Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (а) ҳукуматларида инсоний қадриятларнинг эъзозланиши

Имом Маҳдий (а) ҳукуматларида инсоний қадриятларнинг эъзозланиши

 images326 Азизлар! Шаъбон ойининг 15 куни бутун дунёга адолатли ҳукмронлик қилиш пайти бўлиб, инсониятнинг энг эзгу қадриятлари эъзозланадиган, маънавият ва камолотнинг юксак чўққисига эришиладиган, инсоний аҳлоқни комиллик даражасига етказадиган, мазлумлар елкасидан таҳқир ва ҳақорат юкини олиб ташлайдиган,

Аллоҳнинг бандаларини ҳақиқий инсоний яшаш тарзига эриштирадиган ҳақиқатни устувор, ботилни эса нобуд айлайдиган улуғ шахсият – имом Маҳдий (алайҳис салом) нинг таваллуд кунларидир.

  Бу қутлуғ муносабат билан барча мусулмонларни муборакбод этамиз!

  Ҳазрат имом Маҳдий бин Ҳасан (алайҳис салом) ҳижрий-қамарий 255 йил шаъбон ойининг 15 куни Бағдод шимолидаги Сомирро шаҳрида дунёга келдилар. Падари бузрукворлари имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом), оналари эса ўз замонасининг ҳурмат-эҳтиромли аёли Наржис хоним эдилар.

  Мўътабар ривоятлар ва самовий Китобларга кўра, имом Маҳдий (алайҳис салом) ҳазратлари охир замонда зуҳур этадилар. Дунёнинг бошқарув жиловини золимлар қўлидан олиб, Аллоҳнинг иродаси билан бутун оламни адолат ила бошқарадилар. Ул ҳазратнинг ҳукуматлари давомида барча эзгу инсоний қадриятлар эъзозланади.

  Шубҳасиз, оламдаги барча маҳлуқотларнинг ашрафи бўлган инсон илоҳий каромат, иззат ва қадриятларнинг соҳибидир. Аллоҳ таоло инсонни ўзининг ердаги халифаси деб атаб, унинг мақом-мартабасини жуда юксак кўтарган. Инсоннинг шон-шарафи шунчалик улуғким, у фаришталардан ҳам юксак ва юқори даражада бўлиб, фаришталар унга сажда қилишга буюрилган.

  Каромат сўзининг луғавий маноси шарофат ва афзалликдир. Каромат ва шарофат инсоннинг фитратига жойлаштирилган илоҳий қадриятлардандир. Қуръони каримнинг айрим оятларида инсоний каромат ва унинг бошқа мавжудотлардан кўра афзалликлари зикр этилган. Масалан, муборак «Исро» сурасининг 70 – ояти каримасида одам фарзандларининг жуда кўп махлуқотлардан кўра афзалликлари баён этилади:

<وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً>

  «Дарҳақиқат, биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда; қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол –пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал – устун қилиб қўйдик».

  Бошқа бир оятда осмонлар ва ердаги барча нарсалар оламдаги мавжудотларнинг афзали бўлган инсон учун яратилганлиги таъкидланади. Инсонга барча афзалликлар эса Аллоҳ таолога итоат этганлиги учун берилган. Аллоҳга итоат қилиши натижасида инсон фарзанди руҳий комилликка эришади, барча тубанлик ва нопокликлардан покланади. Парвардигор раҳмати оғушидаги пок ва абадий ҳаёт деб аталмиш ҳақиқий саодатга эришади.

  Муқаддас ислом динида Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва ул ҳазратнинг аҳли байтлари инсонларни ҳақ йўлига ҳидоят этгувчилар ҳисобланадилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок зурриётларидан бири имом Маҳдий (алайҳис салом) ўз ҳукуматлари давомида инсониятни камолот ва олий инсоний фазилатларга етказиш учун ҳаракат қиладилар. Токим, башарият аҳлининг қўлидан кетган қадриятлари ва фазилатлари яна ўзига қайтарилсин. Шу сабабли, ул ҳазратнинг зуҳур этганларидан сўнг, амалга оширадиган энг муҳим ишларидан бири инсониятга ўзининг инсоний қадриятларини қайтариш шароитларини яратишдир.

  Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг ҳукумат юритадиган даврлари билимнинг турли соҳаларида одамлар малака ва истеъдодларининг гуллаб – яшнаши, инсониятнинг тарих давомида эгаллаган билимларининг авж нуқтаси бўлади. Бу даврда билим ва малака одамларнинг манзилларигача, борингки, ҳар бир инсон вужудининг қаъригача нуфуз айлайди.

  Башар аҳлига нажот бахш этгувчи имом Маҳдий (алайҳис салом) зуҳур этган пайтлари жаҳл ва нодонлик ўз ўрнини билим ва заковатга бўшатиб беради. Инсон ўзининг қўлдан берган қадр-қийматини қайта тиклайди. Маълумки, инсон қадр-қийматининг ўлчами Аллоҳ томонидан унга ҳадя этилган ҳақиқатлар ҳақидаги маърифатдир. Ҳар бир инсон ана шу билим ва маърифатдан фойдаланиш даражасига яраша қадр-қиймат, обрў-эътибор ва фазилат касб этади.

  Имом Содиқ (алайҳис салом) ҳазратлари бу ҳақда буюрадилар:

  «Илм ва донишмандлик 27 ҳарфдан иборат. Илоҳий пайғамбарлар одамизотга келтирган барча билимлар эса фақат 2 ҳарфдан иборат эди. Одамлар мана шу 2 ҳарфни ҳам тўлиғича англаб олишгани йўқ. Имом Маҳдий (алайҳис салом) зуҳур этган пайти қолган 25 ҳарфни ошкор этиб, одамларнинг орасида мунташир айлайди. Аввалги 2 ҳарфни ҳам унга қўшиб, 27 ҳарфдан барча одамларни огоҳ этадилар».

  Бу ҳикматда имом Маҳдий (алайҳис салом) инқилоби замонасида илм-фан ривожида қанчалик буюк ирғиш юз беришига ишора қилинмоқда. Маълумки, илоҳий илм нури ила равшан бўлган маконларда одамларнинг шахсиятини таҳқирлаш, уларни менсимаслик каби одатлар орадан кўтарилади. Инсоний қадр-қиймат, каромат ва фазилатлар зуҳур айлайди (юзага келади).

images358

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.