Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг ғойибликдаги ўрни

Имом Маҳдий (алайҳис салом)нинг ғойибликдаги ўрни

images322Бисмиллааҳир Роҳмонир Роҳим

Ҳижрий қамарий 255-йил, шаъбон ойининг ярмида, эрта тонгда имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) хонадонида бир пок чақалоқ дунёга келди. Бу чақалоқ нубувват ва имомат хонадонининг нури ва инсониятнинг энг буюк нажоткори эди.

 Бу чақалоқнинг исми ва кунияси буюк бобоси Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассаллам)нинг исми ва куниясига қўйилди. Имом Маҳдий (ажжалаллаҳу таоло фаражаҳуш-шариф) биз яшаётган ушбу зулмат ва қоронғуликка тўлиб тошган асрда Аллоҳнинг динини қайтадан тирилтирувчидирлар. Ул зот ваъда қилинган инсониятнинг буюк нажоткордирлар. Қуръони Карим ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассаллам) ва ул зотнинг наслларидан бўлган пок-маъсум имомларимизнинг бизга марҳамат қилиган ҳадисларида, имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф) ҳазратлари узоқ муддат ғойибликдан кейин руҳсиз дунёда зуҳур этиб кўзга кўрингайлар ва ғафлатда қолган инсонларга ўзларининг тирилтирувчи ва ҳаётбахш нафаслари билан қайтадан жон ато этгайлар. Имомат ва вилоят (пешволик) осмонининг ўн иккинчи порлоқ юлдузи бўлмиш йўлбошчимиз ва имомимиз ҳазрати Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)нинг таваллуд топиши билан оламнинг барча заиф ва нотавон саналмиш инсонларнинг ва ул ҳазратнинг келишларини интизорлик билан кутиб турган ҳақталабларнинг қалбида умид нури учқунланди.

Пайғамбаримизнинг Аҳли-Байтларидан бўлмиш ўн биринчи пешвоимиз ҳазрати имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом)нинг имомат ва пешволик даврлари ислом тарихининг ўта мураккаб ва оғир даврларига тўғри келди. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассалам)дан ва пок-маъсум имомларимиздан ривоят қилинган мўътабар ҳадисларда Аллоҳнинг охирги ҳужжати, золимлардан қасос олувчи ва мазлумларга паноҳ бергувчи ҳамда адолат ва тавҳид (яккахудолик) ҳукуматини барпо этувчи бўлган имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф) имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) хонадонларида дунёга келиши айтилган.

Имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) ҳақидаги башорат ва мужда хабарлар ҳақида Аббосий халифалардан бўлмиш Мўътамид хабардор эди. Шунинг учун, Мўътамид Аббосий имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф)ни дунёга келиши ҳақидаги илоҳий ваъдалар амалга ошишининг олдини олиш мақсадида имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) хонадонларини доимий равишда назорат остига олган эди. Аммо Парвардигори оламнинг ирода-хоҳиши билан душманлар хабар топмаган ҳолда сўнгги пешвоимиз ва сарваримиз имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф) ҳазратлари соғ-саломат дунёга келдилар. Ул ҳазратдан олдин пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассаллам) наслидан бўлган ўн бир нафар пок ва маъсум имомлар инсонларнинг маърифатсизлиги, ғафлат ва жаҳолатлари боис ғарибликда шаҳид бўлдилар. Ажаб эмас, шу боис бўлса керакки, Аллоҳ Ўзининг охирги ҳужжатини кўзлардан пинҳон тутган. Токи, ул ҳазрат узоқ муддат ғойибликдан сўнг қайта кўринишлари билан бутун оламга янги ва покиза ҳаёт бағишласинлар деб.

Баъзи бирлар имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф)нинг кўзга кўринмаслигини ҳозирги кунда йўқ эканлигининг маъноси деб тушинашади. Ҳолбуки, муттақийлар мавлоси имом Али (алайҳис салом) бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«Қачонки, менинг наслимдан бўлган Имом кўздан ғойиб бўлса, билингизким, Имом одамлар орасида, кўчаларда, бозорларда юрийди. У одамларни кўради, аммо муаян вақт ва кун келмагунча одамлар уни кўришолмайди.»

Ҳақиқат шулким, имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф) айни пайтда борлар, лекин одамлар ўзларининг ғафлатга чўнғишлари ва содир этган турли гуноҳлари туфайли ул зотни кўришдан бенасиблар. Барча пайғамбарлар ва Аллоҳга яқин инсонларнинг асосий вазифа ва мақсадлари одамларни юксак ҳақиқат ва икки олам саодати сари ҳидоят этиш эканлигига шак-шубҳа йўқдир. Албатта, ушбу ҳидоят одамларнинг илоҳий ва ҳаётбахш чақириқларни қабул қилишга маънан ва руҳан тайёр бўлган замондагина яхши ва самарали натижалар беради. Акс ҳолда, самовий ва илоҳий йўлбошчиларнинг саъй-ҳаракатлари самарасиз бўлиб қолиши муқаррар.

Имом Ҳасан Аскарий (алайҳис саломлар)га Аббосийлар ҳукумати томонидан фавқулодда чеклов ва тўсиқлар яратиб қўйилганди. Шу боис, илоҳий ҳукумат барпо этиш учун одамларнинг имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф) ҳидоятларини қабул қилиш ва уни амалга оширишга руҳан ва маънан шай ва муҳайё бўлмагунларича, ўн иккинчи имомнинг назарлардан ғойиб бўлишларини тақозо қиларди.

Бу ўринда бир қатор саволлар туғилиши табиий. Жумладан, ғойиб имом борлигининг фойдаси нималардан иборат бўлиши мумкин? Унинг муқаддас вужуди халққа қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Бу саволларга қуйидагича жавоб бера оламиз:

Имомнинг кўзлардан ғойиб бўлиши ҳеч қачон ул зотнинг руҳи кўринмас бир тўлқин ёхуд ушалмас бир орзу-хаёлга айланди, дегани эмас. Балки ул ҳазрат табиий ҳолда тирик бўлиб, бизларнинг орамизда ҳаёт кечирмоқдалар. Ул ҳазрат таниш бўлмаган қиёфада шаҳарларни кезадилар, хос одамлар билан борди-келди қиладилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассаллам)дан имом Маҳдийнинг (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин) узоқ муддатга ғойиб бўлишлари ҳақида сўрашганда, ул ҳазрат шундай жавоб берганлар:

«Мени пайғамбар этиб танлаган Парвардигор номи билан қасамёд этаманки, унинг ғойиблигидан одамлар фойда кўришади, худди булутлар ортида пинҳон бўлган қуёшдан баҳраманд бўлганлари каби, унинг вилояти (пешволиги)нинг ёғдусидан баҳра олишади.»

Имом Маҳдий (Аллоҳ ул зотнинг келишларини тезлаштирсин)нинг тириклиги, аммо ҳозирги кунда кўзга кўринмаслиги, бошқа таъбир билан айтганда, унинг кўзлардан ғойиб бўлиши ҳақидаги ғоя ва тушунчалар ҳамда иймон ва эътиқод мусулмонларнинг ёруғ келажакка умидвор бўлишларига сабаб бўлади. Ҳар бир инсон ёки жамиятда ҳаётга бўлган муносабатда умидворлик туйғулари бўлмаса, ҳеч қачон ўзининг изланишларию интилишларини давом эттиролмайди. Агар жамиятдаги одамлар имом Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш-шариф)нинг вужуди ва тириклигига ишонса, ўзларини ёлғиз ва танҳо ҳис қилишмайди ҳамда кўнгилдаги ҳолга эришиш учун барча куч-ғайратларини ишга солиб ҳаракат қилишади. Ул ҳазратнинг келишларини интизорлик билан кутишнинг маъно-моҳияти ҳам мана шундан иборат.

Асримиз ва замонамиз пешвоси ва йўлбошчиси бўлмиш ҳазрати Маҳдий (ажжалаллоҳу таоло фаражаҳуш шариф) бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Биз доимо сизлар билан ҳамроҳмиз ва сизларни эсдан чиқармаймиз. Шу боис, тақводорлик ва парҳизкорлик йўлини тутингиз ва бизларга ёрдам берингизким, агар сизлар фитнага йўлиқсангиз, биз сизларга нажот беришимизда осонлик бўлсин.»

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.