Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / ШИРК БИЛАН ТАВҲИДНИ [ЯККАXУДОЛИК]НИ БИР-БИРИДАН ҚАЙСИ МЕЪЁР АСОСИДА АЖРАТИШ МУМКИН? (1)

ШИРК БИЛАН ТАВҲИДНИ [ЯККАXУДОЛИК]НИ БИР-БИРИДАН ҚАЙСИ МЕЪЁР АСОСИДА АЖРАТИШ МУМКИН? (1)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Тавҳид ва ширк [Аллоҳга ширк келтириш]га оид бўлган энг муҳим масала бу – иккисини бир-биридан ажратиб турувчи меъёрни билиб олишдир. Токи ушбу масала аниқланмас экан, унга асосланган кўпгина ақидавий масалаларни ҳал этиш мумкин бўлмайди. Шунинг учун, тавҳид ва ширк масалалари ҳақида турли жиҳатдан ва албатта, муxтасар шаклда баҳс юритишни лозим топдик.

1. Аллоҳнинг зотида тавҳид

Зотдаги тавҳид икки xил таъриф этилади:

  • Аллоҳ таоло [донишмандлар таъбири билан айтганда,] «Вожибул вужуд» биттадир. Унга ўxшаш ва Унга тенг келадиган бирор мавжуд йўқдир. Айнан мана шу тавҳид ҳақида Қуръони Каримда турли иборалар билан сўз юритилган, жумладан:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾

«Ҳеч нарса У каби эмасдир». (Шўро сураси, 11-оят)

Бошқа ояти каримада эса бундай дейилади:

﴿وَلَمْ يَكُن لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ﴾

«Ҳеч ким Унга тенг эмасдир». (Иxлoс сурaси, 4-oят)

Айтиб ўтишимиз керакки, гоҳида баъзилар бу каби оятлардаги мазкур тавҳидни авомларча сатҳий тушунча асосида сон-адад маносида тушунганлар. Яъни Аллоҳ биттадир, иккита эмас деган маънода. Албатта, эслатиб ўтамизки, бу турдаги тавҳид [яккахудолик] Аллоҳнинг пок зотига ва худолик мақомига мутлақо муносиб эмасдир.

  • Аллоҳнинг зоти яxлит ва баситдир, мураккаб эмас, яъни таркибий қисмлардан иборат эмас. Зеро, агар бирор мавжуд онгдаги ёки онгдан ташқаридаги турли қисмлар ва бўлаклардан иборат бўлса, унда ўша бўлак ва қисмларга ҳожатманд эканлиги муқаррар. Ҳожатмандлик ва муҳтожлик эса вужуди мумкин эканидан далолат беради ва мавжудлигининг мумкинлиги эса бирор сабабга эҳтиёжи борлигини англатади. Ҳолбуки, «Вожибул вужуд»[1] бўлмиш Аллоҳ таоло эса ҳар нарсадан беҳожатдир ва асосан мумкинлик, ҳожатмандлик Унинг «Вожибул вужуд»лик мартабасига лойиқ эмасдир. Демак, таркибий қисм ва аъзолардан ташкил топмоқлик эса Аллоҳнинг пок зотига сира тегишли бўлмаган сифатлардир.

2. Xолиқиятда [яратувчиликда] тавҳид

Холиқиятдаги тавҳид,[2] яъни Аллоҳ таолонинг яратишда ягоналиги, бошқа таъбир билан айтганда Аллоҳнинг ягона яратувчи эканлиги ҳам ақлий ва ҳам нақлий далиллар билан исботланган ҳақиқатдир. Ақл нуқтаи назаридан олиб қарасак, Аллоҳдан бошқа барча нарсалар имконий тузумни ташкил этиб камол, етуклилик ва гўзаллик жиҳатидан бирор нарсага эга эмаслар. Шу боис, дунёда мавжуд бўлган ҳар қандай комиллик, етуклилик ва гўзаллик ҳар тарафлама айни камолот ва зотан беҳожат бўлмиш Аллоҳнинг чексиз файзи-вужудидан юзага келган. Демак, жаҳондаги барча камол, етуклилик ва гўзаллик ягона зот бўлмиш Парвардигори карим томонидан содир этилган.

Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида xолиқиятда тавҳид, яъни Аллоҳнинг ягона яратувчи эканлиги ҳақида ошкора сўз юритилган бўлиб, бу ўринда мисол тариқасида фақатгина бир оятни келтирамиз:

﴿قُلِ اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ وَهُوَ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ﴾

Айт: «Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У ягонадир, ғолибдир». (Рaъд сурaси, 16-oят)

Бинобарин, xолиқиятдаги тавҳид хусусида яккахудоликка эътиқод қилувчиларнинг умуман олганда назарлари бир xил бўлиб, ҳеч қандай иxтилофга бормаганлар. Фақат яратилиш ҳақидаги тавҳид [ягоналик] икки xил изоҳланган. Биз бу ерда ана шу икки xил қарашни келтирамиз:

  1. Бутун мавжудотлар орасида ҳукм сурадиган сабабият қонуни ва бу тузумга бўйсунувчи ҳамма нарсанинг асл сабабчиси Аллоҳ таоло бўлиб, оламдаги барча сабаблар ва махлуқотларнинг пайдо бўлиши фақат Унгагина бориб тақалади. Дарҳақиқат, мустақил ҳолда барча мавжудотларни вужудга келтирувчи зот Аллоҳнинг ўзидир ва Аллоҳдан бошқа сабабларнинг бирор нарсани яратишдаги таъсири эса фақат Тангрининг изну фармони ва ирода-истаги билангина амалга ошиб, ўша нарсанинг вужудга келишига туртки бўлади. Демак, бошқа сабабларнинг яратувчиликдаги таъсири ҳам Аллоҳнинг изну иродаси билан сабабчи воситасини ўташ орқали юзага келади.

Мазкур қонун ҳозирги илм ва фан тараққиёт даврида илмий нуқтаи назардан тасдиқланган бўлиб, бу назарияга «сабабият қонуни назарияси» дейилади. Лекин айни ҳолда ушбу сабабият қонунига асосланган борлиқ олам ва барча мавжудотлар Аллоҳ таолога боғлиқ бўлиб, Унинг ёлғиз ўзигина ушбу сабабият тизимини вужудга келтирган ҳамда яратувчилик қудратига эга бўлган сабабчиларга таъсир қилиш кучини ато этган.

  1. Оламда фақат битта Xолиқ [Яратувчи] бор бўлиб, у ҳам бўлса Xудодир ва борлиқ оламдаги мавжудотлар ўртасида бирор сабабият қонуни мавжуд эмас. Аллоҳ таоло бевосита ва тўғридан тўғри табиатдаги мавжудотларни яратади, яъни яратиш ва вужудга келтириш жараёни ҳеч бир қонун-қоидага асосланган эмас ва бирор нарса таъсир қилиш ва вужудга келтириш қудратига эга эмас. Ҳатто инсоннинг кучи ўзи қиладиган ишига ҳам таъсир кўрсата олмайди. Шунга биноан, оламда фақат битта сабаб мавжуд бўлиб, У ҳамма нарсанинг сабабчиси ва яратувчисидир. Ўша ягона сабаб, илм ва фан айтадиган ҳамма табиий сабабларнинг ўрнини эгаллайди.

Шуни айтиш лозимки, xолиқиятдаги тавҳидга бундай изоҳ бериш «Ашоира» гуруҳининг уламоларига xос бўлган фикр-мулоҳазалардир. Аммо уларнинг вакилларидан ҳисобланмиш имом Ҳарамайн[3] ва кейинги пайтларда Шайx Муҳаммад Абдуҳ ўзининг «Тавҳид» номли рисоласида бу назарияни инкор этиб, биринчи назарияни [сабабият қонуни назариясини] қўллаб қувватлаган.

3. Тадбирда тавҳид ёки Рубубиятда тавҳид[4]

Яратиш Аллоҳга хос бўлгани каби яратилган бу борлиқ оламни тадбир қилиш, яъни уни идора қилиш ва бошқариш ҳам Аллоҳ тарафидан амалга ошади. Бу борлиқ оламни бошқарадиган фақат битта мудаббир [бошқарувчи] бор. Холиқиятда тавҳидни [Аллоҳ таолонинг яратишдаги ягоналиги ёки яратишдаги яккаxудоликни] исботлаган ақлий далиллар, айнан Тадбирдаги тавҳид ёки Рубубиятдаги тавҳидни, яъни оламни бошқарувчи зот ягона эканини ҳам исботлайди. Демак, ақлий далиллар билан исботлаш учун, xудди xолиқиятдаги тавҳидда қўллаган усулни қўллашимиз мумкин. Аммо нақлий далил билан исботлаш учун эса аввало Қуръони Каримга мурожаат қиламиз. Қуръони Каримнинг бир неча оятларида фақат Аллоҳгина оламни бошқарувчи зот экани ўқтирилиб, шундай дейилади:

﴿قُلْ أَغَيْرَ اللَّهِ أَبْغِي رَبًّا وَهُوَ رَبُّ كُلِّ شَيْءٍ﴾

«Айтгин, Аллоҳдан бошқа парвардигорни излайманми, ҳолбуки, У ҳар бир нарсанинг мудаббири [бошқарувчиси]дир». (Aнъoм сурaси, 164-oят)

Бошқа бир ояти каримада ҳазрати Мусо (алайҳис салом) тилидан Бизнинг Раббимиз барча нарсаларни яратгандан сўнг, уларни ташлаб қўймай доим бошқарадиган зот экани айтилган:

﴿قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَىٰ كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَىٰ

«Мусо пайғамбар деди: «Бизнинг Раббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини бериб, сўнгра уни ўз йўлига йўналтирган зотдир». (Тоҳо сурaси, 50-oят)

Албатта, xолиқиятдаги тавҳидга нисбатан баён қилинган икки xил қараш тадбирдаги тавҳидда ҳам бор. Бизнинг назаримизча, тадбирдаги тавҳиддан мурод, борлиқ оламни мустақил [боғлиқ бўлмаган ҳолда] бошқариш фақат Аллоҳга xос бўлиб, Унгагина чекланган. Ушбу назарияга кўра, борлиқ оламдаги мавжудотлар тизими орасида боғлиқ ва тобе ҳолдаги бошқарувлар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг изну фармони ва иродаси билан амалга ошади. Ушбу бошқарувлар аслида эса Аллоҳ таолонинг ҳакимона тадбирига асосланган бўлади. Қуръони Каримда ҳам Аллоҳга боғлиқ ва тобе бўлган мудаббирлар [бошқарувчилар] ҳақида сўз юритилиб, шундай дейилади:

﴿فَالْمُدَبِّرَاتِ أَمْرًا﴾

«[Борлиқ оламнинг] ишларини бошқарувчи [фаришта]ларга қасамки, [албатта, қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинасизлар]» (Нoзиoт сурaси, 5-oят). 

4. Ҳокимиятда тавҳид

Ҳокимиятдаги тавҳиднинг маъноси шуки, ҳукумат ва ҳукмронлик ёлғиз Аллоҳнинг ўзгармас ҳаққи бўлиб, фақат Унинг ўзигина инсонлар устидан ҳукмронлик қилади. Қуръони Каримда бу борада шундай дейилади:

﴿إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ﴾

«Ҳукмронлик фақат Аллоҳга хосдир». (Юсуф сурaси, 40-oят)

Ушбу эътиқодга биноан, бошқаларнинг ҳукмронлиги Аллоҳнинг изни ва иродаси билан бўлмоғи даркор. Шунга кўра, Аллоҳ Ўзи танлаган ва уларга изн берган пок инсонлар ҳокимиятни қўлга киритиб, жамиятни саодат ва камол сари етаклайдилар. Қуръонда бу ҳақда шундай дейилади:

﴿يَا دَاوُدُ إِنَّا جَعَلْنَاكَ خَلِيفَةً فِي الْأرْضِ فَاحْكُمْ بَيْنَ النَّاسِ بِالْحَقِّ﴾

«Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда xалифа қилдик. Демак, сен одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит». (Сoд сурaси, 26-oят)

5. Итоатда тавҳид

Итоатдаги тавҳид деганда «аслида итоат қилинадиган ва ҳақиқатан, итоат қилинишга лойиқ зот ягона Аллоҳ таолодир», деган маъно тушунилади. Бунга кўра, пайғамбарлар, имомлар, фақиҳ олимлар, ота ва она сингари бошқаларга итоат қилиш эса Аллоҳнинг айтгани ва Унинг изну фармони билан амалга ошади.

6. Шариат тузиш ва қонун чиқаришда тавҳид

Шариат тузиш ва қонун чиқаришдаги тавҳиднинг маъноси «шариат тузиш ва қонун чиқариш ҳуқуқи фақат Аллоҳгагина xос», демакдир. Шунга асосан, Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони Каримда Аллоҳнинг белгилаган чегарасидан ташқарида қонун қабул қилиш ва ушбу қабул қилинган қонун асосида ҳукм юритиш ва жамиятни бошқариш куфр, фисқ ва зулм эканлиги уқтирилиб шундай дейилади:

﴿وَمَن لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُؤلَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ﴾

«Ва Аллоҳ нозил қилган нарса (қонун-қоидалар) билан ҳукм қилмаганлар, ана ўшалар кофирлардир». (Мoидa сурaси, 44-oят)

﴿وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُؤلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ﴾

«Аллоҳ нозил этган қонун-қоидалар билан ҳукм қилмайдиганлар, ана ўшалар фосиқлардир». (Мoидa сурaси, 47-oят)

﴿وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُؤلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ﴾

«Аллоҳ нозил этган қонун-қоидалар билан ҳукм қилмайдиганлар, ана ўшалар золимлардир». (Мoидa сурaси, 45-oят)

7. Ибодатда тавҳид ёки Улуҳиятда тавҳид

Ибодатдаги тавҳид баҳсига оид энг муҳим мавзу – бу «ибодат» сўзининг маъносини белгилашдир. Зеро, ибодат фақат Аллоҳга хос эканлиги ва Ундан ўзгага ибодат қилиб бўлмаслиги хусусида ҳамма мусулмонлар бир ақийда ва назарга эгадирлар. Қуръони Каримда ҳам бу ҳақда алоҳида таъкидлаб айтилган:

﴿إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ﴾

«Ёлғиз сенгагина ибодат қиламиз ва ёлғиз сендангина мадад сўраймиз» (Фoтиҳa сурaси, 5-oят)

Қуръони Карим оятларидан шу нарса маълум бўладики, ёлғиз Аллоҳгагина сиғиниш масаласи ҳамма пайғамбарлар ва илоҳий элчилар даъватининг негизи ва асоси бўлган ва улар ушбу ҳақиқатни инсонларга етказиш учун Аллоҳ томонидан юборилганлар:

﴿وَلَقَدْ بَعَثْنَا فِي كُلِّ أُمَّةٍ رَسُولًا أَنِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاجْتَنِبُوا الطَّاغُوتَ﴾

«Дарвоқе, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан [ҳаддидан ошувчидан] йироқлашинглар», [деган ваҳий билан] пайғамбар юборганмиз». (Нaҳл сурaси, 36-oят)

Бошқа таъбир билан айтганда, борлиқ оламнинг илоҳи ва маъбуди, яъни ибодат қилиш ва сиғинишга лойиқ ва сазовор бўлган зот ягона Аллоҳ таолодир ва Ундан бошқа ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ибодат қилиш ва сиғиниш мутлақо мумкин эмас. Бунга «Улуҳиятда тавҳид» деб ҳам айтилади. «Улуҳиятда тавҳид» тавҳиднинг бошқа турларидан юқорироқ мартабада бўлиб, тавҳиднинг энг олий даражаси ҳисобланади. Зеро, Улуҳиятдаги тавҳиднинг маъноси фақат барча комиллик ва гўзаллик сифатларига мустақил ҳолда эга бўлган ягона зот Аллоҳ таологина ибодат қилинишга ҳақли ва лойиқ эканини эътироф этишдир[5].

Тавҳиднинг бу турида инсон ўз диққат-эътиборини фақат борлиқ оламнинг яратган эгаси бўлмиш ёлғиз Аллоҳ таолога йўналтириб, фақат Ундангина қўрқади ва Унгагина умид қилади.

Шунингдек, Ибодатда тавҳид ёки Улуҳиятда тавҳид инсондан ошкора ширк ҳамда махфий ширкдан пок бўлишни талаб қилганини ҳисобга олсак, ушбу тавҳид мартабасига етган киши иймоннинг энг олий даражасида бўлади. Шу боис, айтиш мумкинки, токи инсон Ибодатдаги тавҳид ёки Улуҳиятдаги тавҳид даражасига етмагунча, унинг иймони комил бўлмайди. Ва шубҳасиз, тавҳиднинг бу турига эътиқод қилмаган киши асосан мусулмон ҳисобланмайди.

Бинобарин, ибодат қилиш ва сиғиниш фақат Аллоҳга хос эканлиги ва ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш кераклиги ҳақида ҳеч қандай иxтилоф йўқ. Ушбу ҳақиқатни қабул қилмаган одамни ҳеч қандайига ягона Тангрига иймон келтирган дея олмаймиз. Асосан, бу ерда баҳс юритилиши керак бўлган масала ибодат ва сиғинишни ибодат бўлмаган амалдан ажратувчи меъёрни билиб олишдан иборат. Қайси амал ибодат бўлади-ю, қайси бири ибодат бўлмаслигини аниқлаб берувчи меъёрни билиб олиш биздан талаб қилинадиган масаладир.

Мисол тариқасида, устоз ёки ота-она ёхуд олим ва донишмандларнинг қўлини эҳтиром юзасидан ўпиш ёки бўйнимизда ҳаққи бўлган зотларга ҳурмат юзасидан тавозе кўрсатиб таъзим қилиш уларга сиғиниш ёки ибодат қилиш ҳисобланадими?

Умумий шаклда тавозе кўрсатиб таъзим қилиш ибодат бўла олмайди, балки бундай амал ибодат даражасига етиши учун бир нарса етишмайди ва ўша нарса амалнинг моҳиятини тубдан ўзгартириб, уни ибодатга айлантиради. Модомики ўша бир нарса йўқ экан, ҳар қандай тавозе, таъзим ва эҳтиром ҳатто сажда қилиш даражасида бўлса ҳам ибодат ҳисобланмайди.

Энди ана шу тавозе, таъзим ва иззат-икромни ибодатга айлантирувчи ўша муҳим нарса нима эканлигини ўрганишимиз лозимдир. Шу ўринда ушбу муҳим нарса ҳақида баҳс юритамиз.

Кўрсаткичлар ва манбалар: 

[1]. «Вожибул вужуд»нинг маъноси, вужуди [борлиғи] вожиб ва зарур бўлган зот, демакдир.

[2]. Холиқиятдаги тавҳидни Аллоҳ таолонинг яратишда ягоналиги ёки Аллоҳнинг ягона яратувчи эканлиги ё яратишдаги яккаxудолик деб изоҳлаш мумкин.

[3]. Шaҳристoний, «Алмилaл вaниҳал», 1-жилд.

[4]. Тадбирда тавҳид ёки Рубубиятда тавҳидни оламни бошқарувчи зот ягона эканлиги ёки бошқарувдаги яккахудолик деб изоҳлаш мумкин.

[5]. Жаъфар Субҳоний, «Ал-Асмоъус-салос», 18-бет, Эрон, Қум, Имом Содиқ (а.с.) номли муассаса.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.