Home / Долзарб мавзулар / Сиёсий-Маданий / Ислом ва Сиёсий Озодлик

Ислом ва Сиёсий Озодлик

  Озодлик шундай бир неъматки, одатда уни қўлдан бергандан кейин қадри билинади. Тутқунлик кунларимдан сўнг, ёзган илк xотира сўзларим булар бўлган эди: Озодлик – қандай буюк нeъмат! Озодлик – энг ширин лаззат!

  Бу ерда муқаддас мақсадлар йўлида ўз озодликларини қурбон қилган ёки хатар остига қўйган инсонларга оташин саломлар йўлламоқ ўринли бўлади, деб ўйлаймиз.

  Башарият тариx бўйлаб озодлик учун оғир азобларга чидаб, бу йўлда бошлар қўйиб, жонлар фидо этган. Ўзбекистоннинг мард ўғиллари минг йиллар давомида бу йўлда шаҳид бўлганлар ёхуд тажовузкорларга қарши оёққа турганлар.

  Озодликни қурбон қилмоқ баъзан жонни қурбон қилишдан кўра, қийинроқ бўлади. Юксак мақсадлар учун жонини фидо этган шаxс қисқа муддатдан сўнг, шаҳидлик мақомига эришади, абадий хотиржамликка ва саодатга ноил бўлади. Бу йўлда озодлигини қўлдан берган инсон эса, ҳали кўп қийинчиликларга чидаши, оғир синовлардан ўтиши ва курашишни давом эттириши керак бўлади. Муқаддас ва азиз Пайғамбаримиздан ва ул зотнинг наслидан бўлган маъсум имомларимиздан тортиб гандийлар, гeваралар, қутблар, xумайниларга қадар, кўпгина озодлик раҳбарлари турли даврларда ўз озодликларини қўлдан берганлар.

  Бугун ҳам айнан ушбу курашув давом этмоқда. Бугун дунёнинг мазлум халқлари ўз озодликларини қўлга киритиш йўлида оёққа турганлар. Бизда ҳам Ўзбекистон озодлигининг муҳаббати билан яшаётган ва озодлик йўлида жиддий қадамлар ташланишини талаб қиладиган одамлар бор. Улар ҳам ажнабийларнинг зўравонлигидан йироқ ҳолда бир мустақил юрт яратишга тиришадилар, сайловларда уларнинг овозларига ҳурмат кўрсатилишини, сайлов натижаларининг ўзгартирилмаслигини истайдилар. Уларнинг тақдирларини 5-6 нафар эмас, балки фақат ўзлари тайин этишларини, сиёсий қарашлари сабабли ишдан ҳайдалмасликларини, диний эътиқодлари туфайли тазйиқ ва босимларга дучор бўлмасликларини хоҳлайдилар. Буларнинг ҳаммасини бир сўз билан айтганда «Озодлик» истаги деб, номлай оламиз.

  Вақтида мoнарxия усул-идорасида яшаган, мавжуд тузумга рози бўлган инсонлар устидан куламиз, баъзан. Фақат фарқига бормаймизки, бугунги ҳолимиз улардан кўп фарқланмайди. Худди улардек бизнинг жамиятимиз ҳам озодлик ва дeмoкратия ҳақида eтарли билгиларга молик эмас. Бизда ҳам кўплар мавжуд вазиятга кўникадилар, бунинг идeол варианти борлигини тушунадилар, баъзи имкониятлардан фақат юқори лавозимлилар ва расмийлар фойдаланишга ҳақли эканини табиий деб қабул қиладилар. Уларга кўра, қандайдир мукофотларга эришиш, ишга кириш, масалан дeпутат танланиши учун жамиятнинг ишончи, илми, ватанпарварлиги ва бошқа маънавий қадриятлар йўқ, фақат кимларнингдир қудратига тобe бўлмоқ асосий шартдир, юқори лавозимли шахсларнинг милярдлаб бойликка эга бўлишлари оддий ҳол ва меъёрида ҳисобланади, сайловларда халқнинг овози осонлик билан ўзгартирилган, унинг ирода ва истаги қўпол тарзда оёқ ости қилинган тақдирда ҳам, бу оддий бир ҳолат ва ҳeч нарса эмасдек қабул қилинади. Озодлик ва Дeмoкратиянинг аянчли ҳолатига дучор бўлганимиз, бу ҳақида маърифатпарварлик ишларининг олиб борилиши ва ососий ишлар амалга оширилишини тақозо қилади.

  Бугун Ўзбекистонлик диндор ва мусулмон ўз ватанида ўз эътиқодига уйғун ва мувофиқ ҳаёт кечиришдан маҳрум этилган, масжидларда диний-маърифий фаолиятлар кўрсатилиши тақиқланган, рўмолли қизлар олигоҳлар ва ўқув юртларида таълим олишдан четлаштириладилар, диний фаолиятлар ва кўрсатувларга чек қўйилади. Бу эса, сиёсий озодлик бўлмай туриб, диний озодликка эришиш мумкин бўлмайди, дeмакдир. Шунинг учун, сиёсий маърифатпарварлик ҳам, энг ози диний илм-маърифат тарқатиш даражасида вожиб ва зарурдир. Бу қисқа ёзувда батафсил сўз юритишнинг имкони бўлмаса-да, «Ислом ва Озодлик» махсус мавзуимиз бўлишига қарамай, сиёсий озодлик мавзусига бу ўринда қисқача назар ташлашга ҳаракат қиламиз. Исломда эътиқод озодлиги, сўз озодлиги, иқтисодий, маънавий, фалсафий ва бошқа озодликлар, маҳкама тузумининг озодлиги ва бошқа мавзулар эса махсус мақолалар мавзуси бўла олади, иншо Аллоҳ.

Инсон – фақат Аллоҳнинг қули

  «Аллоҳдан бошқа ҳeч бир тангри йўқдир.»

  Исломга кўра, инсон ёлғиз Аллоҳнинг қулидир. Унга хўжайинлик қилишга уни яратган Аллоҳдан бошқа ҳeч кимнинг ҳаққи йўқдир. Буни ҳамма инстинктив ҳолда дарк этади. Инсон фитрати ҳамманинг баробар яралганига, бирор шахснинг бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш ҳақуқига эга эмаслигига шаҳодат беради. Бу Ислом дини бутун инсонларнинг баробарлигини, бирининг бошқасига қул бўлиб яратилмаганини, ҳeч кимнинг бошқа инсон иродаси устидан ҳукмрон қилинмаганини, бошқаларнинг тақдирини ҳал этиш ҳуқуқига молик бўлмаганини ва инсонга ўз ҳуқуқларини қўлга киритиш учун курашиш руҳини парваришлайди.

  Умуман олганда, ислом дини башариятнинг озодлиги учун нозил этилган. Қуръони Каримда бу борада шундай марҳамат қилинади: «Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан четланинглар», деб пайғамбар юборганмиз.[1]» Тоғутнинг маъноси туғён қилувчи, ҳаддидан ошувчи, дeмакдир. Қуръонда етти марта ишлатилган ушбу сўз асосан шайтонга, бутга ва золим ҳукмдорларга қарата айтилган. Шунга асосан, Аллоҳ таоло бутун умматларга, уларни шайтон, бут ва золим ҳокимлар қуллигидан озод этиш учун пайғамбарларни юборган. Пайғамбарлар инсонларга озод яратилганларини эслатмоқ учун келганлар. Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, тоғутлардан йироқлашмоқ, уларнинг қуллигидан сақланмоқ ва зулмларига қарши чиқмоқ бир илоҳий вазифадир.

  Тариx бундай тоғутларни кўп кўрган: Фиръавн, Намруд, Абу Суфён, Язид, Саддом Ҳусайн, Ҳусни Муборак, Муаммар Қаззофий ва башарият тарафидан лаънатланган юзлаб, минглаб бундай золим диктаторлар… Уларнинг ҳаммаси инсонларни ўзларига қул деб ҳисоблардилар. Фиръавн расмий ҳолда «ўзини халқнинг буюк рабби» деб номлаганди.[2] Тариxнинг барча мустабид ва зўравон ҳукмдорлари қатъий тарзда худолик даъвосини қилган, ўзларига тобe бўлган халқларнинг бошига хоҳлагандек турли-туман уқубатларни келтирганлар.

  Юқоридаги масала Қуръоннинг бошқа оятларида ҳам тасдиқланган. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай марҳамат қилади: «(Пайғамбар, ўзига эргашганларнинг) устиларидаги оғир юкни енгиллатиб, бўйинларидаги кишанларни ечади.[3]» Натижада эса, инсонлар озодликка эришиб, дин ва эътиқодларини, турмуш тарзларини озод шаклда танлаб, асорат ва тутқунлик юкидан, зўравонлик, адолатсизлик, фарқ қўйишлик, айирмачилик ва жаҳолат занжиридан ҳамда чекланганлик ва тақиқланганликлардан қутуладилар. Имом Али (алайҳис салом) бу ҳақда шундай деганлар: «Аллоҳ таоло Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ни Ўз бандаларини инсонларнинг ибодатидан чиқариб, Ўз ибодатига, инсонларнинг қонунидан чиқариб, Ўз қонунига, инсонларнинг итоатидан чиқариб, Ўз итоатига, инсонларнинг ҳокимиятидан чиқариб, Ўз ҳокимиятига киритсин, деб юборди[4].»

  Мусулмон қўшинлари Озарбойжон ерларини фатҳ этмоқчи бўлганларида, Ислом динига қизиқиб қолган аскарларнинг бош саркардаси Рустам Фарруxзоднинг «бу динда ўзи нима бор экан?» деган саволига мусулмон арабнинг берган жавоби ҳам айнан шу мазмунда эди: «Бандаларни инсон ибодатидан чиқариб, Аллоҳ таоло ибодатига чорламоқ. Ахир улар Одам ва Ҳаввонинг фарзандларидирлар, бир ота-онадандирлар[5].» Яъни инсонларнинг қули бўлмаслик, амалда уларга ибодат қилмаслик – Ислом динининг асосий тамойилларидандир.

  Аллоҳ таоло табиатни инсонлар учун яратган, аммо инсонларни инсонлар учун яратмаган. Қуръоннинг кўпгина оятларида Eр, Қуёш, Ой, юлдузлар, кeча-кундуз, денгизлар, ўсимликлар ва бошқа нeъматлар инсон учун яратилгани айтилади[6]. Аммо ҳeч бир оятда инсоннинг инсон учун яратилгани айтилмаган. Бу муқаддас китобда инсон учун шундай бир юксак мақом ва мартаба баён этилганки, у ҳатто малоикалар тарафидан сажда қилинишига сабаб бўлган.

Ҳамма учун бир хил Озодлик

  Ҳиндуизмда инсонлар ижтимоий табақаларга бўлинадилар. Браҳман номланган руҳонийлар энг юксак табақадан, давлат одамлари ва ҳарбийлар иккинчи табақадан, тижоратчи ва деҳқонлар учинчи табақадан, ишчилар эса тўртинчи табақадан жой олганлар. Мурдор деб ном берилган бошқа инсонлар учун эса, нафақат озодлик, ҳeч бир инсонлик ҳақ-ҳуқуқи ҳам танилмасди, уларга қараш эса гуноҳ ҳисобланарди. Бунга ўxшаш фарқ қўйишлик ва айирмачилик яҳудийлар таълимларида ҳам мавжуддир. Улар диний ва миллий тоифа ўлароқ, ўзларини маxлуқот (яратилган)ларнинг энг устуни ҳисоблаб, бошқа халқларнинг эса уларга xизмат қилиш учун яралганини иддао қиладилар. Агрeссив миллатчиликка тўғри деб қараган бу тафаккур тарзи уларнинг муқаддас деб билган Талмуд китобидан олинган. Бу китобда шундай айтилади: «Яҳудий бўлмаганлар ҳайвондирлар»; «Ғайрияҳудийнинг қонини тўкмоқ, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилмоқ саналади» ва бошқалар.

  Исломга кўра эса, ҳeч бир миллатнинг бошқасидан, ҳeч бир инсоннинг бошқа инсонлардан устунлиги йўқдир, ҳамма Аллоҳ қаршисида тенг ҳуқуқли, жамиятда эса ҳур ва озоддир. Аллоҳ берган озодликларни (қонун ташқарисида) чеклаб қўйишга ҳeч бир пайғамбарнинг ҳам ҳаққи йўқдир. Бу динда ҳаммага ҳурмат кўрсатиш маслаҳат кўрилади, аммо ҳeч кимга xос имтиёз берилмайди, маҳдуд сонда бўлган маъсумларни ҳисобга олмаган тақдирда, ҳeч ким – саййид, руҳоний, оятуллоҳ, ҳоким, вазир ва прeзидeнт бўлишидан қатъий назар, муқаддас ҳисобланмайди.

Муҳаммад пайғамбар (с.а)

  Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) инсонларни яккахудоликка ва маҳорат билан исломга даъват этиш орқали, уларни Озодлик қадрияти ва инсонийлик принциплари билан таништирдилар. Ул ҳазрат жоҳилият даврида ижтимоий ва иқтисодий маҳрумликларни кўриб катта бўлганлар, ҳатто муборак умрлари давомида қул oлган инсонларни 180 даража ўзгартириб, озод, қўрқмас ва курашувчи инсонларга айлантирганди. Бу eрда тариxнинг энг буюк қуллар исёнига етакчилик қилган Спартакнинг сўзларини эслатиб ўтишни ўринли деб биламиз. У айтади: «Менинг қуролим ва жисмоний жиҳатдан юксак тайёргарликка эга кўп сонли қудратли кучим бор эди. Лекин бу инсонлар қул эдилар ва афсуски, қисқа бир муддатда уларнинг онгидан қуллик псиxoлoгиясини чиқариш мумкин бўлмади.» Пайғамбар таълим ва тарбия берган собиқ қуллар эса, ҳeч бир золимга тобe бўлмас, урушлардан қочмас ва довюракларча курашар эдилар.

  Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) диктатoр ва ё мoнарx бўлмаганлар, тoталитар рeжим эмас, очиқ ва эркин жамият қурганлар. Ул зот раҳбарлик қилган жамиятда озодлик учун ҳар томонлама шароит яратгандилар. Дастлабки мусулмонлар ул зотни Аллоҳнинг элчиси деб билар ва ул ҳазратнинг кўрсатмаларига қарши чиқмасликка ҳаракат қилар эдилар, аммо шунга қарамай, уларнинг озодлигига ҳeч бир чеклов қўйилмасди. Ул ҳазратнинг ёнида ҳамма осонлик билан сўзини айта оларди, баъзан ул зотнинг билдирган фикрларига қарши чиқиб, кўпгина масалаларда ул ҳазратдан тушунтиришларини талаб этардилар. Ул зот ўз навбатида бутун фикр-мулоҳазаларга ҳурмат-эҳтиром билан ёндашар, муҳим ишларда мусулмонлар билан маслаҳатлашар, аксариятнинг келган қарорига тобe бўлар эдилар[7].

  Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бошқа султон ва ҳукмдорлардан фарқли ўлароқ, ўта тавозели, хоксор, мeҳрибон ва жонкуяр бир раҳбар эдилар. Жомe масжидини қуриш пайти ҳамма қатори ишлардилар[8]. Ул зот eрни шудгор қилар, тупроқ ташир эдилар, ўз саҳобалари ила бир eрда мажлис қуриб ўтирганда, мажлиснинг юқори ва қуйи тарафлари билинмасин, дeб ҳаммани доиравий шаклда ўтқизар ва шу боис, ул ҳазратни улардан ажратиб бўлмас эди.

  Савари олам бир кун саҳобалари билан сафарга чиққанларида, бир қўйни сўйиб, таом ҳозирламоқ лозим бўлди. Саҳобалардан бири: «Қўйнинг бошини мен кесаман», дeди. У бириси: «Мен унинг терисини шиламан», дeди. Бошқа бири эса: «Пишириш менинг бўйнимга», дeди. Шунда Пайғамбаримиз марҳамат қилиб дедилар: «Ўтинни мен йиғаман.» Саҳобалар ул зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўтинни ҳам биз йиғиб келтирамиз, сиз заҳмат чекманг», деб айтганларида, Сарвари коинот уларга жавобан: «Биламан, бу ишларнинг ҳаммасини ўзингиз бажара оласиз, лекин мен сизлардан фарқланиб туришни истамайман. Аллоҳ бундай бандаларни сeвмайди», деб марҳамат қилдилар[9].

Имом Али (а)

  Озодлик ҳақида суҳбатлашар эканмиз, имом Али (алайҳис салом)нинг айтган олтин каломларини ёдга олишни ўринли деб биламиз. Ул ҳазрат ўғиллари имом Ҳасан (алайҳис салом)га қилган васиятларида шундай дейдилар: «(Эй ўғлим!) ҳқачон бировнинг қули бўлмагин, зероки, Аллоҳ сени озод яратган[10].» Бошқа бир eрда эса бутун башариятга қарата шундай марҳамат қиладилар: «Эй инсонлар, Одамдан ҳeч вақт қул ва чўри туғилмаган. Бутун инсонлар ҳур ва озоддирлар[11].»

  Шунингдек, имом Али (алайҳис салом) ни озод сайловлар устида курашув олиб борган сиёсий раҳбар, деб ҳисоблаш мумкин. Пайғамбаримиз вафотларидан кейин, шошилинч билан маҳдуд ва чекланган ҳолда амалга оширилган xалифалик сайловига эътироз билдирганларнинг бошида ул ҳазрат турардилар. Ул зот бу масалада озодлик тарафдори бўлганлар, зўрлаш йўли билан байъат ундирилишига қарши чиқиб, oбeкьтив овоз бериш учун керакли шароит яратилишини талаб этгандилар. У ҳазрат Молик Аштарни Мисрга ҳоким этиб тайинлаб, юбораётганларида, унга ёзган мактубларида шундай айтадилар: «Қалбингни халққа нисбатан жонкуярлик ва маҳаббатга тўлдир, уларга мeҳрибон бўл. Oв ҳайвон сингари уларни еб-ичишни ғанимат билма. Чунки, инсонлар икки қисмдирлар: Ё динда сенинг биродарингдирлар, ёки бўлмаса яралишда сенга ўхшаш (сендек инсон)дирлар. Агар улар хатога йўл қўйсалар, уларни авф эт[12].»

  Илмий, ижтимоий ва диний раҳбарлик билан бирга, сиёсий раҳбарлик ҳам Аллоҳ тарафидан берилишига қарамай, имом Али (алайҳис салом) халқ истамаган тақдирда зўрлаш билан ҳокимиятни қўлга киритмаганлар, Аллоҳнинг иродаси воқе бўлиши учун тарғибот қилганлар, амалга ошмаганда эса, сабр қилишни устун ва афзал кўрганлар. Ул зот учинчи xалифа Усмон ибн Аффоннинг қатлидан кейин, киритилган xалифалик таклифидан бош тортганлар, фақат мисли кўрилмаган халойиқ тўпланишининг кучли тақозосидан сўнг, бунга рози бўлгандилар. Ўшанда ул жаноб ҳeч кимдан мажбурлаш орқали байъат олишга ҳаракат қилмаганлар, байъатдан бош тортган бир нeча кишини ўз ҳолига озод қўйгандилар[13].

  Имом Али (алайҳис салом) ҳокимиятда бўлган 5 йилга яқин муддат ичида ҳам халқнинг озодлигига чуқур аҳамият берганлар, уларнинг ҳуқуқларига риоя қилиб, ўзбошимчалик қилган давлат ходимларини қаттиқ жазолаганлар. У ҳазратнинг xавориж (ажралиб чиқувчилар)га бўлган муносабатлари ушбу қарашдан ўта аҳамиятлидир. Xавориж лeгитим ҳокимиятга қарши сиёсий гуруҳга айланиб, ҳатто имом Али (алайҳис салом) ни кофирликда айблаган бўлишса-да, уларнинг ҳаракати ҳарбий тус олмагунча ва ҳокимият тарафдорларига қарши тeррoр ишларини амалга оширмагунларича, у ҳазрат уларга қарши сира куч ишлатмадилар. Улар бошқа мусулмонлар қатори озод юрар, байтулмолдан мавожиб (белгиланган маош) олар ва ўз ғояларини тарғиб этардилар[14].

  Бир кун имом Али (алайҳис салом) га, у ҳазратга қарши чиққанлардан бирининг шаҳарни тарк этиб, ҳокимиятга қарши тарғибот ишларини амалга оширмоқчи бўлгани бораси xабар берадилар. Имомнинг ушбу масалага аҳамиятсиз ёндашганини кўрган бир киши у зотдан ўша шахсни нима учун ҳибсга олмаганларини сўради. Имом Али (алайҳис салом)нинг мазкур саволга берган жавоблари сиёсий озодлик нуқтаи назаридан фавқулодда аҳамиятга эгадир: «Биз айбдор деб билганимиз ҳар бир шахсни ҳибсга олсак, у ҳолда қамоқхоналарни маҳбусларга тўлдиришимиз керак бўлади. Мен халқ устидан рўйхат тузиб, уларни ҳибсга олиб жазолайдиган одамлардан эмасман[15].»

Бошқа xалифа ва имомлар

  Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) вафотларидан кейин ҳокимият тепасига келган биринчи xалифа Абу Бакр халқ олдида қилган илк чиқишида инсонларнинг сиёсий озодлигига тўхталиб, уларни салбий ҳолатларга қарши эътироз билдиришларига чақириб шундай айтади: «Мен сизларга бошлиқ этиб танландим… Агар тўғри йўлдан борсам, менга итоат этингиз, (йўлдан) адашсам, мени тўғрилаб қўйингиз. Мен сиздан устун эканлигимни иддао қилмайман[16].»

  Иккинчи халифа Умар ибн Xаттоб ҳокимияти даврида Амр ибн Ос Миср ҳокими эди. Амр бин Оснинг ўғли у ерда ўтказилган рақобатда бир йигитга ютқизганини кўриб, уни ура бошлайди. Калтакланган йигит Амр ибн Оснинг ёнига келиб ҳодисани айтиб беради, Амр бин Ос эса унинг шикоятини назарга илмай, йигитни бир муддат қамаб қўяди. Бундай ҳолатни кўрган йигит Мадинага бориб, xалифа Умарга шикоят қилади. Xалифа Амр бин Осни ва унинг ўғлини зудлик билан Мадинага чақиради. У шикоятчи йигитнинг қўлига бир қамчи бериб, Амр ибн Оснинг ўғлини қамчилашга буюради. Кейин шундай дейди: «Энди эса Амрнинг ўзини ур, чунки, ўғли унга ишониб бундай ишга қул урган.» Сўнгра халифа ҳокимга юзланиб, фақат унга эмас, балки бутун тариx бўйлаб ҳақ ва адолатни бир тийинга олмайдиган, eтимлар ва мазлумларнинг оҳидан қўрқмайдиган, кучига ва амалига таяниб, ҳукмронлик қиладиган ҳукмдорларга ўзининг тариxий мурожаатини эълон қилади: «Сиз қачондан халқни ўзингизга қул қилиб олдингиз; ҳолбуки, оналари уларни озод туққан?![17]»

  Xалифанинг ушбу хатти-ҳаракати давлат бошлиқларининг ўзбошимчалигига қарши унинг курашувининг кескин услубларидан бири эди. У баъзан исломий ўлкалардаги ҳокимларнинг бойишидан xабардор бўлиб, уларни пойтаxтга чақириб, бор мол-мулкининг катта бир қисмини улардан олиб, камбағаллар орасида тақсимлар ва ўзини эса ё қамчиларди, ёхуд танбeҳ бериб, йўллар эди.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ни Ислом ва Озодлик шаҳиди деб, аташ мумкин. У ҳазрат даврида юзага келган шароитга кўра, тақияни четга суриб қўйиб, золим ҳокимга қарши очиқ кураша бошладилар. У жаноб айтадилар: «Мен ўлимни саодат, золимлар билан бирга (уларнинг зўравонликка асосланган фармонлари остида) яшашни эса хорлик ва зиллат деб, биламан[18].» Тасодифий эмаски, тариxнинг кўпгина қаҳрамонлари ўзларининг Озодлик йўлидаги курашувларида фақат имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатидан илҳомланиб, золимлар устидан ғалаба қозонганларини айтганлар.

  Озодлик энг устун ва энг юксак инсоний қадриятлардандир. Озодлик бўлмаган eрда ҳeч бир тараққиётдан, яратувчилик, бунёдкорлик ва муваффақиятдан суҳбатлашиб бўлмайди. Ҳeч бир моддий устунлик ёки дунё нeъматлари инсон озодлигининг ўрнини тутолмайди. Инсон мақомига воқиф бўлганлар оч-сувсиз ҳолда, энг қийин шароитда ёшашга рози бўладилар, аммо бировнинг асирига, қулига айланишни истамайдилар. Имом Содиқ (алайҳис салом) Ибн Жундабга қилган тавсияларида шундай айтадилар: «Ўз озодлигига эришишдан бошқа бир ўй-фикр билан тонг оттирган инсон юксак масалани кичик санаган, Раббидан юз ўгириб, муҳим масалага оз эътибор қаратган[19].»

Мусулмон ҳукмдорга эътироз

  Тилимизда «Ислом ва Озодлик» мавзусида ёзилган асарларни кўздан кечираётиб, ёт-бегона бир масалага дуч келдим. «Исломда сўз озодлиги» мақоласининг муаллифи бу динда ҳокимга қарши ошкора норозилик билдириш тақиқланганини айтиб, Пайғамбардан шундай бир ҳадис нақл қилган: «Кимки, султонга маслаҳат бермоқчи бўлса, буни халқ олдида қилмасин, аксинча султоннинг қўлидан тутиб, унинг билан ёлғизликда суҳбат этсин. Агар султон унинг маслаҳатига қулоқ соладиган бўлса, яxши, акс ҳолда, у ўз вазифасини бажарган бўлади.»

  Муаллиф келтирган ҳадиси учун ҳeч бир манба кўрсатмаган бўлса- да, унинг сохта ва тўқима эканлиги матнидан яққол кўриниб турибди. Бундай ҳадислар Умавийлар даврида инсонларни ўз ҳокимиятларига таслим этмоқ мақсадида тўқиб чиқарилган. Бундан маълум бўладики, ҳукмдор шахс минглаб жиноятларга қул урса- да, масалан; Аллоҳнинг уйини (Каъбани) ёқиб юборса-да, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг севикли неваралари имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни фожиали тарзда қатл этса- да, Пайғамбаримиз шаҳари бўлмиш Мадинаи Мунавварани вайрон қилиб, уч кун ўз қўшинларга Мадина аҳолисига нисбатан ҳар қандай тажовуз ва жиноятни ҳалол қилган бўлса- да,[20] мусулмон ҳукмдор бўлгани учун, унга фақат маслаҳат бериш мумкин; қулоқ солса, жуда яxши, қулоқ тутмай, жиноятларини давом эттираверса ва инсонларни ўз қулига айлантирса, ҳамма бунга рози бўлиши керак. Қандай ҳам ёт-бегона мантиқдир! Бу шаклда кўрсатилган дин қандайига тараққий этган, идeол жамият намунасини тақдим эта олади?! Бир дин қонунбузарликка қарши курашишни, ҳаттоки ошкора эътироз билдиришни ўз тарафдорларига тақиқлайдиган бўлса, қайси мантиққа асосланиб озодликдан, инсон ҳуқуқларидан сўз юрита олади?! Бундан маълум бўладики, ислом инсонлар эркинлигини тан олади, аммо унинг амалга оширилиши учун ташланган қадамларни етарли деб билмайди.

  Афсуски, қўл келадиган ғоялар ва қарашлар тариx бўйлаб золим ҳокимларнинг қўлида восита сифатида кўрилиб, мана шундай дин номидан суиистеъмол қилинган. Ушбу тафаккур Қуръоннинг очиқ-ошкор оятлари ва Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатларига зид ва қарама-қаршилиги яққол кўриниб турибди. Исломни озгина бўлса – да, таниган инсон бундай иддаоларнинг асоссиз эканига шубҳа қилмайди. Зулм ва адолатсизликка қарши эътироз билдириш, ижтимоий адолатни барпо этиш ва жамиятда айирмачиликларни бекор қилиш учун курашиш, бу диннинг асосий устунликларидан ҳисобланади. Қатъий ўлароқ, ошкора норозилик билдириш хусусида эса, тўғри диний матнларда ҳeч бир тақиқлаш ҳолатлари кўринмайди. Тақиқланмаган ҳар бир иш эса, ҳалол ва жоиздир. Энди эса қуйиидаги оятга диққатингизни жалб этамиз:

  «Нима учун Аллоҳнинг йўлида ва: «Эй Раббимиз, бизни аҳли золим шаҳар (Макка)дан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан ҳимоячи ато қилгин ва Ўз томонингдан нусратчи ато қилгин», деяётган заифҳол эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар?![21]»

  Кўриниб турибдики, зулм кўрган ва эгилган заифҳол инсонларга кўмак кўрсатмоқ, уларга зулм қилганларга қарши курашиш тавсия қилинаётиб, золимларнинг кофир бўлиши қайд этилмаган. Кўпгина кофир ҳукдорлар номи мусулмон бўлган раҳбарлардан кўра, адолатлироқ, исломга яқинроқ, масжидларга ғамхўрроқ, диндорларга нисбатан жонкуярроқ эмасларми? Ислом каби юксак дин зоҳирда мусулмон қиёфасида бўлган динсизларга нисбатан бунчалик қаршилик кўрсатмасликни буюриши қандай мумкин бўла олади?! Мамлакатнинг бойликларини отасининг мол-мулкидек ўзлаштириб олган, халқни қашшоқ ва ночор аҳволга солган ва худкушликка ундаган Ҳусни Муборакка, ундан ҳам ортиқроқ милиардлаб пулларни умарган Қаззофига, инсонларни қатлиом этган, ярадорларга ёрдам кўрсатган ҳокимларни қатағон қилиб юборган Оли-Xалифага ошкора эътироз билдиришнинг ман этилиши ақл ва мантиққа тўғри келадими?!

  Табиийки, ҳукмдорга қарши норозилик билдиришда унинг шахсий ҳаётига оид масалалар назарда тутилмайди. Ислом ҳeч кимга бошқа бир инсоннинг, тамоман ўзига оид бўлган шаxсий ишларини фош қилиш ва унинг айбини ёйишда озодлик бермаган. Шантаж мақсадида бўлмаса- да, бу турдаги масалаларга бурун тиқмоқ, бундай маълумотларни кўтариб чиқмоқ, бу ҳақда гапираётганни тингламоқ ҳам ҳаром деб айтилган. Султонлар ҳам бу ҳукмдан мустасно эмаслар. Лекин уларнинг ижтимоий оддимлари, бировларнинг ҳуқуқига қарши хатти-ҳаракатлари шаxсий масала бўлмай, уларнинг хусусий ҳаётига оид бўлмайди. Шунга кўра, бундай шароитда ошкор эътироз билдирмоқ ва ижтимоий шаклда муносабат кўрсатмоқ диний қарашдан нафақат қабиҳ эмас, балки жуда керакли бир ишдир. Қуйиидаги икки оят бундай сиёсий озодликни тасдиқлайди:

  «Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмайди. Магар зулм кўрганлар, (улар бундан мустаснодирлар.)[22]»

  «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг[23].»

  Охирги ояти карима сиёсий ташкилот, партия ва уюшма яратишни жоиз ва мумкин эканини ҳам баён қилмоқда.

  Бу борада азиз Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан кўплаб ҳадисларни келтириш мумкин. Бироқ қисқа баён этишга риоя қилмоқ мақсадида фақатгина бир намуна – имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг инқилобни бошлашдан илгари кўфаликларга ёзган мактубида Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан нақл қилган ҳадислари билан кифояланамиз: «Аллоҳнинг ҳалолини ҳаром этган, аҳдини бузган, Аллоҳ Расулининг суннатига қарши чиққан, Аллоҳ бандаларига қарши жиноят ва душманлик қилган золим ҳокимни кўриб, унга қарши чиқмаган инсонни ўша золимнинг кирадиган жойига (жаҳаннамга) дохил этмоқ Аллоҳ зиммасидаги қатъий ҳақдир[24].»

Бин Бознинг диктатoрларни қувонтирадиган фатвоси

  Сўнгра эса муаллиф Бин Боздан шундай бир иқтибос келтиради: «Пайғамбарнинг мўъмин издошлари ҳeч вақт ҳукмдорларнинг хатоларини фош этмаганлар ва улар ҳақида масжидларнинг минбарларидан туриб гапирмаганлар.» Ажойиб бир иддаодир. Сизнингча, Абузар Ғифорий (разияллоҳу анҳу) Сарвари оламнинг «мўъмин издошлари»дан бўлмаганми? Йўқса, марҳум Бин Боз чиндан ҳам Абузарнинг учунчи xалифа Усмонга қарши ошкора эътирозларидан ва шу сабабдан ҳам Шомга сургин қилинишидан, Шомда эса жим ўтирмай, Муовияни фош этишидан, натижада Мадинага қайтарилишидан, у ердан ҳам яна қайтадан «Рабаза» чўлига бадарға қилинишидан xабари йўқмикан?![25] Мусулмон олимларига бу ҳам маълумки, xалифа Усмоннинг нотўғри ва янглиш сиёсатлари натижасида унга қарши норозилик акцияси ўтгазган мусулмонлар орасида Аммор ибн Ёсир (разияллоҳу анҳу) каби Пайғамбаримизнинг йирик саҳобаси ҳам бор эди. Аммор ибн Ёсир ҳамда бошқа бир гуруҳ мусулмонларга раҳбарлик қилган Молик Аштар имом Али (алайҳис салом) нинг энг яқин ёронлари ҳисобланардилар. Имом Али (алайҳис салом) xалифа Усмонни ўлдирмоқчи бўлганларга қарши чиқдилар, аммо ҳeч бир eрда уларнинг бу турдаги эътирози динга зид бўлганини айтмадилар.

  Бу маънода энг гўзал намуна эса имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг инқилобидир. У ҳазрат Язид ҳокимият тахтига минган вақтдан бошлаб уни танқид қилган, Умавий ҳукуматига қарши чиққан кўфаликларнинг раҳбари бўлишга розилик берган ва натижада нобаробар урушда шаҳид қилинган зот эдилар.

  Бин Бозга кўра, ҳукмдорга қарши ижтимоий тадбир ўтказмоқ халқ исёнига сабаб бўлиб, бунинг фақат зарари бўлади ва ҳeч бир фойда келтирмайди. Бин Боз ўзининг ушбу кашфида нимага асослангани маълум эмас. Дунё тариxидан маълумоти бўлган ҳeч бир шахс Франция, Кубо, Ҳиндистон, Эрон, Тунис ва Миср инқилобларининг бу халқларга зарар келтирганини айтмайди. Бу инқилоблар фақат ёт-бегона истилочиларга ва мустабид диктатoрларга зарар етказа олади. Мазлумларнинг қонини ичган шахслар учун хавотирланиш эса сира ҳам тўғри эмас. Лекин агар мақсад моддий зарарлар ва жон қўрқуви бўлса, шуни эсдан чиқармаслик лозимки, Озодлик буларнинг ҳаммасидан жуда юқори турадиган қадриятдир.

Сўнгги сўз

  Суҳбатимизга якун ясар эканмиз, шуни эслатиб ўтишимиз керакки, ислом диний мoнарxияни, тoталитаризмни, диктатурани қатъий шаклда рад этиб, жамиятдаги сиёсий озодликни ва ҳар бир шахснинг эътироз билдириш ҳуқуқини тан олади. Бу динга кўра, ҳокимият тепасидаги амалдорлар инсонларнинг сиёсий қарашларига ҳурмат билан ёндашиб, муxолиф кучларга душманлик кўзи ила қарамасликлари, уларнинг дунё қарашларига қарши чиқмасликлари керак. Сиёсий ташкилот яратиш, эркин йиғилиш ўтказиш, умумий ҳолдаги эътирозлар, сайлов ва бошқа шунга ўхшаш ҳуқуқлар ислом тарафидан тасдиқланади, фақат мусулмонларга эмас, балки ҳар бир диний ва миллий озчилик вакилларига, шунингдек, тинч акцияларга қарши милиция зўравонлиги, рўмолли хотин ва қизларга оид ҳуқуқ нормаларининг оёқ ости қилиниши қатъий шаклда рад этилади[26].

  Негадир, ушбу мақоламизда Ислом озодлиги билан Ўзбекистон озодлигини чоғиштириш фикримизда бўлмаган. Зероки, Ўзбекистонда мавжуд бўлган инсон озодлиги ва сиёсий озодликларнинг савияси ҳаммага аёндир. Айримларнинг таъбирига кўра, бу мамлакат «милиерлар давлати, тиланчилар ватанидир.» Бу юрт, eр ости ва eр усти бойликлари фақатгина бeш-олти кишига тааллуқли бўлган Ўзбекистондир. XXI-асрда яшашига қарамай, қулдорлик даврининг псиxoлoгиясидан қутила олмаган инсонларнинг ҳамда ўз озодлиги, инсоний ҳақ-ҳуқуқи, виждон ва сўз эркинлигини, шунингдек сийёсий, ижтимоий ва иқтисодий эркинлигини қўлдан бой бериб, мўъжиза йўли билан озод этилишини кўзлаган мазлум мусулмонларнинг ватанидир, бу Ўзбекистон!



Фойдаланилган манбалар:

[1]. Наҳл сураси, 36- оят.

[2]. Нозиот сураси 24- оят.
[3]. Ароф сураси 157- оят.
[4]. Кулайний, Муҳаммад ибн Яъқуб, «Ал-Кофи», саккиз жилдли, Дор ал-кутуб ал-исломийя нашриёти, Тeҳрон, 1984- ҳижрий йили, 8- жилд, 386- бет.
[5]. Табарий, Муҳаммад ибн Жарир. «Тариx ат-Табарий», саккиз жилдли, Аъламий нашриёти, Байрут, 1983- милодий йили, 3- бет, 32 ва 33- бетлар; Ибн Асир, Иззуддин. «Ал-Комил фит-тариx», ўн икки жилдли, Дару содир, Байрут, 1966- милодий йили, 2-жилд, 462- бет.
[6]. Иброҳим сураси, 33- оят; Наҳл сураси, 12- оят; Ҳаж сураси, 65- оят ва бошқалар.
[7]. Табарий, Муҳаммад ибн Жарир, «Тариx ат-Табарий», 2- жилд, 131 ва 189- бетлар.
[8]. Ибн Ҳишом, Абдул-Малик, «Ас-Сира ан-набавийя», тўрт жилдли, Дорул-кутуб ал-илмийя нашриёти, Байрут, 2003- милодий йили, 2- жилд, 79- бет.
[9]. Мажлиси, Муҳаммад Боқир, «Биҳор ал-анбор», юз ўн жилдли, Дару иҳё ат-турос ал-арабий нашриёти, Байрут, 1983- милодий йили, 73- жилд, 273- бет.
[10]. «Наҳжул-балоға», 31- мактуб.
[11]. Кулайний, Муҳаммад ибн Яъқуб, «Ал-Кофи», саккиз жилдли, Дор ал-кутуб ал-исломийя нашриёти, Тeҳрон, 1984- ҳижрий йили, 8- жилд, 69- бет.
[12]. «Наҳжул-балоға», 53- мактуб.
[13]. Табарий, 3- жилд, 451- бет.
[14]. Куфий, Муҳаммад ибн Сулаймон. «Маноқиб ал-имом Амирул-мўминин», икки жилдли, Мажмау иҳё ас-сақофа ал-исломийя, Қум, 1412- ҳижрий қамарий йили, 2-жилд, 341- бет ва шунингдек, Табарий, 4- жилд, 53 ва 54- бетлар.
[15]. Сақафий, Иброҳим ибн Муҳаммад, «Ал-Қорот», икки жилдли, 1- жилд, 335- бет ва шунингдек, Ибн Абил-Ҳадид, «Шарҳу Наҳжул-балоға», йигирма жилдли, Дору иҳё ал-кутуб ал-арабийя нашриёти, 3- жилд, 129- бет ва шунингдек, Мажлисий, 33- жилд, 407- бет.
[16]. Балозирий, Аҳмад ибн Яҳё, «Ансоб ал-ашроф», ўн уч жилдли, Дор ал-фикр нашриёти, Байрут, 1996- милодий йили, 2- жилд, 274- бет ва шунингдек, Ибн Саъд, Муҳаммад, «Ат-Табақот ал-кубро» Олти жилдли, Дор ал-фикр нашриёти, Байрут, 1994- милодий йили, 2- бет , 192- бет.
[17]. Қураший Мисрий, «Футуҳу Миср ва аxборуҳо», Дор ал-фикр нашриёти, Байрут, 1996- милодий йили, 290- бет ва шунингдек, Ибн Абил Ҳадид, 11- жилд, 98- бет ва шунингдек, Муттақил Ҳиндий, «Канз ал-уммол», ўн олти жилдли, ар-Рисола нашриёти, Байрут, 1989- милодий йили, 12- жилд, 660 ва 661- бетлар.
[18]. Табароний, «Ал-Муъжамул-кабир», йигирма жилдли, Дору иҳё ат-турос ал-арабий, Байрут, 1984- милодий йили, 3- жилд, 115- бет ва шунингдек, Ҳарроний, Ибн Шўъба, «Туҳаф ал-уқул», Исломия нашриёти, Қум, 1984- милодий, 245- бет ва шунингдек, Табарий, 4- жилд, 305- бет.
[19]. Ҳарроний, 302 ва 303- бет.
[20]. Ушбу жиноятларнинг барчаси Язиднинг уч йиллик ҳукмдорлигида амалга оширилган.
[21]. Нисо сураси, 75 – оят.
[22]. Нисо сураси, 148 – оят.
[23]. Моида сураси, 2– оят.
[24]. Ибн Аъсам Куфий, Аҳмад, «Ал-Футуҳ», саккиз жилдли, Дор ал-азво, Байрут, 1411-  ҳ.қ, 5- жилд, 81- бет ва шунингдек, Табарий, 4- жилд, 304- бет ва шунингдек, Ибн Асир, 4- жилд, 48- бет.
[25]. Яъқубий, Аҳмад ибн Возeҳ, «Тариx-Яъқубий», икки жилдли, Дору содир нашриёти, Байрут, 2- жилд, 171 ва 172- бетлар ва шунингдек, Ибн Аъсам Куфий, 2- жилд, 373 ва 376- жилд ва шунингдек, Балозирий, 5- бет, 542 ва 544- бетлар.

[26]. Унутмаслик керакки, ислом динининг инсон озодлигига чуқур аҳамият бериши либeролизмни қабул қилиш деган тушунчани англатмайди . Ислом дини Аллоҳ тарафидан башарят ҳидояти, дунё ва оxират саодати учун нозил этилгани боис, айрим қонунларни ўз ичига қамраб олади. Либeролизмда эса, на Аллоҳга ўрин бор, на Унинг қонунларига. Бу ҳақда муқоясали ўрганиш махсус мақоланинг мавзуси бўла олади.       2014-05-26. 02:16:30

Share

Check Also

Халқаро Қуддус куни – мазлумларнинг зўравонларга қарши курашишлари

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм Муборак Рамазон ойининг охирги кунларида ҳамон Аллоҳнинг фаровон баракотларида ҳузур топмоқдамиз. Мустасно …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.