Home / Аҳли-Байт / Имом Жавод (а.с) / Имом жавод (а) нинг ҳаётларидан қисқача лавҳалар (2)

Имом жавод (а) нинг ҳаётларидан қисқача лавҳалар (2)

Имом Жавод (алайҳис салом) нинг исломий жамият тарбияси ва ислоҳотидаги ўринлари

  Имом Жавод (алайҳис салом) имоматлари даврида ислом жамияти кўплаб сиёсий, ахлоқий ва эътиқодий янглишишларга дучор бўлган эди.

Ул ҳазратнинг ушбу қийинчиликларни бартараф этиш ва мусулмонлар тарбиясидаги энг муҳим фаолиятлари қуйидагилардан ташкил топган:

А) Мафкуравий ислоҳотлар

  Имом Боқир ва имом Содиқ (алайҳимас салом) имоматлари даврида исломий тушунчаларни чоп этиш ва шогирдларни тарбиялашнинг озгина бўлса-да, имкони бор эди. Аммо имом Жавод (алайҳис салом) замонларидан бошлаб ғийбати суғро (қисқа муддатли ғойиб бўлмоқ)гача ўзгача шароит вужудга келганди. Бу даврда Бани Аббос ҳукумати шиалар имомларини назорат остига олиб, шогирдлари ва ёр-дўстларига имом атрофига тўпланишга рухсат бермасди. Бундан ташқари, аббосийлар ҳукуматининг ваҳшиёна одати, шиалар ва уларнинг раҳбарларини қатли ом қилишдан қўрқмаслик (имом Ризо (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан сўнг), шиалар имомларининг ёшлик давридаёқ шаҳид бўлишлари, илмий фаолият юритиш ва шогирдлар тарбиялаш учун фурсат тополмасликларига боис бўлганди.

  Шунга қарамай, имом Жавод (алайҳис салом) нинг бир юз йигирмадан ортиқ шогирдлари бўлиб, улар ул ҳазратнинг ҳадислари ва илмларини шиаларга нақл қилишарди. Дарвоқе, шиалар раҳнамоларининг шундай оғир вазиятда ҳам илмий ҳаракатлардан ғафлатда қолмаганлари ҳайратланарлидир. Имом Жавод (алайҳис салом) нинг энг муҳим илмий фаолиятларини қуйидагича хулоса қилиш мумкин:

  1. Адашган ақида ва фарқаларга қарши курашмоқ;

  2. Дин тушунчасини тўғри услубда таълим бериш;

  3. Саҳиҳ эътиқод ва фикрларни ёймоқ.

Б) Сиёсий ислоҳотлар;

  Имомларнинг сиёсий фаолиятларни юргизишда турли усулларни қўллашлари борасида суҳбатлашдик. Ушбу усуллар замон шароити тақозоси ва ижтимоий вазият билан уйғун ҳолда тайинланарди. Аҳли Байт (алайҳимус салом) нинг сиёсий фаолиятларини (пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан бошлаб, то асримиз имоми ҳазрат Маҳди (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳу) нинг ғойиб бўлиш даврларигача) уч босқичга тақсимлаш мумкин. Имом Жавод (алайҳис салом) имоматлари даври учинчи босқичга, яъни сиёсий фаолиятлар даври узоқ муддатли мақсадлар ва шиаларни маъсум имомнинг ғойиб бўлиш даврига тайёрлашга тўғри келади. Ушбу мақсадга мутавофиқ, имом Жавод (алайҳис салом) қуролли оёққа туришни маслаҳат кўрмай, шиаларга ислом динининг асосий таълимотларини ўргатиш, уларни имом Маҳди (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин) нинг ғойиб бўлишларига тайёрладилар. Бу хусусда имом Жавод (алайҳис салом) нинг сиёсий фаолиятлари қуйидагилардан иборат эди:

  1. Ҳукумат билан ҳамкорликни таъқиқлаш;

  2. Имом Ҳоди (алайҳис салом) имоматларига шароит яратиш;

  3. Шиаларни имоми замон (Аллоҳ келишларини тезлаштирсин) нинг ғойиб бўлиш даврига тайёрлаш.

В) Ахлоқий ислоҳотлар;

  Имом Жавод (алайҳис салом) мусулмонларнинг ахлоқий тарбиясига катта эътибор қаратардилар. Ул ҳазрат сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва имом Али (алайҳис салом) нинг ахлоқий ҳадисларини баён қилиш билан, мусулмонларнинг ахлоқий тарбияси учун аниқ – равшан йўлни кўрсатишга ҳаракат қилардилар. Бошқа томондан имом Жавод (алайҳис салом) ислом динининг ахлоқий йўл-йўриқларига амал қилишлари мусулмонлар учун энг яхши намуна эди. Имом Жавод (алайҳис салом) нинг ахлоқий тарбия ва ислоҳотдаги кўрсатган йўл ва фаолиятларидан келиб чиқиб, бир неча намуналарни хулоса қилиш мумкин:

  1. Тавба қилишга ва Худо томонга қайтишга даъват қилиш;

  2. Мусулмонларнинг бир-бирлари билан бўлган муносабатига эътибор қаратмоқ;

  3. Ҳукумат хизматкорларига насиҳат қилмоқ.

 

Имом Жавод (алайҳис салом) ва аббосийлар ҳукуматининг ул ҳазратга бўлган муносабати

  Шиаларнинг тўққизинчи пешвосининг жуда қисқа умри, бани Аббоснинг икки нафар энг золим ҳукдорлари ҳукуматига тўғри келган эди. Ул ҳазрат йигирма уч йил Маъмун аббосий ҳукуматида яшаб, сўнгра Ал-Муътасим Биллоҳ ҳокимияти даврида фақат икки йилгина шиаларга раҳбарлик қилиш тавфиқига шарафёб бўлгандилар. Оқибат, мана шу ситамгар халифа қўлида шаҳодатга ноил бўлдилар.

 

Имом Жавод (алайҳис салом) ва Маъмун аббосий

  Имом Ризо (алайҳис салом) оилалари ва ул ҳазратнинг шиалари имом Жавод (алайҳис салом) ни «хайру баракотли таваллуд» деб, билардилар. Чунки, воқифия мазҳаби тарафдорлари имом Ризо (алайҳис салом) нинг имоматларини инкор қилиб, фарзандсиз инсон шиалар имоми бўлолмайди, дейишарди. Имом Ризо (алайҳис салом) қирқ етти ёшли чоғларида имом Жавод (алайҳис салом) нинг дунёга келишлари, барча макру ҳийлаларга барҳам бериб, имом Ризо (алайҳис салом) башорат қилганларидек, шиаларга хайру баракот олиб келди. Имом Ризо (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан сўнг, Маъмун аббосий шиалар ул ҳазратнинг фарзандлари имом Жавод (алайҳис салом) ни пешволикка қабул қилишларини биларди. Бошқа томондан эса, шиалар Маъмунни имом Ризо (алайҳис салом) нинг шаҳид бўлишларида масъул деб билардилар. Бинобарин, Маъмун имом Жавод (алайҳис салом) ни шаҳид қилолмасди. Бундай шароитда Маъмун ораста ва фирибгарларча кўринишда у кишини назорат остига олиб, ўтказадиган учрашувларини кузатиш мақсадида Имом (алайҳис салом) ни ўз ёнига келтиришга қарор қилди.

  Маъмун бу мақсадига эришиш учун (ўз ҳокимиятининг пойтахтини Хуросондан Бағдодга кўчиргач,) имом Жавод (алайҳис салом) ни 204 – ҳижрий қамарий йили Мадинадан Бағдодга келтириб, қизи «Умми Фазл»ни ул ҳазратга унаштирди. Имом Жавод (алайҳис салом) турмуш қурганларидан бир муддат ўтгач, Мадинага қайтиб, Маъмун аббосий умрининг охирига қадар шу шаҳарда қолдилар. Имом Жавод (алайҳис салом) Мадинада яшаган пайтлари Аммор Ёсирнинг фарзандларидан бўлмиш Самона исмли хонимга уйландилар ва бу никоҳнинг самарси имом Ҳодий (алайҳис салом) нинг таваллуд топишлари бўлди. Бу никоҳ Умми Фазлнинг ҳасадини оловлантириб, бир муддатдан сўнг, ушбу кўролмаслик имом Жавод (алайҳис салом) ни шаҳид қилишда ҳамкорлик қилишига олиб келди.

Имом Жавод (алайҳис салом) ва Мўътасим аббосий

  Мўътсим аббосий имом Жавод (алайҳис салом) билан ҳамзамон бўлган иккинчи халифа бўлиб, акаси Маъмуннинг ўлимидан сўнг, 218 – ҳижрий қамарий йили халифалик тахтига ўтирди. Мўътасим ҳукмронлигининг бир ярим йили ўтганидан сўнг, унинг атрофдагилари унга одамларнинг имом Жавод (алайҳис салом) билан бўлган муносабати тўғрисида хабар беришди. Бу гаплар Мўътасимни хавотирлантириб, у Мадина ҳокими АбдулМалик Зайёдга ёзган мактубида имом Жавод (алайҳис салом) ва Умми Фазлни Бағдодга келтиришни буюрди. Ва у ҳоким ҳам шу ишни амалга оширди. Имом Жавод (алайҳис салом) 220 – ҳижрий қамарий йили Бағдодга кириб келдилар.

  Имом Жавод (алайҳис салом) Бағдодга кириб келганларидан сўнг, Мўътасим зудлик билан у кишининг турмуш тарзларини назорат остига олиб, ҳеч кимга Имом (алайҳис салом) билан мулоқот қилишга ижозат бермасди. Мўътасим имом Жавод (алайҳис салом) ни шаҳид қилиш учун пайт пойлар эди. Мўътасим атрофдагиларининг имом Жавод (алайҳис салом) га нисбатан сотқинлиги ва ул ҳазратни шаҳид этиш учун бўлган уринишлар ҳам кескинлашганди. Ушбу сотқинликлар Мўътасимни имом Жавод (алайҳис салом) ни шаҳид қилишга ундар эди. Бинобарин, у Умми Фазлни Имом (алайҳис салом) ни заҳарлаб шаҳид қилишга ундади.

  Мўътасимнинг васвасалари Умми Фазлни йўлдан оздирди ва оқибат, у имом Жавод (алайҳис салом) га заҳар беради. Имом Жавод (алайҳис салом) 220 – ҳижрий қамарий йили зулҳижжа ойининг охирги куни шаҳид бўладилар.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.