Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Фотима – борлиқ садафининг бебаҳо гавҳари (2)

Фотима – борлиқ садафининг бебаҳо гавҳари (2)

Аллоҳнинг ҳабиби, азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг таваллуд кунларига бағишланган «Борлиқ садафининг бебаҳо гавҳари»

номли мақоламизнинг иккинчи қисмини сизга тақдим этамиз.

  Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, исломдан олдин Арабистонда инсоний қадр-қийматларга умуман эҳтиром кўрсатилмасди. Кишилар хурофотга муккасидан кетган ва хурофот асосида яшашарди. Бошқа бировларни ўлдириш эвазига тирик қолиш, бир-биридан афзаллик ҳақида лоф уриш, қизларини ҳаётининг илк лаҳзалариданоқ тириклайин кўмиб ташлаш ўша даврнинг ижтимоий қадриятлари ҳисобланарди.

  Бугунги инсон учун ваҳшийлик бўлиб кўринган бу хислатлар жоҳилият давридаги арабларнинг ифтихори ҳисобланар эди.

  Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ана шундай бир жамиятда туғилдилар ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг аёлларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш намунасига айландилар. Қизлар тириклайин кўмиладиган бир шароитда ҳазрат Фотимаи Заҳронинг жажжи қўлчаларини Аллоҳнинг ҳабиби Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўпиб-ўпиб муборак кўзларига суртар эдилар.

  Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) меҳрибон оталари учун «Кавсар», яъни «Хайрун касир» – кўплаб хайру баракот манбаи бўлиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳнинг бу бебаҳо неъматига алоҳида таважжуҳ билдирардилар.

  Азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳар бир муносиб фурсатдан фойдаланиб, Фотимани ўз саҳобаларига таништирар эдилар. Шу сабабли, ҳазрат Фотиманинг кўпгина фазилатлари Аҳли- Байтга тааллуқли бўлмаган кишилар тилидан ривоят қилинган.

  Бу нарса Аллоҳнинг Расули ўз суҳбатошларига Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг фазилатларини эл орасига тарқатишлари учун, бу хислатларни баён этганларидан далолат беради.

  Саъд бин Аби Ваққос ривоят қилади:

  Расулуллоҳ буюрдилар: «Фотима менинг танимнинг порасидир. Уни қувонтирган киши мени қувонтирган бўлади, унга ёмонлик қилган киши эса, менга зиён етказган бўлади. Фотима мен учун одамларнинг энг азизидир!»

  Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг жон ва руҳлари илоҳий ваҳий келиб турган хонадонда Аллоҳнинг ҳабиби наздида парвариш топди.

  Ҳар бир ваҳий тушган пайти, Расулуллоҳ янгидан-янги ҳақиқатларни одамларга етказиш учун вазифадор этилганларида Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳикматли сўзларини чанқоқлик билан ўзлаштириб олардилар. Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) фитрий заковат ила оилавий ва ижтимоий масъулиятларини ўзаро уйғунлаштирдилар.

  Пайғамбарнинг қизлари исломий жамиятнинг ижтимоий ва сиёсий масалаларига бефарқ қарамай, доимо ҳақиқат томонни қўллаб-қувватлар эдилар.

  Ул ҳазрат умр йўлдошлари ҳазрат Али (алайҳиссалом) нинг ижтимоий масалаларда энг яқин маслаҳатчилари эдилар. Ҳатто энг оғир жангларда ҳам падари бузрукворлари, ҳамда умр йўлдошларининг кўмагига шошилар эдилар.

  У кишининг назарида қулларни озод қилиш жуда ҳам савобли иш эди.

  Кунлардан бир куни ҳазрат Али (алайҳиссалом) совға қилган тақинчоқларини сотиб, пулига бир қулни сотиб олиб, озод қилдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз жигаргўшаларининг бу ишидан ўта қувониб, Фотимага тасаннолар айтдилар.

  Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан кейин, ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ҳақиқатни тиклаш ва ислом умматига нолойиқ шахслар раҳбарлик қилишининг олдини олишга ўзларини лойиқ деб, билдилар.

  Баъзи кечалар ҳазрат Али (алайҳиссалом) билан биргаликда муҳожир ва ансорларнинг хонадонларига ташриф буюришиб, уларни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг васиятларини унутмасликка даъват этардилар. Қисқа ҳаётларининг ўзига хос хусусиятларидан бири, ижтимоий фаолиятлар саҳнасида ҳақгўйлик ва ҳақпарастлик хусусияти эди.

  Ислом инқилобининг буюк раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратлари Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг муборак ҳаётлари ҳақида бундай деганлар: «Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг ҳаёти жуда қисқа бўлиб, лоақал 20 йилдан ошмаган бўлса-да, аммо кураш, инқилобий ҳаракатлар ва сабр-тоқат, диний таълимот, нубувватни, имомат ва исломий тузумни ҳимоя қилиш жиҳатидан улкан уммонни эслатади.Ва бу муборак ҳаёт охир-оқибат шаҳодат билан якунланди.

  Бу ҳаёт йўли ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг жуда кам учрайдиган бемисл жиҳод йўлларидир. Бу ҳаёт йўли аҳли башар онгида мангу муҳрланган ёрқин ҳаёт йўлидир.»

  Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) аёл кишининг масъулиятини жуда яхши ҳис қилар эдилар. Ул зот хонадон бекаси ва фарзандларининг меҳрибон онаси сифатида оила фазосини ўзларининг чексиз меҳр-муҳаббатлари билан тўлдирдилар.

  Жаннат аёлларининг сарвари меҳр-муҳаббат ила оилани тебратиш ишида бутун башарият аҳли аёлларига бир мактаб ва ғоя яратдилар. Унинг тор кулбасидан оламларни нурлантирган инсонлар етишиб чиқдилар.

  Эрон Ислом Жумҳуриятининг асосчиси ҳазрат имом Хумайний (раҳматуллоҳи алайҳ) Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг хонадонини қуйидагича тасвирлаган эдилар:

  «Фотиманинг мўъжаз (кичкина)гина уйида тарбияланган кишилар 4-5нафар эдилар. Аммо улар Ҳақ қудратини тажаллий этиб, шундай ишларни бажардиларки, бугун биз, сиз ва бутун башарият ҳайрат бармоғини тишлаймиз. Илоҳий нур жилваланган бу мўъжаз хонага Аллоҳнинг салом ва салавотлари бўлсин!

  Жаннат аёлларининг сарвари бу кичигина уйда шундай инсонларни тарбиялаб вояга етказдиким, уларнинг нуризаминдан самога, мулк оламидан малакут оламигача порлаб туради.»

  Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) ҳақидаги энг арзирли сўз, оламларни яратган Парвардигори каримнинг сўзларидир.

  Қуръони Карим Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ни «Кавсар» деб атаган. «Кавсар», яъни чексиз хайр-баракот.

  Ҳазрат Фотимани бошқаларга намуна қилиб кўрсатган хислат, у кишининг барча инсоний фазилатларида комилликларидир. Маънавий ҳолат, инсоний руҳият, саховатмандлик одатлари, гўзал ҳулқ-одоб, сўзларидаги ҳакимона тафаккур ва бошқа биз билган ва билмаган эзгу фазилатлар, бу муборак аёлни барча аёллар учун ибрат намунасига айлантирди.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қизларининг маънавий мақоми шунчалик улуғ ва юксак эдиким, Аллоҳнинг фаришталари ул зот билан сўзлашишар, уни оламнинг ибтидосидан интиҳосигача дунёнинг энг афзал аёли деб, аташарди.

  Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг таваллуд кунларини аёл ва она мавқеини улуғлаш куни деб, номлаш жуда ҳам ўринлидир.

  Сиз азизларни ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг муборак таваллуд айёмлари ва оналар байрами билан яна бир маротаба самимий қутлаймиз.

  Суҳбатимизни жаннат аёлларининг сарвари, Аллоҳ ҳабибининг райҳони ва нури дийдалари ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг ота-онани эъзозлаш ҳақидаги ҳикматомуз сўзлари билан якунламоқчимиз.

  Ҳазрат Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) буюрмишлар:

  «Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таолонинг ғазабини сўндиради. Бу диний ҳукмни бажарган киши илоҳий ғазабдан омондадир.»

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.