Home / Аҳли-Байт / Имом Жавод (а.с) / Имом Жавод (а) нинг ҳаёт ва ҳидоятлари

Имом Жавод (а) нинг ҳаёт ва ҳидоятлари

  Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

  Ражаб ойининг ўнинчи куни ҳазрат имом Жавод (алайҳиссалом) нинг саодатли таваллуд кунларига тўғри келади. Ушбу муносабат билан барчангизни муборакбод этамиз ва имом Жавод (алайҳис салом) нинг ҳаёт ва ҳидоятларига бағишланган махсус мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.

   Имом Муҳаммад Тақий (алайҳис салом) 195- ҳижрий қамарий йилининг 10- ражаб ойида Мадина шаҳрида таваллуд топганлар. Ул ҳазрат «Жавод», яни кўп бахш этувчи номи билан шўҳрат қозонганлар.

  Имом Жавод (алайҳис салом) имом Ризо (алайҳис салом) нинг ягона фарзандлари бўлиб, падари бузрукворлари шаҳид бўлганларидан сўнг, 17 йил имомлик ва пешволик қилганлар.

  Ул ҳазратнинг имомлик қилган даври золим Аббосий халифалари бўлмиш Маъмун ва Мўътасим замонларига тўғри келади.

  Ул ҳазрат 25 ёшда бўлганларида Мўътасим фармони билан заҳарлантириб, Бағдодда шаҳид қилишади.

  Имом Жавод (алайҳис салом) қисқа умр кўрган бўлсаларда, аммо амал ва сўзлари билан Аҳли- Байт мактабини олам аҳлига таништиришда салмоқли ҳисса қўшиб, ўзларидан бой маърифат ва қимматли ҳидоятларни мерос қолдирганлар.

  Пайғамбаримиз Аҳли Байтларининг ҳар бирлари ўз замонларининг шароитига қараб, сиёсий ва маданий фаолиятлар олиб боришган ва кўплаб шогирдлар тарбия қилишган. Масалан, имом Боқир (алайҳис салом) ва имом Содиқ (алайҳис салом) замонларида ижтимоий шароит нисбатан яхши бўлгани боис, улар минглаб нафар шогирд тарбиялаб, ҳадис ровийларини тайёрлаганлар. Аммо имом Жавод (алайҳис салом) даврларидан бошлаб имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)даврларигача, яъни 50 йил давомида сиёсий босимлар ва назоратлар кўп бўлгани боис, уларнинг шогирдлари озроқ бўлган.

  Имом Жавод (алайҳис салом) даврида ул ҳазратнинг шогирдлари қарийб 110 нафар бўлган ва ул ҳазрат томонидан жами 250 ҳадис нақл қилинган. Маълум бўлмоқдаки, ул ҳазрат қисқа умр кўрган ва қаттиқ сиёсий босим остида қолган бўлсалар-да, самарали фаолият кўрсатганлар.

  Ул ҳазратнинг шогирдлари улуғ муҳаддис ва донишмандлар бўлишган ва уларнинг айримлари илм ва фиқҳга оид кўплаб китоблар ҳам ёзишган.

  Билим олишга чанқоқ кишиларни ва мутафаккирларни тарбиялаш имом Жавод (алайҳис салом) нинг доимо диққат марказларида бўлган. Ул ҳазрат имом Содиқ (алайҳис салом) бунёд этган илмий ҳавзага хос эҳтиром кўрсатиб, ушбу билим даргоҳида 270 нафар шогирдни тарбиялаб, уларни камолот сари ҳидоят қилдилар.

  Уларнинг орасида оталари имом Ризо (алайҳис салом) нинг ҳам шогирдлари ҳам бор эди.

  Имом Жавод (алайҳис салом) бани Аббоснинг шум тарғиботларини таъсирсиз қилиш ва халқни ҳақиқий ислом таълимотлари билан таништириш учун ўз вакилларини турли минтақаларга юборардилар.

  Ушбу вакиллар Аҳвоз, Ҳамадон, Систон, Рей, Басра, Бағдод, Куфа, Қум ва бошқа шаҳарларда фаолият кўрсатиб, Имом билан Аҳли- Байт издошлари ўртасида иттифоқ ва боғлиқлик заминасини яратишарди.

  Имом Жавод (алайҳис салом) ўз издошларига ҳукуматга йўл топиш ва муҳим вазифаларни эгаллашга изн берган эдилар.

  «Муҳаммад бин Исмоил бин Базиъ» ва «Аҳмад бин Ҳамзаи Қумий» ушбу фурсатдан яхши фойдаланиб, яхши мансабларга эга бўлишган ҳамда ислом ва Аҳли-Байт мақсадлари йўлида садоқат билан хизмат қилишган.

  Систон ҳокими Ҳусейн бин Абдуллоҳи Нишопурий ва Баҳрайн ҳокими Ҳакам ибн Улёи Асадий ҳам имом Жавод (алайҳис салом) ёронларидан бўлиб, бойликларининг бешдан бир қисмини ул ҳазратга юборардилар.

  Имом Жавод (алайҳис салом) ҳам бошқа имомлар каби пок тавҳидий илм ва маърифатдан баҳраманд бўлган ҳолда, раҳмат ва меҳрибонликка лиммолим бўлган ҳаётлари давомида илму ҳикматнинг чексиз уммонини бошқаларга намойиш этдилар.

  Ул ҳазратдан қолган чуқур фалсафий мафҳумларга эга ва ибратли сўзларининг айримларини сизларга етказмоқчимиз:

  Инсон ижтимоий бир мавжуд бўлиб, жисмий, руҳий ва фикрий эҳтиёжларини қондириш учун доимо бошқа инсонлар билан муносабат ўрнатишга эҳтиёж сезади. Барча инсонлар доимо оромлик бахш этувчи, бахт келтирувчи оқил одамлар ёнида бўлишни хоҳлашади. Солиҳ ва донишманд одамлар билан яхши муносабат ўрнатиш ва дўст бўлиш бахт ва саодатнинг асосий омиллари ҳисобланади. Ҳақиқий дўст ва яхши одамлар билан ҳар бир киши ҳаётнинг мураккаб йўлларидан ўтиб, ўзининг эзгу нияти ва орзуларига ета олади.

  Диний таълимотлар ва руҳшунослик илмининг тажрибалари кўрсатмоқдаки, дўстлик неъмати ва инсонлар билан яхши алоқалардан узоқ бўлган кишилар кўп нарсалардан маҳрум бўлиб, ғариб ва ёлғиз қолишади. Бу каби кишилар тушкунликка тушиб, ақлий ривожланишлардан орқада қолиб, шодлик ва тинчликни қўлдан беришади.

  Имом Жавод (алайҳис салом) дўстликнинг руҳий ва отифий таъсирлари бобида шундай буюрганлар: «Дўстлар билан дийдор лаҳзаси кам давом этса ҳам, шодликка шодлик қўшиб, ақлни зиёда этгай.»

  Имом Жавод (алайҳис салом) нинг айтишларига кўра, одамларнинг оғир кунларида уларга ёрдам кўрсата оладиган ва сирларини ошкор қилмаган ҳамда диндорлик йўлида уларнинг маърифат даражасини кўтарувчи кишилар ҳақиқий дўст бўла оладилар.

  Шунинг учун, ҳар бир киши ҳушёр бўлиб, Худонинг ғазабини келтирган шахслар билан эмас, балки Аллоҳнинг шоиста лутфу раҳматига эга бўлганлар билан дўстлашиши лозим.

  Чиндан ҳам солиҳ одамлар билан дўстлашиш Аллоҳ раҳматига нойил бўлишдир.

  Ёмон ва нопок одамларга ҳамроҳ бўлиш эса, шахсларни яхши ва пок одамлардан ажратиб қўяди. Ёмонларга қўшилганлар солиҳ одамларнинг насиҳатларига ҳам эътибор бермай, уларга нисбатан гумон қилувчи ва бадбин бўлишади.

  Ул ҳазратнинг айтганларига кўра, моддий манфаатлар асосида юзага келган дўстлик вақтинчалик бўлиши мумкин, аммо Аллоҳнинг розилиги учун тутилган дўстлик пойдор ва абадий бўлади.

  Имом Жавод (алайҳис салом) ҳар бир мусулмон ўзининг ижтимоий алоқаларини бошқалар билан мустаҳкам этишини ҳамда дўст ва биродарлари билан тез-тез дийдорлашиб, туришини таъкидлайдилар. Имом Жавод (алайҳис салом) буюрганлар: «Уч нарса дўстларнинг муҳаббатини ўзига жалб этади: Биринчиси, турли муносабат ва учрашувларда инсофли бўлиш,иккинчиси, турли шароитларда уларга ҳамдам ва ҳамдард бўлиш ва учинчиси, пок қалбга эга бўлиш.»

  Қадрли ўқувчилар, имом Жавод (алайҳис салом) нинг саодатли кунларига бағишланган махсус мақоламиз шу ерда ўз ниҳоясига етди. Буюк Парвардигор паноҳида бўлинг.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.