Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а) нинг муборак таваллудлари ва барҳаётликлари ҳақида маълумотлар

Имом Маҳдий (а) нинг муборак таваллудлари ва барҳаётликлари ҳақида маълумотлар

Бисмиллааҳир Роҳмонир Роҳим

  Ягона ва қодир Парвардигоримизнинг тинчлик ва раҳмат элчиси ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га салому салавот йўллаб, имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳазратларининг муборак таваллуд айёмлари билан бутун дунё мусулмонларини чин дилдан табриклаб, ушбу қутлуғ санага бағишланган махсус мақоламизни сиз азизларга тақдим этамиз.

  Ҳижрий қамарийнинг 255-йили, шаъбон ойининг ўн бешинчисида, жума куни Ироқнинг Сомирро шаҳрида сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок неварали, ўн биринчи имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг файзу баракотли хонадонларида имомат ва вилоят осмонининг ўн иккинчи порлоқ юлдузи имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳазратлари дунёга келдилар. Оналари «Малика» исмли покиза аёл бўлиб, ул муҳтарама зотни «Наргис» деб ҳам атардилар.

   Шуниси эътиборга моликки, имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳазратларига дахлдор воқеа-ҳодисалар ғайриоддий ва фавқулодда аҳамият касб этган. Мисол тариқасида, оналари ул ҳазратга ҳомиладор бўлган пайтда ҳомилалик белгилари кўринмасди. Бунинг сабаби ҳам маълум, албатта. Гап шундаки, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда маъсум имомларимиздан содир бўлган ҳадисларга кўра, бани Аббос тоифасидан бўлган Халифа шуни яхши билардики, имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) хонадонидан буюк бир халоскор фарзанд дунёга келиб, мустабид ва золим ҳукуматга ҳамда ер юзидаги фасод-бузғунлик ва гумроҳликка барҳам беражак ва ер юзида ҳақиқат ва адолатни барқарор этажакдир.

   Шу сабабдан, бу фарзанд дунёга келишининг олдини олиш ва агарда тўғилиб қолса, уни йўқ қилиш мақсадида, имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) хонадонларига махсус жосус ва айғоқчиларни тайинлаб қўйган эди. Шу боис, имом Маҳдий ҳазратлари ҳаётларининг бошланиш даври одамлардан сир сақланарди. Дарвоқе, замонамиз имоми ва пешвосининг таваллудларига оид Аллоҳнинг ирода-хоҳиши ҳазрат Мусо (алайҳис салом) таваллудларига бўлган истагини эслатади.

  Имом Маҳдий ҳазратларининг душманлари ўша нобакор Фиръавнинг усулини қўлламоқчи бўлишди. Фиръавнийлар ҳазрат Мусо (алайҳис салом)ни йўқ қилиш пайида ҳомиладор бўлган барча бани Исроил аёлларини назорат остига олишар ва тўғилган ўғил болаларни ўлдиришарди. Аммо қодир зот бўлмиш Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Мусо (алайҳис салом)ни асради ва унинг таваллудини пинҳон тутди. Аббосий халифалар ҳам имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)ни йўқ қилиш учун барча жирканч ва қабиҳ чора-тадбирларни кўришди, аммо қодир ва доно бўлмиш Аллоҳ таоло ул ҳазратни ўз паноҳида асради ва келажакда ҳам ул зотни  асраб-авайлаши муқаррардир.

  Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) ҳазратларининг таваллуд айёмларидан 1183 йил ўтмоқда. Айримлар бундайига бўлиши мумкин эмас деб, ўйлашлари мумкин. Аммо агар қодир Аллоҳнинг ҳукм-фармонини барча мавжудотга дахлдор эканлигини инобатга олсак, бу ҳодисани қабул ва эътироф этиш унчалик қийин бўлмайди. Албатта, бу ғайриоддий ёхуд мўъжизавий иш эмас. Зеро, ақлий ва илмий нуқтаи назардан ҳам олиб қарасақ, қодир ва яратгувчи зот кимгадир 60 йил, кимгадир 200 йил ва яна кимгадир юзлаб йиллар умр бериши мумкин. Бу Унинг иродасига боғлиқ.

   Яшаш шароити яхши бўлган инсон узоқроқ умр кўра олади. Дарвоқе, сўнгги йилларда мутахассислар ушбу шароитни яратиш ва генетика фани ёрдамида инсон умрини узайтириш учун курашишмоқда. Бундан ташқари, башарият тарихи жуда кўп узоқ, ҳатто ҳаддан ташқари узоқ умр кўрган одамларни ўзида битиб қолдирган. Қуръони Каримнинг бир қатор ояти карималарида қадимги одамларнинг умрлари узоқ бўлганидан хабар берилади. Масалан, Нуҳ (алайҳис салом)га таалууқли ояти каримада шундай дейилади:

   «Биз Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йил кам минг йил турди…» (Анкабут сураси, 14-оят)

  Барча пайғамбарлар ва Аллоҳга яқин инсонларнинг асосий вазифа ва мақсадлари одамларни юксак ҳақиқат ва икки олам саодати сари ҳидоят этиш эканлигига шак-шубҳа йўқдир. Албатта, ушбу ҳидоят одамларнинг илоҳий даъватларни қабул қилишга маънан тайёр бўлган замондагина яхши ва самарали натижалар беради. Акс ҳолда, самовий йўлбошчиларнинг ҳаракатлари самарасиз бўлиб қолади.

   Имом Ҳодий ва имом Ҳасан Аскарий (алайҳимас саломлар)га фавқулодда чеклов ва маҳдудликлар вужудга келтирилганди. Шу боис, илоҳий ҳукумат яратиш иши одамларнинг ул ҳазрат ҳидоятларини қабул қилиш ҳамда уни амалга оширишга руҳан ва маънан шай ва муҳайё бўлмагунларича, ўн иккинчи имомнинг назарлардан ғойиб бўлишларини тақозо этади.

   Бу ўринда, бир қатор саволлар туғилиши табиийдир. Жумладан, ғойиб имом борлигининг фойдаси нималардан иборат бўлиши мумкин? Унинг муқаддас вужуди халққа қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Бу саволларга қуйидагича жавоб берилади;

   Имомнинг кўзлардан ғойиб бўлиши ҳеч қачон унинг руҳи кўринмас бир тўлқин ёхуд хаёл-тушга айланди, дегани эмас. Балки у табиий ҳолда тирик бўлиб, бизларнинг орамизда ҳаёт кечираётган бир инсондир. Ул ҳазрат нотаниш қиёфада шаҳарларни кезадилар, одамлар орасида юрадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)нинг узоқ муддатга ғойиб бўлишлари ҳақида сўрашганда, ул ҳазрат шундай жавоб берганлар:

   «Мени пайғамбар этиб танлаган Парвардигор номи билан қасамёд этаманки, унинг ғойиблигидан одамлар наф кўришади, вилояти (пешволиги)нинг зиёсидан баҳра олишади, булутлар ортида пинҳон бўлган қуёшдан баҳраманд бўлганлари каби

  Қуёш булутлар ортидан ҳам ўзининг ҳаётбахш нурларини барча мавжудотга бахшида этади. Шунга ўхшаб, имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) муборак вужудаларининг зиёси ва ёғдуси ғайб пардасининг ортидан ҳам кундалик ҳаётимиз, эртанги кунимиз, қалбимиз, руҳимиз, тафаккуримиз ва ишонч-эътиқодимизни ёритиб, мунаввар этаверади. Ул ҳазратнинг зуҳур қилишларига бўлган ишонч-эътиқод ва умидворлик эса одамларга куч-қудрат бағишлайди. Мана шу ишонч ва умидворлик одамларни ул ҳазрат зуҳур қилишларининг даври етгунга қадар, зулму истибдод, адолатсизлик, ижтимоий ва маънавий фасод-бузғунликларга қарши курашишга ундайди.

   Шу сабабдан, тирик имомнинг муқаддас вужудига ишонган инсонлар ул ҳазратнинг ёнларида бўлиб кўра олишмаса-да, ўзларини ёлғиз ҳис этишмайди. Ушбу ишонч дилларда умидворлик ҳиссини кучайтиради, комиллик ва етуклилик сари ҳаракат қилишга ундайди, одамларнинг руҳ – жонини буюк жаҳоний инқилобни англаб етиш ва уни қабул қилишга шайлантиради.

  Франциялик машҳур файласуф, шарқшунос ва проффесор Ҳенри Корбан бу ҳақда ёзади:

   «Менинг фикримча, шиа мазҳаби ҳаракатчан ва Худо билан халқ орасидаги илоҳий алоқани ҳар доим барқарор тутгувчи, диний тирик ҳукумат, яъни вилоят (пешволик) изчиллигини таъминловчи ягона мазҳабдир.»

   Бу проффесор яҳудий, насроний ва бошқа динлар фалсафасини чуқур таҳлил этиб, вилоят тушунчаси, яъни бугунги асрда инсонлар муҳтож бўлган илоҳий ҳидоят ва пешволикни шиа мазҳабига хос деб, таъкидлайди. У бу ҳақда айтади:

   «Яҳудийлар Аллоҳ ва халқ орасидаги алоқани барқарор қилувчи нубувватни Мусо (алайҳис салом) билан якун топди деб билишади. Насронийлар эса Исо (алайҳис салом) билан якун топди деб ишонишади. Исломда аҳли суннат ҳам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни хотамуланбиё сифатида эътироф қилишади ва ул ҳазратдан кейин яратувчи Парвардигор билан халқ орасидаги алоқа узилган деб ўйлашади. Аммо Ташаййуъ аҳли (шиалар) эса нубувват ва пайғамбарлик ҳалқаси Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан якун топганини эътироф этишса-да, аммо вилоят, яъни илоҳий ҳидоят ва пешволикни пайғамбар ҳазратларидан кейин ҳам унинг давомчилари бўлмиш имомлар орқали ҳар доим тирик ва барқарор деб билишади.»

  Мақоламиз сўнггида қўлимизни дуога кўтариб айтамиз: «Парвардигоро, унга иззат бағишла ва бизни унинг зуҳури ила азиз ва сарафроз айлагин. Унга мадад бергин ва бизга мададингни у орқали етказгин ва бизларни унинг холис ёронларидан қил. Унга комил ғалаба, нусрат, иззат ва иқтидор ато эт ва унинг қўли билан жаҳонни осонлик билан тасарруф этиб, Ўзинг унга салтанат, қудрат ва иноят бергин, Омин!»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.