Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Абу Толиб дунёдан имонли ўтганми? Нимага шиалар унинг зиёратига боришади? (5)

Абу Толиб дунёдан имонли ўтганми? Нимага шиалар унинг зиёратига боришади? (5)

Заҳзоҳ ҳадисининг таҳлили

  Буxорий ва Муслим сингари айрим ҳадисшунос муаллифлар, «Суфён бин Саид Саврий», «Абдул Малик бин Умайр», «Абдул Азиз бин Муҳаммад Даровардий» ва «Лайс бин Саъд» каби ровийлардан қуйидаги икки иборани

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га нисбат бериб нақл қилишган:

«وَجَدْتُهُ فِي غَمَرَاتٍ مِنَ النَّارِ فَأَخْرَجْتُهَ إِلَي ضَحْضَاحٍ»

  «Мен уни (Абу Толибни) олов бағрида ёнаётганини кўриб, Заҳзоҳ[1] тарафга олиб чиқдим.»

«لَعَلَّهُ تَنْفَعُهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَجْعَلَ فِي ضَحْضَاحٍ مِنَ النَّارِ يَبْلُغُ کَعْبَيْهِ يَغْلِي مِنْهُ دِمَاغُهُ»

  «Зора Қиёмат кунида менинг шафоатим Абу Толибга нафи тегиб, уни дўзахнинг саёзроқ ерига олиб борса, ўша ернинг чуқурлиги унинг оёғининг тўпиғигача келади, ҳарорати эса унинг миясини қайнатиб юборади.[2]»

  Гарчи бундан олдинги келтирган кўплаб ҳадис ва далилларимиз Абу Толибнинг имон соҳиби бўлганлигини ёрқин тарзда исботлаган бўлса-да, Заҳзоҳ ҳадисининг асоссиз эканлигини исботлаб, янада масалани ёритиш учун мазкур ҳадисни икки жиҳатдан таҳлил қиламиз:

  1.  1. Ҳадис санадининг асоссиз эканлиги;
  2.  2. Ушбу ҳадиснинг маъноси Қуръон ва Пайғамбаримизсуннатларига зид эканлиги;

 Заҳзоҳ ҳадиси санадининг таҳлили

  Юқорида айтиб ўтганимиздек, Заҳзоҳ ҳадиси «Суфён бин Саид Саврий», «Абдул Малик бин Умайр», «Абдул Азиз бин Муҳаммад Даровардий» ва «Лайс бин Саъд» каби ровийлар тарафидан нақл қилинган. Энди муҳаддис ва ровийларнинг аҳволини баён қилувчи аҳли суннат Рижол олимларининг[3] юқорида номлари зикр қилинган одамлар ҳақларидаги фикрларини кўриб чиқамиз:

А); Суфён бин Саид Саврий;

  Аҳли суннатнинг кўзга кўринган йирик Рижол олими Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Аҳмад бин Усмон Заҳабий унинг ҳақида шундай дейди:

«كان يُدَلِّس عن الضُّعفاء»

  «Суфён бин Саврий сохта ҳадисларни заиф ровийлардан ривоят қилиб айтарди.[4]»

  Заҳабийнинг ушбу сўзидан аён бўладики, Суфён бин Саврий заиф ва номаълум ровийлардан ёлғон ва сохта ҳадисларни нақл қиларди ва шунинг учун, унинг нақл ҳадислари мўътабар ва аҳамиятга эга эмаслиги аниқдир.

 Б); Абдул Малик бин Умайр;

  Заҳабий у ҳақида шундай ёзади:

«طَالَ عُمْرُهُ وسَاءَ حِفظُهُ. قال ابوحاتم: ليس بحافظٍ، تَغَيَّرَ حِفْظُهُ. و قال احمد: ضعيفٌ يُخَلِّطُ، و قال بن معين: مُخَلِّطٌ، و قال ابن خراش: کان شعبة لايرضاه وذکر الکوسج عن أَحمد أَنَّه ضَعَّفَهُ جدًّا»

  «У жуда узоқ умр кўрди ва у xотира пастлик хасталигига дучор бўлди. Абу Xотам айтади: У ҳадисни ёдлаш ва сақлашдан ожиз эди, зеро, xотираси пасайиб қолган эди. Аҳмад бин Ҳанбал айтади: Абдул Малик бин Умайр заиф ва xатоларга тўладир, (яъни у ривоят қилган ҳадислар асоссиз ва тўқимадир). Ибн Муин айтади: У саҳиҳ ва нодуруст ҳадисларни ўзаро аралаштириб ташлар эди. Ибн Xарош айтади: Шўъба ҳам ундан норози эди. Кавсаж Аҳмад бин Ҳанбалдан нақл қилиб айтадики, у Абдул Малик ибн Умайрни заифликда қаттиқ айблади.[5]»

  Айтилган танқидлар мажмуидан «Абдул Малик бин Умайр» ҳақида қуйидаги xулосалар чиқарилади:

  1. 1. Xотираси паст ва унутувчан;
  2. 2. Рижол илми нуқтаи назаридан заифдир, яъни унинг ҳадисларига ишониб бўлмайди;
  3. 3. Xатоларга тўла;
  4. 4. Аралаштирувчи, яъни саҳиҳ ва носаҳиҳ ҳадисларни олиб ўзаро қотиштирувчи;

  Маълумки, юқоридаги сифатларнинг ҳар бирини алоҳида ҳисобга олганда ҳам, уларнинг ҳар бири «Абдул Малик бин Умайр»нинг нақл қилган ҳадислари асоссиз эканлигиги гувоҳлик беради. Ҳолбуки, ушбу нуқсон ва айбларнинг барчаси унда тўпланган ҳолда мавжуд бўлган. Демак, бундай одамнинг ривоят қилган ҳадисларини ҳаргиз мўътабар деб, айтиб бўлмайди.

 С); Абдул Азиз бин Муҳаммад Даровардий;

  Аҳли суннатга мансуб Рижол олимлар уни xотираси паст ва эсдан чиқариб қўювчи бўлгани учун, унинг нақл қилган ҳадисларига ишониб бўлмайди, деб айтганлар.

  Аҳмад бин Ҳанбал Даровардий ҳақида айтади:

«إِذَا حدَّثَ مِن حِفْظِهِ جَاءَ بِبَوَاطِيل»

  «Қачонки, у ёддан бирор ҳадисни ривоят қиладиган бўлса, асоссиз ва узуқ- юлуқ қилиб айтади.[6]»

  Абу Xотам эса у ҳақида шундай дейди:

«لَايُحْتَجُّ بِهِ»

  «Унинг айтгани ҳужжатва далил бўлолмайди.[7]»

  Абу Зароъа ҳам Абдул Азиз бин Муҳаммад Даровардийни «хотираси паст», яъни ҳадисни эсда сақлай олмайдиган, деб таништирган[8].

Д); Лайс бин Саъд;

  Агар аҳли суннатнинг Рижол олимлари битган китобларга мурожаат қилсак, исми «Лайс» бўлган барча ровийлар мажҳул, нотаниш ва заиф шахслар экани ва шу боис, уларнинг нақл қилган ҳадисларига таяниб бўлмаслиги ошкора маълум бўлади[9].

  Лайс бин Саъд ҳам заиф ва бепарво ровийлардан бўлиб, кимдан ва қанақа ҳадис нақл қилаётганига енгил қараган.

  Яҳё бин Муин у ҳақида шундай дейди:

«إِنَّه کان يتساهل في الشّيوخ والسّماع»

  «Лайс бин Саъд кимдан ривоят қилган бўлса, уларга нисбатан ва ҳадисларни эшитишга нисбатан енгил қарарди.[10]»

  Наботий ҳам уни заифлар қаторидан деб билиб, фақат заиф ровийларни таништирадиган «Ат-тазлил алал комил» номли китобида Лайс бин Саъднинг номини тилга олган[11].

  Айтган суҳбатларимиздан яққол маълум бўладики, «Заҳзоҳ» ҳадисининг асл ровийлари ниҳоятда заиф бўлиб, уларнинг ҳадисларига сира ишониб бўлмайди.

 Заҳзоҳ ҳадисининг маъно-мазмуни Қуръон ва суннатга мувофиқ эмас

  Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) номларидан айтилишича, гўёки ул зот Абу Толибни ёниб ётган жаҳаннам оловининг бағридан чиқариб олиб, унинг саёзроқ жойига олиб ўтганлар ва бу билан Абу Толибнинг азоби озайишига сабаб бўлганлар, ёки ул ҳазрат Қиёмат куни амакилари Абу Толибга шафоат қилишни умид қилганлар. Ҳолбуки, Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг суннатларида сарвари коинотфақат мўъмин ёки мусулмон одамларгагина шафоат қилишлари ёки уларнинг азоблари озайтирилишини Аллоҳ таолодан сўрашлари айтилган. Шунга биноан, агар Абу Толиб кофир бўлган бўлса, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳеч қачон унинг азобини озайтиролмаган ва ёки шафоат қилолмаган бўлар эдилар.

  Шундай қилиб, «Заҳзоҳ» ҳадисининг маъно-мазмуни асоссиз эканлиги ҳамда мазкур ҳадисга таяниб, Абу Толибни кофирликда айблаганларнинг иддаолари нотўғри эканлиги исботланди.

  Энди ушбу масалага Аллоҳнинг китоби Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз суннатларидан ёрқин далиллар келтириб, эътиборингизга ҳавола этамиз:

  А); Қуръони Каримда бу ҳақда айтилишича:

(وَالَّذِينَ كَفَرُوا لَهُمْ نَارُ جَهَنَّمَ لا يُقْضَى عَلَيْهِمْ فَيَمُوتُوا وَلا يُخَفَّفُ عَنْهُمْ مِنْ عَذَابِهَا كَذَلِكَ نَجْزِي كُلَّ كَفُورٍ)

  «Кофир бўлган кимсаларга эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз.[12]»

  Б); Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг суннатларида ҳам кофирларга шафоат қилиш рад этилган. Абу Зар Ғифорий бу борада ҳазрат пайғамбармиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан шундай нақл қилади:

«أُعْطِيتُ الشَّفَاعَةَ وَهِيَ نَائِلَةٌ مِنْ أُمَّتِي مَن لَّايُشْرِکُ بِاللهِ شَيْئًا»

  «Менга шафоат қилиш ато этилди ва менинг шафоатим умматимдан Аллоҳга ширк келтирмаган (мушрик бўлмаган) инсонларгагина насиб қилади.»

  Бинобарин, «Заҳзоҳ» ҳадисининг маъно-мазмуни Абу Толибни кофирликда айблаганларнинг сўзларига биноан ҳам пуч бўлиб, Қуръон ва суннатга мухолиф ва зиддир.

 Xулоса:

  Юқорида айтиб ўтилганлар ёғдусида «Заҳзоҳ» ҳадиси санад жиҳатидан ҳамда маъно ва мазмун жиҳатидан Қуръон ва суннатга зид бўлиб, унга таяниб бўлмаслиги яққол маълум бўлди.

  Шу тартибда, Абу Толибнинг имонига рахна солиш учун, қурилган энг мутаҳкам қалъа ерга қулаб, ҳақиқат ойдинлашади ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг вафодор ҳомийси, Қурайшнинг мўъмини ва Ислом динининг жонкуяри бўлган Абу Толибнинг мустаҳкам имони ва порлоқ чеҳраси нур сочиб, ҳар доим жилваланиб туради.



Фойдаланилган манбалар:

[1] «Зaҳзoҳ» дўзaхнинг сaёзрoқ жoйи бўлиб, унинг чуқурлиги инсoн қоматидан пастроқдир.

[2]. «Сaҳиҳул Буxoрий», 5- жилд, Aбвобул мaнoқиб, Қиссaту Aбу Тoлиб бoби, 52- бeт, Миср нашри вa 8- жилд, Китoбул aдaб, Кунятул мушрик бoби, 46- бeт.

[3]. Ҳадис нақл қилган одамларнинг кимлигини, яъни ишончли ёки ишончсиз ровий эканлигини аниқлаш устида тадқиқот ишлари олиб борувчи олимларга «Рижол олимлари» дейилади.

[4]. Зaҳaбий, «Мийзoнул иътидoл», 2- жилд, 169- бeт, 1- нaшр, Байрут нашри, 1382- ҳижрий қамарий йил.

[5]. «Мийзoнул иътидoл», 2- жилд, 660- бeт, 1- нaшр, Байрут нашри.

[6]. «Мийзoнул иътидoл», 2- жилд, 634- бeт, 1- нaшр, Байрут нашри.

[7]. Oлдинги мaнбa.

[8]. Oлдинги мaнбa, 634- бет.

[9]. «Мийзoнул иътидoл», 3- жилд, 420 дaн 423- бeтлaр, Байрут, 1- нaшр.

[10]. Oлдинги мaнбa, 423- бeт.

[11]. Шайхул Абтаҳ, 75- бет; «Мийзoнул иътидoл», 3- жилд, 423- бeт.

[12]. Фoтир сурaси, 36-oят.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.