Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Давлат банкларидан қарз (кредит) олишнинг ҳукми қандай?

Давлат банкларидан қарз (кредит) олишнинг ҳукми қандай?

  Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят. Оллоҳ қилаётган ишлариздан рози бўлсин. Давлат банкларидан кредит олишнинг ҳукми ҳақида силарга саволим бор эди. Агар банклар кредит бериш учун кредит олувчига пулни қайтараётганда маълум бир ортиқча фоиз билан тўлашни шарт қилиб қўйса, шу ҳолда зарур бўлмаса-да, банкдан қарз олиш жоизми?

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Қилаётган ишимизни олқишлаганингиз учун сизга ташаккур айтамиз. Ушбу саволингизга тўлиқ жавоб бериш учун Мужтаҳидларимизнинг бу борадаги фатволарини тўлиқ ўрганиб чиқишимиз лозим. Токи, ушбу масаланинг ҳукми маълум бўлсин;

   1. Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Хоминаий: Агарчи банкдан олинган қарз рибо ва судхўрлик бўлса-да, вазъий ҳукмга кўра, саҳиҳ ва тўғридир. Бироқ рибо ва судхўрлик бўлган ҳолда банкдан қарз олиш таклифий ҳукмга кўра ҳаром бўлади. Бу ҳукмда мусулмондан қарз олиш ёки ғайримусулмондан, исломий давлатдан ёки ноислом давлатдан фарқ қилмайди. Лекин инсон жуда оғир аҳволда қолганлиги боис ночор бўлиб қолса, ҳаром амални ҳам бажариш унинг учун жоиз бўлади. Ҳаром қарзни олиш шариат ҳокимининг изни билан ҳалол бўлмайди. Балки унинг ижозати бу масалада аҳамиятга эга эмас. Аммо инсон ушбу ҳолда ҳаромга йўл қўймаслиги учун, гарчи ундан ортиқча маблағ олишларини билса-да, ўша ортиқча фоиз тўлашни ният қилмасин. Агар банкдан қарз олиш рибо ва судхўрлик шаклида бўлмаса, ушбу ҳолда қарз олиш зарурат ва ночорлик ҳолатига хос бўлмайди.[1]

  2. Ҳазрат Оятуллоҳ Макорим Шерозий: Банклардан қарз олишнинг ҳеч бир айби йўқдир. Агар олинган қарз шариатда кўрсатилган ақд (шаръий муомала)ларга мувофиқ ҳолда амалга оширилса, банкка тўлайдиган ортиқча маблағ рибо ва судхўрликка кирмайди. Оятуллоҳ Макорим ҳазратлари буни ҳам қўшимча қилганлар: Ортиқча олинадиган маблағ банк харажатларини қоплаш ва у ердаги ишчиларнинг меҳнат ҳаққини бериш учун бўлса, бундай қарз олишнинг шаръий нуқтаи назардан айби йўқ ва шунингдек, бундай қарзни банкдан олишга мажбур бўлган тақдирда ҳам, жоиз бўлади.[2]

  3. Ҳазрат Оятуллоҳ Саййид Али Систоний: Маълум фойда асосида олинган қарз ҳаромдир. Бу масалада банкдан олинган қарз билан бошқа қарзлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Албатта, давлат банклари хусусида шуни айтмоқ лозимки, агар банкдан олинган қарзни қайта тўлаш фиқҳий меъёрлар бўйича саҳиҳ ва тўғри деб, белгиланган молиявий муомала асосида амалга оширилса, бунга амал қилмоқ лозим бўлади. Акс ҳолда ўша маблағни ишлата олмайди. Ва агар мазкур қарзни қайта тўлаш фиқҳий меъёрлар бўйича муомала ҳисобланмаса, ушбу ҳолда қарз сифатида берилган маблағни эгаси номаълум мол сифатида олиб, уни Оятуллоҳ Систоний ҳазратлари томонидан қарз деб, ҳисоблашингиз мумкин.[3]

  4. Ҳазрат Оятуллоҳ Ваҳид Хуросоний: Банклардан маълум миқдорда фойда шарт қилинган ҳолда қарз олиш ёки уларга қарз бериш (фойда олиш мақсадида банкка пул қўйиш кўзда тутилган) рибо ва ҳаромдир. Аммо айрим йўллар билан рибодан сақланиш мумкин, масалан; банкдан қарз олувчи шахс бирор молни банкдан ёки унинг вакилидан муайян ҳисоб бўйича, мисол тариқасида бозор нархига қараганда ўн ёки йигирма фоиз қимматроқ сотиб олсин, шу шарт биланки, банк унинг истаган маблағини маълум муддатга қадар унга қарз деб берсин. Ёхуд қарз олувчи шахс бирор молни муайян ҳисоб бўйича, банк ёки унинг вакилига бозор нархидан арзонроққа сотсин, шу шарт биланки, банк унинг истаган маблағини маълум муддатга қадар унга қарз деб берсин.[4]

 


Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ажвибатул истифтоъот, 2-жилд, 826-масала.

[2]. Оятуллоҳ Макорим Шерозийдан банкдан қарз олиш хусусида сўралган 38 ва 39- саволлар.

[3]. Оятуллоҳ Саййид Али Систонийдан банкдан қарз олиш хусусида сўралган 4, 5 ва 6- саволлар.

[4]. Оятуллоҳ Ваҳид Хуросонийдан сўралган 416- савол. Марҳум Оятуллоҳ Муҳаммад Тақи Баҳжат ҳам худди шундай фатво берганлар.

Эҳтиром ила:
Нажот Кемаси таҳририяти
Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.