландилар. Ҳазрати Хадича жоҳилият даврида «Тоҳира» [Покиза] «Саййидату Қурайш» [Қурайшнинг саййидаси, сарвари] ва «Имроатул-Қурайш» [Қурайш маликаси] номлари билан машҳур бўлган соҳиб жамол, камол ва етуклилик соҳиби ҳамда бадавлат савдогар аёл эди. Ҳазрати Хадича Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га биринчи бўлиб иймон келтириб Исломни қабул қилаган, уни қўллаб-қувватлаган ва Ислом дини қувват топиб кенг тарқалиши учун бутун мол-давлатини Сарвари олам ихтиёрларига топшириб ушбу йўлда сарфлаган ҳамда Аллоҳ таолонинг йўлида улкан фидокорликлар кўрсатган юксак мартабали аёл эди.

Тарихчи олимлар ва муҳаддисларнинг иттифоқи назарларига кўра, Қурайш мансабдорлари, зодагонлари, бошлиқлари ва йигитларидан ҳазрати Хадичага совчи бўлмаган бирор киши қолмади. Улар ҳазрати Хадичага уйланишни орзу қилардилар. Лекин ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) уларнинг ҳаммасига рад жавоб берадилар. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) у буюк аёлга уйланганларидан сўнг, барча Қурайш аёллари ҳазрати Хадичадан узоқлашиб, сен: «Қурайш бошлиқларининг таклифини рад этиб, мол-давлати бўлмаган камбағал бир киши билан турмуш қуришга рози бўлдинг», деб у зот билан борди-келди қилишни тўхтатадилар.

Шу боис, айрим заиф ривоятларга кўра, ҳазрати Хадича Расулуллоҳдан олдин икки марта Абу Ҳола ибн Зурора Тамимий ва Атиқ ибн Оид Махзумий исмли кишилар билан турмуш қурганлар, дейилади. Бироқ, бир неча тадқиқотчи буюк олимлар ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо) илгари ҳеч кимга турмушга чиқмаганлар ва у ҳазратнинг биринчи ва ягона турмуши Пайғамбар билан бўлган, деб биладилар. Зеро, Ҳижоздаги қабилавий мутаассибликлар туфайли Қурайш зодагонларидан бўлмиш ҳазрати Хадичанинг бани Тамим ва бани Махзум қабилаларидан бўлган икки кўчманчи арабга турмушга чиқиши қабул қилинмайдиган ҳолат бўлган. Демак, ҳазрати Хадича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га турмушга чиққан вақтда БОКИРА бўлганлари айтилади.

Сарвари коинот 25 ёшда ҳазрати Хадичага уйландилар. Айрим тарихий маълумотларга кўра, ўшанда Хадича онамиз 40 ёшда бўлганлар. Аммо ҳазрати Хадича қизлари Фотимага ҳомиладор бўлганини ва ҳазрати Фотима беъсатнинг [Сарвари олам пайғамбарликка танланганликларининг] бешинчи йилида туғилганини ҳисобга олсак, ҳазрати Хадича олтмиш ёшда бола туғган бўлишлари керак, бироқ бу ёшда бола дунёга келтириш даргумон ва эҳтимолдан йироқдир. Шунинг учун баъзи китобларда ҳазрати Хадича Пайғамбарга турмушга чиққанда, 25 ёки 28 ёшда бўлганлар деб айтилгани ақл ва мантиққа яқинроқдир. Аҳли суннатнинг буюк уламолари, жумладан Байҳақий, Ибн Имод Ҳанбалий, Ҳоким Нийшобурий, Ибн Исҳоқ Балозирий ва кўплаб олимлар ва тарихчиларнинг манбаларига кўра, ҳазрати Хадичанинг никоҳ пайтидаги ёши 25 билан 28 ёшлар ўртасида бўлган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) 53 ёшларигача фақат бир аёл билан яшаб ҳаёт кечирадилар. Шу тартибда, ул ҳазрат ўзларининг ёшлик даврларини ўтказиб, кексалик ёшига етадилар. Аммо у зотнинг бир неча аёлларга уйланишлари эса кейинчалик, яъни Хадича онамиз дунёдан кўз юмганларидан кейин юз беради. Албатта, бунинг далили ва ҳикмати бўлмоғи даркор. Ҳеч бир ҳисоб-китобга кўра, ушбу қўшхотинлиликни жинсий иштиёқ томонга йўйиб бўлмайди.

Зеро, ўша даврда араблар орасида бир неча хотинга уйланиш масаласи оддий бир ҳолат деб қабул қилинган эди. Ҳатто эркакнинг биринчи хотини иккинчи хотинига совчи бўлиб борарди ва араблар орасида хотин олиш масаласида муайян сон-саноқ белгиланмаган эди. Шу боис, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) йигитлик даврларида кўп сонли хотинларга уйланишлари учун ижтимоий жиҳатдан ҳеч бир тўсиқ мавжуд эмас эди ва молиявий томондан ҳам қийинчилик туғдирмасди ва шунингдек, қўшхотинлилик айб ва камчилик ҳам ҳисобланмас эди. Лекин шунга қарамай, Сарвари оламнинг йигитлик даврларида фақат биргина рафиқалари бўлган. У ҳам бўлса, онамиз ҳазрати Хадичаи Кубро (саломуллоҳи алайҳо) эди.

Қизиқарлиси шундаки, тарих китобларида айтилишича, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) 53 ёшларидан кейин сиёсий ва маданий мақсадлар билан ўз никоҳларига олган хотинларининг деярли ҳаммаси бева аёллар эди. Шунинг учун, улар жинсий жиҳатдан унчалик завқлантирадиган даражада эмасдилар. Ҳатто айрим манбаларда айтилишича, Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) кўп аёлларни ўз никоҳларига олган бўлсалар-да, бироқ фақат никоҳ ўқиш миқдорига чекланганлар, холос ва зинҳор улар билан жинсий алоқада бўлмаганлар. Ҳатто айрим ўринларда фақат қабилаларнинг баъзи аёлларига совчи бўлиш миқдорида кифояланганлар.[3]

Ва ўша қабилалар шу миқдорда никоҳ масаласи амалга ошганидан хурсанд бўлиб, уларнинг қабиласидан бўлган бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хотинлари деб номланишидан фахрланардилар. Шу тартибда, уларнинг Пайғамбар билан бўлган қариндошчилик робитаси ва алоқаси яралиб, улар ул зотни ҳимоя қилишда мустаҳкам турардилар.

Бошқа томондан эса шубҳасиз, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар томонлама соғлом ва кучли эркак бўлишларига қарамай, ўзларидан оз сонда фарзанд ёдгор қилиб қолдирганлар ва у зот фарзандларининг кўпи йигитлик даврларидаги умр йўлдошлари онамиз ҳазрати Хадича (саломуллоҳи алайҳо)дан бўлган. Аммо ул ҳазратнинг 53 ёшдан кейин ўрта ёшли даврларида ўз никоҳларига олган аёлларининг ҳеч биридан фарзанд дунёга келмаган ва албатта, фақат Сарвари коинотнинг мисрлик Мория Қибтийя исмли завжаларидан Иброҳим номли ўғиллари дунёга келиб, болалик чоғида оламдан ўтган. Ҳолбуки, агар ушбу кўп сонли уйланишлар ўша аёлларнинг жинсий жозибадорлиги сабабли бўлганида эди, ул ҳазратдан кўп фарзандлар дунёга келган бўларди.

Агар-да Ислом душманлари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўп сонли никоҳларини баҳона қилиб, ғаразли ҳамлаларни амалга ошираётган ва бундан турли ёлғон афсоналарни тўқиб чиқараётган бўлсалар-да, бироқ кўп сонли аёлларга уйланиш пайтида Сарвари олам ёшларининг кексалиги, бир томондан. Ушбу аёлларнинг ёши қабилавий нуқтаи назардан хос бир шароитда бўлганлиги, бошқа томондан ва учинчи тарафдан эса, юқорида зикр қилганимиз далил ва ҳужжатларни эътиборга олганда ҳақиқат яққол намоён бўлади ва ғаразгўй шахсларнинг пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ҳамда Ислом динига қарши уюштирган фитналари асоссиз ва пуч экани маълум бўлади.[4]

Сўзимиз ниҳоясида шу нарсани эслатиб ўтишимиз керакки, Аллоҳ таоло Сарвари коинотни инсонлар учун гўзал ўрнак ва намуна сифатида таништирган:

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

«Албатта, сизлар учун Расулуллоҳда [яъни у зотнинг юриш-туриш ва хулқ-атворларида] гўзал намуна бор. [Албатта, бу] Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилган кишилар учундир». (Аҳзоб сураси, 21-оят)

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги элчиси Муҳаммад Мустафо буюк хулқ соҳиби эканлиги ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

وَإِنَّكَ لَعَلَىٰ خُلُقٍ عَظِيمٍ

«Ва албатта, сен буюк хулқ узрасан [эгасисан]». (Қалам сураси, 4-оят)

Энди бир ўйлаб кўрайлик-чи, буюк хулқ соҳиби бўлган ва тўғри йўлни танламоқчи бўлган ҳамма инсонларга намуна ва ўрнак сифатида таништирилган Аллоҳ таолонинг сўнгги элчиси ва пайғамбари қандайига айш-ишрат ва жинсий иштиёқ юзасидан кўп аёлларни ўз никоҳига олган бўлиши мумкин?!

Яққол маълумки, бунинг бошқа сабаблари бўлиб, турли қабилаларни кўзланган илоҳий мақсад сари йўналтириш, ислом динини тарғибот қилиш сабабли юзага келган адоват ва душманчиликларга барҳам бериш ва ниҳоят, барча қабилаларни Ислом динига чақириш эди.


Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ибн Холдун муқаддамаси, 1-жилд, 286-бет.

[2]. «Муҳаммад қайтадан танилиши керак бўлган пайғамбардир» китоби, 207-бет.

[3]. Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул Анвор», 22-жилд, 191 ва 192-бетлар.

[4]. Оятуллоҳ Макорим Шерозийнинг «Намуна тафсири» китобидан иқтибос келтирилди. Дорул кутубил исломийя нашриёти, 26-нашри, 17-жилд, 408-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.