Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Абу Толиб дунёдан имонли ўтганми? Нимага шиалар унинг зиёратига боришади? (4)

Абу Толиб дунёдан имонли ўтганми? Нимага шиалар унинг зиёратига боришади? (4)

5. Расулуллоҳ (с.а.о) саҳобаларининг берган гувоҳлиги;

  Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг айрим саҳобалари Абу Толибнинг ҳақиқатан юксак имон соҳиби бўлганлигига гувоҳлик беришган. Шундай гувоҳликларнинг айримларини бу ерда келтирамиз:

  А); Бир нодон шахс келиб, ҳазрат Али (алайҳис салом) нинг ҳузурларида Абу Толибга нисбатан номуносиб сўзларни айтганида, ул ҳазрат ғазабланган ҳолда шундай дедилар:

«مَهْ، فَضَّ اللهُ فَاکَ، وَالَّذِي بَعَثَ محمَّدًا بِالْحَقِّ نَبِـيًّا لَوْ شَفَعَ أَبِي فِي کِلِّ مُذْنِبٍ عَلَي وَجْهِ الْأَرْضِ لَشَفَّعَهُ الله»

  «Жим бўлгин, Аллоҳ оғзингни синдирсин, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ни ҳақ-ла пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар отам Абу Толиб ер юзидаги барча гуноҳкорни шафоат қилмоқчи бўлсалар, Аллоҳ у кишининг шафоатчилигини қабул қилган бўларди.[1]»
  Бошқа бир ўринда эса шундай деганлар:

«کَانَ واللهِ أَبُوطالب عبد مناف بن عبدالمطلِّب مُؤْمِنًا مُسْلِمًا يَکْتُمُ إيمَانَهُ مخَافةً عَلَي بَنِي هَاشِمٍ أَن تنابذها قريش»

  «Аллоҳга қасамёд этаманки, Абу Толиб, Абду Манноф бин Абдул Муталлиб мўъмин ва мусулмон эди. У ўзининг имонини Қурайшликлардан пинҳон тутар эди. Шу йўл билан Бани Ҳошимга қилинадиган душманликларнинг олдини олган эди.[2]»
  Имом Али (алайҳис салом) нинг юқорида айтган сўзларидан яққол маълум бўладики, Абу Толиб нафақат мустаҳкам имон соҳиби бўлганлар, балки Аллоҳнинг изни билан инсонларни шафоат қила олиш ҳуқуқига эга бўлган илоҳий авлиёлардан бири эдилар.
  Б); Абу Зар Ғифорий Абу Толиб ҳақида шундай айтади:

«وَاللهِ الَّذِي لا إلـه إلَّا هو مَا مَاتَ أَبُوطالبٍ رضي الله عنه حتَّي أَسْلَمَ»

  «Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамёд қиламанки, Абу Толиб (разияллоҳу анҳу) мусулмон бўлмай туриб дунёдан ўтмаган.[3]»
  С); Аббос ибн Абдул Муталлиб ва Абу Бакр бин Абу Қуҳофадан ҳам кўп санадлар билан шундай ривоят қилинган:

«إنَّ أَبا طالبٍ ما مَاتَ حتَّي قال: لَا إِلَــه إِلَّا الله محمَّدٌ رَسُولُ الله»

  «Абу Толиб ҳаргиз «Ло Илоҳа Иллаллоҳу Муҳаммадан Расулуллоҳ» ни айтмай туриб, дунёдан ўтмаган эди.[4]»

 6. Абу Толиб Аҳли-Байт (а.с) назарида

  Аҳли Байт (алайҳимус салом) га мансуб ҳамма имомлар Абу Толибнинг устивор ва мустаҳкам имон соҳиби бўлганини ошкора баён этиб, турли муносабатларда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ушбу фидокор ёрларини ҳимоя қилиб, уни ардоқлаб сўз юритганлар. Биз бу ерда фақат бундай сўзларнинг иккитасини келтириш билан кифояланамиз:
  А); Имом Боқир (алайҳис салом) бу борада айтадилар:

«لَو وُضِعَ إِيمَانُ أَبِي طالبٍ فِي کَفَّةِ مِيزَانٍ و إِيمَانُ هَذَا الْخَلْقِ فِي الْکَفَّةِ الْأُخْرَي لَرَجَحَ إِيمَانُهُ»

  «Агар Абу Толибнинг имони тарозининг бир палласига ва мана бу халойиқнинг (ҳаммасининг) имонлари эса, иккинчи палласига қўйилса, шубҳасиз, Абу Толибнинг имони оғирроқ келади.[5]»
  Б); Имом Содиқ (алайҳис салом) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан ривоят қилиб айтадилар:

«إِنَّ أَصْحَابَ الْکَهفِ أَسَرُّوا الْإِيمَانَ وَأَظْهَرُوا الْکُفْرَ فَآتَاهُمُ اللهُ أَجْرَهُمْ مَرَّتَيْنِ، وَإِنَّ أَبَاطَالِبٍ أَسَرَّ الْإِيمَانَ وأَظْهَرَ الشِّرْکَ فَآتَاهُ اللهُ أَجْرَهُ مَرَّتَيْنِ»

  «Асҳоби Каҳф (ширк ва куфрга тўлиб тошган сиқиқ вазиятга кўра,) имонларини пинҳон тутганлар ва ташқи кўринишда ўзларини кофир қилиб кўрсатганлар. Аллоҳ бунинг эвазига уларга икки маротаба ажр- мукофот берди. Абу Толиб ҳам (Исломга xизмат қилиш мақсадида) ўзининг имонини пинҳон сақлади ва зоҳирда ўзини мушрик қилиб кўрсатди. Аллоҳ таоло бунинг эвазига унинг ҳам ажрини икки марта ато этди.[6]»
  Юқорида келтирилган далиллардан Абу Толибнинг имонли бўлганлиги кундек равшан бўлиб, унинг тўғрисида қуйидаги xулосаларга келишимиз мумкин:
    1. Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган кучли имони;
    2. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ни холисона ҳимоя қилиб, Ислом динига қилган фидокорликлари;
    3. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг мислсиз муҳаббатларига сазовор бўлиши;
    4. Xудонинг ҳузурида шафоат қилиш мартабасига эришиши;
  Мана шундай қилиб, Абу Толибни ширк ва куфрда айблаганларнинг гаплари асоссиз эканлиги исботланди. Демак, айтилганлардан иккита ҳақиқат бизга ошкор бўлади:
   1. Абу Толибнинг имони ҳам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), ҳам ул зотнинг буюк саҳобалари, ҳам мўъминлар амири Али (алайҳис салом) ҳамда Аҳли-Байтга мансуб имомлар тарафларидан тасдиқланган;
   2. У кишига нисбатан раво кўрилган туҳматлар, ширк ва ва куфрда айблашлар ҳеч қандай асосга эга эмасдир. Балки буларнинг ҳаммаси доимо Аҳли Байт ва Абу Толибнинг фарзандларига душманлик қилиб келган бани Умайя ва бани Аббос ҳукмдорларининг кўзлаган айрим сиёсий мақсадлари асосида уюштирилган фитналардан келиб чиққан туҳматлардир.
  Энди эса, Сарвари оламнинг вафодор ёри бўлмиш Абу Толибнинг шахсиятини оёқ ости қилиш мақсадида, у кишини ширк ва куфрда айбловчиларнинг қурол қилиб олган «Заҳзоҳ ҳадиси» номи билан машҳур бўлган «ҳадис»ни таҳлил қилиб чиқамиз ва Қуръони Каримнинг оятлари, ҳамда Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг қатъий суннатлари ёғдусида мазкур ҳадиснинг асоссиз ва сохта эканлигини сизга кўрсатиб берамиз:


Фойдаланилган адабиётлар:
[1]. Aл-ҳужжaт, 24-бeт.
[2]. Aл- ҳужжaт, 24- бeт.
[3]. «Шaрҳу нaҳжул бaлoғa», Ибн Aбил Ҳaдид, 14- жилд, 71- бeт, 2- нaшри.
[4]. «Aл- Ғaдир», 7- жилд, 398- бeт, 3- нaшри, Байрут, 1378- ҳижрий қамарий йили, «Вaкийъ» номли тaфсирдaн нaқл қилингaн.
[5]. «Шaрҳу Нaҳжул бaлoғa», Ибн Aбил Ҳaдид, 14- жилд, 68- бeт, 2- нaшр; «Aл-ҳужжaт», 18- бeт.
[6]. «Шaрҳ Нaҳжул бaлoғa», Ибн Aбил Ҳaдид, 14-жилд, 70- бeт, 2- нaшр, «Aл- ҳужжaт», 17 вa 115-бeтлaр.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.