Home / Аҳли-Байт / Имом Козим (а.с) / Дин ва дунё Имом Козим алайҳис салом нигоҳидан

Дин ва дунё Имом Козим алайҳис салом нигоҳидан

  Меҳрибон ва раҳмли Зот – Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айлаб, азизлардан-да азиз, суюклилардан-да суюкли бўлмиш пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллоллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига салому салавотлар йўллаб, ислом илмининг шукуҳ ва ривожида мислсиз ўринга эга бўлган,

Расуллуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли- Байтларидан бўлмиш имом Козим (алайҳис салом) ҳазратларининг шаҳодат кунларига бағишланган «Дин ва дунё имом Козим (алайҳис салом) нигоҳидан» номли махсус мақоламизни сиз азизларга тақдим этамиз.

  Азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллоллаҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазратнинг Аҳли- Байтларининг инсоният тарихида тутган ўрни барча мусулмонларга ойдек равшан.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг Аҳли- Байтлари Қуръони Карим билан бирга диний маърифатнинг асосларидан биридир. Шу сабабли, мусулмонлар аҳлоқий ва илмий жиҳатдан доимо уларга эргашиб келишган. Ражаб ойининг 25-кунида Пайғамбаримиз Аҳли- Байтлари осмонининг ёрқин юлдузларидан бири имом Мусо Козим (алайҳис салом) ҳазратларининг шаҳодат кунлари муносабати билан барча мусулмонларга ҳамдардлик билдирамиз.

  Имом Мусо Козим (алайҳис салом) 128 -ҳирий қамарий йили сафар ойининг 7- куни Макка ва Мадина оралиғидаги қишлоқлардан бирида дунёга келдилар.

  Падари бузрукворлари имом Содиқ (алайҳис салом) шаҳодатларидан сўнг, 20 ёшларида ислом умматини ҳидоят қилиш масъулиятини ўз зиммаларига оладилар.

  Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратлари имомлик ва пешволик қилган 35 йил турли тарихий ва сиёсий воқеаларга бой эди. Бу даврда аббосий халифалар Аҳли- Байтни сиқувга олиб, уларни тазйиқ остига олишганди. Ҳазрат имом Козим (алайҳис салом) баракотли умрларининг бир неча йилини аббосий алифа Ҳорун ар-Рашиднинг зиндонларида ўтказдилар. Охир-оқибат, 55 ёшли имом Ҳорун ар -Рашид буйруғи билан заҳарланиб, шаҳид бўладилар. Муборак марқадлари Бағдод яқинидаги Козимайн шаҳрида мусулмонларнинг зиёратгоҳидир.

  Аҳли суннат донишмандларидан бири Ибн Ҳажар Ҳайсамий ёзади:

  «Имом Мусо Козим оталари илмининг вориси, фазлу камол соҳиби эдилар. У замонасининг огоҳ бўлмаган кишиларига нисбатан олийжаноб ва кечиримлилиги сабабли,имом Козим лақабини олдилар.

  Ўз замонасида илоҳий маърифат, билим ва кечиримлилик бобида ҳеч ким имом Козим (алайҳис салом) даражасига етмаганди.»

  Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратлари ислом хилофатини зулмкор ва мустабид подшоликка айлантирган халифалар даврида яшаб ўтдилар. Маълумки, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг Аҳли- Байтлари зулму зўравонликка қарши доимо курашиб келганлар. Шу сабабли, ҳукмдорлар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) фарзандларидан доимо хавфсираб юришарди. Улар Аҳли- Байт фаолиятларини маҳдудлаштиришга ҳаракат қилишарди.

  Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратларини одамлар назаридан узоқлаштириш учун халифа Ҳорун ар-Рашид турли хийла-найрангларни ўйлаб топарди. Ул ҳазратни турли-туман баҳоналар билан бир неча маротаба зиндонга юборди. Барча маҳдудлик, қийноқ ва зиндон азобларига қарамай, Имом ҳазратлари динни, Муҳаммадий шариатни бидъат ва хурофотлардан поклаш учун тинмай ҳаракат қилдилар.

  Имом ҳазратларидан исломий маърифат сабоғини олиб, улуғ олим бўлиб етишган, жуда кўп қимматли китоблар битган шогирдиларидан бири Ҳишом ибн Ҳакамдир. Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратларининг Ҳишомга қарата айтган бебаҳо насиҳатлари бор. Ул зот шулардан бирида шундай марҳамат қиладилар:

«Дунёсини охират учун ва охиратини дунё учун тарк этадиган киши биздан эмас.»

  Ислом таълимотларида дунё ва охиратнинг ўзаро муносабати масаласи ўта ингичка ва баҳсли муаммолардан биридир. Айримлар, мусулмон киши дунё ва охиратга бир хил муносабатда бўлиши керак деса, бошқа бировлар, дунёга эътибор қаратма, охиратинг пайидан бўл, дея ўгит беришади.

  Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратлари бу баҳсли мавзуда шогирдлари Ҳишомга хитоб айлаб, буюрадилар: «Ақлини барбод айлаган киши дин ва дунёсини қўлдан бергандир.»

  Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратлари инсон ҳаётида ақл ва тафаккурнинг аҳамиятига юксак эътибор қаратиб, буюрганлар: «Ақл ва тафаккурини ишга солган кишининг икки дунёси ободдир.»

  Имом ҳазратлари бу ўринда дин ва дунёнинг иккисини тенг кўрмоқдалар. Сабаби, диний таълимотда инсон фақат дунёда Аллоҳ кўрсатмаларига амал қилиб, маърифий ва аҳлоқий жиҳатдан юксалиб, охират саодатини қўлга киритиши мумкин, дея уқтирадилар.

  Ердаги илоҳий неъматларнинг барчаси, агар улардан тўғри фойдаланилса, инсоннинг маънавий такомилига хизмат қилади.

  Аллоҳ таоло Қуръони Каримда таъкидлаганидек, «Осмонлар ва Ердаги барча нарсалар инсонга бўйсундирилган.»

  Имом Козим (алайҳис салом) назаридан дунё инсоннинг камолотга эришиб, Аллоҳнинг халифаси бўлиш даражасига етиши учун, унга берилган илоҳий фурсатдир.

  Шунингдек, Имом ҳазратлари инсонда ақл-тафаккур бўлмаса, унинг дини ҳам барбод бўлади, дейдилар.

  Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратларининг айтган сўзларига кўра, дин ва дунё ишларида ҳаддан ошиш ёки умуман лоқайд бўлиш, Расуллуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) йўлидан четлашиш демакдир.

  Имом ҳазратлари ҳақиқатни очиқ-ойдин баён қилар эдилар. Туяларини ҳажга бориш учун Ҳорун каби золим ҳукмдорга ижарага берган Сафвон исмли шогирдларига эътироз билдириб, буюрадилар: «Эй Сафвон, сенинг барча ишларинг яхши. Фақат бир ишинг, туяларингни ҳажга бориш учун Ҳорунга ижарага беришинг, тўғри эмас.»

  Аслида Сафвон молиявий фойда кўриш учун туяларини ижарага бериб, иқтисодий муомалани амалга оширганди. Аммо диний тафаккур юзасидан унинг золим подшоҳ билан ҳамкорлиги, унинг зулмига шерик бўлиш ҳисобланарди. Шу сабабли, унинг бу иши жоиз эмас эди.

  Азиз ўқувчилар! имом Козим (алайҳис салом) ҳазратларининг шаҳодат кунлари муносабати билан сизларга яна бир маротаба ҳамдардлик билдириб, ул ҳазратнинг ҳикматомуз ўгитларидан бир нечтасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Имом Козим (алайҳис салом) ҳазратлари буюрмишлар:

  Энг ёмон банда икки қиёфали ва икки тилли бандадир. Диний биродарининг ҳузурида уни таърифлайди, ғойибда эса унинг гўштини ейди. Агар диний биродари бир насибани қўлга киритса, унга ҳасад қилади, агар бирон балога учраса, уни ўз ҳолига ташлаб қўяди Мўъмин мўминнинг ҳам ота, ҳам она томонидан биродаридир, агарчи улардан туғилмаган бўлса-да. Кимки, диний биродарини айбдор қилса, малъундир. Кимки, мўъминга насиҳат ва хайрхоҳлик қилмаса, малъундир. Кимки, мўъминни ғийбат қилса, малъундир.

  Кимки, тафаккур нурини узундан узоқ орзу-ҳаваслар билан қора қилса, унинг ҳакимона гапларини беҳуда сўзлар билан нобуд этса, ибратнинг чеҳрасини нафсоний ҳаваслар билан сўндирса, нафсоний ҳою ҳавасларига таслим бўлиб, ақл иморатини бузишга кўмаклашади, агар тафаккур иморатини бузса, дин ва дунёсини барбод қилган бўлади.

  Азизлар, шу билан имом Козим (алайҳис салом) ҳазратларининг шаҳодат кунларига бағишланган махсус мақоламизни якунлаб, сизлар билан хайрлашамиз. Хайр, Парвардигори карим ёру мададкорингиз бўлсин.

Share

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.