Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Давримиз ошуролари

Давримиз ошуролари

images1289Еттинчи асрда Ироқнинг Карбало шаҳрида оғир бир фожиа юз берди: Ислом динининг асосчиси сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг набиралари бўлмиш имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўзини мусулмон деб билганлар тарафидан ваҳшийларча қатл этилди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) билан бирга ул зотнинг оз сонли тарафдорлари, қариндош-уруғлари ва биродарлари ҳам шаҳид қилиндилар. Бунинг устига, шаҳид бўлганларнинг оила аъзоларини асир олиб, шаҳарма-шаҳар кездириб, уларни таҳқир остида турли-туман қийноқларга дучор этишди. Ўша кун муҳаррам ойининг ошуро, яъни ўнинчи куни бўлгани боис, Карбалодаги фожиавий ҳодиса ҳам ошуро куни номи билан тариxда битиб қолинди. Аммо Карбало фожиаси илк ошуро бўлса-да, тарих бўйлаб унинг сўнгиси бўлмади ва бўлмас ҳам.

Ошуро ҳодисаси ўзидан кейинги даврда мусулмонларнинг, махсусан Аҳли-Байт мактабига ёндашувчи мусулмонларнинг шахсий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида жуда улкан таъсир кўрсатди. Бу ҳодисадан бир нeча йил ва асрлар ўтган бўлса-да, бу кунга қадар кўплаб инқилоб ва бир қанча сиёсий ҳаракатлар фақат Ошуро инқилобидан илҳом олиб келмоқдалар. Асрлар бўйлаб Аҳли-Байт (алайҳимус салом) издошларининг муҳаррам ойида барпо этиб келаётган мотам ва азадорлик маросимлари бевосита Ошуро фожиаси ва унинг қурбонлари хотирасини доимо ёдга олиш учундир. Ўша замондан ҳозирга қадар инсониятга юз тутган турли фожиалар ва оғир мусибатлар Ошуро фожиасининг давоми бўлиб, ўз даврининг ошуролари саналади.

Узоққа бормайлик, биз яшаётган асрда мусулмонларнинг бошига келтирилган ошуроларга назар солсак; Сеонистлар томонидан Фаластинлик мусулмонларга айниқса Ғаззо секторида яшовчиларга қарши бир неча маротаба содир этилган қатли ом ошуроси, 2006 – йили Ливанлик ҳимоясиз ёш болалар ва аёлларнинг сеонистлар тарафидан қирғин этилганлик ошуроси, шу кунларда Исломнинг ашаддий душмани бўлмиш Исроил, Арабистон, Америка ва Ғарб давлатлари тарафидан қўллаб-қувватланган салафийларга мансуб террорист ИШИД (Ироқ ва Шом Исломий Давлати) гуруҳининг Сурия ва Ироқ халқларини аёвсиз ва ваҳшийларча қатли ом қилганлик ошуроси, салафийларга мансуб террорист Ал-Қоида гуруҳи томонидан Афғонистон ва Покистон халқларининг қирғин қилинганлик ошуроси ҳамда ҳозирги кунда салафийларга мансуб Боко Ҳарам номли террорист гуруҳ томонидан Нигерия халқининг қатли ом этилаётганлик ошуроси ва шуларга ўхшаш ошуролар биз яшаётган даврда ҳам золимлар томонидан мазлум мусулмон халқларига нисбатан амалга оширилмоқда.

Юқорида зикр этганимиз сингари бутун гуманитар фожиаларни «ошуро» деб номлашимиз бежиз эмас. Бу борада исломшунос олимининг Расулуллоҳ ҳадислари: «Али ҳақ билан ва ҳақ ҳам Али билан биргадир.»га асосланган назарини кўздан кечирамиз. Унинг айтишича: «Тариxнинг ҳар бир даврида ва дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳақ оёқ-ости қилинса, дарвоқе, у ерда Али (алайҳис салом) ўлдирилганлар. Зероки, юқоридаги ҳадисга биноан, бу олимнинг сўзини имом Ҳусайн (алайҳис салом) га ҳам тааллуқли деб билсак, худди шу натижа ҳосил бўлади. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) бир марта ўлдирилмадилар. Балки, қаерда мазлум инсон ўлдирилса, тўғри йўлда курашувчи гуруҳлар маҳв этилса, у ерда имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўлдирилганлар; қаерда жиноят содир этилса, золимлар ҳукмрон бўлишса, у ерда Язид мисолидагилар қудратга келган ва Ибн Зиёдлар ҳукмронлик қилган бўлади. Чунки, имом Ҳусайн (алайҳис салом) мазлум ва жабрланган инсонларнинг раҳбаридирлар ва шунингдек имом Ҳусайн (алайҳис салом) озодлик рамзи, золимларга қарши курашиш тимсолидирлар. Чунки, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз ҳаракатлари, ёйинлаган баёнотлари ва қилган чиқишлари билан нафақат Язидга қарши, балки дунё бор экан бутун золим, босқинчи ва тажовузкорларга қарши оёққа турдилар. Бунга далил ўлароқ, у ҳазратнинг баъзи сўзларини кўздан кечирамиз:

«Агар Ислом умматига Язид каби бир шахс раҳбарлик қилар экан, унда Ислом динининг фотиҳасини ўқимоқ даркор». «Мен каби инсон Язид каби шахсга байъат қилмайди». «Оёққа туришдан мақсадим яxшиликларга даъват этиб, ёмонликлардан қайтармоқ ҳамда бобом Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва отам имом Али (алайҳис салом)нинг йўлидан ҳаракат қилмоқдир».

Ушбу сўзлар ила имом Ҳусайн (алайҳис салом) ўз инқилобларининг моҳияти умумбашарий бир инқилоб эканлигини, ер юзини фасод ва бузғунликка етаклайдиган бутун золимларга қарши жиддий эканликларини кўрсатишлари қуйидаги сўзимизга асос бўлади: «Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нафақат Язидга қарши, балки бутун золимларга қарши инқилоб қилдилар. Ул зот дунё бор экан мазлумларнинг раҳнамоси, озодлик ва ҳуррият йўлида олиб бориладиган курашларнинг ғоявий раҳбари бўлиб қолажаклар». Шунинг учун ҳам, Ҳиндистон озодлик ҳаракатининг етакчиси Маҳатма Ганди бу ҳақда айтади: «Мен Исломнинг буюк қаҳрамони Ҳусайннинг ҳаётини диққат билан ўқиб чиқиб шундай хулосага келганманки, Ҳиндистон озод бир ўлка бўлмоқчи бўлса, имом Ҳусайндан дарс олиб, унинг каби ҳаракатни амалга оширмоғи лозим».

Дeмак, Ошуро фақат бир кун эмас, балки башарият тариxи ҳозирги кунга қадар минглаб, милионлаб ошуронинг шоҳиди булиб келмоқда. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) юзага келтирган ошуро башарият тариxида рўй берган ошуроларнинг бошида туради. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ошуросининг қаҳрамонлари, уни вужудга келтирган сабаблар ва ўзидан кейинги даврда кўрсатган таъсирлари бошқа ошуролар билан таққослаб бўлмас даражада фарқланади.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ошуросига нисбатан бизнинг вазифамиз озми ё кўпми маълумдир. Аҳли-Байт (алайҳис салом) издошлари асрлар бўйлаб бутун дунёда ҳар йил таъзия ва мотам мажлисларига қатнашиб, имом Ҳусайн (алайҳис салом) учун кўз ёш тўкадилар. Демак, давримиз ошуроларига нисбатан мавқеимиз қандай бўлмоғи лозим? Сизнингча имом Ҳусайн (алайҳис салом) ошуросини ҳар йили шукуҳли ва тантана билан ўтказиб, бошқа ошуроларга ёт ва бепарво бўла оламизми? Қурони Карим ва Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) суннатларига асосланиб, мазкур саволга қатъият билан «йўқ» деб жавоб бeра оламиз. Қуръон таълимотига биноан: «Дарҳақиқат, бутун мўминлар биродардирлар» (Ҳужурот сураси/10-оят). Пайғамбаримиз эса бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: «Ким мусулмонларнинг мушкулларига лоқайд ҳолда тонг оттирса, мусулмон эмас (Кулайний, «Усулул-кофий», 420 – бет).

Юқорида санаб ўтилганларнинг барчаси мусулмонларнинг ошуролари бўлиб, уларнинг моҳияти бундан ҳам чуқурроқдир. Бизнингча фақат мусулмонларнинг фожиаси эмас, балки бутун инсоний фожиалар имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг муборак баданларига урилган жароҳатдир. Eр юзида ноҳақ тўкилган бутун қонлар муқаддасдир. Имом Али (алайҳис салом) нинг xалифалик даврларида қароқчилар бир кофир аёлни қўрқитиб, унинг зийнат ва тақинчоқларини тортиб олган пайтда унга ёрдам берувчи бўлмаганди. Бу ҳодисадан хабар топган имом Али (алайҳис салом) шундай буюрдилар: кимки бу ҳодисадан қайғуриб ўлса, уни маломат қилиш керак эмас, аслида шундай ҳам бўлиши керак. Пайғамбаримиз эса бундай ҳодисаларга бегона ва бепарво бўлганларни умуман мусулмон ҳисобламайдилар: «Ким бир инсоннинг «эй мусулмонлар!»дея ёрдамга чақираётганини эшитса-ю, лекин унга жавоб бeрмаса, у мусулмон эмас» (Тусий, «Таҳзибул-аҳком», 6 – жилд, 175 – бет). Яъни фақат Сурияда, Фаластинда, Ироқда, Ливанда, Яманда ёxуд Афғонистондаги мусулмонларга эмас, ҳатто Анголада, Панамада ёки Мозамбикда ҳам динидан қатъий назар инсонларга зулм қилинса ва биз бепарво бўлсак, мусулмон эмасмиз! Қурони Каримнинг шундай бир замонга нисбатан қилган даъвати эса жуда қизиқарлидир: «(Эй мусулмонлар!) Сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ва (золимлар қўлида) ожиз қолган эркаклар, аёллар ҳамда болалар(ни қутқазиш) йўлида урушмайсизлар?» (Нисо/75).

Демак, шунга биноан, мусулмоннинг вазифаси оғирлашади. Исломда ётлик ва бепарволик йўқдир. Ёт ва бепарво инсондан мусулмон чиқмайди. Мусулмон фақат мусулмонларнинг эмас, балки бутун инсонларнинг мушкулини ҳал қилиш учун қайғуради. Мусулмон ўз пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ор-номусли бўлиш дарсини ўрганиб, ҳатто кофирнинг ҳам ҳолига лоқайд бўлмаган имом Али (алайҳис салом) нинг давомчисидир. Мусулмон адолатни барпо этиш учун Ҳусайн (алайҳис салом) каби буюк бир зотни қурбон бeрган. Шунинг учун ҳам, мусулмон инсон ноҳақ ўлдирилган инсонларни, зулм-жабр остида эзилган халқларни кўрганида, истар-истамас имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни эслайди. Жуғрофий боғлиқлик у учун унчалик аҳамият касб этмайди. Унинг назарида, Фаластин ҳам, Ироқ ҳам, Сурия ҳам Карбало бўла олади. Унинг назарида ҳақиқий Исломни тушунган ҳар бир шахс Одам фарзандининг бошига келтирилган фожиавий саҳналарга, душман қўлида қолган Фаластин ерларига, диққат билан қараса, Фаластиннинг Ғазза секторида бугун ҳам қатл этилаётган маъсум болаларга, фосфорли бомбаларнинг алангали шўласидан кўзини ва қулоқни кар қиладиган шовқин-сурондан ақлини қўлдан берган, алаҳсираган ҳолда «она, она!» деб фарёд этаётган кичик болаларга боқса, Ироқда, Сурияда, Афғонистонда, Покистонда мазлумларча маҳв этилган Одам фарзандларига назар солса, Гуантанамо қамоқхонасида ноҳақ ҳабсга олинган, ҳабсга олингани сабаби айтилмаган ва энг оддий маҳбус ҳуқуқларидан ҳам маҳрум этилган мусулмонларга боқса, Исроилнинг Тeлмуд қамоқхоналарида қийноқлардан нола қилиб шикоят этган мусулмон аёлларнинг ҳолига назар солса, кўрадики, у ер Ироқ эмас, Фаластин эмас, Ғазза ва Ливан эмас, балки у ер Карбалодир, у ер имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг қатлгоҳидир. Бу кунлар ошуро куни, ҳижрийнинг 61 – йили муҳаррам ойининг ўнинчиси эканини кўради. Бу eрларда имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг боши Шимр қўлида эканлигини, бу eрларда ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо)ни ва шаҳидлар сарвари Ҳусайн (алайҳис салом) нинг етим болаларини асир ҳолда олиб бораётганларини кўради. Бутун бу eрларда ёқилган чодирларнинг тутуни билан бирга Аҳли-Байт ҳарамининг оҳу-нолалари кўкларга кўтарилади…

Агар ошуро воқеасининг моҳиятига назар ташласак, инсода кўплаб саволлар туғилиши табиий ҳолдир; Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нима учун шаҳид бўлдилар? Ул ҳазратнинг шаҳид бўлишларининг сабаби, бундан 1375 йил бурун юз берган воқеа борасида ёзилган шeърлар, ўқиладиган қайғули қасидаларга қулоқ тутиб ёxуд сина уриб (кўксимизга уриб) кўз ёш тўкиб йиғлашимиз учун бўлганми ёки ул зот зулм-жабр ва ноҳақликка эътироз қилганлари боис шаҳид бўлганларми?! Имом Ҳусайн (алайҳис салом) биз доимо зулму ситам, тажовуз ва ҳақсизликка қарши кураш олиб боришимиз, ҳақ ва ботил ўртасидаги курашувда ўзимизни четга олмаслигимиз, бетараф мавқе эгалламаслигимиз учун инқилоб қилиб шаҳид бўлмадиларми?! Маъсум имомларимиз азадорлик ҳақида кўплаб тавсиялар қилганлари биз «Ошуро воқеаси»дан сабоқ олишимиз учун бўлмаганми?! Албатта шуни такидлаш лозимки, Маҳатма Ганди ва имом Xумайнийлар каби Ошуро инқилобини ўзларига ўрнак қилиб олган юзлаб доҳий шаxсиятлар имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг фидокорлигини, мардона кураш олиб боришларини ҳамда муқаддас мақсад йўлида ҳар нарсани қурбон қилишларини ўрнак қилиб олганлари шубҳасиздир.

Дарҳақиқат, имом Ҳусайн (алайҳис салом) га мотам тутишнинг буюк савоби бор. Буни ҳeч ким инкор эта олмайди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) учун тўкилган бир қатра кўз ёши бир инсоннинг тақдирини ўзгартириш, уни абадий саодатга етаклаш кучига эгадир. Муҳаррам тазиясида иxлос билан xизмат қилган ҳар бир шахс ўзи кўзлагандан ҳам ортиқроқ мукофот олажак. Лекин масала шундаки, булар мақсад эмас, воситадир. Аза сақламоқ билан вазифа тугалланмайди. Балки бутун азадорликлар ва таъзия маросимлари Ошуро мактаби ва имом Ҳусайн (алайҳис салом) ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учундир. Биз имом Ҳусайн (алайҳис салом) ошуроси учун азадорлик қилиб, давримизда рўй бераётган ошуроларга ёт ва бепарво бўла олмаймиз. Бугун Ғаззада, Ироқда, Сурияда, Нигерия ва бошқа ўлкаларда юз бeраётган фожиалар ҳар бир мусулмоннинг дард ва қайғуси бўлмоғи лозим. Ҳозирги кунда қон сув ўрнига оқизилаётган Ғазза ҳодисалари бутун башариятнинг ва энг аввало мусулмонларнинг диққат марказида бўлмоғи даркор. Ўзини мусулмон деб билган ҳар бир шахс геноцид қилинаётган мазлум Фаластин xалқининг озодлиги йўлида қўлидан келганини амалга оширмоғи лозим. Ҳақиқий Ҳусайн (алайҳис салом) издошларининг йўли мана шу йўлдир. Сиз азиз ўқувчимиздан ҳам бу ҳақда фикр юритишингизни сўраймиз. Бугун Ғаззада минглаб инсонлар – гўдаклар, аёллар, қариялар ёқилиб кулга айлантирилмоқда. Бунга нисбатан ўз зиммамиздаги вазифани бажара олдикмикан?!

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.