Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (а) динларнинг мангу гавҳари

Имом Ҳусайн (а) динларнинг мангу гавҳари

  Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг таваллуд кунларига бағишланган махсус мақоламизни сиз азизларга тақдим этамиз.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзларининг юксак сифатлари ва улкан феъл- атворлари билан бошқаларга ёрқин намуна бўлган инсонлардан бўлганлар.

Ул ҳазрат азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг суюкли неваралари, ҳазрати Али (а) ва Фотимаи Заҳро (с) нинг фарзандлари эдилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Аҳли Байт мактабининг маънавий фазосида тарбия ва таълим олиб, камолотга етгандилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) оталарининг ушбу сўзларини доимо ёдларида сақлаганлар: «Инсон ўзининг ақли ва фикри билан гўзалдир.» Ул ҳазрат ушбу йўлдаги ҳаракатда иззат, юксаклик ва ифтихорнинг энг баланд чўққисига эришдилар.

  Аллоҳнинг буюк авлиёлари инсон учун иззат ва юксакликни энг улкан сифат эканлигини таъкидлаб, одамларга таҳсинга сазовор ушбу сифатга эга бўлишни уқтирганлар.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нигоҳидан иззат ва юксакликка эга бўлган ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида доимо матонатли ва мағлубиятга учрамайдиган бўлади. Иззатли инсон эркин ҳаётни иқтидор ва шарофат билан танлайди ҳамда ўзини такомиллаштириб, юксалик ва камолот сари интилади.

  Ул ҳазратнинг қарашларига кўра, инсондаги гўзаликнинг нишоналаридан яна бири мол- дунёга ўч бўлмай, унга эътибор қаратмаслик ҳамда ҳою ҳавасга берилмасликдир.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бу борада буюрганлар: «Ер юзида қуёш нурлари остида кўзга кўринадиган ҳар бир нарса, шарқдан ғарбгача, денгиздан саҳрогача, тоғдан яйловларгача ва бошқа нарсалар художўй ва маърифат аҳли учун тез ўткувчи соядир ва уларга боғланиб қолиш ярамайди… Эй халойиқ! Ўзларингизни ўткувчи дунёга сотманглар! Сизларга энг муносиб нарса жаннатдир. Мол дунё билан ўзини рози қилган киши Аллоҳ наздида энг паст ва тубан нарсага рози бўлган кишидир!»

  Ҳар йили имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг хотираси эъзозлаганда, ул ҳазратнинг руҳий юксаклиги ва ижобий таъсири остида қолиб, тўғри йўлни танлаган кўплаб кишиларни мушоҳада этамиз.

  Берилган маълумотлардан аён бўлишича, мусулмон бўлган кўплаб кишилар Исломнинг Буюк Пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), ҳазрати Али (алайҳис салом) ва имом Ҳусайн (алайҳис салом) каби улуғ шахсиятлардан таъсирланишган.

  Бугунги кунда ҳам инсонлар ўзларининг руҳий ташналикларини пок ва юксак инсонлардан намуна олиш билан бартараф этишмоқда.

  Кўплаб кишилар зўравон қудратларнинг тажовуз ва босқинчликлари қаршисида туришни, матонат, ҳақжўйлик ва иззатли бўлишни имом Ҳусайн (алайҳис салом) дан ўрганишган.

  Ушбу масалани Ливан насронийларининг ҳозирги замон адабиётида ҳам кузатиш мумкин.

  Хрестианларнинг шеърлари ва асарларида имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг қаҳрамонликлари ва ул ҳазрат бошлаган улкан ҳаракат кенг кўламда баён этилган.

  Ливанлик етук шоир ва адиб Булас Салома имом Ҳусайн (алайҳис салом) га бўлган меҳр ва ихлосини ўз асарларида маҳорат билан ифода этган.

  Унинг ёзишича, «Араб шоири, у хоҳ мусулмон бўлсин ва ёки насроний, Исломдан миннатдор бўлиши лозим.Чунки, унинг қалами Қуръон ёғдусидан илҳом олмас экан, фасоҳат билан ёзолмайди…» Эҳтимол айримлар: «Нима учун бир хрестиан Ислом тарихини тарғиб қилмоқда?» деб, эътироз қилишлари ҳам мумкин… «Ҳа, мен хрестианман. Аммо қараш уфқлари кенг бўлган бир хрестианман. Ҳар вақт Али (алайҳис салом) ва унинг фарзанди Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаётларини эсласам, Ҳақ ёрдамининг алангаси ва адолатсизликка бўлган нафрат олови кўксимда кучаяверади.»

  Сурия аҳлидан бўлган хрестиан журналист ва ёзувчи Антуон Боро имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни бутун дунё аҳлига тааллуқли деб, ҳисоблайди ва ул ҳазратни «Ҳусайн динларнинг мангу гавҳари», деб номлайди.

  У шундай ёзади: «Ҳусайн (алайҳис салом) менинг қалбимдадир.»

  Антуон Боро яна шундай айтади: «Биз ҳар бир гўзал нарсани ўрганиб чаққанимизда шу нарса маълум бўлдики, барча гўзаликлар Ҳусайн (алайҳис салом), Али (алайҳис салом) ва Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шахсиятларида яширинган. Дамашқ шаҳрида барпо этилган йиғилишларнинг бирида суриялик шоир Муҳаммад Рефоъий менга оид ажойиб бир иборани ишлатиб шундай деган экан: «Антуоннинг дини насроний, ўзлиги мусулмон, ишқи ташаййуъ (шиалик) ва тили арабчадир.» Гап шундаки, мен Ҳусайнни эъзозлайман, унинг инқилобий руҳининг шайдосиман.

  У душманлар қаршисида иззат, юксаклик, эркинлик ва ифтихорни айнан ҳис этиш билан биргаликда, хоксорлик руҳиятига ҳам эга эди. Ҳолбуки, ушбу хислатларнинг барчасини бир кишида жам бўлган ҳолда кўриш қийин.»

  Антуон Боро имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни йўлни ёритувчи ва нажот берувчи маъносида Исломнинг чироғи ва ҳар қандай зиёнлардан дин ва эътиқодни ҳимояловчи мазмунида Исломнинг қалқони, дея атаган.

  Жозеф Ҳошим ҳам ўзининг қасидасида айтади: «Ширк ва фасод оламни қамраб олгани боис, Аллоҳ Аҳли Байтни Ўз бандаларини нажот бериш учун машъал янглиғ яратди ва улар ҳақиқатни умматлар орасида тарқатишди… Эй Фотима ва Алининг фарзанди! Бундан-да юқорироқ азамат ва шукуҳ бормикан? Сен барча буюклик ва улуғликни мерос олгансан. Дунёнинг турли ранглари сени васвасага сололмади ва алдолмади. Сен руҳ ва юксаклигингни қурбон бўлиш учун назр қилдинг… Агар сизлар бўлмаганларингизда эди, Аллоҳнинг бирор байроғи кўтарилмасди.

  Сен фақат шиалар Имоми эмассан, балки барча халойиқ ва бандаларнинг пешвосисан. Сен иймон мавқеини балан чўққиларгача олиб бординг ва инсон гўзаллигини кўрсатдинг.»

  Ливанлик ҳуқуқшунос ва ёзувчи Эдмонд Ризқ ҳам имом Ҳусайн (алайҳис салом) га доир кўплаб асарлар ёзган. У бир мақоласида шундай ёзади: «Ҳижоздан Ироққа Али ва Заҳронинг фарзанди бошқариб борган карвондан бошқа дунёнинг бирор карвонига ҳамроҳ бўлишни орзу қилмаганман. Зеро, у ўзини фидо қилиб, ҳақиқатни рўёбга чиқарди. Фақат Аллоҳга таваккул қилиб, қиличига таянган Ҳусайн воқеасини ўқишдан олдин ҳеч вақт ўқ ва найза отишни истамаганман.»

  Эдмонд Ризққа кўра, эркаклар ва уларнинг қарорлари ўртасида қарама-қарши алоқалар мавжуд; Эркаклар қарорни яратишади ва қарор уларни авжга чиқаради. Эй Ҳусайн, сеннинг чеҳрангни ифода этувчи ва замон чизиғида сеннинг мавқеингни аниқлайдиган киши биладики, сеннинг олий қароринг фидо бўлиш учун эди. Сеннинг қудратинг шундадир.

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг саодатли таваллуд кунлари билан барчангизни яна бир бор муборакбод этамиз.

  Қадрли ўқувчилар, имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг таваллуд кунларига бағишланган махсус суҳбатимиз шу ерда ўз ниҳоясига етди. Биз эса сизлар билан шу ерда хайрлашамиз. Буюк Парвардигор паноҳида бўлинг.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.